Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:33

Говорит Москва: Экстремистлар ови Россия матбуоти нигоҳида


Шоҳиста Каримова Басманний судида, 07.04.2017.
Шоҳиста Каримова Басманний судида, 07.04.2017.

Москванинг Басманний туман суди Петербургдаги террорчилик амалиётига алоқадорликда гумон қилинаётган “Лесное” кафеси ишчиси, 45 яшар Шоҳиста Каримова ва тожикистонлик ошпаз Ортиқ Содиқовни ҳибсда қолдирди. Шоҳистанинг ҳимоячисига кўра, унинг сумкасидан топилган гранатани маскачан оператив ходимлар ташлаб қўйган. Россия матбуотида эълон қилинаётган материаллардаги ёндошуви нақадар холис?

7 апрел куни Санкт-Петербургдаги портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибс этилган 45 яшар ўзбекистонлик Шоҳиста Каримова ва тожикистонлик ошпаз Ортиқ Содиқов Москванинг Басманний туман судига келтирилди.

(Россия Тергов Қўмитаси матбуот хизмати)

- Қўлга олинганларнинг яшаш жойларидан “Площадь Восстания” метросида топилганга ўхшаш портловчи мослама, ўқотар қурол ва ўқ-дори мусодара қилинди. Биз қўлга олинган бу шахсларни ҳибсда қолдиришни сўраб судга мурожаат қилдик, деди Россия Тергов қўмитаси​Светлана Петренко.

Терговчилар Шоҳиста Каримованинг сумкачасидан Ф1 жанговар гранатаси, икки дона детонатор, запал ва микросхема топилганини суд ҳакамига билдирди.

Террорчиликда гумон қилинаётган Шоҳиста Каримова 1971 йилнинг 4 майида Ўзбекистонда туғилган. У бир ўзи уч нафар фарзандни боқаётгани, улардан бири – вояга етмаган 16 яшар қиз экани судда маълум қилинди.

Ҳибсга олингунига қадар Шоҳиста Москва вилоятининг Одинцово тумани Лесное қўрғонидаги кафелардан бирида идиш ювувчи бўлиб ишлаб келган. У Россияга 2016 йилнинг сентябрида умрида биринчи маротаба иш излаб келганини айтди.

Шоҳиста Каримованинг адвокати Муса Абдулваҳобов Басманний туман суди қароридан мутлақо норози эканини ва Шоҳиста Каримова махфий хизматлар ҳийласи қурбони бўлганини судда йиғилган журналистларга айтди.

- Мен бу аёлнинг ҳибсга олинишига мутлақо қаршиман. Мен учун аниқки, детонатор ва микросхемалар тергов амалиётларини олиб бораётган оператив хизмат ходимлари томонидан ташлаб кетилган. Терговчи амалиёт тугаганидан кейин тинтув жойига келган. Судга тақдим этилаётган бу буюмларнинг барчаси эса Каримованинг қўл сумкачасидан топилган. Тергов жараёнида иштирок этган ниқобдаги оператив ходим запални олиб, унинг биологик изларини қолдириш мақсадида сочларига суртган, дея Шоҳистадан олинган маълумотларга таяниб сўзлади адвокат Муса Абдулваҳобов.

Адвокатнинг бу иддаоларини Россия ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари рад этишмоқда. Қолаверса айбланувчининг кўрсатмасидан ташқари бу даволарни тасдиқловчи бошқа исбот кўрсатилмади.

Адвокат фсбчилар детонаторларни Каримованинг сочидан ташқари қўлтиғига ҳам суртишга буюрганини аниқлаганини айтди.

Судда Шоҳиста Каримова билан бирга қўлга олинган тожикистонлик, 1978 йилда туғилган Содиқ Ортиқовнинг Петербургдаги террорчилик ҳуружига алоқасига доир маълумотлар келтирилмади.

Бироқ, “Лесное” кафесида ошпаз бўлиб ишлаб келган бу йигитдан "тинтув пайтида Макаров пистолети, иккита тротил шашкаси, Ф1 гранатаси ва портловчи модда топилгани" айбловчи томонидан эълон қилинди.

Содиқ Ортиқов ўзига қўйилаётган айбловларни рад этиб, ФСБ мусодара қилган қурол-аслаҳа унга тегишли эмаслигини билдирди.

Суд Шоҳиста Каримова ва Содиқ Ортиқовни 3 июнгача ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Басманний суди залидан чиқарилган ва коридрида бир нечта қўриқчи қарамоғида кишанланган ҳолда кетаётган Шоҳиста журналистлар олдида йиғлаб юборди ва бақирди:

- Мен айбдор эмасман! Россия матбуоти, эълон қилинг: мен айбдор эмасман! Мени подставка қилишди! Агарда ҳақиқатни истасангиз - етказинг буни.... Уни бу гапларини Россиянинг марказий телеканаллари намойиш этди.

​("Москва-24" телеканали сюжети)

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда адвокат Муса Абдулваҳобов судда терговчиларни ноқонуний ҳатти-ҳаракатларда айблагани учун босим остида қолганини маълум қилди.

Айни пайтда, Москва ва Петербургда...

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари Петербургдаги ҳодиса ортидан Россиядаги мигрантларга қарши навбатдаги “облава” ва “зачистка” рейдлар авж олишини башорат қилган эди.

Муҳожирлар кўчаларда полиция текшируви яна авжига чиққани, участка нозирлари квартирама-квартира юриб ҳужжат текшираётганидан шикоят қилмоқда.

