Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Ҳибсга олинган Ташқи миграция агентлиги раҳбарлари Кореяга бормоқчилардан $20 млн пора олганликда гумонланмоқда


Суратнинг чап томонида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бошлиғи Равшан Ибрагимов. Суратнинг ӯнг томонида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.
Суратнинг чап томонида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бошлиғи Равшан Ибрагимов. Суратнинг ӯнг томонида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.

Ташқи миграция агентлиги раҳбарларининг ҳибсга олинганига оид Озодликка келган хабарни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бир-биридан мустақил икки мулозими тасдиқлади.

Ҳозирча жамоатчиликдан сир тутилаëтган бу маълумотни очиқлашга ваколати йўқлиги боис шахси сир қолишини сўраган бу мулозимларга кўра¸ 14-20 ноябрь кунлари Миграция агентлигининг 20 га яқин расмийси Бош прокуратура Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан олиб кетилган.

Кореяга ишга кетиш учун ариза берган минглаб одамдан пора олганликда гумонланиб олиб кетилганларнинг кўпчилиги қўйиб юборилган¸ аммо агентлик бошлиғи¸ унинг ўринбосари ва Кореяга кетаëтган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази раҳбарининг 26 ноябрь куни ҳам ҳибсда қолаëтгани айтилди.

Озодлик гаплашган жараëн тафсилотларидан хабардор мулозимлар¸ ҳибсга олинганларнинг Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 20 (йигирма) миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олганликда гумонланаëтганини билдирдилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи миграция агентлиги мутасаддилари Озодликнинг бу ҳибсга олишларни расман тасдиқлаш ëки инкор қилиш сўровини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов сири нуқтаи назаридан бу маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Қама-қамалар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича¸ Ташқи миграция бошқармасининг ҳибсга олинган расмийлари йил давомида ҳар бир вилоятдан камида 400 тадан одамга Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб¸ уларнинг ҳар биридан камида 5000 АҚШ доллари миқдорида пора олган жиноий гуруҳга бошчилик қилганликда гумонланмоқда.

Вилоятлардаги пул берганлар алданганини билиб¸ Ташқи миграция агентлигининг Академгородокдаги бош офисига келиб тўполон қилганидан сўнг¸ вазиятга прокуратура аралашишга мажбур бўлди”¸ дейди воқеа тафсилотларини Озодликка гапириб берган вазирлик масъулларидан бири.

Бошланиши Миграция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тошкентда ўз офисида 5000$ билан прокуратура департаменти томонидан ушланди. Сразу бошлиқ ва бешта бўлим раҳбари кетди. Бу 14 ноябрда бўлди¸қолганларни 20 ноябрда олишди”¸ дейди вазирлик расмийси.

Ташқи Миграция агентлиги раҳбар ва мутасаддиларининг ҳибсга олинганини тасдиқлаган агентлик мулозимларидан яна бири¸ олиб кетилганларнинг бештаси қўйиб юборилгани, юқори раҳбарлардан учтаси¸ хусусан¸ агентликнинг биринчи раҳбари ва ўринбосарининг ҳибсда қолаëтганини билдирди.

(26 ноябрь куни Равшан Ибрагимов ва Улуғбек Назаров Ташқи миграция агентлиги расмий сайтида ҳамон агентлик бошлиғи ва ўринбосар сифатида кўрсатилган.)

Озодлик 26 ноябрь куни бу маълумотни тасдиқлаш ëки инкор этишни сўраб расман Бандлик вазирлиги ва Миграция агентлигига мурожаат қилди.

Саволни эшитган расмийлар¸ Озодлик мухбири телефон рақамларини ëзиб олиб¸ ўзлари қўнғироқ қилиб¸ жавобини айтишни ваъда қилдилар. Аммо кун давомида бундай жавоб берилмади.

“Вазир пора жанжалини 19 ноябрь кунги мажлисда тилга олди”

20 ноябрь куни Ўзбекистон телеканаллари ва маҳаллий ахборот нашрлари¸ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг ўз вазирлигида ўтказган учрашуви ҳақида хабар тарқатди.

Учрашувда Кудбиев Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бу иш билан шуғулланувчи ягона агентлик бўлиши чет элда ишлаш истагини билдирган ўзбекистонликларга шаффоф ва порасиз хизмат кўрсатиш имконини бермаганини айтган ва тез орада Корея¸ Япония ва Европа давлатларига ишчи юбориш билан хусусий меҳнат агентликларининг шуғулланишига рухсат берилишини билдирган.

19 ноябрь куни Бандлик вазири Шерзод Кудбиевнинг вазирликда ўтказган йиғилиши ҳақида “Ўзбекистон 24 канали хабар берди. Вазир бу мажлисда айтган бошқа муҳим гаплар тилга олинмади. Ана шу мажлисда вазир “отам менга Кореяга одам жўнатиш учун 5000 дан пул йиғаëтган экансанлар. Агар шундай бўлса¸ бизнинг қишлоқдан ҳам жўнатиб бер”¸ деб илтимос қилди. Демак аниқ ҳудудлар пул йиққан¸ деб гапирди”¸ дейди бу йиғилиш тафсилотларидан бевосита хабардор расмий.

