Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

OzodDayjest: Ўзбек матбуоти коррупцияда айбланган жиноятчиларга амнистия қўллашни тақиқлашни таклиф қилмоқда


Коррупционерларга нисбатан жазони кучайтириш таклиф этилди. Қамоқдан озод этилган Акром Малик жамоатчиликдан унинг фаолиятини сиёсийлаштирмасликни сўради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Коррупционерларга нисбатан жазони кучайтириш таклиф этилди

Ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган сўровлар аҳоли коррупционерларга нисбатан жазони кучайтириш ва муқаррарлигини таъминлаш орқалигина унга қарши самарали курашиш мумкин деб ҳисоблашини кўрсатмоқда (“Маҳалла” газетаси, 2 сентябрь).

“Масалан, амалдаги Жиноят кодексига кўра, бундай ишга қўл урган шахс келтирган зарари миқдорига қараб 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Лекин бу жазо камдан-кам ҳоллардагина қўлланади. Айрим пайтларда коррупционер келтирган зарарини қоплаш (қўлга тушган эпизоди бўйичагина) билан жазодан қутулиб қолиши ҳам мумкин” деб ёзади газета.

Қайд этилишича, қамоқ жазоси қўлланганда ҳам кўпдан-кўп енгиллаштирувчи сабаблар ҳисобга олиниб, анча кам муддат белгиланади.

Бундан ташқари, жиноятчи муддатдан олдин озод қилиниши ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

“Бизнингча ҳам, муқаррар ва қатъий жазолар белгиланмас, қонунларда бундай жиноятлар учун “юмшатувчи ҳолатлар”, амнистиянинг қўлланиши тақиқланмас экан, қуруқ тадбир уюштириб, форум ўтказиш билан овора бўламиз ва муаммони ҳал этиш, халқаро рейтингимизни кўтаришга эришолмаймиз” деб ёзади газета.

Озодликка чиққан Акром Малик келажак режаларини очиқлади

Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон президенти томонидан эълон қилинган афвномага кўра озод қилинган адабиётшунос олим Акром Малик Kun.uz нашрига интервью берди.

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси билан танқидий мақолалар ёзгани айтилган Акром Малик 2016 йил июль ойида қамоққа олинган ва кейинчалик суд томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституцион тузумга тажовуз) ҳамда 244-моддаси (жамоат хавфсизлигига таҳдид) билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Суҳбат асносида жазо муддатини ўташ жараёнида хатоларини тушуниб етганини қайд этган ва афв этгани учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.

Акром Малик бундан кейин фаолиятини илмий изланишларга бағишлаш, хусусан, Алишер Навоий асарларини шарҳлаш истагида эканини маълум қилган.

“Ёшлик – жуда катта имкониятлар, қизиққонлик, шижоат даври. Ҳаётни англамаган пайтда кичик бир ноҳақликни кўрса ҳам инсон ёниб кетади, бироз шошиб муносабатда бўлиши мумкин. Ёшларга айтмоқчиманки, албатта ноҳақлик қаршисида сукут сақламаслик керак. Инсон унга қарши туриши зарур. Фақат содир бўлаётган ўша воқеанинг моҳиятига, замирига назар солишни ўрганиш жуда муҳим” деган у.

Айни чоқда, А.Малик жамоатчиликдан унинг шахси ёки фаолиятини сиёсийлаштирмасликни илтимос қилган.

Боғчаларда йирик молиявий қонунбузарликлар фош этилди

Мактабгача таълим вазирлиги Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда тизимда бюджет маблағининг самарали ишлатилиши юзасидан ўтказган ўрганишларда 48,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди (www.xabar.uz, 2 сентябрь).

Масалан, Каттақўрғон шаҳрининг 10-сон махсус боғчада 900 млн сўмлик ноқонуний харажат фош этилди. Вазирликнинг ички аудит хизмати томонидан 2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган текширувлар натижаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний чора кўриш учун 904 та текшириш ҳужжатлари юборилди.

Мактабгача таълим тизимини бола ҳаққига хиёнат қиладиган виждонсиз инсонлардан халос этиш борасида ишлар давом эттирилади, дейилади вазирлик хабарида. Қайд этилишича, 2019 йилда МТВ 680 та ташкилот бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Улар асосида прокуратура томонидан бир қатор жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилган, вазирлик эса молиявий қонунбузарликларга йўл қўйган мудира ва ҳисобчиларни ишдан бўшатган.

Вазирликка кўра, камомад ва коррупция сабаб ишдан бўшатилган боғча мудиралари орасида ижтимоий тармоқда ёлғон хабар тарқатиб, жамоат фикрини манипуляция қилишга уринаётганлари ҳам бор.

Маълумот учун, бугунги кунда 6 мингга яқин давлат МТТларида 223 минг ходим фаолият юритади.

XS
SM
MD
LG