Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

“Агробанк” фермерлар розилигисиз уларнинг ҳисобидан абонент тўлови ечиб олмоқда


Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги пахтакор ва ғаллакор фермерлар “Агробанк” жорий йилнинг биринчи январидан бошлаб уларнинг розилигисиз ҳисоб варағидан абонент тўлови ечиб олаётганидан Озодликка шикоят қилдилар. Фермерларнинг айтишича, абонент тўлови уларнинг банк билан қилган шартномасида назарда тутилмаган ва банк шартнома ҳолатларини бир томонлама бузмоқда.

Янгийўл туманидаги исми сир қолишини сўраган пахтакор фермерлардан бири у мижози бўлган “Агробанк” фермерлар ҳисобидан ўзбошимчалик билан абонент тўлови ушлаб қолаётганини айтади:

- Мен тадбиркорлик – фермер хўжалиги рўйхатидан ўтганимдан кейин Янгийўл туманида “Агробанк”нинг Янгийўл тумани филиалида ҳисоб рақами очтириб, шартнома тузганман. Банк билан менинг ҳисобимдаги айланма маблағнинг 3 фоизи миқдорида хизмат ҳақи олишга келишганмиз. Янги йилгача шундай бўлди. Лекин 1 январдан бошлаб менинг ҳисобимдан энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида абонент тўлов ушлаб қолмоқда, деди фермер.

Унинг айтишича, банк бу ўринда ўз мижозининг пулига ундан рухсат сўрамасдан хиёнат қилмоқда:

- Банкда менинг пулим сақланар экан, у мендан оладиган бир сўм пулига ҳам мен билан шартнома қилиши керак. Менинг банк билан тузган шартномамда абонент тўлови деган гап йўқку, нега энди у мени ҳатто огоҳлантирмай пулимни ечиб олиши керак экан. Ахир у хизмати учун айланма маблағдан 3 фоиз ҳақ оляптику. Ҳар ой 150 минг сўм бир йилда 1 миллион 800 минг сўм бўлади. Туманда 3000дан ортиқ фермер бор. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўринг, қанча бўлади? Банкка бориб бунинг сабабини сўрасам, менга “Агробанк” бошқаруви қарорини кўрсатиб, сиздан сўрамасдан ҳам ечиб олаверамиз, деб айтди, деди фермер.

Фермер “Агробанк” бошқарувининг жорий йилнинг 9 январида қабул қилган бу ҳақдаги қарорини орадан уч ой ўтиб унинг қўлига тутқазишганини қўшимча қилди.

Янгийўл туманида ғаллачилик билан шуғулланадиган бошқа фермер ҳам, "Агробанк"нинг ҳисоб рақамларидан мижоз рухсатисиз абонент тўлови ечиб олинаётганини тасдиқлар экан, айни пайтда, улар олаётган кредитларини ҳам мустақил сарфлай олмаётганидан шикоят қилди:

“Бизларга “Агробанк” ғалла учун 5 фоизлик кредит ажратяпти. Биз бу кредитни ўзимиз хоҳлаган вақтда ва хоҳлаган суммада ололмаймиз. Ҳар ойда бўлиб-бўлиб беради. Пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларга фақат Агробанк кредит беради, бошқа банклар бермайди. Битта банкка ипсиз боғлаб қўйилганмиз, бошқа банкни танлаш ҳуқуқимиз йўқ. Шунинг учун банк нима хоҳласа шуни қиляпти, дейди фермер.

“Агробанк” АТБ нинг Янгийўл филиалининг ўзини Музаффар деб таништирган мулозими, Озодлик билан суҳбатда мижозлардан олинаётган абонент тўлови биринчи апрелдан бошлаб тўхтатилганини айтди:

“У нарса олиб ташланди, низом ишлаб чиқарилди, шу ойнинг биринчисидан бекор қилинди”, деди банк мулозими.

Банк мулозимининг бу гапидан сўнг биз яна пахтакор фермер билан боғланиб, унга абонент тўлови олиб ташлангани ҳақидаги хабарни етказдик. Фермер эса мулозимнинг бу гапи ёлғон эканлигини айтди:

- Йўқ, бу ёлғон гап. Мен 7 апрель куни банкка борганимда апрель учун ҳам абонент тўлови ечиб олишган экан, деди фермер.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун “Агробанк” акциядорлик тижорат банки билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилди.

Лекин, автомат жавоб бергичга уланган телефонлар, бизга лозим ички рақамни тергач, узилиб қолаверди.

XS
SM
MD
LG