Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:57

Москвада ўзбекистонлик энага кекса аёлнинг қотиллигида гумонланмоқда


Россия матбуотига кўра, ўзбекистонлик Гулчеҳра А. охирги бир йилда Москвада энагалик қилиб келган (ВКонтакте)
Россия матбуотига кўра, ўзбекистонлик Гулчеҳра А. охирги бир йилда Москвада энагалик қилиб келган (ВКонтакте)

Москвада ўзбекистонлик энага 82 ёшга кирган кекса аёлни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Ўлдирилганга энагалик қилиб келган 31 яшар Гулчеҳра А. Тверской суди қарори билан тергов якунига қадар ҳибсхонада қолади.

Терговчилар Гулчеҳрада жиддий руҳий ҳасталик борлигига ишора қилмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси Ўзбекистон ватандошлигига эга бўлган 31 яшар аёлни қаровида бўлган 82 яшар москвалик аёлни чавақлаб ўлдирганликда гумонлаб, “қотиллик” моддаси бўйича жиноят иши очди.

Тергов бошқармасида Озодлик сўровига қотиллик 20 январ куни Москванинг Савёловский вокзали яқинидаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлганини билдиришди.

- Тергов маълумотича, 2021 йилнинг 20 январида Москвадаги Угловой кўчасидаги ётоқ уйда жойлашган квартиралардан бирида 1938 йилда туғилган кекса аёл жасади аниқланди. Мурданинг томоқ қисмида пичоқ билан етказилган жароҳатлар борлиги аниқланди. Бу жиноятни содир этганликда гумонланиб, 31 яшар аёл қўлга олинди, деди Юлия Иванова, Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи муовини.

Терговчилар сўроқ давомида бу аёл ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва қотилликни нафақахўр билан юзага келган жанжал пайтида беҳосдан содир этганини билдирган.

Мен шунчаки бу кампирдан чарчаб кетдим. Қўлимда қандай пичоқ пайдо бўлганини билмай қолдим, ҳаммаси тасодифан содир бўлди”, дея аёлнинг сўзларини келтирмоқда терговчилар.

Дастлабки тергов давомида ҳибсга олинган аёл 31 яшар ўзбекистонлик Гулчеҳра А. экани, у охирги бир йил давомида ўлдирилган Ирина Кожинага энага бўлиб келгани ва Россияда нолегал ҳолатда бўлгани аниқланди.

Ўлдирилган Ирина Кожина тилшунослик бўйича фан номзоди ва таниқли таржимон бўлгани, Россия пойтахтидаги кутубхоналардан бирида ишлаб келгани, охирги йилларда оғир ҳасталик туфайли уйдан деярли чиқмасдан яшаб келгани айтилди.

Москванинг Тверской туман суд маҳкамаси қотилликда гумонланувчи аёлни 2 ойга тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Квартира эшиги очиқ қолганини кўриб қолган қўшнилардан бири москвалик кампирни пичоқлаб кетилган ҳолатда дераза тагида аниқлаган. Полиция квартирадан бирор қимматбаҳо буюм йўқолмаганини ҳам қайдга олган.

Тергов қўмитаси ходимлари ўзбекистонлик муҳожир аёл руҳан жиддий ҳаста бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Тергов расмийси Юлия Иванова муҳожир аёл Ўзбекистонда психоневрология диспансерида қайдда тургани аниқланганини билдирди.

- Шу кунларда унинг руҳий соғлигини текшириш мақсадида психология-психиатрия экспертизаси тайинланади. Шунингдек тергов бу аёлнинг қандай қилиб қаровчи сифатида ишга жойлашиб олганини текшириб кўради, деди Юлия Иванова.

Самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова 2016 йилда 4 яшар боланинг қотиллигида айбдор топилган
Самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова 2016 йилда 4 яшар боланинг қотиллигида айбдор топилган

Бундан 4 йил олдин ўзбекистонлик бошқа бир аёл - Гулчеҳра Бобокулова, Москвада ўзи 3 йилча энагалик қилиб келган ногирон 4 яшар Анастасия Мешчеряковани аввал бўғиб ўлдириб, кейин бошини олган эди. Қизалоқ танаси қолган квартирага ўт қўйиб юборган энага Москва кўчаларида қизнинг бошини кўтариб юрган пайтда қўлга олингани видеотасвирларда ўз аксини қолдирган эди.

2016 йилнинг 24 ноябрида Хорошево туман Суд уни руҳий носоғлом деб топиб, жиноий жавобгарликдан озод қилган эди. Ўз жиноятига тўлиқ иқрор бўлган аёл “Оллоҳнинг буйруғи”ни бажаргани ва у билан “гаплашганини” билдирган.

Ҳозирда Гулчеҳра Қозон шаҳридаги руҳий касалхонада мажбуран даволанмоқда.

XS
SM
MD
LG