Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

МХХ ертўласидаги журналист Б.Абдуллаев оиласи билан учраштирилди


Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) Тошкентдаги тергов изоляторида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 10 январь куни онаси, рафиқаси ва фарзандлари билан учраштирилди. Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, 25 дақиқалик учрашув МХХ ходими иштирокида ўтган. Оиласи журналистнинг соғлиги яхши экани, аҳволидан шикоят қилмаганини айтмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг хабар қилишича, қарийб 4 ойдан бери МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашув 10 январь кундузги соат 16:30да бўлиб ўтган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бир кун аввал журналист ишини тергов қилаётган МХХ катта терговчиси Нодир Тўрақулов номидан боғланганини билдирган хавфсизлик хизмати ходими учрашувга рухсат берилгани ҳақида Бобомурод Абдуллаевнинг рафиқасига хабар берган.

"Биринчи бўлиб 10 минутлик учрашувга журналистнинг онасини киритишди, кейин рафиқаси, 15 яшар ўғли Алихон ва 11 яшар қизи Фаридани киритишди. Учрашувдан Бобомурод хурсанд бўлди, болалари, хотини ва онаси йиғлади, учрашув 25 минут давом этди", - деб хабар қилди Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, журналист устидан очилган жиноят иши бўйича айблов хулосаси ва тергов ҳужжатлари ҳозирча прокурорга тақдим қилинмаган. Шунингдек, қачон суд бошланади ва маҳкама қаерда ўтказилади каби саволларни ҳам МХХ ходимлари очиқ қолдирган.

Айни пайтда, ҳуқуқ фаоли буни МХХ ертўласига ташланган маҳкумнинг оиласи билан учраштирилганига оид илк ҳолат, деб хабар қилди.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00
Бевосита линк

Бобомурод Абдуллаевнинг оиласи учрашув бўлиб ўтгани, журналистнинг аҳволи яхши эканини тасдиқлади, аммо интервью беришни истамади.

Бунга қадар журналистнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг озод қилинишида ёрдам сўраб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бир неча видеомурожаат йўллаган эди.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек, спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устахонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққан.

XS
SM
MD
LG