Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

OzodDayjest: Тошкентда миллиардлаб маблағ сарфлаб қурилган йўл арзимас ёмғирга дош бермади


Ўзбекистондаги йўллардан бирини таъмирлаш пайти.
Ўзбекистондаги йўллардан бирини таъмирлаш пайти.

Депутат Кушербаев очиқликдан қўрқадиган “крутой” судьяларни танқид қилди. Актриса Саида Раметова саратонга чалинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкентда миллиардлаб маблағ сарфлаб қурилган йўл арзимас ёмғирга дош бермади

Тошкентдаги янги бунёд этилган уч қаватли кўприкка қараб тортилган янги йўл ёпиб қўйилди, деб ёзади Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Топширилганига ҳали ҳеч қанча бўлмаган янги иншоот таъмирланмоқда.

Матбуотимиз шу йўл ва кўприк ишга тушаётганда йўлсозлар ва шаҳар аъёнларига қанча мақтов ёғдирганди: буларни қуришга, ҳудудни обод этишга фалон-фалон миллиард сўм маблағ сарфланди, бу халқимизнинг фаровонлиги, пойтахтимиз ободлиги учун... Лекин “минтақада тенгсиз” дея таърифланаётган ушбу объект бугун ўйилиб ётибди. Унинг яқиндагина фойдаланишга топширилганига ишонгинг ҳам келмайди” ,- деб ёзади Platforma.uz.

Маълум бўлишича, куни кеча салгина себалаб ўтган ёмғир йўлни таъмирталаб ҳолга келтирган.

“Шуни ва шунга ўхшаш масалаларни нега биз сайлаб қўйган депутатларимиз, сенаторларимиз кўтаришмайди?! Эшитишимизча, улар оладиган ойлик беш-олтита журналист ёки блогер топадиган чойчақадан кўпроқ. Қолаверса, ўша кўпригу йўллар ҳам бюджет, яъни халқнинг пулига қурилади. Бунинг ҳисобини ким сўрайди?!” - деб ёзади Platforma.uz канали.

Журналист суд мажлисига киритилмади

Human.uz нашри мухбири Хуршид Далиев жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида очиқ тартибда ўтказилган суд мажлисига киритилмади.

Қайд этилишича, у фуқаронинг мурожаати бўйича, кўрилаётган жиноят иши муҳокамасини кузатиш мақсадида икки кун судга борган, лекин судья Р. Раҳмонов “карантин чекловлари”ни важ қилиб унинг жараёнда қатнашишига рухсат бермаган, иккинчи мартасида эса журналист ҳатто бинога ҳам киритилмаган.

Олий суд матбуот хизмати воқеа юзасидан берган баёнотда судда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштироки ҳақида ариза ва илтимоснома киритилмаганини қайд этилган.

Advokatnews нашрига кўра, очиқ суд мажлисида иштирок этиш учун олдиндан ёзма рухсат олиш ёки ариза киритиш зарурлиги қонунчиликда кўзда тутилмаган.

“Олий суд мутасаддилари матбуот анжуманларида суд идоралари ОАВ учун очиқлигини таъкидлаб келади. Лекин амалда матбуот суд фаолиятини ёритишдаги қонун кафолатлаган ҳуқуқларидан ҳам фойдалана олмаяпти”, - деб ёзади Advokatnews нашри.

“Очиқликдан қўрқадиган, очиқлик талабига оид қонунларга бўйсунмайдиган “крутой” судьялар бу ҳаракатлари билан ҳалол, виждонли ва адолатли ҳамкасбларини ҳам ёмонотлиқ қилишишлари мумкинлигини тушуниб етишлари керак” , - дея мазкур ҳолатга муносабат билдирди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Саида Раметова: “Саратонга чалинганимдан хабар топиб, ҳаёт қанчалик ширин эканини сездим”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова саратонга чалинганини маълум қилди (www.daryo.uz, 26 август).

Туркияда Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий сериалда роль ижро этаётган санъаткорнинг тоби қочган. Туркия шифохоналаридан биридаги тиббий кўрикда актрисада иккинчи даражали кўкрак саратони бошлангани аниқланган.

“Ҳеч кутмаган эдим, шу олтмиш уч йил давомида ҳеч қачон жиддий касал бўлмаганман. Балки адашишгандир, яна бир текширишсин дедим”, - дейди актриса.

Қайта текширувда ҳам дастлабки ташхис тасдиқланган.

“Шу касалликни ҳаққоний ичимда ҳис қилганимда ҳаёт қанчалик ширин эканлигини сездим. Баъзан бир-биримизнинг дилимизни оғритамиз, роль талашамиз, пулни орқасидан югуриб, ўзимизга дам бермаймиз, ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Лекин соғлиққа ҳеч нима етмас экан”, - деган театр ва кинодаги роллари билан танилган С. Раметова.

XS
SM
MD
LG