Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ўқитувчиларга “Обод қишлоқ” дастурини молиялаш учун ўлпон солинди


Наманганда ўқитувчилардан бир кунлик ойлигини "Обод қишлоқ" дастурига ўтказиш сўралган.
Наманганда ўқитувчилардан бир кунлик ойлигини "Обод қишлоқ" дастурига ўтказиш сўралган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчилари ойлигининг бир қисмини “Обод қишлоқ” дастури учун ўтказишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда тумандаги бир қанча мактаб ўқитувчиси Озодликка маълум қилди. Туман халқ таълими бўлими раҳбари муовини Абдурасул Бойматов Озодлик билан суҳбатда “Обод қишлоқ” дастури учун пул туман ҳокимининг фармойишига кўра, нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ташкилотлари ходимларидан йиғилаётганинини тасдиқлади.

Ўзбекистондаги қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этишни кўзда тутувчи "Обод қишлоқ" дастурини молиялаш учун Наманганнинг Тўрақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчилари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларига ўлпон солинган.

Тумандаги 3-сонли мактабнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчисининг Озодликка айтишича, улардан бир кунлик ойлигини "Обод қишлоқ" дастурига ўтказиш сўралган.

– “Обод қишлоқ” дастури учун бир кунлик иш ҳақимизни ўтказишга розимиз, деган тилхат ёздириб олишди. Ойлигимиздан шу дастур учун ушлаб қолишар экан. Бу буйрук вилоят ҳокимининг буйруғи эмиш, - дейди Тўрақўрғон туманидаги 3-сонли мактаб ўқитувчи.

Ойлигининг бир қисмини ўтказишга қарши чиққанлар дарс соатлари қисқартирилиши ёки ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

- 800минг сўм ойлик оламиз. Обуна деб уриб қолади, мактаб ремонти, дейди. Энди “Обод қишлоқ” учун сўрашяпти. Бермасангиз дарс соатингни қисқартирасмиз, дейди, ишдан ҳайдаймиз, дейди, ҳуллас мажбур қилади, тўламасдан бошқа илож йўқ,- дейди Тўрақўрғон туманидаги 8-сонли мактаб ўқитувчиси.

Озодлик суҳбатлашган айрим бошқа ўқитувчилар эса ўз ихтиёри билан пулни ўтказишга розилик берганликларини айтишади.

- Ўз ихтиёримиз билан ўтказяпмиз. Чунки ўзимизни қишлоқ обод бўлса ўзимизга яхшику, - дейди Тўрақўрғон туманидаги 12-сонли мактаб ўқитувчиси.

Туман халқ таълими бўлими раҳбари муовини Абдурасул Бойматов Озодлик билан суҳбатда “Обод қишлоқ” дастури учун пул туман ҳокимининг фармойишига кўра, нафақат мактаб ўқитувчилари, балки бошқа бюджет ташкилотлари ходимларидан йиғилаётганини тасдиқлади, аммо бунинг ихтиёрий йиғим эканини иддао қилди.

- Ҳокимни буйруғи бор, ҳамма бюджет ташкилотларига таалуқли бу, - деди Бойматов.

Озодлик Тўрақўрғон тумани ҳокимлигидан “Обод қишлоқ” дастури учун ўқитувчилар пул ўтказишга мажбурланаётгани ҳақида изоҳ олишга уринди.

Лекин, туман ҳокими ёрдамчиси бу ҳақдаги саволни эшитгач телефонни қўйиб қўйди.

Ўзбекистон президенти шу йил 29 март куни “Обод қишлоқ тўғрисида” фармон чиқарган эди.

Фармон қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этишни кўзда тутади.

Фармонда “Обод қишлоқ” дастури республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари, тармоқ корхоналарининг маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари, “Маҳалла” жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар ҳисобидан молияланиши таъкидланган.

Ўзбекистонда ҳукумат дастурларини амалга ошириш ва иншотлар қуриш учун ўқитувчилар ва бюджет ташкилотлари ходимларидан пул йиғилиши илгари ҳам кузатилган.

Икки йил аввал Наманганда ўқитувчилардан вилоят марказидаги "Навбаҳор" стадиони учун 16 минг 500 сўмдан пул йиғишга мажбурланаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG