Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:54

"Борган жойингда тошдек қотгин". Ўзбекистонда аёлларга қарши зўравонлик


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда олти ой ичида аёлларга нисбатан қарийб 20 мингта маиший зўравонлик ҳолатлари бўлган – бу рақамни 2023 йилнинг июлида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев келтирган эди. Бу – аёлларга нисбатан зўравонлик статистикаси очиқланмайдиган Ўзбекистондаги сўнгги расмий маълумотлар.

Жамоат фаоллари муаммо ҳақида юксак минбарлардан гапирилгани билан вазият ўзгармаётганини айтишмоқда. Улар аёллар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кўрилмайдиган Ўзбекистон каби патриархал мамлакатда оилавий зўравонликни гендер зўравонликнинг бир қисми деб ҳисоблайдилар. 25 ноябр – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни арафасида Озодлик Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган жамоат фаоллари ва экспертлар билан учрашди.

«Эрга тегишдан бош тортди», «Қўпол жавоб берди», «Хиёнат қилди»

2022 йил 1 октябр. Фарғона вилояти. 64 ёшли эркак ўз келинининг бошини чопган. У келини «қўпол» жавоб бергани учун шундай қилганини айтган.

2023 йил 2 январ. Сурхондарё вилояти. Эркак ўзи билан бирга яшайдиган 35 ёшли аёлни ўлдирган – у аёлдан хиёнатига иқрор бўлишни талаб қилган.

2024 йил 12 июн. Наманган вилояти. 50 яшар эркак 22 ёшли қизини бўғиб ўлдирган – қиз ота-онаси истаган йигитга турмушга чиқишдан бош тортган.

Бу қотилликлар – Ўзбекистонда сўнгги уч йилда ОАВ ва жамоатчиликка маълум бўлган фактлардан айримларигина, холос. Минглаб зўравонлик ҳолатлари ИИВ ҳисоботларида, қурбонлар ва жабрланувчиларнинг гендер мансублиги таҳлил қилинмасдан, шунчаки «маиший можаро» деб расмийлаштирилади.

Аёлларга қарши зўравонлик ва тармоқлардаги жанг. Блогер Ақида Ханум билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:03 0:00

Берилган ҳимоя ордерлари ва суд ҳукмлари асосида баъзи маълумотларни олиш мумкин. Масалан, 2024 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонда судлар оилавий-маиший зўравонликка доир моддалар бўйича 4477 кишини жавобгарликка тортган, улардан ярми маъмурий қамоққа олинган, «такроран содир этилган ёки оғир оқибатларга олиб келган оилавий зўравонлик» учун реал қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар эса 51 кишини ташкил қилади.

Ўтган йилнинг етти ойи мобайнида қарийб 22 минг кишига ҳимоя ордерлари берилган. Уларнинг ҳаммасини ўз оилаларида хўрланаётган аёллар олганлар.

2022 йилда Фарғонада содир бўлган бир ҳолат «БМТ-аёллар» тадқиқот лойиҳасида баён қилинган эди. Экспертлар Марказий Осиёдаги гендер зўравонлик ҳолатларини анъанавий муносабатлар нуқтаи назаридан таҳлил қилганлар. «Одатларга боғланганлар: Ўзбекистондаги келинларнинг сокин изтироблари» номли материал муаллифлари «гендер зўравонликнинг алоҳида кўриниши – келинларга нисбатан зўравонлик ва уларни тўлиқ назорат қилишга уриниш» ҳақида ҳикоя қилишган.

«Одат шундайки, келин туғилиб ўсган хонадонини тарк этиб, эриникига, кўп ҳолларда эса унинг ота-онасининг уйига кўчиб ўтади. Қизларнинг ёшлиги асосан келин бўлишга тайёрланишга бағишланади, аммо келинлик роли барқарор эмас – уларни осонгина бошқаси билан алмаштиришлари мумкин», деб ёзишди бу йилги тадқиқот муаллифлари.

Фарғоналик Гулмира воқеаси – айнан унақа ҳолатлардан бири. Аёлни ўз қайнотаси шафқатсизларча ўлдирган.

2022 йил 1 октябрда 64 ёшли Расулжон ошхонага кириб, келинига кечликка яхши овқат пиширишни буюради. Бунга жавобан Гулмира: «Хўп, ҳаракат қиламан, лекин нима пиширсам, еяверасиз» деб жавоб беради ва эшикни қаттиқ ёпади.

Бу жавоб Расулжонга ёқмайди. Анъанавий ўзбек оилаларида келинга – эр тараф қариндошларининг барча хоҳиш-истакларини сўзсиз бажарувчи итоаткор ва мўмин аёл, деб қаралади.

Гулмира оиланинг кенжа ўғлига эрга теккан. Жиноят иши ҳужжатларида Гулмира икки фарзанд кўргани, эрининг калтакларию қайнона-қайнотасининг камситишларига йилларки сабр-тоқат қилиб келгани айтилади.

Муҳожир аёл: Ўзбек аёлларни иш билан таъминласангиз уйга қайтамиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:05 0:00

Ошхонадаги воқеа аянчли кун топади: Расулжон Гулмирани бир мушт тушириб, ҳушидан кеткизади, сўнгра машинасига ортиб, яқинроқдаги тепаликка олиб боради ва бошини кесиб олади. Жасадни чиқинди ташланадиган чуқурга отиб юборади, каллани эса елимхалтага солиб, йўл бўйидаги арчазорда қолдиради.

«Келин бизга бор-йўғи бир йил яхши хизмат қилганди», дейди у судда.

Расулжонни «Қасддан одам ўлдириш» моддаси бйича суд қилиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қиладилар. Ушбу модда бўйича энг оғир жазо – 15 йил. Гулмиранинг қариндошлари ҳукмдан норози бўлишди.

«Янги гулқоғоз ёпиштиришдек гап»

NeMolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко.
NeMolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко.

– Маиший зўравонлик – муаммонинг бир қисми холос. Вазият ўзгармаяпти, чунки гендер зўравонликнинг фундаментал сабаблари ўша-ўша, – дейди аёллар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича фаол, зўравонликка қарши «NeMolchi.uz» лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко. – Аёлларга нисбатан зулмнинг бирламчи сабабларини ўзгартирмай алоҳида ҳолатларга қарши курашдан фойда йўқ. Бу худди пойдевори дарз кетган бинонинг деразалари ёки гулқоғозларини янгилашга ўхшайди. Чиройли кўриниши мумкин, лекин агар пойдевор сифатсиз бўлса сувоқ кўчиб тушаверади.

Ирина Матвиенко ҳаётига таҳдидлар ортидан бир йил муқаддам Ўзбекистонни тарк этганди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий зўравонликда айбланган хоразмлик амалдорларнинг жиноятлари ҳақида хабар берганида унга ўлдириш билан таҳдид қилишган. Мазкур ҳолат «NeMolchi.uz» саҳифасида ёритилганидан сўнггина мулозимларга чора кўрилган эди.

Ирина бир неча ой Тбилисида яшаб, кейин Буюк Британияда ўқиди. Яқинда эса Тошкентга қайтди.

Матвиенко давлат фақат уйдаги зўравонликка эътибор қаратиб, уни умумият-ла гендер зўравонликка тенглаштирмоқда, деб ҳисоблайди ва муаммо айнан шунда эканини айтади.

– Давлат нега муаммо билан астойдил шуғулланишни хоҳламаётганини тушунаман, чунки ҳар қандай зўравонлик негизида ҳокимият ва бўйсунув муносабатлари асосида қурилган зулм мавжуд. Бу ерда ҳокимият фақат эркакларниг аёллар устидан ҳокимиятигина эмас, бу ҳокимият иерархиясидир. Давлат аёлларга нисбатан зулм ва зўравонликни енгишдан ростдан ҳам манфаатдор бўлса, ишни ўзидан бошлаши керак. Қарорлар қандай қабул қилинаётганини қайтадан кўриб чиқсин. Асрлар давомида шаклланган барча иерархияларни кўриб чиқсин... Шаффофлик ва назорат бўлсин. Очиқлик ўз-ўзидан жамиятнинг барча қатламлари мониторингги ва назоратига олиб келади. Бизда ҳокимият бундан жуда ҳам қўрқади, улар бу воситаларни беришдан манфаатдор эмас.

Матвиенко муаммога комплекс ечим топиш тарафдори. У руҳий, иқтисодий зўравонлик, ишхонадаги ва меҳнат муносабатларидаги жинсий тегажоғлик, ҳокимиятнинг ҳар қандай иерархиясидаги, жумладан ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги абьюз ҳақида гапиради. Аммо жинсий характердаги зўравонлик ва аёлларнинг ўлдирилишини ҳаммасидан муҳим, деб ҳисоблайди.

«Борган жойингда тошдек қотгин»

Шу кунларда Тошкентда гендер зўравонликка бағишланган NeUyat кўргазмаси ўтказилмоқда. Кўргазма ёш мусаввир аёлларнинг асарларидан ташкил топган.

Улардан бири – Шаҳноза Тошкентбоева ўз кузатувлари билан ўртоқлашар экан айрим оилаларда «қизларга нисбатан жуда қаттиққўл бўлиш керак, уларнинг вазифаси уй юмушларини яхши бажариш ва эрга тегишдан иборат» деган тушунча ҳануз мавжудлигини айтади.

«Борган жойингда тош қотгин» деган эси ўгит мана шу қарашни тўлиқ акс эттиради. Эзгу тилаклар билан хаспўшланган бу «ҳикмат» дун аллақачон ўзгарганини сезмайди ҳам. Фақат бир нарса – қизлардан ўз изтиробларини ичга ютиш талабигина ўзгармаган. Бунинг оқибати нима бўлади?» дея савол қўяди мусаввир қиз.

Шаҳноза кўргазмада бир нечта асарини тақдим этди, улардан бири рамзий маънода «Ёпиқ эшиклар ортида» деб номланган.

Шаҳноза Тошкентбоеванинг «Ёпиқ эшиклар ортида» картинаси.
Шаҳноза Тошкентбоеванинг «Ёпиқ эшиклар ортида» картинаси.

Жинсий зўравонликни бошидан кечирган аёллар кўпинча бир умрлик асорат қолдирадиган чуқур ҳиссий ва руҳий оқибатларга дуч келишади. Кўргазмада иштирок этаётган яна бир рассом – Нигина Гайдук ана шу мураккаб ва оғриқли мавзуни очиб беришга ҳаракат қилган.

Гайдук зўравонликни бошидан кечирган инсон тушадиган “вақт сиртмоғи” концепциясига урғу беради. Мусаввир фикрича, ушбу сиртмоқ узилмайди: рисоладагидек муложала қилинмаган жароҳат инсонни яна ва яна оғриқли хотираларга қайтараверади.

«Жароҳатлар унутилмайди, улар онгостига кўчади. Инсон ўзи англамаган ҳолда бир умр улар билан яшайди, шу ҳолатда қотиб қолади. Ушбу цикл кўп ҳолларда зўравонлик қурбонининг ўзи зўравонга айланишига ва қилмишини кўрган зулмлари билан оқлашига олиб келиши мумкин», дейди Гайдук.

Мусаввир “сиртмоқдан қандай қутулиш мумкин?” деган саволга жавоб қидириб “Зўравонликдан зўравонлик туғилади” номли инсталляциясини яратган. Асар соат циферблати кўринишида ясалган, циферблатда рақамлар ўрнида – зўравонликни бошидан кечирган ва уни авлодларига “мерос” қолдирган қизлар ва аёллар ҳаётининг даврлари тасвирланган. Инсталляция томошабин учун кучли визуал образ яратиб, зўравонликдан қолган жароҳатлар узлуксизлиги ва такрорийлиги рамзи вазифасини ўтайди.

«Зўравонликдан зўравонлик туғилади» инсталляцияси.
«Зўравонликдан зўравонлик туғилади» инсталляцияси.

Анна Иванованинг матодан яратилган инсталляцияси Ўзбекистонда 2021 йилда ўлдирилган 179 нафар қиз ва аёлларга бағишланган. Инсталляция деворга осилган 179 та латта қўғирчоқдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида – фожиавий якун топган бир умр мужассамланган.

Анна Иванованинг асарлари статистикани акс эттириши билан бирга, томошабинда эмоционал акс-садо уйғотиб, фемицид қурбони бўлган аёллар тақдири ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

«Мақсадга мувофиқ эмас»

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июлида ИИВ коллегиясида статистик маълумотларни келтирар экан, аёлларга қарши жиноятларнинг қарийб 40 фоизи ишсизлар томонидан содир этилаётганини айтган эди. Давлат раҳбари ушбу йиғилишни ўтказган кунларда Фарғонада машъум воқеа юз берган – 11 ёшли қизнинг жинсий зўравонлик белгилари қолган жасади топилган эди.

Йиғилишда айрим маҳаллаларда фаол аёллар институти «кутилган натижани бермаётгани» таъкидланди. Бироқ фаол аёлларнинг ўзлари ҳукумат идоралари билан нормал ҳамкорликни йўлга қўйиш имкони йўқлигини айтишмоқда.

– Бир пайтлар ИИВга оилавий зўравонлик статистикасини беришни сўраб хат жўнатгандим, бирон ёпиқ, давлат сири бўлиши мумкин бўлган маълумотни сўрамаганман. Аммо менга: «Бунақа маълумотни тақдим этишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз» деган жавоб келди, – дейди Ирина Матвиенко. – Айни чоғда ИИВда аёллар ишлари бўйича бўлим бор, бошлиғи Умида Абдуллаева. Агар бирон жоойда бирон аёлга ҳимоя ордери берилмаётган бўлса ёки қандайдир резонансли ҳолатга дуч келсак, Абдуллаевага контактларни берамиз. ИИВ билан ҳамкорлигимиз шугина холос. Аммо бу конкрет одам билан ҳамкорлик бўлиб, исталган пайтда узилиб қолиши мумкин. Масалан, эртага уни бошқа ишга ўтказишса, ўрнига келадиган киши биз билан ҳамкорлик қиладими, йўқми, билмайман.

«Адрас» қўғирчоқлардан ташкил топган инсталляция.
«Адрас» қўғирчоқлардан ташкил топган инсталляция.

Фаоллар фикрича, аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси шошилинч чоралар кўришни ва ҳар томонлама ёндашувни тақазо этади, бу кураш якка-якка кампания ва акциялар доирасида қолиб кетмаслиги лозим. NeUyat кўргазмаси муаллифлари айтишича, зўравонлик циклини узиш учун аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ҳақида гапиришда давом этиш, ҳурмат ва тенгликка асосланган ижтимоий муносабатлар қурилгунга қадар тўхтамаслик керак.

«Йил бўйи оғиз очишмайдию бирдан муаммони эслаб қолиб, қандайдир тадбирлар ўтказишади, кейин тағин сукунат чўкади. Бу иккиюзламачилик», дейди Ирина Матвиенко.

Форум

XS
SM
MD
LG