BBC Украина урушида Россия томонида жанг қилган 34 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берди.
"Кушхонага олиб келинган қуллар каби. Марказий осиёлик мигрантлар Бахмут остонасига қандай келиб қолди?" суриштирувида келтирилган рақамларга қараганда, ўзбекистонликлардан ташқари Украина урушида Тожикистоннинг 40 нафар, Қирғизистоннинг 19 нафар фуқароси ҳам ҳалок бўлгани аниқланган.
Суриштурувда “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати ва Мудофаа вазирлиги томонидан урушга ёлланган меҳнат муҳожирлари тўғрисида гап боради. Суриштирувда қайд этилишича, айрим ҳолатларда ҳалок бўлганларнинг жасадларини яқинлари ватанларига олиб кетишга муваффақ бўлган.
Суриштирув муаллифлари ҳалок бўлган бир неча қирғизистонликнинг оила аъзолари билан суҳбатлашган. Уларнинг айтишларича, яқинлари Россияда жазо муддатларини ўтаётганларида “Вагнер” томонидан урушга ёлланган.
Озодлик радиоси ҳам Украина урушида Россия томонида жанг қилган ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани тўғрисида қатор мақолалар чоп этган. Жорий йилнинг 23 февралида Озодлик Москва яқинидаги "Вагнер" қабристонида Украинада ўлган беш ўзбекистонлик дафн этилганини аниқлаган.
14 февраль куни Озодлик Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинада ҳалок бўлган 26 ёшли Бобур Абдумўминов ва 24 ёшли Шахриёр Жалоловларнинг жасади 19 январь куни олиб келингани ва шошилинч дафн этилгани ҳақида ёзган.
Март ойида Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшаб, кеийн Россияга кетган ва у ерда жиноят содир этгани ортидан қамалган шахс Украинада ҳалок бўлганини маълум қилган.
Майда эса ДХХ Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилган наманганлик 23 ёшли Ш. Тожибоевнинг жасади ватанига келтирилгани тўғрисида билдирганди. Хабарда уни Россия қамоқхонасидан “урушга сафарбар қилишган”и қайд этилган.
Майнинг бошларида Британия Мудофаа вазирлиги Россия ҳукумати марказий осиёлик меҳнат мигрантларини Украина урушига ёллаётгани тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган эди. Олдинроқ эса «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати қамоқхоналарда ётган маҳкумларни ҳам урушга ёллаётгани тўғрисида хабарлар берилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирилиги ва Ташқи меҳнат миграцияси ҳам фуқароларни муттасил бу урушда қатнашмаслик, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантириб келади.