Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Россия қамоғидан Украинадаги урушга. Булунғурга икки йигитнинг тобути келди


Россиядан тобути юборилган икки булунғурлик - Бобур Абдумўминов (чапда) ва Шахриёр Жалолов.
Россиядан тобути юборилган икки булунғурлик - Бобур Абдумўминов (чапда) ва Шахриёр Жалолов.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинанинг жанг майдонида вафот этгани айтилган икки ўзбекистонликнинг жасади келди.

Озодликнинг аниқлашича, бири 26, яна бири 24 яшар бўлган йигитларнинг тобути 19 январь куни Россиядан олиб борилган ва шошилинч равишда дафн қилинган.

Бу Украинадаги жангларда ўлди, деган ҳужжатлар билан уйига тобути йўлланган ва Озодлик шахсини тасдиқлашга муваффақ бўлган илк ўзбекистонликлардир.

Айни пайтда Озодлик, сўнгги ҳафталарда тобути келтирилган яна бир неча ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқлашга уринмоқда.

Қамоқдан урушга

Украинанинг Донецк областида ўлган самарқандлик 24 яшар Шаҳриёр Жалоловнинг тобути 19 январь куни Булунғур туманидаги Катта килдон қишлоғига олиб келинган.

Шахриёр Жалолов
Шахриёр Жалолов

Оиласидан олинган маълумотга кўра, марҳум йигит тобутига қўшиб, унинг ўтган йили 16 декабрда Украинанинг Донецк областида ўлгани қайд этилган ҳужжат ҳам берилган.

Озодликда нусхаси мавжуд Ўлим тўғрисидаги гувоҳномада ҳужжат Россиянинг Ростов-Дон области ФҲДЁ идорасидан 2023 йил, 10 январь куни берилгани қайд этилган.

Яқинларининг айтишича, Шахриёр собиқ меҳнат муҳожири. У Россияда қамоқ жазосини ўтаётган бўлган. Яқинлари унинг қандай қилиб урушга бориб қолганию қандай ҳалок бўлганидан хабари йўқлигини айтмоқда.

Украинадаги урушда ўлган самарқандлик Шаҳриёр Жалоловнинг оиласига берилган ҳужжат
Украинадаги урушда ўлган самарқандлик Шаҳриёр Жалоловнинг оиласига берилган ҳужжат

Самарқанд вилояти ФҲДЁ идорасидан берилган ҳужжатда ўлим сабаби "кўп қон йўқотиш" деб кўрсатилган.

Тўсатдан бошига тушган бу кўргуликдан карахт аҳволга тушиб қолганини айтган оила аъзолари Озодликка интервью беришга рози бўлмади.

Қора камардаги жаноза

19 январь куни айни тумандаги Қора камар қишлоғига яна бир ёш йигит - 26 яшар Бобур Абдумўминовнинг тобути келтирилди . Унинг ҳам Украинада ўлгани айтилган.

Бобур Абдумўминов
Бобур Абдумўминов

Оиласидан олинган маълумотга кўра, Россияда меҳнат муҳожири бўлган Бобур саккиз ой муқаддам қамоққа ташланган. Отаси билан ўтган йилги телефон мулоқотида “паспорт муддати битгани учун” қамоққа ташланганини айтган, аммо бошқа маълумот бермаган.

Отаси Озодлик билан қисқа мулоқотда қамоқдаги ўғлининг қачон ва қай тариқа Украинага бориб қолганидан бехабар эканини айтди.

Абдумўминовнинг Украинага қачон йўллангани ва айнан қайси ҳудудда вафот этгани Озодликка номаълум. Оиласига кўра, уларга ўғлининг ўтган йил 15 декабрь куни Украинада ўлгани айтилган, холос.

Самарқанд вилояти ФҲДЁ органидан берилган ҳужжат
Самарқанд вилояти ФҲДЁ органидан берилган ҳужжат

Отаси ўғлининг дафнидан бери жуда оғир руҳий аҳволда экани, хотини ҳам хаста эканини айтиб, ҳозирча интервью беришга рози бўлмади.

“Вагнер” ваъдасига учган маҳкум

Бобур Абдумўминовни Россияда таниганлар билан мулоқотда бўлганини айтган дўстининг гапидан тушунилишича, уни қамоқда, бошқа маҳбуслар билан бирга “Вангнер” хусусий ҳарбий ширкати ёллаган.

“Айтишича, унга Украинада бир ой урушиб келсанг, қамоқ жазосидан оқланасан ва уйингга қайтасан, дейишибди. Бунинг устига, 3 минг доллар пул ҳам оласан, дейишган. Бобур Россиядаги дўстига телефон қилиб айтган экан. Ўша дўсти менга хабар қилганди: “Оиласига айтма, Бобур Украинага урушга кетди, деб. Онаси қаттиқ касал, шунга айтмаган эдим”, деди исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка гапирган қора камарлик йигит.

Расмийлар жим


Бобур яшаган “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, у оилада якка ўғил бўлган. Россияга бир неча йил муқаддам ишлагани кетган ва у ерда турли қора ишларда ишлаб юрган.

“Оиласи билан тез-тез мулоқотда бўлганмиз. Россияда ишлаб юрибди, ишлари яхши, дейишарди. Оиласининг ҳам бу ишлардан хабари бўлмаган, афтидан”, деди маҳалла йиғини расмийси.

Озодлик Булунғур тумани ва Самарқанд вилояти ҳокимлигидан бу борада бирор расмий маълумот ололмади. Булунғур тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган вакили, ҳокимиятда нафақат туман, балки Самарқандда яшовчи бирор фуқаронинг Украинадаги урушга кетгани ҳақида маълумот йўқлигини айтди.

Озодликнинг Москвадаги Ўзбекистон элчихонасидан изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

Урушга тушиб қолаётган ўзбеклар


Айни пайтда Россиянинг турли ҳудудларидаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган марказий осиёлик маҳкумларнинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати томонидан Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида маълумотлар тобора кўпаймоқда.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган юрист Ботиржон Шермуҳаммадга кўра, “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати (ХҲШ) орқали қамоқдан урушга шартнома асосида ёлланган марказий осиёлик маҳкумларнинг жасадлари Россиянинг Ростов вилоятида йиғилиб, Ўзбекистонга юборилаётгани ҳақида маълумот бор:

"Биздаги конкрет маълумотга кўра, шундай ўзбекистонликлардан бирининг онасига "Вагнер" ЧВК (хусусий ҳарбий ширкат - таҳр)дан телефон қилишган ва жасадини Андижонга жўнатиб беришган. Бу шахснинг исми-фамилияси, паспорт нусхасигача бизла бор. Аммо, оиласи ҳозирча бу маълумотларни очиқлашга рози эмас”.

Балаклеяда асир тушган ўзбеклар тақдири номаълум

Шу кунга қадар Россия ҳудудида ва қамоқхоналарида бўлган ўзбекистонликларнинг шартнома асосида Украинадаги урушга ёлланаётгани ҳақида кўплаб норасмий маълумотлар тарқатилган.

Ўтган йил сентябрида “Редут” хусусий ҳарбий ширкати томонидан ёлланиб, Украинага йўлланганини айтган икки ўзбекистон асир тушгани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди.

Видеога илова қилинган хабарда, ўзбеклар Украинанинг 25-ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклея шаҳри остонасида рус қўшинлари сафини ёриб ўтиши пайтида қўлга олингани айтилган.

Қўлга олинган асирлар Ўзбекистондан экани, хусусий ҳарбий бўлим таркибида миномётчи сифатида жанг қилганини айтишган.


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа расмий идоралар, бу видео борасида ҳозиргача бирор изоҳ бергани йўқ. Бу ўзбекистонликларнинг кейинги тақдири ҳам номаълум.

Тожикистондаги вазият


Қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда эса 10га яқин муҳожирнинг жасади урушдан келганига оид тасдиқланган маълумотлар бор. Бу марҳумларнинг яқинлари, ўғилларининг алдов ёки мажбурлаш йўли билан урушга ёлланаётганини даъво қилмоқдалар.

Жумладан, Тожикистоннинг Жайҳун туманида Украинадаги урушда ҳалок бўлган эркак дафн қилинди. Яқинларига кўра, 47 ёшли Шамсиддин Қодиров Россияда қамоқ жазосини ўтаётган бўлган ва қамоқхонадан урушга жўнатилган.

Қариндошлари айтишича, у икки йил муқаддам Россияда гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш айблови билан 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди, ўтган йилнинг май ойида Украинага урушга жўнатилган.

Сўнгги икки ойда Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган камида тўрт тожикистонлик Украина урушида ўлгани маълум Озодликка маълум бўлди.

Қирғизистондаги вазият

Ўтган ой қирғизистонлик 30 яшар Аян Алишеровнинг Украинада ўлгани маълум бўлди. У ҳам қамоқда жазо ўтаётган пайтида урушга ёлланган.

Яқинларига кўра, 24 ноябрь куни Бахмут яқинида ўлган, 22 январь куни унинг жасади Ноокен туманига етказилган.

Яқинлари, урушга кетмасидан олдин, у оиласига ўзи ўтирган турмага “Вагнер” ХҲШ вакиллари келгани ва урушга ёллаётгани ҳақида телефон орқали билдиргани, аммо ўша кезда урушга кетиш ниятини ҳақида гапирмаганини эсламоқда.

Бунга қадар, Россия армияси сафида туриб, жангда ўлган яна икки қирғизистонлик ўз юртида дафн қилингани, яна бир неча фуқаронинг жароҳатлангани Озодликка маълум.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Украинадаги урушга аралашмасликка чақириб келади.

Тошкентнинг расмий позицияси


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирилиги ва Ташқи меҳнат миграцияси ҳам фуқароларни муттасил бу урушда қатнашмаслик, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантириб келади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасига биноан:

“Чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган”.


Озодлик Қора камар қишлоғидаги ҳолат ва умуман бу борадаги мавжуд маълумотларни сўраб, Ўзбекистон ташқи меҳнат миграциясининг Тошкент ва Москвадаги вакиллигига яна бир бор мурожаат қилди.

Ташқи меҳнат миграциясининг Москвадаги вакили Машраб Мадраҳимов агентликнинг матбуот хизматига мурожаат қилишни тавсия қилди. Матбуот хизматидан ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Россияда ишлаётган, яшаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига масъул Ўзбекистон давлат идоралари Украинадаги уруш ҳаракатлари бирор бир шаклда жалб этилган, ёлланган ёки аралашиб қолган ватандошлари ҳақида ҳануз бирор расмий маълумот бергани йўқ.

Бундан ташқари, ҳозирга қадар Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбланиб қамоққа ташланган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.

Озодлик бу борадаги барча саволларни тўплаб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига расман йўллаган, аммо ҳануз жавоб олгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG