Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Тошкент шаҳар ҳокими Боровский коллежи ëпилмаслигини эълон қилди


Боровский коллежида 8 август куни юзага чиққан стихияли норозилик тадбирини Тошкент шаҳар ҳокими икки соатдан кейин бостиришга муваффақ бўлди.
Боровский коллежида 8 август куни юзага чиққан стихияли норозилик тадбирини Тошкент шаҳар ҳокими икки соатдан кейин бостиришга муваффақ бўлди.

Ёпилмаслиги эълон қилинган Боровский номидаги Тиббиëт коллежи ўқувчилари ота-оналари президент Мирзиёев, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамда Озодликка раҳмат айтмоқда.

14 август куни эрталаб Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов коллежнинг 2-, 3- босқич ўқувчилари ўқишни айни бинода тугатиши ва уларга Боровский коллежини тугатганлик дипломи берилажагини эълон қилди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур учрашувда бевосита қатнашган ота-оналардан бири маълум қилди.

Тонгги мажлис

Бизни эрталабки соат 7:45 чақиришди. Коллеж биносидаги учрашувга ҳоким Усмонов¸ унинг ўринбосари¸ Соғлиқни сақлаш вазири¸ Ўрта, махсус касб-ҳунар таълими Маркази раҳбари келди. 50 ка яқин ота-она қатнашди. Ҳар бир гуруҳдан камида биттадан вакил чақиришипти¸ яна Ташаббус гуруҳи аъзоларини чақиришди. Мажлис 20 минутча давом этди. Ҳоким: “Болаларингиз Боровскийни айни ҳозирги бинода ўқиб-битиради¸ Боровскийнинг дипломини олади”¸ деди. Қувонганимиздан йиғлаб юбордик"¸ деди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган йиғин иштирокчиларидан бири.

Боровский коллежига қабул қилинган ўқувчиларга уни битириш имкони берилиши талаби билан ҳокимият идораларига тинимсиз шикоят қилган ота-оналар Ташаббус гуруҳи аъзоларидан бирининг Озодликка айтишича¸ коллежда сентябрдан ўқиш жараëнини давом эттиришга ҳозирлик ишлари бошланган.

Коллеж маъмуриятининг Озодлик 16 август куни боғланган расмийси¸ бу маълумотни тасдиқлади.

“Ҳаммаси яхши ҳал бўлди. Душанба кунги мажлисда фақат ота-оналар қатнашди¸ улар ҳокимнинг хабаридан хурсанд¸ албатта. Коллежимиз қандай турган бўлса¸ шундай турибди ва ҳозир янги ўқув йилига ҳар йилгидек тайëргарлик бошланди. Графиклар¸ ўқув режалари¸ жадваллар тузилаяпти”¸ деди Боровский коллежи ходимларидан бири.

“Боровский ҳақида ҳеч қандай ëзма қарор йўқ эди”

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси расмийси 16 август куни Озодлик билан суҳбатда Боровский коллежи фаолиятининг яна икки йил давом этишига қарор берилганини тасдиқлади.

“Душанба куни буни шаҳар ҳокимининг шахсан ўзи буни эълон қилди. Боровский коллежини ëпиш ҳақида ҳеч қандай қарор йўқ эди¸ шунинг учун ëпилмайди¸ деган ëзма қарор ҳам йўқ қўлимизда. Коллежнинг 2-, 3-босқич ўқувчилари ўқишини охирига етказади. Бор гап шу”¸ деди мазкур бошқарманинг Озодлик гаплашган расмийси.

Ëпилиш таҳликаси тарихи

2- босқич ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов ўз курсдошлари калтагидан сўнг июнь ойида вафот этганидан кўп ўтмай¸ Боровский номидаги Тошкент Тиббиëт коллежини ëпиш ҳақида энг юқори – президент даражасида қарор берилгани ҳақидаги норасмий хабарлар тарқаган эди.

Боровский коллежининг 2017-2018 ўқув йилига янги ўқувчи қабул қилмагани¸ унинг бутунлай ëпилиши ҳақидаги бу овозаларни янада кучайтириб юборди.

