Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

М. Солиҳ: Бобомурод Абдуллаев иши - мени ватанга қайтармаслик учун уюштирилган фитна!


27 сентябрь куни йўқолганидан уч кун ўтиб дараги МХХ ҳибсхонасидан чиққан журналист Бобомурод Абдуллаевни Муҳаммaд Солиҳнинг топшириғи билан ҳокимиятни куч билан ағдаришга уринганликда айблаш ҳаракати бошланди.

МХХнинг бу ҳаракатига муносабат билдирар экан, мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ "Бобомурод Абдуллаев иши мени ватанга қайтармаслик учун уюштирилган фитнадир" деди.

Айни пайтда¸ Абдуллаев қўлга олиниши ортидан унга маълумот берганликда айбланаëтган икки шахснинг ҳам қора маскалилар томонидан олиб кетилгани ва ҳозирда уларнинг ҳам МХХ ҳибсхонасида экани айтилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг журналист Бобомурод Абдуллаевни эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда ушлаш ҳақидаги 1 октябрь кунги ажримидан терговчиларнинг унга Ўзбекистон Жиноят кодексидаги энг оғир айб қўйишга ҳозирланаëтгани аниқ бўлди.

Дастлабки тергов материалларидан келиб чиқиб маҳкама¸ журналист Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни Интернетда тарқатиш йўли билан ҳокимиятни қонуний сайланган шахслардан тортиб олишни режалаган¸ деган ажрим чиқарди.

"МХХ статус квони сақлаб қолиш учун Мирзиëевни ҳам "Муҳаммад Солиҳ" билан қўрқитмоқда"

Бобомурод Абдуллаевга дастлабки тергов томонидан қўйилаëтган энг оғир айб – Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг топшириғига кўра¸ Ўзбекистонда инқилоб ва конституциявий тузумни зўравонлик билан ағдаришни мақсад қилган “Жатва” деган дастур ишлаб чиқариш айбидир.

Бу айбловга ва умуман Бобомурод Абдуллаев ишига муносабат билдирган мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Туркияда муҳожиратда яшаëтган раҳбари Муҳаммад Солиҳ¸ бу ишни “абсурд” деб атади.

Муҳаммад Солиҳнинг президент виртуал қабулхонасига юборилган мактуби нусхаси.
Муҳаммад Солиҳнинг президент виртуал қабулхонасига юборилган мактуби нусхаси.

1999 йил февралида Тошкентда содир этилган портлашларни уюштирганликда айбланиб, Ўзбекистон суди томонидан сиртдан 15,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган Муҳаммад Солиҳга орадан 18 йил ўтиб¸ билвоста айни айб қўйилмоқда.

Ўзига қарши бошланган янги айблов кампаниясида журналист Бобомурод Абдуллаевнинг восита сифатида ишлатилаëтганини айтган Солиҳ¸ мақсад ўзи ва бошқа мухолифатчиларга нисбатан Шавкат Мирзиëевнинг муносабати юмшаши¸ хусусан¸ ўзининг Ўзбекистонга қайтишига йўл бермаслик эканини таъкидлайди:

- Мен август ойи охирларида Шавкат Мирзиëевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб¸ ундан ўзимнинг Олий суд томонидан реабилитация қилинишимни сўрадим. Бу мактуб расман қайдга олинганидан сўнг¸ Шавкат Мирзиëев уни ҳуқуқий мақомда ечиш учун Ички ишлар вазирлигига юборган¸ деб эшитдим. Бу вазирликда ўтирган иноятовчилар (МХХ раиси Рустам Иноятов назарда тутилмоқда – таҳр.) уни дарҳол МХХга оширган. Шундан ажиотаж бошланган. “Бу одам қайтмоқчи. Қайтиб келса¸ бошимизга бало бўлади. Буни тўхтатиш керак”¸ деган топшириқ берилган. Менинг Ўзбекистонга қайтишимни тўхтатиш учун йўлимга ниҳоятда катта тўсиқ топиш керак эди. Бир ой ичида анчадан бери кузатувда бўлган Бобомуродни ҳибсга олишди. Ўйлаб топилган қўрқинчли тўсиқ¸ яна шу "ҳокимиятни ағдариш"¸ деган абсурд айблов бўлди. МХХдагилар 1999 йилги 16 февраль портлашлари ортидан уюштирилган сохта жиноий ишни шундоққина кўчириб¸ ундаги фигурантлар номини ўзгартириб¸ Бобомурод Абдуллаевни ҳам шунга қўшиб¸ иш ясашди. Бу билан Шавкат Мирзиëевни ҳам¸ қаранг¸ бу сизни ҳам ағдармоқчи¸ деб қўрқитмоқчи бўлишаяпти¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ: Бобомурод Абдуллаев иши мени ватанга қайтармаслик учун уюштирилган фитна!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:57 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари 1999 йили ўзига қарши уюштирилиб¸ сиртдан 15¸5 йиллик қамоқ жазоси берилиши билан тугаган жараëн¸ ишда асосий гувоҳ бўлган Зайниддин Асқаровнинг МХХ ҳибсхонасидан туриб Озодлик ва бошқа хориж мухбирларига берган интерьвюсида айтганлари билан фош бўлганини эслатади.

