Таҳлилчилар ва расмийларга кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ички ва ташқи ҳуқуқий хавфларга дуч келмоқда. Бу Исроил раҳбари учун нотинч келажак демакдир, Ғазо ҳамда Ливандаги урушларга таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.
Халқаро жиноят суди (ХЖС) пайшанба куни Исроил учун кутилмаган қарор чиқарди. Суд Нетаняху ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни Ғазодаги 13 ойлик можарода ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, қамоққа олиш ордерини чиқарди.
Бу шов-шув Нетаняхуни йиллар давомида таъқиб қилиб келган ва агар айбдор топилса, унинг сиёсий фаолиятига чек қўядиган коррупция бўйича судда гувоҳлик беришидан икки ҳафта олдин содир бўлди. У ўзига қўйилган айбловларни инкор этган.
Мамлакатдаги порахўрлик иши жамоатчилик фикрини бўлиб юборган бўлса-да, ХЖС қароридан сўнг бош вазир бутун сиёсий доираларидан кенг қўллаб-қувватлаш олди. Бу унга нотинч даврдаги далда бўлди.
Нетаняху суд қарорини антисемитизм деб қоралади ҳамда у ва Галлант Ғазо тинч аҳолисини нишонга олганини ва уларни атай оч қолдирганини рад этди.
Қуддусдаги Иброний университетининг халқаро муносабатлар бўйича мутахассиси Йонатан Фриман шундай дейди: "Исроилликлар бутун дунё уларга қарши эканини ўйласа, кўп танқидларга учраган бўлса ҳам, ўз раҳбари атрофида жипслашади."
У яна қўшимча қилди: "Шунинг учун ХЖС қарори бу ҳукуматни ва улар назарида нотўғри (уруш) сиёсатини тугатади деб ўйлаганлар бунинг аксини кўради."
Юқори мартабали дипломат айтишича, дастлабки оқибатлардан бири шуки, Исроил Ливандаги Ҳизбуллоҳ билан тез орада ўт очишни тўхтатиши ёки Ғазода ҲАМАС қўлида гаровда қолган одамларни қайтариш бўйича келишувга эришиши эҳтимоли камроқ.
Исроилнинг Нью-Ёркдаги бош консули Офир Акунис шундай деди: "Бу даҳшатли қарор Ливанда келишувга эришиш ва гаровга олинганлар масаласи бўйича келгуси музокаралар имкониятларига жиддий зарар етказди."
У Reuters агентлигига қуйидагиларни айтди: "Жуда катта зарар етказилди, чунки Ҳизбуллоҳ ва ҲАМАС каби ташкилотлар ХЖС томонидан қўллаб-қувватланди. Шу сабабли улар нархни янада оширишлари мумкин, чунки ХЖС уларни қўллаб-қувватламоқда."
ҲАМАС ХЖС қарорини олқишлаган бўлса-да, на у, на Ҳизбуллоҳ буни Исроилга босим ўтказиш имконияти сифатида кўраётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Исроил ўтган йил давомида иккала гуруҳга ҳам, тинч аҳолига ҳам катта талафот етказди.
СУД ЖАРАЁНИ
ХЖС ордерлари урушга мамлакатда қандай қараш ва уни чет элда кўпчилик қандай кўриши ўртасидаги тафовутни кўрсатади. Исроилликлар ўз йўқотишларига эътибор қаратмоқда ва миллий армия тинч аҳоли қурбонларини камайтиришга ҳаракат қилганига ишонишади.
Исроилнинг АҚШдаги собиқ элчиси Майкл Ореннинг айтишича, ХЖСнинг бу ҳаракати, эҳтимол, қатъиятни кучайтиради ва ҳарбийларга Ғазо ва Ливанга янада қаттиқроқ зарба бериш учун рухсат беради.
У Reuters агентлигига шундай деди: "Исроилда чуқур илдиз отган кучли ҳис-туйғу бор: “Агар бизни қилаётган ишимиз учун ҳукм қилсалар, бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз мумкин."
Нетаняху ХЖС даъвоси бўйича мамлакатда кенг қўллаб-қувватланган бўлса-да, порахўрлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва фирибгарликда айбланган бошқа бир жиноят иши бўйича бундай эмас.
Суд жараёни 2020 йилда бошланган ва Нетаняху келгуси ойда судда кўрсатма бериши режалаштирилган. Суд унинг сўнгги кўрсатма беришни кечиктириш тўғрисидаги илтимосини рад этди. У уруш билан бўлгани боис, ҳимоя ишини тайёрлай олмаганини айтган эди.
У ўтган йили гувоҳлик бериши керак эди, аммо уруш туфайли сана ортга сурилди. Танқидчилар уни ҳукм кунини кечиктириш ва ҳокимиятда қолиш учун Ғазодаги можарони чўзишда айблашди. Нетаняху бу айбловларни рад этди.
Исроилда доимо зиддиятли шахс бўлиб келган Нетаняхуга нисбатан жамоатчилик ишончи 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроил жанубига уюштирган ва ҳукуматни ғафлатда қолдирган ҳамда 1200 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужумидан сўнг кескин пасайди.
Ғазо расмийлари маълумотларига кўра, Исроилнинг кейинги ҳарбий ҳаракатлари 44 000 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлди ва Ғазо аҳолисининг деярли барчасини камида бир марта кўчиришга мажбур қилди, бу эса гуманитар фалокатни келтириб чиқарди.
Бош вазир давлат бош прокурорининг нима хато кетгани ва Исроилнинг урушни олиб бориши бўйича мустақил комиссия тузиш ҳақидаги маслаҳатини рад этди.
Бунинг ўрнига у фақат сиёсатчилардан иборат тергов ўтказмоқчи, танқидчиларнинг фикрича, бу Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) талаб қилаётган ҳисобдорликни таъминламайди.
Машҳур исроил газетаси "Yedioth Ahronoth"нинг ёзишича, мустақил терговга буйруқ берилмагани ХЖСни ҳаракатга келтирди. "Нетаняху бундай комиссия тузмаслик учун қамоққа олиш ордери хавфини афзал кўрди," деб ёзди газета жума куни.
ҚАМОҚҚА ОЛИНИШ ТАҲДИДИ
Бош вазир ХЖС ордери соясида яшашдан иборат қийин келажакка дуч келмоқда, у Муаммар Қаддофий ва Слободан Милошевич каби шундай таҳқирланишларни бошдан кечирган бир нечта раҳбарлар қаторига қўшилди.
Бу, шунингдек, агар у суднинг аъзо 124 та давлатидан бирига, жумладан Европанинг аксарият қисмига сафар қилса, ҳибсга олиниши мумкинлигини англатади.
У хавфсиз ташриф буюриши мумкин бўлган жойлардан бири ХЖСга аъзо бўлмаган Америка Қўшма Штатларидир ва Исроил раҳбарлари АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ХЖС расмийларига қарши санкциялар жорий этиш орқали босим ўтказишига умид қилмоқда.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимига номзод Майк Уолтс аллақачон қатъий чоралар кўришга ваъда берди: "Январь ойида ХЖС ва БМТнинг антисемитик нохолислигига кучли жавоб бўлишини кутинг," деб ёзди у жума куни Х ижтимоий тармоғида.
Шу билан бирга, Исроил расмийлари Ғарб давлатлари пойтахтларидаги ҳамкасблари билан мулоқот қилиб, қамоққа олиш ордерларини эътиборсиз қолдиришга ундамоқда. Венгрия аллақачон бунга рози бўлди.
Бироқ, айбловлар яқин келажакда йўқолмайди, бу эса бошқа давлат раҳбарларини Нетаняху билан муносабат ўрнатишдан тобора кўпроқ тийилишга мажбур қилади, дейди Исроил Демократия институти катта илмий ходими Ювал Шани.
"Гапнинг индаллосини айтганда, келажакда Исроил давлати кўпроқ изоляцияга учрайди," деди у Reuters агентлигига.
Форум