Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

"Ўзбекконцерт" Тошкентдаги арзон қўшиқчилар рўйхатини эълон қилди. Қимматларига "тиши ўтмади"


5 июль куни "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси "тўйларга борадиган санъаткорларнинг имтиëзли нархга эга рўйхати"ни эълон қилди.

"Тўйларни ихчамлаштириш ва халққа енгиллик яратиш" мақсадида тузилгани айтилган бу рўйхатга кирган ашулачи ва гуруҳларнинг "ош тадбирлари ва тўй ва юбилейлар"га неча пулга бориши аниқ белгилаб қўйилган.

Ошга бориш 500 мингдан 800 минггача¸ тўйга бориши 800 мингдан 1¸5 миллион сўмгача қилиб белгиланган рўйхатда ўзбекистонликлар орасида танилган бирор санъаткор ëки гуруҳ йўқ.

Озодлик гаплашган "Ўзбекконцерт" мулозими¸ бу рўйхатга Тошкентдаги энг арзон ашулачилар киритилганини айтиб¸ ном чиқарган санъаткорларнинг тўйга бориш нархини уларнинг ўзи билан алоҳида келишишни тавсия қилди.

Тошкентдаги энг арзон ашулачи ва гуруҳлар рўйхати

6 июль куни Озодлик гаплашган "Ўзбекконцерт" мулозими пойтахтдаги тўй маросимларига борадиган санъаткорлар рўйхатининг ҳам халқ¸ ҳам санаъткорлар учун манфаатли экани ва унга кирганларнинг рўйхатга ўз хоҳиши билан қўшилганини билдирди.

"Биз Тошкентдаги жуда кўп санъаткорлар¸ гуруҳларни йиғдик. Уларга рўйхатни кўрсатдик. Рози бўлгани қолди¸ йўқ¸ бу нарх кўтармайди¸ деганини ўчириб ташладик. Рўйхатга кирганлар Тошкентдаги энг арзон санъаткорлар¸ кўпчилик уларни танимайди. Шу маънода¸ бу ашулачилар бизнеси учун яхши. Тўйига арзон артист қидириб¸ овора бўладиганларга ҳам қулай – рўйхатдаги номерларга телефон қилса¸ ўзимиз ташкил қилиб берамиз"¸ деди Озодлик гаплашган "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг айни шу рўйхат тузилишида қатнашган мулозими.

5 июль куни "Ўзбекконцерт" расмий сайтида эълон қилинган рўйхатга 50 та гуруҳ ва 20 нафар хонанда киритилган.

Рўйхатдаги санъаткорнинг тўйга бегиланган нархда боришини ким¸ қандай кафолатлайди?

"Ўзбекконцерт" рўйхатига киритилган гуруҳларнинг тўйга бориш нархи 700 мингдан 1 500 000 сўмгача қилиб белгиланган.

Ташкилот вакилларига кўра¸ уларни тўйга чақирувчилар шу пулдан ортиқ бир сўм ҳам тўламайди.

"Тўй қилаëтган одам¸ бизга чиқади ва фалончини тўйимга чақирмоқчиман"¸ дейди. Биз бу гуруҳдан вақти бор-йўқлигини сўраб¸иккала томонни келиштирамиз. Нарх – рўйхатда белгилангандан бир тийин ҳам ошмайди. Тўй 4 соат бўладими¸ 5 соат¸ шу пулга бориб хизмат кўрсатади. Тўй эгаси билан келишиб¸ закалатни олганидан кейин¸ бошқа одам санъаткорни 10 миллионга чақирсаям¸ боролмайди. Бормайман¸ деб халқнинг тўйини бузгудек бўлса¸ биз унинг лицензиясини бекор қиламиз – кейин умуман тўйга боролмайди. Қўлимизда бор ваколат шу"¸ деди “Ўзбекконцерт"нинг Озодлик гаплашган яна бир мулозими.

Унга кўра¸ Тошкентдаги энг арзон санъаткорлар рўйхатига кирганларнинг 70 фоизида тўй-маросимларда хизмат қилиш учун берилган расмий лицензия бор¸ қолганига ҳам бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Таниқли ашулачиларга "Ўзбекконцерт"нинг "тиши ўтмади"

Озодлик суҳбатлашган "Ўзбекконцерт" мулозимлари¸ 5 июлда эълон қилинган Тошкентдаги санъаткорлар рўйхати ва улар учун белгиланган нарх прейскуранти¸ шу йўлдаги биринчи қадам экани ва унинг босқичма-босқич давом этишини билдирди.

