Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:19

Москва прокуратураси нолегал мигрантлар қаерда кўплигини пул жўнатмаларидан аниқламоқда


"Мигрантлар ови" - Москва қиёфасининг ажралмас қисмига айланган.
"Мигрантлар ови" - Москва қиёфасининг ажралмас қисмига айланган.

Москва прокуратураси Росфинмониторинг хизмати билан ҳамкорликда нелегал мигрантларни пул ўтказмалари бўйича аниқлашга киришганини эълон қилди.

Бунинг учун прокуратура пул ўтказаётган фирмалар тўғрисидаги маълумотларни шаҳар харитасига солиб, мигрантлар зич яшайдиган жойларни аниқламоқда.

Россия Mарказий банкининг йиллик ҳисоботларига кўра¸ ватанига энг кўп пул юбораëтганлар орасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари биринчиликни қўлдан бой бермай келмоқда.

“Прокуратура муҳожирларни пул жўнатмалари бўйича аниқламоқда!”

Москва прокуратураси 2019 йилдан бошлаб мамлакат пойтахтида нолегал мигрантлар жамланган жойларни аниқлаш бўйича янги алгоритмни синаб кўрганини эълон қилди.

ТАСС агентлигига берган интервьюсида Москва прокурори Денис Попов муҳожирлар зич яшайдиган жойлар пул кўчирмаларини амалга ошираётган офис ва фирмалар фаолияти асосида аниқланганини билдирди.

- Росфинмониторинг билан ҳамкорликда биз хориж гражданлари концентрацияси катта бўлган жойларни аниқлаш бўйича янги методикани ишга солдик. Ўтган йилда шаҳримиз ҳудудидан хорижликлар томонидан 25 млрд рубл маблағ жўнатилган. Пул ўтказмалари билан шуғулланаётган офислар тўғрисидаги маълумотни биз шаҳар харитасига солиб, улар зич жойлашган қурилиш ва саноат объектларини аниқладик.

Энг катта пул маблағлари Москванинг Жануби-Шарқий маъмурий округи – Печатники ва Люблино туманларидан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга юборилгани аниқланди, деди прокурор Денис Попов.

Москва прокуратураси раҳбари шаҳарда ички ишлар органлари томонидан олиб борилаётган “муҳожир ови”, “зачистка” ва “рейдлар” айнан шу “янги услуб” ёрдамида амалга оширилаётганини билдирди.

Прокурор Денис Попов пул транзакциялари асосида мигрантларнинг легал ёки нолегал экани эмас, балки улар зич яшайдиган жойлар аниқланишини таъкидлади.

Москва бозоридаги полиция рейди.
Москва бозоридаги полиция рейди.

Прокуратура расмийси суҳбат давомида “ҳар еттинчи қотиллик, ҳар учинчи босқинчилик ва ҳар иккинчи зўрлашни мигрантлар содир этаëтгани"ни таъкидлашни унутмади.

“Ётоқхоналарга қайдга олиш назорат остида!”

Москва шаҳар прокурори “нолегал миграция”га қарши курашда 2018 йилда жорий этилган “Москва хавфсизлиги” (“Московская безопасность”) дастури ҳам қўл келаётганини эслатди.

- Бу дастур меҳмонхона, ҳостел, ётоқхона ходимларига шаҳримизга келаётган хорижликларни масофадан туриб қайдга олиш имконини беради. Ўтган йилнинг биринчи ярмида бу программадан 1,5 минг меҳмонхона фойдаланиб, 3,6 миллион мигрант учётга қўйилди. Суриштирувлар натижасида¸ Люблинодаги ҳеч ким яшамайдиган ва “400 кишига” мўлжаллангани айтилган бинода 3 ой давомида 80 минг киши қайд этилгани аниқланди.

Денис Попов Москвада бу каби “резинали меҳмонхоналарни” йўқотиш учун замонавий технологияларнинг янги турлари жорий этилаётганини маълум қилди.

"Ўзбекистонликлар пул ўтказмалари бўйича илғор"

Россия Марказий банки расмий маълумотларига биноан, 2020 йил бошларида Москванинг ўзида миграция картаси олган муҳожирлар сони ўтган йилга нисбатан 1 миллиондан ошган ва уларнинг умумий сони 4,5 миллионга етган. Улардан 644 мингигина ишга рухсатнома – патент асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

FinExpertiza тадқиқотчилари эълон қилган рақамларга кўра, меҳнат муҳожирларининг Россиядан ўз ватанига юбораëтган пул жўнатмалари охирги 7 йилда камайиб бормоқда. 2009-2018 йиллар давомида мигрантлар томонидан Россиядан 141,4 миллиард доллар (5,64 триллион рубль) маблағ юборилган. Бу давр мобайнида энг кўп пул жўнатмалари – умумий ҳисобдан 30 фоиздан зиёдроғини -ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келган.

Россиялик мутахассисларга кўра¸ мигрантлар ўзи билан бирга ватанига олиб кираётган маблағлари бу рақамларда акс этмайди.

XS
SM
MD
LG