Зайниддин Асқаров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:41:02 0:00
Бевосита линк

“Бу воқеалардан яхши хабардор бўлган Шавкат Мирзиëев¸ МХХнинг навбатдаги абсурд ишига сиëсий баҳо беради ва ўзининг ижобий ишларига доғ бўлиб тушувчи Бобомурод Абдуллаев ишини тўхтатади”¸ деб умид билдиради Муҳаммад Солиҳ.

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича бир неча киши қўлга олинган

Дастлабки суд ажримида¸ Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ëзган мақолалари учун маълумотларни “қўриқланадиган давлат амалдорлари”га яқин бўлган Равшанбек Салаев ва Шавкатжон Оллоëровлардан олгани айтилади.

Суръат Икромов¸ ҳозирча Бобомурод Абдуллаев иши билан боғлиқ қанча одамнинг ҳибсга олингани ҳақида бирор расмий маълумот йўқлигини айта туриб¸ номи ажримда келтирилган иккала шахснинг МХХ томонидан ҳибсга олингани ва ҳозирда ëпиқ шаклда тергов қилинаëтганини айтди:

- Бобомуродни 27 сентябрда ўғирлаб кетишган бўлса¸орадан бир кун ўтиб¸ МХХ ходимлари Салаев ва Оллоëровнинг уйига қора маскада бостириб кириб¸ уларни ҳам олиб кетган. Бу иккала хоразмлик йигитнинг яқинларига кўра¸ шундан бери уларнинг тақдирига оид бирор маълумот берилмаган. Улар ҳам МХХ ҳибсхонасида тергов қилинмоқда. Бу иш бўйича яна қанча одамнинг ҳисбга олинганини ҳам ҳозирча аниқлашнинг имкони йўқ¸ дейди Икромов.

Бобомурод Абдуллаевнинг аҳволи тўғрисида қандай маълумот бор?

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Бобомурод Абдуллаев ушланганидан буён унинг аҳволи ҳақида бирор маълумот йўқлигини билдирди:

- Буни билишнинг йўли маҳбуснинг олдига мустақил адвокатни қўйишдир. Лекин булар Бобомурод яқинларининг мустақил адвокат ëллашига босим орқали йўл бермаяпти. Ишни олиши мумкин адвокатларга лицензиянгдан ажрайсан¸ деб таҳдид қилашаяпти. Давлат томонидан тайинланган адвокатнинг ҳеч иш қилмаслиги ҳаммага маълум. Шунинг учун тергов қандай бораëтгани¸ Бобомуроднинг ҳозирги аҳволи ҳақида умуман маълумот йўқ¸ дейди Икромов.

Ҳуқуқ фаоли¸ Абдуллаев ишининг бу қадар ëпиқлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро стандартларга мутлақ зидлигини таъкидлайди:

- Бу "159 лар" билан доим шунақа бўлиб келган. Аммо Бобомурод Абдуллаев иши шов-шув бўлгани¸ унга эътибор кучлилигидан келиб чиқиб¸ МХХ терговда унинг оиласи ëллаган адвокат қатнашишига рухсат берса керак¸ деб ўйлагандим. Аммо бундай бўлмади. Терговнинг бу қадар ëпиқ¸ адвокатсиз ўтказилиши Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига мутлақ зиддир¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

XS
SM
MD
LG