Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Туркияда ўзбек энагалари бир оиланинг икки фарзандини олиб қочгани ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиқди (ВИДЕО)


Бугунги кунда Туркияда ризқ тераётган ўзбекистонликлар сони борасида аниқ маълумотлар йўқ, аммо уларнинг сони минглаб экани айтилади.
Бугунги кунда Туркияда ризқ тераётган ўзбекистонликлар сони борасида аниқ маълумотлар йўқ, аммо уларнинг сони минглаб экани айтилади.

Туркия полицияси ўзбекистонлик икки энага бир оиланинг икки фарзандини олиб қочгани ҳақида ижтимоий тармоқларнинг турк сегментида тарқалган хабарларни "бўҳтон" деб атади.

Ижтимоий тармоқларда бола ўғрилари дея иддао қилинган ўзбекистонлик икки аёлнинг паспортлари нусхалари ҳам эълон қилинган эди.

Туркия полициясининг Истанбул шаҳри бўлими ижтимоий тармоқда тарқалган бу хабарларни обдон ўрганиб, улар асоссиз, сохта хабарлар эканини аниқлагани ҳақда 30 октябр куни Озодликка маълум қилди.

Туркияда ўзбекистонлик икки энага бир оиланинг икки фарзандини олиб қочгани ҳақидаги хабарлар сўнгги бир ҳафта ичида ижтимоий тармоқларни турк сегментини портлатиб юборди.

Тармоқларда тарқалган хабарда икки ўзбек аёлининг паспорти нусхалари ҳам эълон қилинди.

Суратлари остига "бу аёлларни кўрсангиз полицияга хабар беринг, улар танишимизнинг 1 ва 7 яшар фарзандларини паркга айлантириб келамиз деб, олиб қочишди", деган сўзлар ёзилган.

Хабарларга илова қилинган видеода туркиялик бир аёл "болаларни олиб қочган аёлларнинг паспортлари соҳта бўлиши мумкин, илтимос, Туркияда ишлаш изни бўлмаганларни уйимизда ишлатмайлик", дейди.

Туркиялик аёл ўзбек энагалари икки болани олиб қочганини иддао қилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Туркия полицияси ижтимоий тармоқда тарқалган бу хабарларни обдон ўрганиб, улар асоссиз, сохта хабарлар эканини Озодликка маълум қилди.

- Бу хабарлар таги йўқ, асоссиз хабарлар бўлиб чиқди, - деди Туркия полициясининг Истанбул бўлими ходими Озодликка.

Аммо, фарзандларини хорижлик энагалар боқаётган оилаларда ваҳима ва қўрқув аримаган.

Истанбулда яшовчи турк оилаларидан бирида энагалик қилаётган ўзбекистонлик Фотима исмли аёлга кўра, ижтимоий тармоқлардаги ваҳимали хабарлар ортидан кўп оилалар уйида ишловчи хорижлик энага ва фаррошларнинг ишлаш изни бор-йўқлигини полиция орқали текширишга киришган:

- Туркияда ишловчи энагаларнинг, айниқса ўзбекистонликларнинг ишлаш изни йўқ. Арзон нархга кўнгани учун кўп оилалар ишлаш изни бор-йўқлиги ҳақида қизиқиб ҳам ўтиришмайди. Улар бизга қардош халқ бўлгани учун ҳужжатсиз ҳам ишонишади. Айрим иш берувчилар давлатга пул тўлашдан қочиб ишловчилардан ҳужжат талаб қилмайди. Мана бу хабарлар тармоқда чиққанидан сўнг ҳамма қўли остидагиларнинг ҳужжатини текшира бошлади. Орага шубҳаларни солди. Хабарлар асоссиз бўлиб чиқса ҳам қўрқув қолди.

Туркиянинг Анқара шаҳрида яшовчи турк журналисти Мурат Деврим ижтимоий тармоқда тарқалган бўхтон хабарлар меҳнат бозоридаги манфаатдор гуруҳларнинг иши бўлиши мумкин, дея таҳмин қилди:

- Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон каби давлатлардан келаётган ишчиларнинг оқими шу қадар каттаки улар меҳнат бозорида салмоқли ўринга эга бўлмоқда. Чунки арзон ишчилар, ойига 2500-3000 турк лирасига (500 АҚШ доллари) сурункали ишга улар рози. Нархни тушириб юбораётгани меҳнат бозоридаги айрим гуруҳлар, жумладан иш топиб бериш билан шуғулланадиган агентликларга ёқмайди, шунинг учун бу четдан келган ишчиларни обрўсизлантиришга уриниш бўлса керак, деб ўйлаяпман.

Ўзбекистонликлар Туркияга визасиз сафар қила олади. Бу мамлакатда ишлашга рухсатнома олиш нисбатан осонлиги сабаб минглаб ўзбекистонлик эркак-аёл ишлаб келмоқда. Улар қариялар ва болаларга энага, уй хизматкори, ошпаз, официант, сартарош ва бошқа паст маошли ишларни қилади.

Туркиядаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти раҳбари Адем Чевик ўзбеклар қардош бўлгани учун турк оилалари фарзандларини уларга ишониб топширишини айтди:

- Ҳозир ўзбек энагалари филиппинларни ҳам ортда қолдирди. Шу пайтгача асосан филиппинлар бу ишни қилар эди бизда. Аниқ рақамлар қўлимда йўқ, лекин мен билган оилаларда асосан ўзбеклар энага, ўзбеклар хизмат ишларини қилади. Бизга қардош бўлгани учун турк оилалари уларга фарзандини ҳам, уйини ҳам ишониб топшириб қўйган, тармоқда тарқалган гап-сўзлар бу ишончга путур етказади, деб ўйламайман.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Туркия Меҳнат ва Ижтимоий хавфсизлик вазирлиги 40 мингга яқин хорижликка мамлакатда ишлаш изнини берган.

Вазирлик маълумотига кўра, шу муддат ичи Туркияда ишлаш рухсатини олганлардан минг нафаридан ортиғи ўзбекистонликлардир.

Туркияда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар сони бўйича эса аниқ рақам йўқ.

XS
SM
MD
LG