Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги 1 апрель куни ўзи ўтказган бирламчи онлайн тест натижаларини ўзи бекор қилди. Агентликнинг бундай қарор қабул қилишига Жанубий Кореяга ишга бориш ниятида тест топширганларнинг кескин норозилиги сабаб бўлди.
Тестда қатнашганларнинг айтишича¸ 1 апрел кунги тестда тест топширувчиларга корейс тили даражасини аниқлашга умуман алоқаси йўқ саволлар берилган.
Натижалар бекор қилингач, 3 апрель куни такрорий тест ўтказилди ва бу гал тест олий математика ва физикага оид мураккаб саволлардан иборат бўлди.
Натижалари бекор қилинган тест
1 апрель куни Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги “Жанубий Кореяга “эркин ëллаш тизими” асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида “корейс тилидан” онлайн тест ўтказди.
Бу тестда қатнашиш учун бериладиган бир марталик имкондан фойдаланишга қарор қилган Кореяга ишга кетишга талабгорлар орасида¸ берилган 20 та саволдан бирортасига жавоб бера олгани¸ Озодлик суҳбатлашган тестчиларга кўра¸ деярли топилмаган.
“Тест топширадиганларга ëрдам бериш учун корейс тили мутахассислари¸ институтда дарс берадиган одамлар ҳам бўлди. Ҳатто улар ҳам саволларнинг бирортасига жавоб бера олмади. Мен билганларнинг ҳаммаси йиқилди”¸ дейди 1 апрель кунги тестда қатнашганлардан бири.
Онлайн фирибгарлик?
1 апрель кунги тестда қатнашганлар¸ нафақат саволларнинг "алмойи-жалмойи" экани¸ балки ҳар бир саволга берилиши айтилган вақтда ҳам ғирромлик қилинганидан шикоят қилдилар.
"Тест эслатмасида ҳар бир савол учун 45 секунд берилиши ëзилган¸ амалда 10 секундга бориб-бормай¸ кейинги саволга ўтинг¸ деган ëзув чиқиб¸ олдинги савол жавобсиз қолиб кетди. Саволлар очилгунча ўзи 10 секунд тугаб бўлди. Буниям атайлаб қилишганга ўхшайди"¸ дейди Озодликка боғланган тест топширувчиларидан бири.
Агентлик айбни корейсларга юклади
Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида тарқаб кетган телефон суҳбатида Ташқи миграция масалалари агентлиги расмийси тестда қатнашганлардан бирининг унинг ўтказилишига нисбатан шикоятига жавоб бера туриб¸ "саволларнинг кореяликлар томонидан тузилгани"ни қайта-қайта писанда қилгани англашилади.
"Бу саволларни биз тузмаганмиз¸ Корея томонидан тузилган саволлар. Бизга ҳам номаълум эди қанақа саволлар тушиши. Ҳозир кўпчилик телефон қилиб¸ шикоят билан чиқишаяпти. Биз ҳам эшитиб ҳайрон бўлиб ўтирибмиз"¸ дейди бу суҳбатдан Миграция агентлиги вакили экани тушуниладиган расмий.
Ўзининг порталга шикоят билан чиққанини айтган тестда қатнашган қизнинг айтишича¸ тестда "Сирдарëда неча кило балиқ бор?", "Ўзбекистон бўйича нечта қўй бор?" деган саволлар бор. Миграция расмийси экани англашилган суҳбатдош бу саволларга жавоб топишнинг имкони йўқлини¸ улар жавобини ўзи ҳам билмаслигини эътироф этади.
Миграция агентлиги маълумот марказининг Озодлик суҳбатлашган вакили ҳам агентликнинг бу саволлар тузилишига алоқаси йўқлигини таъкидлади.
"Мен бу саволларни ким қаерда тузганидан бехабарман¸ бу саволга жавоб бериш менинг ваколатимга кирмайди. Айтишим мумкинки¸ бизнинг марказга тинимсиз бўлаëтган қўнғироқларнинг ҳаммаси шу ҳақда"¸ деди Озодлик гаплашган агентлик расмийси.
Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг Озодлик гаплашган вакилига кўра¸ катта можарога сабаб бўлган бу тест билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида 3 апрель куни Миграция агентлиги махсус матбуот анжумани ўтказган.
"Бу пресс конференцияда шахсан қатнашмаганим учун¸ нималар дейилганидан бехабарман. Тест саволларини ким¸ қайси мантиқдан келиб чиқиб тузганини мен ҳам билмайман. Буни агентлик раҳбарларидан сўраш керак"¸ деди Маҳнат вазирлиги матбуот хизмати вакили.
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий сайти - mehnat.uz траффик ниҳоятда кўпайиб кетганидан¸ 3 апрель куни ишламай қолди. Вазирликнинг Озодлик боғланган яна бир расмийси бу воқеанинг ҳам корейс тили бўйича 1-3 апрель кунлари ўтказилган тест синовига алоқадор шикоятлар билан боғлиқлигини эътироф этди.
Бекор қилинди
“Корейс тили бўйича тест саволлари”нинг корейс тили¸ қолаверса¸ уларнинг у ëки бу шаклда Кореяга ишга кетиш жараëнига мутлақ алоқаси йўқлиги тест топширганларнинг шу қадар кенг норозилигига сабаб бўлдики¸ агентлик 1 апрель кунги тестни бекор қилиб¸ уни топширганларнинг тестда такрор қатнашишига рухсат беришга мажбур бўлди.
Меҳнат вазирлиги расмийсининг Озодликка айтишича¸ ишонч телефони ва виртуал қабулхонага келиб тушган шикоятлар кўплигидан¸ агентлик ўзи ўтказган тестнинг нақадар ноадекватлигини тан олиб¸ 3 апрель куни такрор тест ўтказилишини ўз сайтида эълон қилган.
3 апрелдаги тест
3 апрель куни агентлик сайтидаги ягона матн бўлган эълонга кўра¸ “саволларга фақат бир марта жавоб бериш имкони берилган ҳар бир қатнашувчига 20 та саволга жавоб бериш учун жами 15 дақиқа¸ ҳар бир саволга эса¸ узоғи билан 45 секунд вақт берилади. “Савол-жавоб якунида” натижа кўрсатилиши айтилса-да¸ 20 та саволдан нечтасига тўғри жавоб берилса¸ тестдан “ўтди” деб ҳисобланиши айтилмаган.
1 апрель кунги онлайн тестда қатнашиб¸ ундаги бирор саволнинг қай мақсадда берилганию¸ жавоби нималигини била олмаганини айтган ўзбекистонликдан бири Озодлик билан суҳбатда 3 апрель кунги саволларнинг ҳам аввалгисидан кўп ҳам фарқ қилмаганини айтади.
“1 апрель куни “эшшак қанча яшайди”¸ “Альп тоғларига ëмғир ëққанда¸ қайси тарафга кўпроқ тушади” деган аҳмоқона саволлар беришган бўлса¸ 3 апрель куни асосан математика¸ физикага оид қийин саволларни қўйишган. Очиғи¸ биз Кореяга мардикорликка кетамиз. У ерга бориб ë мол боқамиз¸ ë маҳаллийлар ишлашни хоҳламайдиган кимëвий заводларда қора ишчи бўламиз. Бу иш учун бизга элементар корейс тилини билиш етади. Ўтган йиллари болға¸ михнинг корейсчасини топинг¸ деган нисбатан ишга алоқадор саволлар бериларди. Бу йилгисини на тилга¸ на биз қиладиган ишга алоқаси йўқ”¸ дейди ўтмишда ҳам Кореяда ишлаб қайтиб¸ янгидан ҳужжат топширган ўзбекистонликлардан бири.
1 ва 3 апрель кунги тестда қатнашган бўлсангиз¸ бу ҳақда Озодликка шахсингизни очиқламаган ҳолда¸ ҳикоя қилиш имконига эгасиз.
Бунинг учун Озодлик билан Telegram ва WhatsApp тармоғи орқали боғланишингиз мумкин.