Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Ҳибсдаги журналист Бобомурод Абдуллаев илк бор адвокат билан учрашди


44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев “Фарғона ру” нашри мухбири бўлган ва спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган журналистдир.
44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев “Фарғона ру” нашри мухбири бўлган ва спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган журналистдир.

Конституциявий тузумни ағдаришга уринганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинганидан бир ярим ой ўтиб илк бор адвокати билан учраштирилди. Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, адвокат Тўлқин Орифжонов 14 ноябрь куни МХХнинг собиқ Гвардейская кўчасидаги тергов изоляторида журналист билан бир соатча суҳбатлашган. Суҳбат чоғида Бобомурод Абдуллаев шикояти йўқлигини айтган.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурьат Икромовнинг айтишича, бир кун аввал Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Орифжоновга қўққисдан қўнғироқ қилиб, унга Бобомурод Абдуллаев билан учрашиш изни берилганини айтишган:

- Мен ҳозиргина адвокати билан гаплашдим, унга қўққисдан қўнғироқ қилиб, келинг, дейишибди. Бориб Бобомурод Абдуллаевни кўриб чиқибди, ҳеч қанақа қийноқ белгилари йўқ, дейди. Абдуллаев ҳам шикояти йўқлигини айтибди. Ҳозирча бор гап шу, - деди Суръат Икромов 14 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Тўлқин Орифжоновнинг ўзи билан боғлана олмади.

27 сенябрь куни ҳибсга олинганидан буён Бобомурод Абдуллаевнинг яқинлари ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиши лозим бўлган хусусий адвокатга маҳбус билан учрашишга рухсат берилмаëтган эди.

Бу эса унинг МХХ ҳибсхонасида қийноққа солинаётгани ёки ўлдирилгани борасидаги хавотир ва тахминларни туғдирмай қолмади.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

У 27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устхонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Суръат Икромовга кўра, Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати билан учраштирилиши халқаро ташкилотлар босими самарасидир:

- Энди уни кўрсатишмаётгани учун ҳар хил гаплар чиқиб кетди. Ижтимоий тармоқларда уни қийнаб ўлдиришди деган таминлар ҳам айтилди. Адвокатини айтишича, хавфсизлик хизматлари Абдуллаевнинг комьпютеридаги маълумотларни экспертизага берган, шунинг учун тергов чўзилаётган экан, - дейди Суърат Икромов.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 1 октябрь куни Абдуллаевни 10 кун МХХ ҳибсхонасида сақлаш ва шу муддат ичида унга қарши жиноий иш очиш ҳақида қарор чиқарган эди. Аммо орадан бир ярим ой ўтганига қарамай¸ ҳозирча Абдуллаевга жиноий иш очилган-очилмагани ҳақида расмий хабар йўқ.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиқди.

XS
SM
MD
LG