(Расмий биографиясига кўра¸ 37 яшар Шерзод Кудбиев асли фарғоналик – таҳр.)

Бу суҳбатдош¸ жараëннинг давом этиши ва ҳар бир вилоятда Жанубий Кореяга кетишга номзодлардан пора олганларга навбат келишини айтади.

Вазирликда кайфият йўқ¸ агентликдагилар юрагини бериб қўйган. Ҳибсдагилар кимга қарши кўрсатма беради¸ буни ҳеч ким билмайди. Бу ҳали бошланиши¸ энди навбат вилоятлардагиларга келади”¸ деди агентликда ишловчилардан бири.

Ҳозирча Ўзбекистондаги бирор нашр¸ қолаверса¸ Бош прокуратура матбуот хизмати Ташқи Миграция раҳбарларининг катта миқдорда пора олганликда айбланиб¸ ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатмади.

Ҳар бири 5000 доллардан пора берганлар¸ бу хабарни эшитиб¸ тўполон бошламасин¸ деб Миграция раҳбарларининг ҳибсга олингани ҳақида хабар чиқаришмаяпти. Бундан ташқари¸ бу ишга тепадагиларнинг ҳам алоқаси бор бўлиб чиқаяпти. Аниқ бир хулосага келинмагунча¸ сир тутишади¸ шекилли”¸ деб изоҳлади бу жимликни Озодлик гаплашган мулозим.

Айблов моҳияти

Озодлик гаплашган воқеа тафсилотларига яқин мулозимга кўра¸ қўлга олинганлар Жанубий Кореяга ишга кетиш учун минглаб аризачидан минглаб доллар пора олганликда гумонланмоқда.

Бир йилда Жанубий Кореяга ишга кетиш учун 5000 та квота бор. Шуни 12 вилоят ва Қорақалпоғистонга сочсангиз¸ тахминан 400 тадан тўғри келади. Миграция агентлиги расмийлари ҳудудий бошқармалари орқали "Кореяга ишга кетишингга гарантия берамиз"¸ деб ҳар вилоятдан камида 400 одамдан 5000 доллардан пул олишган. Бу республика миқëсида 20 миллион доллардан кўп бўлади”¸ дейди Озодликка иш тафсилотларига оид маълумот йўллаган вазирлик мулозими.

Бу мулозим иддаосича¸ сўроқ пайтида Миграция агентлиги масъуллари¸ бунча порани “якка ўзлари емаганлари¸ уни Бош вазир ўринбосарларидан бирига 50/50 қилиб узатиб келган”ини билдирган. (Озодликка бу коррупцион можарода номи тилга олинаëтган Бош вазир ўринбосари кимлиги маълум¸ аммо текширув давом этаëтгани боис¸ уни ҳозирча очиқламаëтир – таҳр.)

“Кореяга пора бермасдан кетишнинг иложи йўқ”

Жанубий Кореяга Ташқи миграция агентлиги орқали ишга кетиш квотаси 2018 йилга келиб 5000 га чиқарилгани ҳолда¸ йилига Кореяга кетиш учун ҳужжат топширувчилар сонининг 100 мингдан кўпроқни ташкил этиши айтилади.

2017 йилнинг 27-28-29-30 март ва 1-3 апрель кунлари Жанубий Кореяга ишга кетишга талабгорлар учун ўтказилган рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараëни натижалари¸ ариза берувчиларнинг ниҳоятда кўплиги ортидан келиб чиққан техник носозликлар иддаоси билан¸ 18 апрель куни бутунлай бекор қилинган эди.

Бу жараëннинг шаффоф эмаслиги ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлгани ортидан¸ агентлик раҳбари Улуғбек Назаров лавозимидан бўшатилган эди (Назаров кўп ўтмай агентлик бошлиғига ўринбосар этиб тайинланди).

Бу воқеага муносабат билдирганлардан бири – уч йилдан бери ўз кучига ишониб¸ Кореяга кетиш учун тестдан ўтолмаëтганлардан бири бухоролик 25 яшар Анвар жараëннинг ниҳоятда коррупциялашганини айтган эди.

Охирги тест саволлари устимиздан кулиш бўлди¸ холос. Ҳозиргача 80 фоиз одам пора билан Кореяга кетаяпти. Миграциядагиларга алоқадор ўртакашлар корейсчани умуман билмайдиганларни ўтказиб келишаяпти. Ўтган йилларда 4-5 минг доллар эди¸ бу йилга келиб¸ ставкани 7000 долларга чиқаришипти”¸ деган эди бу жараëнни йиллардан бери кузатиб келган Анвар.

БИЛДИРУВ: Агар сиз ҳам Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган Ташқи миграция агентлиги ходимлари ëки улар яқинларига пора берганлардан бўлсангиз¸ тафсилотларни Озодликнинг Telegram ва WhatsApp каналлари¸ ëки Facebook ва Одноклассникидаги саҳифалари¸ ëхуд қуйидаги "Шарҳ" катакчасига ëзиб юборишингиз мумкин. Шахсингиз сир қолиши кафолатланади.

XS
SM
MD
LG