Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:43

Япония ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга олиб кетиш жараëнини бошлади


Асосан ўз соҳасига алоқаси йўқ ишларга мажбурланиб келаëтган ўзбек ҳамширалари учун¸ япон тилини ўрганиб¸ кунчиқар юртга бориб ишлаш имкони очилмоқда.
Асосан ўз соҳасига алоқаси йўқ ишларга мажбурланиб келаëтган ўзбек ҳамширалари учун¸ япон тилини ўрганиб¸ кунчиқар юртга бориб ишлаш имкони очилмоқда.

Дунëда энг узоқ яшовчи миллат - японларнинг ижтимоий таъминот соҳаси корпорациялари Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги билан ҳамшираларни Японияга ишга олиб кетиш масаласини муҳокама қилди. Бу сўзлашувлар ортидан йил давомида 1000 га яқин ўзбек ҳамширасининг Японияга ишга кетиши кутилмоқда.

Кунчиқардан таклиф

17 май куни Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкентга келган Япония ижтимоий таъминот корпорациялари вакиллари билан учрашди.

Япониядаги касалхоналар¸ қариялар уйлари¸ санаторийларда асосан кексаларга хизмат кўрсатувчи бу корпорация вакиллари Ўзбекистондан Японияга ҳамширалар¸ аниқроғи¸ қарияларга боқувчилик қиладиганларни ишга олиб кетиш масаласини муҳокама қилган.

Япон делегациясига кўра¸ айни кунларда Япония ижтимоий таъминот соҳасида 500 минг ҳамшира-боқувчига эҳтиëж бор¸ 2025 йилга бориб¸ бу рақамнинг бир миллионга етиши кутилмоқда. Японлар дунëда энг узоқ яшовчи халқ. Айни пайтда¸ уларда туғилиш кескин камайиб бораëтгани ортидан қарияларга қарайдиганлар етишмовчилиги ҳам кучаймоқда. Ана шу тақчилликни қоплаш учун япон корпорациялари ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга ëллаш дастурини йўлга қўймоқчи”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Меҳнат вазирлигининг мазкур сўзлашувга алоқадор расмийси.

Бу расмийга кўра¸ 14 май куни Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги расмийлари билан музокара ўтказган япон делегацияси ижтимоий таъминот соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатга мўлжалланганини таъкидлаган.

“Ишга олинувчиларга қўйиладиган ëш¸ малака ва бошқа талаблар ҳозирда муҳокама қилинмоқда. Бир корпорациянинг талаби бошқасиникидан фарқ қилиши мумкин. Танловда тиббий таълим олган-олмагани унча муҳим эмас. Японлар бир неча ойлик тиббий ëрдам кўрсатиш курслари етарли¸ деяпти. Асосий талаб¸ япон тилини 4-даражада билишдир”¸ деди суҳбатдош.

4-даражаси бу пастдан иккинчи¸ яъни салом-аликдан бошқа гапни ҳам тушуниш даражаси экан. Японлар¸ ҳозирнинг ўзида¸ япон тилини билса¸ 35 нафар ҳамширани олиб кетишга тайëрлигини билдирди. Июль ойида Япония бўйлаб барча ширкат ва корпорациялар қанча ишчига эҳтиëжи борлиги ҳақидаги рақамларни эълон қилади¸ шундан сўнг¸ тегишли тизимлар хориж давлатларига квота белгилайди. Ташқи миграция агентлиги японларнинг Ўзбекистонга қанча квота ажратганига қараб¸танлов эълон қилади. Бу танловдан ўтганларнинг ноябрда Японияга кетиши кутилмоқда”¸ деди Меҳнат вазирлиги расмийси.

Озодликка маълум бўлишича¸ япон делегациясининг Тошкент сўзлашувлари давомида Ўзбекистондаги айрим Тиббиëт коллежларида япон тили дарсларини жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинган.

“Японияда ўзбеклар репутацияси ҳозирча яхши”

Йиллардан бери Японияда ишлаëтган ўзбекистонликлардан бири Озодлик билан суҳбатда дунëнинг аксар давлатларидан фарқли¸ ҳозирча Японияда ўзбекистонлик муҳожирларнинг репутацияси яхши эканини айтади:

- Японияда нолегал қолиб ишлаш деярли имконсиз. Тил билмасангиз¸ ҳеч ким сизга иш бермайди. Шунинг учун бу ерга келган ўзбекистонликлар қонуний мақомга эга¸ япончани яхши билади. Муҳими¸ улар меҳнатдан қочмайдиган мигрант сифатида кўрилади. Ўзбекистонликлар, асосан, студент визаси билан келиб¸ япончани ўрганиб¸ иш топиб қолиб кетишмоқда. Кундузлари ўқишади¸ тунлари ишлашади. Балки бу ерга ҳам ўзбек фоҳишалари келaëтгандир¸ лекин ҳали Руминия¸ Россия ва Хитойдан келаëтганлар даражасида кўп эмас¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Японияда ишлаëтган ўзбеклардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Япония йиллардан бери Индонезия¸ Бангладеш каби Осиë давлатларидан қарияларга қаровчи ҳамшираларни ëллаб келмоқда ва эндиликда бу давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам қўшилган:

- Японларда ҳаëт даражаси¸ соғлиқни сақлаш тизими даражаси¸ қолаверса¸ ўзаро муносабат маданияти ниҳоятда баланд. Шунинг учун ўзбекистонлик ҳамшираларнинг тил ўрганиш баробарида японлар маданияти¸ менталитети¸ озгина улар тарихини билиши жуда муҳим¸ дейди бу суҳбатдош

Фақат ҳамширалар эмас¸ бошқаларга ҳам иш таклиф қилинади

Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган расмийси¸ Ташқи миграция агентлиги орқали ўзбекистонликларни Японияга ишга юбориш фақат ижтимоий таъминот соҳаси билан чекланмаслигини билдирди.

“Бугун келганлар ижтимоий таъминот корпорациялари. Келажакда яна бошқалари келади. Японияда ҳозирнинг ўзида 10 миллион ишчи кучи етишмовчилиги бор ва бу рақам фақат ўсиб боради. Шунинг учун Ўзбекистондан бошқа соҳаларга ишга кетувчилар учун ҳам расмий каналлар очилади”¸ деди бу мулозим.

Суҳбатдош таъкидича¸ йиллар бўйи узоқ ва яқин хорижга кетиб ишлаëтган миллионлаб ўзбекистонлик борлиги¸ улар билан боғлиқ жиддий ҳуқуқий-ижтимоий муаммолар тўпланиб қолганини тан олишни истамаган расмий Тошкент¸ ҳокимият ўзгариши ортидан ташқи миграцияни очиқ эътироф қилиш баробарида¸ уни тўғри ўзанга солишга ҳаракат қилмоқда.

"Россия¸ Корея баробарида мана энди Японияга¸ қолаверса¸ Туркия¸ Уммон султонлиги каби бошқа давлатларга ҳам қонуний ишга кетиш имконлари пайдо бўлди"¸ деди Озодлик суҳбатлашган Меҳнат вазирлиги расмийси.

XS
SM
MD
LG