Айни пайтда улар¸ бу рўйхатга қўшилиш эркин ижодкорнинг ўз хоҳишига боғлиқлиги боис¸ ҳеч ким уларни мажбур қила олмаслигини ҳам қўшимча қилди.

"Биз Озодбек¸ Юлдуз ëки Шерали Жўраевни хизмат нархингни айт¸ шуни муҳрлаб қўямиз рўйхат чиқариб¸ дея олмаймиз. Уларни қандай топишни одамларнинг ўзи билади. Нархини ҳам бозор кўтарганга қараб¸ ўзлари келишиб олади – бизда бу ишга аралашиш ваколати йўқ. Таниқли артистларнинг ижоди қиммат¸ битта клип қилиб¸ уни телевизорда айлантириш 30-40 минг долларга тушади. Уларнинг асосий даромади - тўй. Шунга нархини ҳам қиммат қўяди улар"¸ деди "Ўзбекконцерт" вакилларидан яна бири.

Озодлик 6 июль куни Ўзбекистондаги энг таниқли ашулачиларни тўйга олиб бориш билан шуғулланувчи маъмурлардан бири билан боғланди.

"Ўзбеконцерт" рўйхатини "бўлмағур иш" деб баҳолаган бу маъмур¸ таниқли ашулачиларнинг унга қўшилмаслигини билдирди.

Бу маъмур таъкидича¸ қиммат ашулачилар тўйни бошдан охиригача ўтказишга деярли рози бўлмайди ва Тошкентда¸ асосан¸ бирровга боради. “Бирровнинг нархини эса¸ тўйга икки-уч кун қолганда¸ юзма-юз ўтириб¸ келишамиз”¸ деди бу маъмур.

Тошкентдаги тўй ташкилотчиларидан бирининг 6 июль куни Озодликка билдиришича¸ Юлдуз Усмонованинг шу кунларда “бирровга бориш нархи” 13 миллион сўм ëки 1600 доллар¸ Озодбек Назарбековники эса¸ 9 миллион ëки 1100 долларга тенг ва бу нарxга учта қўшиқ киради¸ холос.

Озодлик нархлар борасида бу ашулачиларнинг ўзлари ëки уларнинг расмий маъмурларидан аниқ жавоб ола олмади.

Арзон артистлар рўйхати вилоятларда ҳам тузилмоқда

“Ўзбекконцерт” мулозимлари¸ 5 июль куни эълон қилинган Тошкентдаги тўйларга борадиган санъаткорларнинг имтиёзли нархга эга рўйхати президентнинг тўйларни ихчамлаштириш таклифига жавобан қўйилган биринчи қадам эканини таъкидлади.

“Ҳозир вилоятлардаги ҳудудий бошқармаларимиз ҳам ўз рўйхатини тузаяпти. Бу рўйхатга кирадиганларнинг айнан қайси районларга бориши ҳам кўрсатилади. Яқин орада бу рўйхатлар ҳам эълон қилинади”¸ деди Озодлик гаплашган бу жараëнга бевосита алоқадор мулозимлардан бири.

“Ўзбекконцерт” мамлакатдаги созанда ва хонанда¸ раққосу раққосанинг легал фаолият кўрсатиши¸ хусусан¸ тўй-маъракаларга боришига рухсат берувчи ягона давлат муассасаси.

“Ўзбекконцерт”дан олинадиган йиллик лицензия учун санъаткорнинг қайси категорияга мансублигига қараб¸ 2 миллиондан 30 миллионгача ҳақ жорий этилган. Расмий лизенция олган санъаткор¸ йиллик тўловдан ташқари ҳар ой энг кам иш ҳақининг бир ойлик миқдорида ижтимоий суғурта тўлайди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ¸ лизенциялик санъаткорлар тўйдан топадиган даромадидан давлатга солиқ тўламайди.

6 июль куни Озодлик гаплашган Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси¸ бир кечада “бирровлар”дан топадиган даромади минглаб долларни ташкил қиладиган санаъткорларни солиққа тортиш таклифи Вазирлар Маҳкамасига топширилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG