Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Боровский коллежида ўқиш яна 2 йил бўлиши ваъда қилинди (ВИДЕО)


Боровский коллежида қасамёд маросими
Боровский коллежида қасамёд маросими

Тошкентдаги П.Ф.Боровский​ номидаги тиббиёт коллежи талабаларининг бир гуруҳ ота-оналари билан учрашган шаҳар ҳокими ўқувчилар бу даргоҳни битиради, деб ваъда қилган. Бу ҳақда Озодликка келган мурожаатда айтилади. Айни пайтда, шаҳар ҳокимлигига коллежга қабулни тўхтатиш таклифи киритилгани маълум бўлди.

Боровский номидаги тиббиёт коллежида ўқиётган ўқувчиларнинг ота-оналар номидан Озодликка келган мурожаатда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари коллежда камида яна 2 йил ўқиш бўлишини ваъда қилишган.

"Бугун ота-оналардан вакиллари шаҳар ҳокимлигига боришганида, шахсан ҳокимнинг ўзи: "Кейинги ҳафтада бу масалада қарор чиқади, сизларнинг болаларингиз коллежни битиради, мана мен сўз бераман, хотиржам бўлинг!" деб ваъда берибди. Биз янги ҳукуматимизнинг яхши ишларини кўриб турибмиз, фақат яхшиликка умид қилаяпмиз", деди коллеж ўқувчиларидан бирининг исмини ошкор этмаётганимиз отаси.

Telegram орқали 20 июн куни шаҳар ҳокимлигидаги учрашувда бўлган онанинг Озодликка тақдим қилган аудеомурожаатида ҳам ўқувчиларнинг бошқа билим даргоҳларига тақсимланмай, айнан шу коллежни битириши ваъда қилингани таъкидланган.

"Болаларингиз коллежни битиради, мен сўз бераман, деди ҳоким. Хуллас, умидингизни йўқотманг, болаларингизни тинчлантиринг, ўқиш бўлади, насиб этса!" дейилади аудеоёзувда.

Озодлик бу мурожаатга оид саволларга Тошкент шаҳар ҳокимиятидан аниқ жавоб ололмади. Ҳокимликнинг айни масала билан шуғулланаётгани айтилган комплекси раҳбари Озодлик қўнғироқларига ҳозирча жавоб бермади.

Бунга қадар ушбу коллежда ўқув жараёни тўхтатилиши, ҳозирда унинг 1 ва 2-босқичини тугатган ўқувчилари бошқа коллежларга тақсимланиши айтилган эди.

Бу хабар ортидан коллеж ўқувчиларининг 60дан ортиқ ота-онаси 17 июн куни даргоҳда йиғилиб, раҳбариятдан болаларини бошқа коллежларга тарқатилмасликни талаб қилган.

Озодликка шанба кунги учрашув акс этган видеотасвир ҳам тақдим қилинди.

Унда коллеж раҳбарияти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари ота-оналарни тинчлантиришга урингани ва муҳими, бу жараёнга оид хабар, видео-аудио материалларни ижтимоий тармоқларга ёймасликни сўрагани акс этган.

Коллеж ўқувчиларидан бирининг учрашувда қатнашган онаси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: "Ҳозирча бизни тинчлантиришга уринишмоқда. Чунки, калтаклаб ўлдирилган Жасур иши жуда овоза бўлиб кетди ва ҳаммаси шунинг ортидан бошланиб кетди. Лекин, бу иш учун болалар жавобгар бўлмаслиги керак. Коллежни ёпиш аҳмоқона қарор! Айбни қилган раҳбарларни олишсин, лекин коллежни нега ёпишади?! Илтимос, буни президентимиз Шавкат Миромоновичга етказинглар! Биз у кишига ишонамиз, умидимизни пучга чиқармайди!" деди.

Аммо, 19 июн куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида бу коллежга қабул қилишни тўхтатиш таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилгани хабар қилинди.

Хабарда Боровский номидаги коллежнинг фаолияти ўрганилгани, натижада, жиддий муаммолар борлиги аниқлангани айтилган. Масалан, 2 минг ўқувчи ўрни бўлган коллежда 3 минг 94 нафар ўқувчи ўқиётгани боис, дарслар 2 сменада ташкил этилгани аниқланган.

Бу эса, текширув гуруҳи хулосасича, ўқитувчиларнинг "ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган".

Натижада, "П.Ф.Боровский номли тиббиёт коллежига 2017-2018 ўқув йили учун қабул тўхтатилиши юзасидан тегишли таклифлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилган".

Озодликнинг бу борадаги мурожаатига жавобан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими, Боровский коллежи тақдири ҳозирча очиқ қолаётгани, тез орада якуний расмий ҳужжат қабул қилиниши кутилаётганини айтди.

Расмий мухбир билан микрофонсиз суҳбатда: "Аҳволи бировнинг 17-18 яшар боласи уриб ўлдириладиган даражада ёмон бўлган коллеж, все-таки ёпилиши керак", деди.

Жанжал ортидан вафот этган талаба Жасур Иброҳимов
Жанжал ортидан вафот этган талаба Жасур Иброҳимов

Мулозим тилга олган ҳодиса - шу йилнинг майида содир бўлган эди. Коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов жорий йилнинг 3 май куни ўз курсдошлари томонидан калтакланган эди.

У 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, воқеадан бир ой ўтгач, оламдан ўтди.

Жасур Иброҳимовнинг 1 июн куни оламдан ўтгани ҳақидаги хабар 3 июн куни тушдан сўнг Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан шиддат билан ёйилди. ​Натижада 400 га яқин одам Жасур Иброҳимов оиласини қўллаб-қувватлаб, айбдорлар жазоланиши талаби битилган петицияга имзо чекиш учун Бобур боғига йиғилди.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатларини эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори шахсан назоратга олди. Петициядан бир кун ўтиб, Иброҳимовнинг ўлими бўйича бир ўқувчи ҳибсга олинди.

Жасур Иброҳимовнинг ўлими ортидан у ўқиган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи директори Лутфи Юсупова ва директорнинг икки ўринбосари ишдан ҳайдалди.

Жасурбек Иброҳимов иши юзасидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам баёнот тарқатиб, ўқувчилар орасида зўравонлик ортаётганидан хавотир билдирди ва муаммони ҳал қилишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдамини таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG