Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:21

“Ўзбекконцерт” хонандаларга лицензия олишни қийинлаштирди


"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси аввалги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ўрнида тузилган ташкилотдир.
"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси аввалги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ўрнида тузилган ташкилотдир.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси (аввалги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси) қошида бадиий кенгаш тузилган. Эндиликда лицензия олмоқчи бўлган ижодкорлар таниқли клипмейкер, режиссер, шоир, сайқалчи ва бастакорлардан иборат кенгашга жонли ижрода куйлаб беришлари керак бўлади. “Ўзбекконцерт” қошида ташкил этилган ижодий кенгашнинг илк йиғилишида 32 нафар лицензиатнинг қўшиқлари кенгаш аъзолари олдида жонли равишда тингланган.

Авваллари хонандалар ўз қўшиқларини дискка ёздириб, қўшиқ матнларини илова қилганлар. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси (аввалги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси) қошидаги Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқармаси бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда 1 июлдан хонандалар билан лицензия шартномаларига ўзгартишлар киритилгани ва талаблар кучайтирилганини тасдиқлади.

Одилжон Абдуқаҳҳоровга кўра, эндиликда хонандаларга янги шартнома доирасида бадиий кенгаш тасдиғисиз ўз клипларини Интернетда тарқатмаслик мажбурияти қўйилади.

-Бу ерда асосий мақсад ўзимизнинг ўзбекона урф-одатларимизга содиқ қолиш, миллий зеҳниятимизга тўғри келмайдиган клипларнинг чиқиб кетиши олдини олишдир - деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Айни пайтда ўзбек каналларида ҳам ўзбек санъаткорларининг “ахлоқ-одоби” мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда.

Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг айтишича, "миллий анъаналарга тўғри келмайдиган бошқа клиплар" ҳам эфирдан олиб ташланган. 11 июл куни "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ўзбекистонлик хонандалар Тоҳир Содиқов, Азиза Ниёзметова, Шароф Муқимов ҳамда Шерали Бекмуродовнинг лицензиясини бекор қилганди.

Лицензиядан маҳрум қилинган хонанда Азиза Ниёзметова ўз Facebook саҳифасида “15 миллион сўм тўлаб бир йилга олинадиган лицензия” унинг учун қимматга тушгани ҳақда ёзди.

Ўзбекистонда ҳар бир қўшиқчи фаолияти учун лицензия олиши керак ва бундай лицензия бир йилга берилади.

Янги тартибга мувофиқ хонандага концертининг камида 60 фоизини жонли ижро қилиш талаби ҳам қўйилади.

Айрим кузатувчилар янги тартибни қўшиқчилик фаолияти учун қўйилган янги бюрократик тўсиқ дейишса, бошқалар бу амал шоу бизнесдаги сохтакорликларга чек қўяди, деган фикрда.

XS
SM
MD
LG