15 июнь куни коллеж ўқувчилари билан ўтказилган фавқулодда мажлисда коллеж раҳбарияти ўқув ишлари, маърифий-тарбиявий ишлар нотўғри йўлга қўйилгани ва коллежнинг ўқув хоналари талабга жавоб бермаслиги боис уни ёпишга қарор қилинганини маълум қилди.

2-, 3- босқич ўқувчиларини “ўқишни бошқа коллежда давом эттиришга рухсат беришингизни сўрайман” деган мазмундаги тилхат ëздиришга мажбурлаш жараëни ортидан¸ 8 август куни ота-оналарнинг стихияли норозилик йиғини юзага чиқди.

Боровскийнинг 2-, 3- босқичида 2127 та ўқувчи бор. Улар русча европоток ва ўзбекча нацпотокда ўқишади. Европоток ота-оналари шикоят ëзиб¸ Ташаббус гуруҳи тузиб¸ президент ва бошқа раҳбарларга мурожаат қилишга киришганидан кейин¸ уларни тинчитиш учун нацпотокдан фойдаланмоқчи бўлишди. Ўзбеклар нима десак¸ индамай рози бўлади¸ деб ўйлашди шекилли. 8 август куни ўзбек гуруҳлари ўқувчи ва ота-оналарини чақиртириб¸ “бошқа коллежда ўқишга розиман”¸ деб ëзинглар¸ дейишди. Лекин бу босимга ўзбек ўқувчи ва ота-оналар шу қадар кескин норозилик билдиришдики¸ ҳоким уларни зўрға тинчитди. Орадан бир ҳафтача ўтиб¸ ҳукуматнинг ота-оналар талабига ëн берганини маълум қилишди”¸ дейди 8 август кунги стихиялик норозилик тадбирида қатнашган ота-оналардан яна бири 16 август кунги суҳбатда.

“Жараëнга ўзбекча хотима ясайлик”

Икки ойдан кўпроқ давом этган Боровский коллежи тақдири билан боғлиқ жараëнларни кузатиш асносида Озодлик коллеж ўқувчилари ота-оналаридан бир нечтаси билан мунтазам боғланиб келди.

16 август кунги суҳбатда улар ўз норозиликлари инобатга олиниб¸ ҳокимият тўғри қарор чиқаргани учун миннатдорлик билдириш истагини билдиришди.

Ўзлари муаммо яратиб¸ ўзлари бизни нотинч қилиб¸ шунча асаббузарликларга сабаб бўлишди. Лекин бугун энди ўзбекчилигимизга бориб¸ барибир раҳмат айтмасак бўлмайди.

Биринчи миннатдорчилигимиз¸ шахсан президентимиз Мирзиëевга. У кишига Боровскийда фақат порахўрларнинг саводсиз¸ безори болалари ўқийди¸ деб коллежни роса ëмонлашди¸ жаҳлини чиқаришди. Лекин президент бунақа нотўғри гапларни шипшитган расмийларга эмас¸ халққа қулоқ солди. У киши бизнинг арзимизни¸ балки Озодлик орқали эшитди¸ сизларгаям раҳмат.

Иккинчи миннатдорчилигимиз¸ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновга. Бу одам бошиданоқ халқ тарафида бўлди¸ бизга ëрдам бериш учун астойдил ҳаракат қилди. Раҳмат у кишига. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлигидан рози эмасмиз. Улар бизни ëпиб¸ биномизни кимларгадир олиб бериш учун ўз ўйинини ўйнади¸ лекин ўхшамади”¸ деди Боровский коллежи ўқувчилари ота-оналари Ташаббус гуруҳи номидан гапирган суҳбатдош.

Июнь ойида Боровский коллежи ўрнида МХХ мактаби очилиши режалангани ҳақидаги хабар пайдо бўлган ва 8 август куни Озодликка боғланган коллеждаги жараëнлардан хабардор айрим ота-оналар¸ 6 август куни коллежда МХХ мактаби учун техник жиҳозларни ўрнатиш ишлари бошланганини билдирган эди.

Озодлик билан 16 август кунги суҳбатда коллеж маъмурияти вакили¸ бундай жараëндан бехабарлигини¸ уни на тасдиқлай ва на инкор қила олишини билдирди.

XS
SM
MD
LG