Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:51

ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди (ВИДЕО)


Тошкентда ЕХҲТ анжумани
Тошкентда ЕХҲТ анжумани

Тошкентда ЕХҲТ ташкил қилган "Марказий Осиёда ошкора журналистика" номли анжуман иш бошлади. Бундай тадбир Ўзбекистонда сўнгги 15 йил ичида илк бор ўтказилмоқда. Фарғона.ру агентлигига кўра, тадбирда ҳозир МХХ ҳибсхонасида сақланаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақидаги саволларни Тошкент расмийлари очиқ қолдирган.

ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари бўйича 19-Марказий Осиё анжуманида хориж давлатларидан келган матбуот соҳаси эскпертлари ва журналистлардан иборат 80 киши иштирок этмоқда.

Анжуманда қатнашаётган Ўзбекистон ва минтақалик журналистлар Марказий Осиёда бугунги журналистиканинг аҳволи ва муаммоларини муҳокама қилмоқда.

Фарғона.ру агентлиги берган хабарга кўра, тадбирда ўзбекистонлик журналист Сергей Наумов ва Алексей Волосевичлар 27 сентябрдан буён ҳибсда қолаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев тақдирига оид саволлар билан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилишган.

Агентликнинг ёзишича, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова Бобомурод Абдуллаев "қонунни бузгани учун ҳибсга олингани, унинг ишини суд кўриб чиқаётгани, суд қарор қилмагунча", бу масалада бирор изоҳ бермаслигини айтиш билан чекланган.

ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:27 0:00

Бундан ташқари, "Чегарасиз мухбирлар" ташкилоти вакили Йохан Биррнинг мустақил журналист Абдуллаевнинг ҳибсга олингани ҳақида аввалига 2 кун яқинларига хабар берилмагани, журналистга адвокат билан учрашиш имкони берилмаётгани сабаблари ҳақидаги саволлари ҳам очиқ қолдирилган.

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка тақдим этган 1 октябр кунги суд қарорида ëзилишича, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".

3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.

ЕХҲТнинг матбуотга оид Марказий Осиё анжумани ҳар йили ўтказиб келинади. 18-анжуман Австрия пойтахти Венада ўтказилган.

Тошкент 2002 йилда 4-анжуманга ҳам мезбонлик қилган эди. Ўшанда “Матбуот эркинлиги ва коррупция” мавзуси муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG