Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:16

Калтаклаб ўлдирилган Жасурнинг ўқитувчилари босим бўлаётганидан шикоят қилди


Тошкентда Тиббиёт коллежидаги жанжалда калтаклаб ўлдирилган Жасурбек Иброҳимовнинг ўқитувчилари уларга нисбатан босим бўлаётганидан шикоят қилишди. Ўқитувчилар иддаосига кўра, уларни умуман дам олиш кунларисиз ва меҳнат таътилига чиқмасдан ишлашга мажбурлашмоқда.

Ҳафтасига 7 кун иш

11 июнь куни П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежининг ўқитувчилари якшанба куни бўлишига қарамасдан, коллежга келишга мажбурланди.

Ўқитувчилар номидан Озодликка келган мактубда ўқитувчилар бундан кейин дам олишсиз ишлаши ва уларга меҳнат таътили берилмаслиги айтилган:

"Ўрта махсус таълим маркази директори Боровский ўқитувчиларини якшанба куниям ишлатиб, яна бу йил умуман меҳнат таътили бермасдан нимага эришмоқчи? Бу қайси қонунчиликка тўғри келади? Умуман дам олмаган ўқитувчи эртага қандай қилиб дарс беради?", дейилади ўқитувчилар номидан келган хабарда.

Ўқитувчиларга Жасур ўлими учун "жазо"

Озодлик билан суҳбатда коллеж ўқитувчиларидан бирининг иддао қилишича, Жасурбек Иброҳимов ўлими учун уларга шу тариқа жазо беришаяпти:

“Эски директоримизни ишдан олишгач, ҳали янгиси тайинланмади. Ҳозирча Гулчеҳра Алимова вақтинча директор ўрнида. Ҳали коллежимизда текширувлар давом этаяпти. Қачонки, йиғилиш ўтказишса, “Сизлар бефарқ бўлмаганингда, шу можаро бўлмасди”, деб Жасурнинг ўлими учун бизни айблашаяпти. Ўзи бу текшир-текширлар, айбловлардан асабларимиз чарчаганди, энди эса дам олишсиз ҳам ишлатишмоқчи. Очиғи ўқитувчилар ҳаммаси жуда эзилиб кетди”, дейди микрофонсиз суҳбатда коллеж ўқитувчиси.

Раҳбарият: Дам олиш берамиз!

Коллеж раҳбарияти 11 июнь – якшанба куни ўқитувчилар ишга чиққанини тасдиқлади, бироқ ўқитувчиларни умуман дам олишсиз ишлатиш режаси йўқлигини таъкидлашди:

“Тўғри, кеча ўқитувчиларни чақиртирганмиз. Биласиз, Жасурбек Иброҳимов ўлими билан боғлиқ воқеалар, текшир-текширлар, раҳбариятдаги ўзгаришларни муҳокама қилиш керак эди. Шунинг учун чақиртирдик ўқитувчиларни, лекин уларга албатта дам олиш ҳам, таътил ҳам берилади. Кечаги тадбир энди мавжуд ҳолатни бир таҳлил қилиш учун ўтказилган эди. Кейин ўқитувчиларга ҳеч ким босим қилаётгани ва уларни айблаётгани йўқ. Прокуратура текшираяпти, айбдорларни суд аниқлайди”, деди коллеж мулозимларидан бири.

Директор ва унинг икки ўринбосари ишдан ҳайдалди

Жасурбек Иброҳимов жорий йилнинг 3 май куни ўз курсдошлари томонидан калтакланган.

Кейин эса 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, жорий йилнинг 1 июн куни оламдан ўтганди.

Ҳозирда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан шахсан назоратга олинди.

Прокуратура маълумотига кўра, Иброҳимовнинг ўлими бўйича бир талаба йигит ҳибсга олинган.

Жасур Иброҳимовнинг ўлими ортидан у ўқиган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи директори Лутфи Юсупова ва директорнинг икки ўринбосари ишдан ҳайдалди.

Ҳозирда Гулчеҳра Олимова вақтинча коллеж директорлигига тайинланган. Директорнинг икки ўринбосари лавозимига ҳам вақтинчалик муовинлар тайинланган.

Жасур Иброҳимовнинг 1 июн куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар 3 июн куни тушдан сўнг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан шиддат билан ёйилди.

500 га яқин одам Жасур Иброҳимов оиласини қўллаб-қувватлаб, айбдорлар жазоланиши талаби битилган петицияга имзо чеккан.

Жасурбек Иброҳимов иши юзасидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси баёнот тарқатиб, ўқувчилар орасида зўравонлик ортаётганидан хавотир билдирди ва муаммони ҳал қилишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдамини таклиф қилди.

Тошкентда уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига акция ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG