Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

OzodDayjest: “Бош шифокор иши” бўйича "оловга мой сепувчи интервью берган" прокурор айбсизлик презумпциясини бузишда айбланди


Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева бемор ўлимига сабабчи бўлганликда айбланмоқда.
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева бемор ўлимига сабабчи бўлганликда айбланмоқда.

Бош вазир ўринбосари Абдуҳакимов ишга велосипедда борди. Адлия вазири Ўзбекистон телекоммуникация соҳасидаги коррупцион можарони ёдга олди. Адвокат прокурорни айбсизлик презумпциясини бузишда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ишга велосипедда борган бош вазир ўринбосари велосипед йўлакларини кўпайтиришга ваъда берди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 22 сентябрь – халқаро автомобилсиз кун муносабати билан ишга велосипедда борди (www.kun.uz, 22 сентябрь).

Ушбу санада дунёнинг йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда ҳаракатланишга тарғиб қилувчи акциялар ташкил этилади.

“Бугун ишга одатдагидан вақтлироқ йўлга чиқиб, велосипедда бордим. Бу киши кайфиятига катта ижобий таъсир қилади” , - деган А.Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш янги даражага чиқиши ҳақида айтиб ўтган.

“Албатта, битта камчилик яққол кўриняпти: шаҳримизнинг кўп жойларида ҳали велосипед йўлаклари йўқ. Айни пайтда махсус ишчи гуруҳ бу масалани ҳам қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлаяпти. Унга асосан, нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикамиздаги йирик аҳоли пунктларида велосипед йўлаклари, пиёда юриш ва югуриш маршрутлари ташкил этилади. Бундан ташқари, стритболл (кўча баскетболи), street workout (машғулот майдонлари), мини футбол, бадминтон кабиларни бутун республикамиз бўйича оммалаштириш, керакли инфраструктурани яратиш чоралари кўрилади”, - деган А.Абдуҳакимов.

Маълум бўлишича, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мамлакатда оммавий спорт ва соғлом ҳаёт тарзи тарғиботини кучайтириш, бу йўналишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Ҳукумат аъзосининг сўзларига кўра, соғлом овқатланиш бўйича ҳам қарор лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.

“Аҳолимиз орасида меъёридан ортиқ ва бетартиб овқатланиш одати кенг ёйилган. Афсуски, бу ўз урф-одатларимиз ва миллий таомларимиз билан ҳам боғлиқ”, - деган у.

Адвокат прокурорни айбсизлик презумпциясини бузишда айблади

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, оёғи ерга теккизилмай қамоққа олиниши жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама этилмоқда (www.xabar.uz, 22 сентябрь).

“Энг қизиғи, айни жараёнда прокуратура ўзининг тушунарсиз хатти-ҳаракатлари билан оловга мой сепмоқда. Масалан, бош шифокор ҳибсга олингани шов-шув бўлаётган пайтда Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг веб-сайтларнинг бирига берган катта интервьюси шундоғам тинмаётган сувни баттар лойқалатди”.- деб ёзади Хabar.uz нашри.

Таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддинов Чирчиқ прокурорининг қонун қаричига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракати юзасидан кескин баёнот берган.

“Прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали терговолди ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкор қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки билатуриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?” -дея савол қўяди адвокат.

Прокурор ўз интервьюсида айбланувчининг бир бемор ўлимига сабаб бўлган ҳамда 250 млн сўм бюджет маблағини ўзлаштирган жиноятчи экани ҳақида узил-кесил ҳукм чиқариб, қонун талаблари, айбсизлик презумпцияси тамойилини бузади.

Адвокатга кўра, Г.Йўлдошевга нисбатан қамоқда сақлаш туридаги эҳтиёт чораси қўлланганини ҳам ёқлаб бўлмайди. Олти фарзанднинг онаси бўлган шифокорга уй қамоғи эҳтиёт чораси ҳам қўлланиши мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, Г. Йўлдошева бир ой муқаддам маҳаллий нашрларга пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани, тиббиёт ходимлари меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани ҳақида сўзлаб берган эди.

Адлия вазири: Энди нафақат жисмоний шахслар, компаниялар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги институтини жорий этиш режалаштирилмоқда (www.gazeta.uz, 22 сентябрь).

Бу ҳақда адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилган. Мамлакатда фақат жисмоний шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, юридик шахслар (компаниялар) эса жиноят субъекти эмас ва фақат маъмурий жавобгарликка тортилади.

“Ўзбекистонда корпоратив жавобгарлик ривожланмай қолган. Ҳамма нарса маъмурий жавобгарлик, жиноий жавобгарлик – жисмоний шахслар учун. Шахсга эмас, компанияга нисбатан корпоратив жавобгарлик ривожланиши керак. Шунда масъулият бўлади. Ҳаттоки коррупция масалаларида ҳам жиноят ҳуқуқида корпоратив жиноий жавобгарликни ривожлантириш керак”, - деган Р.Давлетов.

Вазир бу борада Ўзбекистон телекоммуникация соҳасидаги коррупцион можарони мисол қилиб келтирган.

“Мана, бизда Ucell ва бошқа компаниялар билан бўлган ишларда кўрдиларингиз-ку. Америка нима қилди? Ҳаммасини, керак бўлса, тиззасига ўтқазиб қўйди. Компаниялар миллиардлаб (доллар) жарима тўлади. Шунинг учун биз интеллектуал мулк соҳасида ҳам корпоратив жавобгарликни ривожлантиришимиз керак”, - деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил муқаддам АҚШ регуляторлари МТС алоқа оператори, Veon ва Telia (аввал – TeliaSonera, Ucell бренди) компанияларига нисбатан коррупция бўйича тергов бошлаган эди.

Америка ҳукуматига кўра, хориж ширкатлари мамлакат телекоммуникация бозорига кириш учун “Ўзбекистон собиқ президентининг оиласи билан боғлиқ” тузилмаларга пора берган.

Кейинроқ мазкур ширкатлар АҚШ ва Нидерландия масъул идораларига катта миқдорда жарима тўлади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG