Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:19

Муаммолар "виртуал қути"си очилди - Мирзиëев сайловдан сўнг уларга реал ечим топа оладими?


Газ¸ свет¸ нақд пул тақчиллиги¸ ишсизлик¸ паспорт назоратидаги чекловлар ва ҳуқуқ тизимлари адолатсизлигидан шикоят ўзбекистонликларнинг Шавкат Мирзиëевга йўллаган аризалари кўпчилигини ташкил этади.
Газ¸ свет¸ нақд пул тақчиллиги¸ ишсизлик¸ паспорт назоратидаги чекловлар ва ҳуқуқ тизимлари адолатсизлигидан шикоят ўзбекистонликларнинг Шавкат Мирзиëевга йўллаган аризалари кўпчилигини ташкил этади.

Виртуал қабулхона очиб¸ халққа "ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар" билан бевосита ўзига мурожаат қилиш имконини берган Шавкат Мирзиëев¸ кузатувчиларга кўра¸ "ўзбекистонликлар ичидаги парни чиқариш учун 20 йилдан кўпроқ ëпиқ келган қозон қопқоғини кўтарди". Бу ташаббус¸ "пар чиқариш билан" тугайдими¸ ëки виртуал қабулхона орқали кўринган ижтимоий фикр бўлажак президент сиëсатига таъсир қиладими¸ бу савол жавоби ҳозирча очиқ қолмоқда.

Муваққат президент Шавкат Мирзиëев 24 сентябрь куни ҳукумат расмий порталида виртуал қабулхона очиб¸ унга қўрқмасдан шикоят ва аризаларини йўллашни таклиф қилди.

Яхшисини ошириб¸ ëмонини яширишга ўргатилган халқ бу имкондан иккиланиб бўлса ҳам фойдаланишга киришди ва ўтган 2 ойдан кўпроқ вақт давомида Мирзиëевга 200 мингдан ошиқ шикоят юборди.

Бу шикоят ва аризаларнинг катта қисми¸ Озодлик суҳбатлашган виртуал қабулхона расмийлари¸ оддий ўзбекистонликлар¸ қолаверса¸ расмий статистиканинг ўз эътирофича¸ Тошкент пропискаси¸ биометрик паспорт олиш ва чиқиш визаси каби ҳаракат эркинлигини чекловчи қарорлар билан боғлиқ.

Яна бир катта гуруҳ муаммолар ҳуқуқ-тартибот тизимлари¸ биринчи галда ИИВ ва судлар фаолияти билан боғлиқ бўлса¸ учинчи улкан гуруҳ муаммолар иқтисодий сиëсатга тааллуқлидир. Ишсизлик¸ нақд пул¸ газ ва электр тақчиллиги¸ конвертация йўқлиги виртуал қабулхонага келган шикоятлардан ўзбекистонликларни энг кўп қийнаëтган муаммолар туркуми бўлиб чиқди.

Оддий ўзбекистонликлар 25 йил ичида биринчи бор ҳукумат раҳбарига қайси муаммолар ўзини қийнаëтгани ва президентликка келаëтган раҳбардан қайси муаммолар ечимини кутаëтганини билдирди. 4 декабрь кунги сайловларда президентликка сайланиши кутилаëтган Шавкат Мирзиëев ўз ташаббуси билан халқдан келган бу талаб ва таклифларни қанчалик инобатга олади¸ 25 йил давомида тахланиб келган бу муаммоларни ҳал қилиш учун давлат бошқаруви¸ ҳуқуқ тизимлари фаолияти¸ қолаверса¸ мамлакат иқтисодида туб ислоҳотлар қилишга журъат қиладими¸ йўқми¸ бу саволга сайловдан кейинги кунларнинг жавоб бериши кутилмоқда.

Муаммолар қутисининг чорак аср беркитилган қопқоғи очилди

8 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси қўшма палаталари қарори билан мамлакат президенти ваколатлари вақтинча зиммасига юкланган Бош вазир Шавкат Мирзиëев 24 сентябрь куни ҳукумат порталида виртуал қабулхона очди.

“Сизда ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар борми? У ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига юборишингиз мумкин”¸ деган таклиф билан ўзбекистонликлар ўз муаммоларини Шавкат Мирзиëев идорасига бевосита йўллашга рағбатлантирилди.

5 октябрь куни Самарқандда сайловчилар билан учрашган Мирзиëевнинг ўзи виртуал қабулхонага қилинадиган ҳар бир мурожаатнинг шахсан ўз назоратида эканини таъкидлади ва ҳокимлар ва вазирлик раҳбарлари олдига шикоятларни зудлик билан ҳал қилиш топшириғини қўйди.

