Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

OzodDayjest: “Коронавирусга чалинган Британия бош вазири оддий шифохонада даволанди, Ўзбекистонда эса...”


Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусга чалиниб, даволаниб чиққан давлат раҳбарларидан бири.
Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусга чалиниб, даволаниб чиққан давлат раҳбарларидан бири.

Давлат амалдорларининг ҳукумат шифохонасида даволаниши салбий баҳоланди. Ўзбекистон бўйича қурилиши бошланган мактабларнинг деярли 90 фоизида иш тўхтаб қолган. Танзила Норбоева халқ манфаати борасида “инқилобий” фикр билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон бўйича қурилиши бошланган мактабларнинг деярли 90 фоизида иш тўхтаб қолган

“Миллий тикланиш” партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида 2020 йилнинг ярим йили бўйича давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинди (“Миллий тикланиш”, 26 август).

Йиғилишда ижтимоий соҳалар, жумладан, халқ таълими, мактабгача таълим тизими фаолияти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, ҳудудларда қурилиши бошланган мактабларнинг деярли 90 фоизида иш тўхтаб қолган.

1919 та умумтаълим мактабини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун ажратилган маблағнинг 41 фоизи сарфланган, холос.

Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев маблағ ажратиш масаласида муаммо йўқлигини маълум қилган. Халқ таълими вазирлиги вакили эса тендер масаласида, яъни пудратчи ташкилотларни танлашда қийинчиликлар юзага келганини таъкидлади. Депутатлар халқ таълими вакилининг изоҳидан қониқмаган.

“Жойларда учта мактаб ўқувчиларини битта мактабда ўқитиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Бу ўқувчилар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Болаларнинг катта йўлдан ўтишида фожиа билан якун топган ҳолатлар ҳам бор. Ваҳоланки, мактаб қурилишини олти ойда бемалол тугатиш мумкин. Демак, юқоридагидек кўрсаткичлар халқ таълими тизимидаги ишлар тўғри йўлга қўйилмаганидан далолат беради”, - деган партия раиси Алишер Қодиров.

Танзила Норбоева: “Тор доирадаги шахслар манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши тўғри эмас”

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва молия вазири Тимур Ишметовнинг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизматига таяниб бир қатор нашрлар хабар берди.

Суҳбатда молия вазирлиги масъул бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама этилган. Мулоқот давомида ҳозирги ислоҳотлар даврида кўплаб харажатлар давлат елкасига – бюджетга тушаётгани, айниқса, пандемия сабабли харажатлар миқдори ортгани қайд этилди.

Солиқ тўлашда айрим корхоналарга ёки йирик тадбиркорларга кўплаб истиснолар, имтиёз ва преференциялар берилаётгани бозор эркинлигига, рақобат муҳитига, солиқ тизимининг шаффофлигига салбий таъсир қилаётгани танқид қилинди.

Бундай имтиёзлар кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказиш механизмини кучайтириш зарурлигига урғу берилди.

Бу борада фикр юритар экан, Танзила Норбоева тор доирадаги шахсларнинг манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши керак эмаслигини алоҳида таъкидлади.

“Жудаям зўр. Инқилобий сўзлар ҳатто. Сарлавҳадаги фамилияга қаралмаса, иқтидордаги эмас, мухолифатдаги одам гапираётган сўзларга ўхшайди” , - деб ҳолатни изоҳлаган блогер Отабек Бакиров.

Айни чоқда, блогер мамлакатнинг рейтинглардаги ўрнини яхшилаш эмас, балки элитар ўғрилик ва сиёсий даражадаги коррупцияни камайтириш, мамлакатни қолоқлик йўлидан чиқариб эркин тараққиёт томон илдамлашиши муҳим эканини қайд этган.

Мутахассис: “Коронавирусга чалинган Британия бош вазири оддий шифохонада даволанди, Ўзбекистонда эса...”

Буюк Британиядаги Lewisham University Hospital шифохонасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокор Фазлиддин Муродов икки мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги тафовутларга тўхталди (www.kun.uz, 25 август).

“Британия ва Ўзбекистон тиббиётида катта бир тафовут бор. Бизда “правительственная больница” дейиладиган тиббий масканлар ишлаб турибди, мен буни бир иллат деб ўйлайман. Собиқ иттифоқда ҳамма тенг ҳуқуқли деб бонг урган ҳолда давлат раҳбарларига, ҳукуматда ишлайдиганларга алоҳида эътибор кўрсатилган, аҳоли эса оддий шароитларда даволанган. Буюк Британияда бундай эмас, алоҳида касалхоналар йўқ, раҳбарлар касал бўлса, оддий касалхонада даволанади” , - дейди Ф. Муродов.

Бош вазир Борис Жонсон коронавирусга чалинганида ҳам оддий шифохонада даволанди. Бунинг ўзига хос жиҳати, раҳбарлар ҳам бевосита вазият билан танишади.

Қайд этилишича, икки мамлакат тиббиёт соҳасида субординация бошқача. Британияда тизим нафақат беморларни ташхислаб даволашни, балки касалликка чалинмаслик чораларини кўриб боради.

XS
SM
MD
LG