Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:05

“Ўзбекконцерт” лицензия бериш учун қўшиқчидан соқолини олишни талаб қилди


San Jay (Санжар Жавбердиев)
San Jay (Санжар Жавбердиев)

San Jay тахаллуси остида ижод қилувчи қўшиқчи ва бастакор Санжар Жавбердиев Gazeta.uz га берган интервьюсида маълум қилишича, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси лицензия олиши учун ундан соқолини олишни талаб қилган.

“Икки ой олдин мен лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар тўпламини тақдим этгандим. Улар менинг концерт директоримга соқолсиз фотосуратимни олиб келишини айтишибди. Кейин ўзим келдим, улар ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қабул қилишди ва “Барибир, соқолсиз ҳам рухсат беришмаса керак”, дейишди. Шундан кейин икки ой ўтди ҳамки, аниқ жавоб айтишмаяпти. Охирги марта Фурқат Шоввозов (Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бошқармаси директори -gazeta.uz) билан учрашганимда, у агар соқол билан келса, беришмаслигини айтганди”, - деган Санжар Жавбердиев.

Унинг сўзларига кўра, у ўз қўшиқларини телевидение орқали эмас, фақат радио орқали трансляция қилиш учун лицензия олмоқчи бўлган, бироқ шунда ҳам рад жавоби берилган. “Мен “Ўзбекконцерт” учун ўз имижим ва дунёқарашимни ўзгартирмаслигимни айтдим. Кейин Одил Абдуқаҳҳоров (“Ўзбекконцерт” директори -таҳр.) билан учрашув бўлиб ўтди. Унга фақат менинг концерт директорим Абдумалик таклиф қилинганди. У Одилнинг сўзларини менга етказди: “Аввал соқолини олсин, йўқса, лицензия бўлмайди”. Шундан кейин мен ҳаммасига тупурдим ва Интернетда ишлашга қарор қилдим, бошқача бўлиши ҳам мумкинми?” - деган хонанда.

“Ўзбекконцерт” директори Одилжон Абдуқаҳҳоров Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, лицензия бериш-бермаслик бўйича қарор “Ўзбекконцерт” томонидан эмас, балки Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий гуруҳ вакиллари томонидан қабул қилинади.

“Ушбу гуруҳ машҳур халқ артистлари, замонавий эстрада қўшиқчиларидан иборат жами 15 кишидан ташкил топган. Бунинг ўз мезонлари бор: улар овозни, қўшиқни, матнни, иқтидорни баҳолашади. Қоидалар талаблари асосида улар ўз қарорини чиқаришади”, - деган Одилжон Абдуқаҳҳоров.

“Ўзбекконцерт” раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров Санжар Жавбердиев гуруҳнинг ҳар 15 кунда ўтказиладиган навбатдаги йиғилишига таклиф этилишини маълум қилган.

“У йиғилишга таклиф этилади. Майли соқоли билан келсин. Лицензия бериш-бермасликни гуруҳ ҳал қилади”, - деган Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Қўшиқчи Санжар Жавбердиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ўз муаммосига эътибор қаратишини сўраб мурожаат йўллашга ҳам улгурган.

40 яшар Санжар Жавбердиев рус, ўзбек, тожик ва бошқа тилларда қўшиқ айтади. У узоқ вақт Россияда яшаб, ишлаган, 2010 йилда Чечен Республикаси халқ артисти унвонини олган. Тахминан икки йил олдин Ўзбекистонга қайтиб келган. Унинг Интернетга жойлаштирилган янги ижод маҳсули — Шерали Жўраевнинг “Карвон кўрдим” қўшиғига ишланган кавер бир зумда машҳур бўлиб кетди. Бироқ унинг ашулаларини радио ва ТВ орқали узатиш мумкин эмас, сабаби унинг лицензияси йўқ.

Олдинроқ, 13 ноябрда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қўшиқчи Шаҳло Аҳмедовага концерт фаолиятини тақиқлаб қўйган эди. “Ўзбекконцерт”нинг расмий сайтида эълон қилинган расмий билдирувда қарор бундай изоҳланган:

“Хонанда Ш.Аҳмедованинг “Летние дожди” деб номланган видеоклипида миллий маънавиятимизга ёт бўлган, томошабинларнинг эътиборини жалб этиш учун халқимиз менталитетига зид, шарқона одоб-аҳлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлардан ҳам тап тортмай, йигит ва қизнинг ишқий кечинмаларини очиқ-ошкора ифода этиб, буни андишасизларча тасвирга олиб кенг оммага намойиш этган”.

Кейинроқ хонанда муассасанинг қарорини шарҳлар экан, “Очиғини айтсам, содир бўлаётган ҳодисадан шокдаман”, - деб ёзди.

XS
SM
MD
LG