Виртуал қабулхона ғояси ўзбекистонликлар 20 йилдан кўпроқ вақт давомида раҳбарлар ва маҳаллий матбуотдан эшитиб келган баëнотлардан фарқланди. Мирзиëев "обод ва озод юрт" аҳолисида ҳам муаммолар борлигини эътироф этди ва бу эътироф аксар ўзбекистонликлар томонидан ижобий қарши олинди.

- Мен Шавкат Мирзиëевнинг виртуал қабулхонаси чиққанидан жуда хурсандман. Чунки шу қабулхона орқали йиллардан бери битмай келаëтган ишларимиз бита бошлади¸ дейди бир ой ичида бу қабулхонага 7 марта телефон орқали мурожаат қилган фарғоналик фермер Озодлик билан суҳбатда.

Мирзиëев виртуал рағбатидан хабар топганлар¸ ечимини топмай келаëтган оддий маиший муаммолар тортиб¸ мамлакат иқтисоди моҳиятини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилувчи шикоятларга қадар виртуал қабулхонага юборишга киришди.

Виртуал қабулхона янгиланаëтган статистикани тақдим этмоқда

Виртуал қабулхонада очиқланаëтган расмий статистикага кўра¸ 1 декабрга қадар “ўтган икки ой мобайнида виртуал қабулхонага 217 мингга яқин мурожаат келиб тушган ва уларнинг 135 мингдан зиёди кўриб чиқилган, нафақат кўриб чиқилган, балки мурожаатчини қийнаётган саволларга жавоб берилган ёки мавжуд муаммолар ҳал қилинган.”

Энг кўп шикоят¸ тошкентликлардан тушган – Бош вазир қабулхонасига Тошкент шаҳридан 68 278 ¸Тошкент вилоятидан эса¸ 30 715 марта мурожаат бўлган. Ҳудудий аризалар бўйича Тошкентдан кейин иккинчиликка қўйилган Фарғонадан 16 256¸ учинчиликдаги Қашқадарëдан эса¸ 15 850 марта мурожаат бўлган ва Тошкент билан бу нисбатан фаол икки вилоят ўртасидаги фарқ қарийб бир неча бараварни ташкил этган.

(Кузатувчилар¸ шикоятлар сонининг ҳудудий бўлинмасида Тошкент шаҳри ва вилоятининг биринчиликда эканини¸ пойтахт ва унга туташ мудудларда интернетга кириш имкони кўпроқ экани¸ бу ҳудудларда электр таъминотидаги узилишларнинг Ўзбекистоннинг қолган қисмига нисбатан камроқ экани билан изоҳлашмоқда.)

Мирзиëв виртуал қабулхонаси 1 декабрь куни очиқлаган статистик рақамларга кўра¸шикоятларнинг 45 фоизи pm.gov.uz сайтига электрон мурожаат қилиш орқали¸ 41 фоизи 1000-210 000 махсус рақамларига телефон қилиш¸ қолган 4 фоизи эса¸ Мирзиëев мансуб O‘zLiDeP орқали қабул қилинган.

Энг кўп шикоят ҳаракат эркинлигини чекловчи қонун-қоидалар ва ИИВ фаолиятига оид

Виртуал қабулхонанинг ўз статистикасига кўра¸ 1 декабрга қадар келган 217 минг шикоятдан сон жиҳатдан энг кўпи Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ республика идораларига тақсимланганда эса¸ Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан боғлиқ. Аҳолидан бу вазирлик билан боғлиқ 25 657 ариза тушган (1 декабрга қадар) ва бу умум шикоятларнинг қарийб 12 фоизини ташкил этади.

Мирзиëев виртуал қабулхонаси масъулларидан бирининг Озодликка айтишича¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлигига тушган шикоятларнинг кўпчилиги ҳаракатланиш эркинлигининг чеклангани¸ аниқроғи Тошкент шаҳар ва вилоятида ҳам вақтинча¸ ҳам доимий пропискадан ўтишнинг аксар аҳоли учун ëпиқлиги билан боғлиқ. Шикоятлар дахлдорлиги бўйича биринчи учликни ташкил этган Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимлиги¸ шунингдек Ички ишлар вазирлигига тушган аризалар эса¸ виртуал қабулхонага 1 декабрга қадар қилинган мурожатларнинг 30 фоизини ташкил этади.

Ëзувчи Саломат Вафо вилоятлардан иш излаб келиб¸ ўз мамлакати пойтахтида мунтазам қувғинда яшаëтган юз минглаб ўзбекистонлик учун бу масала ҳаëт-мамот масаласига айлангани ва шу боисТошкент шаҳар ҳокими ва бошқа идоралар раҳбарлари билан октябрь охирида ўтказилган бевосита мулоқотда ҳам уни тилга олганини айтади.

- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудига паспорт рўйхатидан ўтиш ва прописка қилиниши мумкин бўлган 59 та корхона бор. Бугунги кунда Тошкент бозорларида пропискасиз болаларини боғчага ва мактабга беролмаётган, бировнинг номига сотиб олган уйларига эгалик қилиша олмаётганлар кўп. Рўйхатдан ўтиш жараёни реформа қилиниши лозим¸ дейди ëзувчи Саломат Вафо.

Виртуал қабулхонанинг Озодлик суҳбатлашган масъули¸ Ички ишлар вазирлиги фаолиятига оид энг кўп шикоят Тошкент пропискасидан кейин биометрик паспорт олиш билан боғлиқ мураккабликлар, ички ишлар органларининг ноқонуний ҳаракатига тааллуқли эканини билдирди.

ИИВ ходимлари ҳатти-ҳаракати устидан шикоят қилган гулистонлик Дилшод¸ виртуал қабулхонага милиция ходимлари ҳатти-ҳаракатини видеотасвирга олиш мумкинми¸ деган савол билан мурожаат қилди. Бу саволга ИИВ юқори даражали расмийсидан тасдиқ жавобини олган Дилшод¸ бу янгиликни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистонимизда ҳамма милиция ходимларидан қўрқади. Улар “милицияни видеога олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” деган нарсани калласига қуйиб олган. Бу нарсани милициядагиларнинг ўзлари ўйлаб чиқарган. Бу ўзларини пора олаётганда тасвирга тушиб қолмаслик учун қилинган. Улар урмоқчи бўлади, сўкади, қўрқитади. Энди мен Ўзбекистонда тўлиқ съёмка қилишга ҳаққим борлигини биламан, керак бўлса Youtubeларга қўйвораман. Масалан, милиция ходимлари соқол билан Ўзбекистонда юриш мумкин эмас, деган қоидаларни ўйлаб топган. Тасвирга олиш одамларнинг коррупцияга қарши курашишга жуда катта ёрдам беради, дейди Дилшодбек.

Иш йўқ¸ нақд пул йўқ¸ кредит йўқ; газ йўқ¸ электр йўқ¸ сув йўқ...

Виртуал қабулхона статистикасига кўра¸ Шавкат Мирзиëевга қилинган шикоятлар сони бўйича¸ ИИВ дан кейинги ўринларни Меҳнат вазирлиги¸ Марказий банк ва тижорат банклари¸ Адлия вазирлиги¸ Ўзбекнефтгаз ва Молия вазирлиги эгаллаган.

Ҳукуматнинг виртуал қабулхонаси масъул ходими ҳам Озодликка мурожаатларнинг катта гуруҳи Ўзбекистон банкларида нақд пул , қишлоқларда электр энергияси ва газ йўқлиги,ҳақидаги шикоятлар эканини айтади:

- Вилоятларда электр энергияси ва табиий газда мунтазам узилишлар бўлаётгани, тоза ичимлик суви йўқлиги ҳақида шикоятлар кўп. Шунингдек, банкларда нақд пул йўқлиги ҳақида ҳам кўплаб мурожаатлар бўляпти. Шу билан бирга кўпчилик салонлардан машина олиш қийин, деяпти. Ҳамма шикоятлар бирма-бир ўрганилаяпти, - деди исми сир қолишини истаган ҳукумат мулозими.

Виртуал қабулхона масъули тилга олган энергетик тақчиллик¸ ишсизлик¸ тадбиркорлик муаммоларига дахлдор шикоятлар 1 декабрга қадар юборилган мурожаатларнинг 16 фоиздан кўпроғини ташкил этган.

“Бу шикоятларнинг ўрганилаëтгани бор гап¸ лекин бу уларга ечим топилди¸ дегани эмас”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган банк тизими мулозими.