Кўчага бош чиқара олмай қолганини гапираётган кўплаб муҳожирлар тинимсиз текширувлар уларнинг даромадларига ҳам салбий таъсир қилаётганини билдирмоқда.

Террорчилик акти марказий осиёлик томонидан содир этилгани эълон қилиниши ортидан Россиядаги хорижлик мигрантлар босим остида қолгани тўғрисида Озодлик кўплаб хабарларни ола бошлади. Айниқса, марказий осиёлик мигрантларга қарши кайфиятнинг кучайишига маҳаллий оммавий ахборот воситалари катта ҳисса қўшаётгани кўзга ташланмоқда.

“Вечерний Бишкек” сайти хабарига кўра, қирғизистонлик Наталья Кушпаренко паспорти Қирғизистонники бўлгани сабабли Москва меҳмонхоналаридан биридан жой берилмаганини хабар қилди. “Мен Қирғизистон Республикаси граждани бўлганим учунми?” саволимга улар: “Ўзингиз тушунишингиз керак”, дейишди", деди журналист.

Озодлик ўз манбаларидан Россия пойтахти ва Москва вилоятининг бир қатор манзилларида полиция ва махсус кучлар рейдлари ва "облавалари" бўлиб ўтганини аниқлади.

Ўзбек фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда охирги бир ҳафта ичида Петербургда ҳам муҳожирлар турмуши кескин оғирлашиб қолганини Озодликка тасдиқлаб, деди:

- Одамларни уйма-уй кириб текширишлар бошланди. Ҳар қадамда паспорти борми, паспорти йўқми – олиб кириб қўйяпти. Ўзбекистондан юк олиб келган бир марҳаматлик йигитни олиб кириб, икки сутка ушлашибди, ваҳоланки миграция картасига “транзит” деб ёзилган. Пулини олиб, қўйворишди! Крайний қилиб анови болани террорчи қилиб қўйишди. Уни таниган болалар айтяптики, у ҳатто намоз ҳам ўқимаган! Халқни қийнашиб, алдашяпти. Вазият умуман оғир ҳозир, деди Петербургдан Озодликка уланган Бек исмли суҳбатдош.

Айни пайтда, РЕН-ТВ телеканали Санкт-Петербург метросидаги портлаш юзасидан терговчиларнинг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

“Мутахассисларга кўра, портловчи мослама террорчи-худкуш томонидан амалга оширилмаган”, дея маълум қилди нашр.

Рус полицияси ва матбуотининг тасдиқланмаган маълумотни тарқатиши оқибатида бегуноҳ кишилар террорчилик айблови остида қолгани борасида Озодлик олдинроқ хабар берган эди.

Ўтган бир ҳафта давомида Москва ва Санкт-Петербургда “Питерлик террорчи”га алоқадорликда гумон қилиниб, 8 марказиёосиёлик ҳибсга олингани хабар қилинди.

Россия Тергов қўмитаси 3 апрел куни Санкт-Петербург метросида портлашни амалга оширгани айтилаётган Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси Акбаржон Жалиловга алоқадорликда гумон қилиб яна 8 кишини ҳибсга олди ва 3 та портловчи мослама топганини хабар қилди.

Кучишлатар тизим ходимлари бу 6 муҳожир йигитни Петербургнинг Товаришческий проспект-22/1 манзили бўйича жойлашган квартирадан “бомба тайёрлаш цехи” ва “қурол-аслаҳа сақлаш омбори” сифатида фойдаланиб келганликда айбламоқда. Бу квартирадан махсус хизматлар томонидан мусодара қилинган портловчи модда Жалилов ижарада турган квартирада топилган мосламага айнан ўхшаш экани маълум қилинди.

Бу шахсларнинг ҳибс этилиши жараёни борасида Озодлик олдинроқ хабар берган эди.

Россия матбуоти Петербургдаги терактга бевосита “Сурияда жанг қилаётган ўзбеклар алоқадор бўлиши мумкинлиги” тўғрисидаги иддаоларни омма орасида тарқатишни бошлади.

“Федерал ахборот агентлиги” Акбаржон Жалилов бир ой олдин Қирғизистонга боргани ва “Тавҳид ал-Жиҳод” гуруҳига тўда-тўда бўлиб аъзо бўлаётган радикал-ўзбеклар билан қизғин мулоқот қилган бўлиши мумкинлиги”ни эълон қилди.

“Коммерсантъ” нашри ушланган ўзбек йигитлари орасида “ўзини портлатишга тайёрлаган худкушлар” бўлиши мумкинлиги ва “Площадь Восстания” метро бекатидаги бомба шулардан бирига тегишли эканини иддао қилиб чиқди.

Терговчилар тахминларига кўра, Россия фуқароси Жалилов метрога иккита бомба олиб кирган, аммо унинг шерикларидан бири “Площадь Восстания” бекатига келмаганидан кейин, мосламани шу ерда ташлаб кетган.

“Интерфакс” агентлиги эса ФСБдаги ўз манбасига таяниб, “квартирадагилардан яна бири учинчи бомбани портлатмоқчи бўлгани”ни ёзди.

Ушланган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ватандошлари Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205-3 (террорчилик акти), 222-1 (портловчи моддаларни ноқонуний айирбошлаш) моддаларида айбланиб икки ойга, яъни июн ойи бошларигача ҳибсда қолдирилди.

Ҳибсга олинган муҳожирларнинг бирортаси ўз айбига иқрор бўлмади.

XS
SM
MD
LG