Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:32

Таниқли қўшиқчилар видеоклипларининг ТВ-намойиши тақиқлаб қўйилди


Қўшиқчи Лола Йўлдошеванинг кўйлаги ўз вақтида мулозимлар танқидига нишон бўлган эди.
Қўшиқчи Лола Йўлдошеванинг кўйлаги ўз вақтида мулозимлар танқидига нишон бўлган эди.

“Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгаш 18 нафар таниқли хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклипларни кўриб чиқиб, уларнинг айримларини ТВ орқали намойиш қилишни тақиқлаб қўйди.

Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” расмий сайтига таяниб, fergana.ru хабар қилди. Ушбу хабар ёзилаётган пайтда “Ўзбекконцерт” расмий сайти очилмади.

fergana.ruга кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Халилова ижро этган “Оққушлар”, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ахмедова Шахризода (Каниза) ижро этган “Ўзбекистон”, хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид ижро этган “Сенсиз”, хонанда Муниса Ризаева ижро этган “Айбим севганим”, хонанда Алижон Исоқов ижро этган “Тошкент кўчаси”, хонанда Шахрибону Ахтамова ижро этган “Бахтим”, хонанда Жавлон Олимов ижро этган “Алдадими”, Пойтахт гуруҳининг “Нола”, хонанда Санжар Усмонов ижро этган “Моҳинурим”, хонанда Зафар Қурбонбоев ижро этган “Санамжон”, “Гал гал” ҳамда хонанда Бехруз Тохиров ижро этган “Эй ёр” қўшиқларига тасвирга олинган видеоклипларга Кенгаш аъзолари томонидан билдирилган баъзи жузъий камчиликларни бартараф этиш хонандаларнинг ўзларига ва клипмейкерларига тушунтирилиб, баъзи кадрлардан воз кечиш, тўғрилаш шарти билан истисно тариқасида рухсат берилган.

“Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Юлдашева ижро этган “Адашдим” қўшиғининг клипдаги айрим тасвирларни тўғрилаш кераклиги тушунтирилиб, ушбу клипни эфирга узатиш рад этилди. Камчиликларни бартараф этгандан сўнг қайта топшириш мумкинлиги тавсия этилди.

Хонанда Бахриддин Зухриддинов ижро этган “Дилозорим” қўшиғига ишланган видеоклип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги, клипнинг охирги қисмидаги диалоглар қўшиққа мос эмаслиги таъкидланиб, рад этилди. Хонанда Самаджон Рузметов ижро этган “Кел эй” қўшиғига ишланган видеоклип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги, клипдаги диалоглар тушунарсизлиги ҳамда қўшиқ матни саёзлиги боис рад этилди. Отабек Муталхўжаев ижро этган “Айт тун” қўшиғи матнини профессионал шоирга кўрсатиб қайта ижро этишини ҳамда клипдаги тасвирларидаги камчиликлар хонанда ва клипмейкерга тушунтирилди. Кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб Кенгашга қайта тақдим этилиши таъкидланди.

Олдинроқ, жорий йилнинг май ойида ТВ орқали “ВИА Мароқанд” ролигини намойиш этиш тақиқланганди. Шунингдек, “Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгаши томонидан қатор таниқли маҳаллий ҳонандаларнинг видеоклиплари ТВ орқали намойиши тақиқланган эди. Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” биносида ўтган “Ёшларнинг маънавий тарбияси ва артистлар ахлоқида миллий эстрада роли”га бағишланган йиғилишга келмагани учун тўрт нафар хонанда лицензиядан маҳрум қилинганди. Бадиий кенгаш июлда кўриб чиқилган саккизта клипдан учтасини тақиқлаб қўйган.

Ўтган йилнинг июль ойидан Ўзбекистонда хонандаларга ижтимоий тармоқларда ўз ихтиёрича видеоклипларни жойлаштириш тақиқлаб қўйилган. Бунинг учун улар “Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгашидан рухсат олишлари керак бўлади.

2018 йил февралидан бошлаб ўзбек хонандаларига миллий менталитетига ҳамда умуминсоний қадриятларга зид келадиган ҳар бир нарсани видеоклипларда намойиш этиш тақиқланган, деб ёзди fergana.ru.

Озодлик «Ўзбекконцерт» эстрада бирлашмасида жорий йил 12 февралидан бошлаб мусиқали клипларни текшириб намойишга изн берадиган комиссия иш бошлагани тўғрисида хабар қилган эди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимининг Озодликка 13 февраль куни айтишича, “15 нафар аъзодан иборат бадиий кенгаш миллий менталитетга тўғри келмайдиган клипларни тақиқлаб, Ғарб оммавий маданияти таъсирига тушган қўшиқчиларни тўғри йўлга солиш” билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG