Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:47

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳар хонадонни 100 тадан товуқ билан таъминлаш чорасини излаяпти


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир хонадонни 100 тадан товуқ билан таъминлаш ҳақидаги гапларидан сўнг, Тошкент вилоятида бу топшириқни ҳал қилиш чора-тадбирлари изланмоқда. Агробанк Тошкент вилояти ҳокимлигида 100 та товуқ учун кредитлар бериш лойиҳаси тақдимотини ўтказди. Айни пайтда маҳаллий ҳокимият ҳар бир паррандачилик хўжалиги раҳбаридан 5 тадан кам таъминланган оилага 50 тадан, ҳаммаси бўлиб 250 та товуқни текинга беришни талаб қилаётгани тўғрисида тадбиркорлар Озодликка айтди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқиши лозимлиги борасидаги кўрсатмасидан сўнг, аҳолини товуқ билан таъминлаш масаласи ҳокимликларнинг асосий кун тартибига чиқди.

Кун тартибида товуқ, товуқ ва яна товуқ

Тошкент вилояти ҳокимлигида икки кун давом этган йиғилишда аҳолини қандай қилиб 100 тадан товуқ билан таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Бу ҳақда ана шу йиғилишда иштирок этган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, Агробанк 100 та товуқни паррандачик хўжаликларидан сотиб олиш учун аҳолига кредит вариантларини таклиф қилмоқда:

“Йиғилиш семинар шаклида бўлди. Аҳолига лимонарийлар барпо этиш ва 100 тадан товуқ боқиши учун кредитлар ажратиш лойиҳасини Агробанк презентация қилди. Товуқ олмоқчи бўлган одам банк билан шартнома тузади, банк пулини паррандачилик хўжалигига ташлаб беради ва у одам 100 та товуқни олади экан”, деди фермер.

Жўжани куз келмай санамоқ

Тошкент вилоятидаги паррандачилик хўжаликларидан бири раҳбарининг Озодликка айтишича, уларга 100 тадан жўжани 90 кунлик қилиб боқиб, сўнгра аҳолига сотиш талаби қўйилган:

“Ҳокимликдаги йиғилишда агрофирма очилади, аҳоли банкдан кредит олади, кейин товуқ сотиб олади, деган гаплар бўлди. Лекин ҳали аниқ бир дастур қабул қилингани йўқ. Бизга жўжани 90 кунлик қилиб боқиб, аҳолига берасизлар деяпти. Аҳоли уни олганидан сўнг яна 2 ой боқиши керак. Товуқ 150 кунда тухумга киради. Лекин одамларнинг товуқ боқишга имкони етадими, йўқми, бу ҳисобга олинмаяпти. Мабодо, одамлар биз етиштирган жўжаларни олмаса, биз уни қаерга сиғдирамиз, бу билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ. Менимча, бу ишни ура-ура қилмасдан, тартиб билан, эҳтиёж ва талабга қараб амалга ошириш керак”, деди паррандачилик хўжалиги раҳбари.

Хайрия товуқ

Аммо, ўртачирчиқлик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, паррандачилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар кам таъминланган оилаларга текин товуқ беришга мажбурланмоқда:

“Бизда ҳокимликда мажлис бўлиб, товуқ боқиш билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг ҳар бирига, кам таъминланган бешта оилани 50 тадан товуқ билан таъминлаш вазифаси юклатилди. Маҳалла раислари бизга чиқиб, кимга товуқ беришимизни айтар экан. Президентимиз аҳолини товуқ билан таъминланглар деганда, тадбиркорларни шилинглар деб айтмаганку?!” дейди тадбиркор.

Товуқ ва стресс

Унинг айтишича, ферма шароитига ўрганган товуқларнинг жойи бирданига ўзгартирилса, улар тухум бермай қўйиши ва ҳатто нобуд бўлиши мумкин:

“Фабрикада турган товуққа тегиб бўлмайди. Агар уни безовта қилса, стрессга тушиб тухум беришдан тўхтайди ёки ичидаги тухуми синиб, товуқ ўлади. Бундай товуқлар маҳаллий шароитга ўрганолмай ўлиб кетади. Ҳокимиятдагиларга ана шу томонларини айтсак, эътиборга олишмаяпти. Оқибатда ижобий натижа бўлмайди. Товуқ ўлиб, тадбиркорнинг куйгани қолади”, деди тадбиркор.

"Кўнгилдан чиқаришсин товуқни"

Ўртачирчиқ тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими тадбиркорнинг бу иддаоларини тасдиқламади. Унинг айтишича, тадбиркорларга фақат кам таъминланган оилаларга кўнгилдан чиқариб хайрия қилиш таклиф қилинган.

Ўзбекистондаги ҳар бир хонадоннинг 100 тадан товуқ боқишга мажбур эканлиги ҳақида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги чиқишида айтган эди.

Мирзиёев бу вазифани бажариш ҳақида ўйлашни ҳокимларга, аҳолини кредитлар билан таъминлашни банкларга топширган.

XS
SM
MD
LG