Нақд пул йўқлиги бу фақат Марказий банк (МБ) муаммоси эмас¸ уни ҳал қилиш ҳам фақат МБ қўлидан келмайди. Аксарият шикоятлар пул-кредит сиëсати билан боғлиқ. Бу ҳукумат сиëсати¸ унга доир қонунлар бор¸ банклар шунга риоя қилади. Қонунларни ўзгартириш ҳам МБ ваколатида эмас. Машина олишга¸ уй олишга гаровсиз ëки фоизсиз кредит бер¸ деган мурожаатлар кўп. Биз бундай қилолмаймиз¸ қонун йўл қўймайди”¸ дейди Ўзбекистондаги етакчи банк мулозими.

Йиллар давомида қабул қилинган қонун ва қарорлар асосида юзага келган Ўзбекистондаги газ ва электр тақчиллиги муаммоси бўйича келаëтган шикоятлар¸ Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра¸ вилоятлардан келаëтган шикоятларнинг асосий қисмини ташкил этади.

- Каримов бор газнинг кўпини Хитойга¸ Россияга сотаман деб¸ 30 йиллик шартномалар имзолаб кетган бўлса¸ биз газни қайдан олайлик. Бу муаммони биз тугул¸ эртага президент бўлганидан кейин Мирзиëев ҳам ҳал қила олмайди. Бу шартномаларни бузаман деса¸ унинг шартлари¸ жаримаси жуда оғир¸ дейди кунига ўнлаб шундай шикоятларга рад жавоб беришга мажбур бўлаëтганини айтган водийдаги газ идораларидан бири раҳбари.

Виртуал қабулхона тўпланиб қолган парни чиқарди¸ аммо..

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик таҳлилчилар¸ Шавкат Мирзиëев виртуал қабулхонасини ҳақиқий ижтимоий фикрни ўрганиш уриниши сифатида олқишлайдилар.

“Йиллардан бери ўзбекистонликлар дунëдаги энг бахтиëр¸ энг шукурлик¸ энг эркин халқ каби сифатларни кўз-кўз қилиш учун ижтимоий фикр сохталаштирилиб¸бўяб-бежаб келинди. Виртуал қабулхона¸ ўзбекистонликлар ичида минглаб муаммо йиғилиб кетганини биринчи марта эътироф этиш бўлди”¸ деган кузатувчилар¸ бу қабулхонага тушган шикоятлар Шавкат Мирзиëевга президент сифатида қайси муаммолар устида ишлашни белгилашда йўл харитаси сифатида қабул қилинишига умид билдирдилар.

- 32 миллионлик халқни бир қўлда бошқаришнинг самара бермаслигини 25 йиллик тарих кўрсатди. Шавкат Миромонович¸ қозоннинг қопқоғини очиб¸ тўпланиб қолган парни чиқарди ва ўзи шундоқ ҳам яхши билган пишиб-йиринглаб кетган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг қанақанги йўллари борлигини текшириб кўрди¸ деб ўйлайман. Бу қабулхонанинг самараси вақтинча. Ҳозир одамлар ўз муаммоларини баëн қилиш баробарида давлат ҳокимияти идоралари олдига нималарга кўпроқ эътибор қилиш кераклигини кўрсатиб беришди¸ дейди ўзбекистонлик публицист Алимардон Аннаев.

Бу кўрсатмаларни амалга ошириш эса¸ таҳлилчиларга кўра¸ давлат бошқаруви¸ Ислом Каримов тутган иқтисодий-ижтимоий сиëсатни жиддий ислоҳ қилмай туриб¸ мумкин эмас.

Бундай фикрни таҳлилчилар баробарида¸ Ўзбекистондаги бошқарув ҳокимиятининг таниқли арбоблари ҳам айтмоқда.

"Агар сиёсий матрица ўрнидан силжимаса, биз иқтисодий кўтарилишга эриша олмаймиз. Хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи қонунлар қабул қилинмаса, инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатланмаса, сармоядорлар учун қулай муҳит яратилмаса иқтисодий ўсиш бўлмайди. Яъни, демократизация бўлмаса, иқтисодий тараққиёт ҳам йўқ”, - деди жумладан 1 декабрь Press Club: Elections.uz-2016 брифингида Олий Мажлис Сенати Ташқи ишлар қўмитаси раиси Содиқ Сафоев.

Бундай ислоҳотларга қўл уришга Шавкат Мирзиëевда сиëсий ирода ва журъат топиладими¸ ëки оддий халқ билан ҳокимиятнинг виртуал қабулхона орқали очилган мулоқот даричаси сайловлардан сўнг секин-аста ëпилиб¸ давлат сиëсати каримовча ўзанларга қайтадими-йўқми¸ Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар¸ бу саволларга 4 декабрда сайланажак президентнинг биринчи 100 кунлик фаолиятидан жавоб топишга умид қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG