Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Банклар Президентни, мижозлар банкларни тушунмаяпти


Суратда: Халқ банки Бувайда туман филиали.
Суратда: Халқ банки Бувайда туман филиали.

Кредит олиш учун йил бошидан бери банкка қатнаëтган Фарғонанинг Бувайдасида яшайдиган 27 яшар Жаҳонгир Бозоровнинг Озодликка айтишича, у кредит олиш учун банк талаб қилган ҳужжатларнинг ҳаммасини тақдим этган. Лекин кредитдан ҳануз дарак йўқ.

Банкнинг масалани муаллақ ушлаб туриши аҳолига имтиёзли микрокредитлар ажратишга оид йил бошидан буён мамлакат Президенти қабул қилган учта қарори фонида тушунарсиздир.

Президентдан сўралган 20 000 000

Бувайданинг Алимерган қишлоғида яшайдиган дурадгор Жаҳонгир Бозоров эшик-ром ясайдиган цех қуриш учун шу йил бошида 20 миллион сўм кредит олмоқчи бўлди ва пул сўраб, тўппа-тўғри Президент қабулхонасига хат ёзди.

Жаҳонгир мактубига тез орада жавоб ҳам олди. Президент қабулхонасига ёзилган хатга жавоб Халқ банки раҳбариятидан келди. Банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сардор Нормуҳамедов имзолаган жавоб хатида Жаҳонгир сўраган кредит нима учун берилмаслиги тушунтирилган.

Бундан ташқари дурадгор йигитни Халқ банки Бувайда туман филиали раҳбарияти ҳам суҳбатга чақиргани ўша суҳбатнинг баённомасидан кўриниб турибди.

20 000 000 бермасангиз, ҳеч йўқ 7 000 000 беринг?

Гаровга бирор мулк қўймаса 20 миллион сўмлик кредит ололмаслигини тушунгач, Жаҳонгир озроқ сўраса, гаровга мулк қўймаса ҳам беришлари мумкинлигини эшитади ва 23 феврал куни Халқ банки Бувайда филиалига қорамол боқиш учун 7 миллион сўм сўраб, ҳужжатларини топширади.

- Банк ходими барча ҳужжатларимни бирма-бир кўриб, олиб қолган. Эътироз билдиришмаган. Сўнг бир ярим ой кутдим жавобни. Жавоб келавермагач, ўзим банкка бориб сўрадим. Ходим менга “Қорамол боқиш учун кредит берилмайдиган бўлди. Паррандачилик учун беришимиз мумкин”, деди. Шундан кейин ҳужжатларимни паррандачиликка тўғрилаб қайта топширдим, 3,5 миллион сўмлик кредит олиш учун бир киши кафил бўлиши керак экан, мен 7 миллион сўраб иккита кафолат хати топширганман, деди Жаҳонгир.

Унинг айтишича, ҳужжатларни топширган куни Халқ банки Бувайда филиалига банкнинг вилоят бошқармасидан вакил келган экан. Вакил Жаҳонгирга кредитни 3 кунда олишини айтган.

Кутинг

- Ҳужжатларни топширганимга 15 кун бўлди. Кредитдан дарак йўқ. Эртага кел, индинга кел, дейишади. Шу ҳафта бошида яна борувдим, 5 миллионгина бера оламиз. Истасангиз шу, бўлмаса бошқа банкка боринг, дейишди, шундан кейин Озодликка ёздим, деди Жаҳонгир.

Халқ банки Бувайда филиали билан икки кун давомида, ҳатто банкнинг Республика бошқаруви ходимлари ёрдами билан ҳам боғланишга уринишларимиздан натижа чиқмади.

Банкнинг республика бошқаруви мулозими “ҳужжатларни кўрмай туриб бир нарса деёлмайман”, дедики, бу жавоб, албатта, табиий.

Имтиёзли кредит қандай берилади?

Банкнинг Фарғона вилоятидаги бошқа бир туман филиали мутахассиси имтиёзли кредитлар қандай берилишини Озодлик мухбирига бундай тушунтирди:

- Агар сўралаётган миқдор 3,5 млн. сўмгача бўлса, кредит гаровга мулк қўйиш талабисиз берилади. Фақат ёки суғурта полисини ёки муқим иш ҳақи бор ишловчи кишининг кафиллиги талаб қилинади, деди Халқ банки мутахассиси.

- Лекин, деди у, - ҳужжатларнинг қабул қилиниши, кредит сўзсиз берилади, дейилгани эмас, банк уларни (ҳужжатларни) ўрганиб чиқиб, бериш-бермаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Бас, шундай экан, Халқ банки Бувайда филиалини айблашга асос йўқдай. Лекин нима учун банк мижозга рад жавобини олдин 20 миллион сўраганда тушунтиргандай тушунтириб бермайди?!

Президентнинг 3 қарори

Ўзбекистон Перезиденти жорий йил бошидан буён Жаҳонгир Бозоровга ўхшаб оз миқдордаги кредитларга эҳтиёжи борларга имтиёз бериш назарда тутилган учта қарор:

31 январда “Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорни;

10 февралда “Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни;

17 мартда “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Умиди оқланмаётган мижоз

Бу уччала қарор мазмунини синчиклаб ўрганишни Сиз тингловчига – ўзингизга қолдирамиз.

Бу ҳужжатлар билан яхши танишмаган, лекин улар қабул қилинганидан сўнг одамлар орасида пайдо бўлган гапларга ишонган бувайдалик Жаҳонгир Бозоров ва унга ўхшаганларда умид пайдо бўлган эди.

Бошқаларни билмадигу, лекин ҳозирча, Жаҳонгирнинг умиди оқланмади.

XS
SM
MD
LG