Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:55

Ўзбекистонлик аёл ногирон олимни азоблагани учун ҳибсга олинди


Насиба А. ўзини ҳамшира деб таништирган
Насиба А. ўзини ҳамшира деб таништирган

Москва вилоят Тергов қўмитаси ногирон бўлиб қолган таниқли рус ихтирочисини бир йил давомида азоблаган ўзбекистонлик энага Насиба А.нинг устидан жиноят иши очди. Квартирада ўрнатилган видеокамерага олинган тасвирлар қаровчининг жиноятига далил бўлиши мумкин. Терговчилар қаровчиликка қалбаки ҳужжатлар билан ишга кирган Насиба ўз айбига қисман иқрор бўлганини гапирмоқда.

Муҳожир аёл бир йил давомида қарамоғида бўлган ногиронни азоблаганликда ва калтаклаганликда айбланмоқда...

Сохта тиб ходими

76 ёшли таниқли совет ихтирочиси, металлургия ва аниқ ўлчов техникаси соҳасида кўплаб ихтиролар патентига эга Владимир Брувер охирги йилларда Алцгеймер ва Паркинсон касалликларига учрагани туфайли унинг фарзандлари ётиб қолган қарияга қаровчи ёллаган.

Улар “тиббиёт ходими” ҳужжатларини тақдим этган ва ўзини “ётиб қолган касалларга қараш бўйича катта малакага эга” деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Насиба А.ни ишга олади. Врачлар тоза ҳаво зарурлиги тайинлагани боис, кекса олим фарзандлари билан шаҳарда эмас, ўзининг Чехов туманидаги дала ҳовлисида қаровчи билан бирга яшаб келган.

Насиба ногирон чолга қарашни бошлаганидан бери Инна Сладкова отасининг аҳволи кескин ёмонлашиб боргани, унинг танасида, айниқса бош ва елка қисмида кўплаб кўкарган излар ва қонталашлар пайдо бўлганини пайқаб қолади. Ундан ташқари Владимир Брувер озиб, 45 кило вазнга тушиб қолади.

Кунлардан бир куни ўзини Анна деб чақиришларини ҳуш кўрадиган ўзбекистонлик аёл “ишининг қийинлиги” ва “маоши камлиги”ни айтиб, Бруверлар оиласидан кўпроқ ҳақ талаб қилишни бошлайди. У ногирон чолнинг хонасига камера ўрнатишни таклиф қилади.

Инна Сладкова камерадаги ёзувларни кўриб чиқиб даҳшатга келганини айтади.

- Отам ўзини кундан-кунга ёмон ҳис эта бошлади. У ётиб қолди. Охирги пайтларда баданида шу даражада кўкаришлар ва қонталашлар кўп эдики, тасаввур қилмайсиз. Бошида жароҳатлар пайдо бўлиб қолди. Ваҳоланки бир йил олдин мен отам билан кунига 2 километргача йўл юрардик, анча аҳволи дуруст эди. Ўзининг илтимоси билан қўйилган камерадан мен бу аёл отамизни нафақат калтаклаётгани, балки кунига бир-икки маротабагина овқат бераётгани, унга шифокорлар тайинлаган дорилар эса умуман берилмаётганини кўриб шок ҳолатига тушдим, деди Инна.

("Россия" телеканали лавҳаси)

Полиция ва терговчиларга тақдим этилган камера ёзувларидан Насиба айрим ҳолларда унинг ҳар бир ҳаракати ёзилаётганини эсидан чиқариб қўяётганини кўриш мумкин.

- Нега устингни очиб ташладинг, ҳайвон! Қаерга оёғингни тиқаяпсан, ифлос? Туф сенга, одамларга ўйқу берасанми-йўқми, ҳайвон? Оёғингни синдираман ҳозир ухламасанг! – камерадиги Насибанинг бу ҳайқириқлари инграётган бечора чолнинг қаттиқ калтакланаётгани ва тепаётгани кадрлари билан алмашиб туради.

Юз кило вазндан ортиқ бўлган бу ҳайбатли 36 ёшли аёл қарияни айниқса тунда дўппослаши шиддат олганини кўриш мумкин.

Олимнинг фарзандлари Насиба камера олдида Владимир Бруверни шу даражага солган бўлса, камерасиз нима кўйга туширганини ҳатто тасаввур ҳам қила олмасликларини гапирмоқда.

Насиба 7 йилга қамалиши мумкин

Бундай вахшийликни кўрган Инна Сладкова дарҳол полиция бўлимига қўнғироқ қилади. Аввалига йиғлаб, Иннанинг кўнглини бесамар овламоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл, кейин очиқчасига таҳдид қилишга киришгани ҳам полициячиларга хабар қилинди.

Душанба, 30 май куни Насиба А. ҳибсга олиниши тўғрисида суд қарори чиқарилди. (Маҳаллий ахборот воситаларида Насиба "Месимба Аджалелова" деб аталган - таҳр.)

Москва вилоят Тергов қўмитаси расмий вакили Ольга Врадий ўзбек муҳожирига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 117 моддаси 2 қисми “г” банди (ночор аҳволда бўлган шахсни азоблаш) асосида жиноий иш очилганини Озодликка маълум қилди.

- Ночор аҳволда бўлганни қараши керак бўлган аёл сурункали тарзда нафақахўрни калтаклаб, ҳақорат қилиб ва қўрқитиб келгани аниқланди. Бу аёл 28 май куни телекўрсатувлардан бирига иштирокчи сифатида келганидан кейин қўлга олинган эди. Сўроқ пайтида у ўз айбига қисман иқрор бўлди. Тергов иши давом этмоқда, дея тафсилотларни билдирди Ольга Врадий.

Тергов қўмитасида Озодлик сўровига агарда Насиба А. айби судда ўз исботини топса, унга 7 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини айтишди.

Бу ўзбекистонлик энагалар ва қаровчилар билан боғлиқ ягона ҳодиса эмас.

Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Бобоқулова шу йилнинг 29 февраль куни Москванинг “Октябрьское поле” метро бекати олдида қўлида танасидан жудо қилинган ёш бола бошини кўтарган ҳолда ҳибсга олинган эди. Кейинчалик ўлдирилган 4 ёшли қизчага Бобоқулованинг ўзи энагалик қилгани аниқланган.

2015 йил охирларида Нарофоминск шаҳар суди иш берувчисидан 30 минг доллар пул ўғирлаб кетганликда айбланаётган ўзбекистонлик энага 49 ёшли Ҳабиба Р. ва унинг ўғли Жасур А.ни халқаро қидирувга бериш ва сиртдан қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

XS
SM
MD
LG