Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:25

"Қотил-энага" Бобоқулова даволанишга Қозонга жўнатилди


Москвада ўзи энагалик қилаётган қизалоқни ўлдиргани учун судланган ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова суд ҳукми кучга кириши муносабати билан мажбурий руҳий даволанишга психиатрия клиникасига жўнатилди. Гулчеҳра ётқизилган руҳий касалхона Қозон шаҳрида жойлашгани маълум бўлди.

Москва шаҳрининг Хорошево туман суди томонидан жиноий жавобгарликдан озод этилган самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова руҳий касалхонага мажбурий даволанишга жўнатилди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигида Озодликка билдиришларича, ногирон болани вахшийларча ўлдирганликда айбдор деб топилган Гулчеҳра даволаниш курсларини Қозон шаҳрида ўтайди.

- Суд томонидан руҳан ҳаста деб топилган бу аёл Қозон шаҳридаги махсус психиатрия клиникасида даволанади, дея гапни қисқа қилди вазирлик матбуот хизмати ходими.

Озодлик бу клиникада Россия ФСИНи қарори билан руҳан носоғлом деб топилган бир қанча ўта хавфли жиноятчи аёллар сақланишини аниқлади. Хусусан, Қозонда ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова билан бирга 13 кишини ўлдирган петербурглик “қассоб-кампир” Тамара Самсонова ҳам даволанади.

Россияда “қотил-энага” номи билан танилган Гулчеҳра аҳволига қараб бу муассасада ушлаб турилиши билдирилди.

Бундан олдинроқ, нобуд бўлган қизалоқнинг онаси Екатерина Мешчерякова Гулчеҳра Бобоқулованинг қаерда сақланаётгани, уни Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги кафолатларини сўраб Москва прокуратурасига мурожаат жўнатгани хабари чиққан эди.

23 январь куни Москва прокуратураси расмийси Елена Россохина Бобоқуловага нисбатан суд ҳукми ўтган йилнинг 24 ноябрида чиқарилганини Интерфакс агентлигига маълум қилди.

- Шу кунгача бу ҳукм устидан аппеляция шикояти берилмаган. Шунинг учун ҳам ҳукм кучга кирган, деб ҳисобланади. Хорошево туман суди ҳукми ўтган йилнинг 6 декабрида қонуний кучга кирган эди, деди Елена Россохина журналистлар берган саволга.

Қозонга юборилгунга қадар Бобоқулова “Бутирка” тергов изоляторида сақланиб келинган. Олиб борилган барча суд-психиатрия экспертизалари уни руҳан касаллигини тасдиқлаб берган.

Гулчеҳра Бобокулова ўтган йили февралида Москвада ўзи энагалик қилаётган қизни аввал бўғиб ўлдириб, кейин бошини олган. Қизалоқ танаси қолган квартирага ўт қўйиб юборган энага Москва кўчаларида қизнинг бошини кўтариб юрган пайтда қўлга олингани видеотасвирларда ўз аксини қолдирган эди. Бунгача у 3 йил давомида ўлдирилган 4 яшар Анастасия Мешчеряковага энагалик қилиб келган.

2016 йилнинг 24 ноябрида Хорошево туман Суд уни руҳий носоғлом деб топиб, жиноий жавобгарликдан озод қилган эди. Ўз жиноятига тўлиқ иқрор бўлган аёл “Оллоҳнинг буйруғи”ни бажаргани ва у билан “гаплашганини” билдирган.

Ўз юртида Бобоқулова “шизофрения” ташҳиси билан 2000 йилдан буён руҳий-неврология диспансерида ҳисобда турган.

XS
SM
MD
LG