Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:16

Ўқувчиси уриб ўлдирилган Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёпилиши айтилмоқда


Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи
Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи

Тошкентдаги Боровский номли тиббиёт коллежининг ўқитувчилари 15 июнь куни фавқулодда мажлисга чақирилиб, коллеж ёпилиши мумкинлиги ҳақида оғзаки огоҳлантирилган. Озодлик билан гаплашган ўқитувчи коллежнинг ёпилиб, ўқувчиларнинг бошқа коллежларга тарқатиб юборилиши эҳтимоли борлигини, лекин бу ҳақда ҳали расмий буйруқ чиқмаганини таъкидлади. Боровский номидаги тиббиёт коллежидаги текширувлар ўқувчи Жасур Иброҳимовнинг калтаклаб ўлдирилганидан сўнг бошланган эди.

Боровский номидаги тиббиёт коллежида 15 июнь куни бўлиб ўтган мажлисда қатнашган ўқитувчилардан бирининг айтишича, директор вазифасини вақтинча бажариб турган мулозим, коллеж ўз фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги ҳақида гапирган:

“И.о. директорнинг айтишича, ҳозирча бу фақат оғзаки айтилган, лекин коллежнинг ёпилиши ҳақида ҳозирча расмий буйруқ чиқмаган”, деди исми сир қолишини сўраган ўқитувчи.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, тиббиёт коллежини ёпиш тўғрисида, мажлислардан бирида, шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кўрсатма берган:

“Бизнинг билишимизча, Жасур Ибрагимовнинг ўлими ҳақидаги воқеа президентнинг ўзига етиб борган. Ўтказилган мажлислардан бирида шу ҳақда гап бўлган. Президентнинг ўзидан коллежни ёпиш ҳақида топшириқ бўлган. Лекин ҳозирча ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ. Қачонки Вазирлар Маҳкамасидан бу ҳақда буйруқ келса, кейин ҳаммаси аниқ бўлади. Бу ҳукуматнинг қандай қарор қабул қилишига боғлиқ”, деди вазирлик мулозими. Лекин у Президент бу гапни айнан қачон ва қайси мажлисда айтганига аниқлик киритмади.

Мулозимнинг айтишича, агар коллежни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинса, 2- ва 3- курс ўқувчилари шаҳардаги бошқа тиббиёт коллежларига тарқатилади.

Тиббиёт коллежининг ўзини таништирмаган мулозими бу йил коллежнинг биринчи курсига қабул имтиҳонлари тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Боровский номидаги тиббиёт коллежининг ўқувчиси Жасур Иброҳимов жорий йилнинг 3 май куни ўз курсдошлари томонидан калтакланган.

Кейин эса 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, жорий йилнинг 1 июн куни оламдан ўтганди.

Ҳозирда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан шахсан назоратга олинди.

Прокуратура маълумотига кўра, Иброҳимовнинг ўлими бўйича бир талаба йигит ҳибсга олинган.

Жасур Иброҳимовнинг ўлими ортидан у ўқиган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи директори Лутфи Юсупова ва директорнинг икки ўринбосари ишдан ҳайдалди.

Ҳозирда Гулчеҳра Олимова вақтинча коллеж директорлигига тайинланган. Директорнинг икки ўринбосари лавозимига ҳам вақтинчалик муовинлар тайинланган.

Жасур Иброҳимовнинг 1 июн куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар 3 июн куни тушдан сўнг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан шиддат билан ёйилди ва Ўзбекистонда шу пайтгача мисли кўрилмаган ижтимоий фаолликни келтириб чиқарди.

500 га яқин одам Жасур Иброҳимов оиласини қўллаб-қувватлаб, айбдорлар жазоланиши талаби битилган петицияга имзо чеккан.

Жасурбек Иброҳимов иши юзасидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси баёнот тарқатиб, ўқувчилар орасида зўравонлик ортаётганидан хавотир билдирди ва муаммони ҳал қилишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдамини таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG