Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

UZ/Коронавирус: янги рекорд - 1 кунда 500 га яқин ҳолат аниқланди. СЭОА бир миллионта тест захираси бор, деб баёнот берди


COVID-19 - коронавирус инфекциясини аниқлаш учун олинган таҳлил намуналари, май, 2020, Тошкент
COVID-19 - коронавирус инфекциясини аниқлаш учун олинган таҳлил намуналари, май, 2020, Тошкент

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 2020 йил 12 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 12 855 нафар, тузалганлар 7723 дан ошди, 59 бемор вафот этди.

- Махсус комиссия 10 июлдан 1 августгача карантин қоидаларини яна кучайтирди ва аксар чекловлар яна қайта тикланди, машиналар қатнови чекланди, тўйлар тақиқланди.

- Парклар ва истироҳат боғлари, буюм бозорлари ва йирик дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар ёпилди.

- Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

- Вирусни юқтирганлар расмий сони дунёда 12 миллион 740 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 565 мингдан, тузалганлар 7 миллион 18 мингдан ошди.

СЭОА директори: Ўзбекистонда 1 миллионта тест захираси бор

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев мамлакатда 1 миллионта тест заҳираси борлигини маълум қилди.

12 июль куни, айни пайтда, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори бўлган Баҳодир Юсупалиев «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берди.

Жонли мулоқот давомида мулозим, кунига 450-470 нафаргача янги ҳолат қайд этилаётганини урғулаб, соғлиқни сақлаш тизими ортиқча босим остида ишлаётганини яна бир карра таъкидлади.

"Республика бўйича кунига 20, 22, 25 минггача тестлар ўтказяпмиз. Буни ўтган давр билан солиштирамиз: илгари кунига 8-10 мингта тест ўтказган бўлсак, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 2-3 баробарга ошганини кўриш мумкин", деб маълум қилди мулозим.

Б. Юсупалиев мамлакатда тест тизимлари етишмаётгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилиб, захирада 1 миллионта тест борлиги ва захира тинимсиз янгиланиб боришини таъкидлади.

Тошкентда коронавирус учун тест топшириш мумкин бўлган марказлар рўйхати эълон қилинди

12 июль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг пойтахтда коронавирус учун тест ўтказадиган лаборатория марказлари рақамлари эълон қилинди.

Сўнгги кунларда Тошкентда коронавирус аломатлари билан оғрий бошлаган ва "Тез ёрдам" хизматини кунлаб кутаётганлардан Озодликка мурожаатлар келиши кўпайганди.

Тармоқларда ҳам бу каби шикоятлар кўпайиши, шикоятчилар сафида давлат ташкилотлари вакилларининг ҳам кўриниши ортидан, агентлик махсус лаборатория марказлари рақамларини эълон қилди.

Озодлик мухбири 12 июль куннинг биринчи ярмида бу рақамлардан баъзиларига қўнғироқ қилиб, боғланишга уринди ва аммо, Озодликка келаётган шикоятларда қайд этилгани каби, рақамлар одатан банд бўлиб қолаётганига гувоҳ бўлди:

ССВ: 45 бемор оғир, 7 нафари ўта оғир аҳволда

12 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 12706 (+193) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 84 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида,

- 67 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида,

- 25 нафари Наманган вилоятида (шундан 17 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 8 нафари аҳоли орасида),

- 17 нафар Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган.

4925 киши шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

COVID-19 касаллиги симптомсиз кечаётганларни уйида даволаш тартиби тасдиқланди

"Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши курашиш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида" Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қабул қилинди.

ССВ берган хабарга кўра, ушбу буйруқ билан қуйидагилар тасдиқланди:

- COVID-19 касаллигини ташқи белгиларсиз енгил кечираётганларни уйида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби;

- барча ҳудудларда бундай беморларга уйида тиббий хизмат қиладиган ходимлар рўйхати;

- Бундай беморларнинг 10 кунлик тиббий кузатувига оид ҳисобот шакли;

- Коронавирус аниқланган беморлар тўғрисидаги маълумот шакли.

Аммо, сўнгги бир ҳафта ичида республика бўйлаб коронавирус касаллиги аломатини ўзида сеза бошлаган, аммо тест топшириш учун қилган сўровлари жавобсиз қолаётганлардан шикоятлар кўпайиб кетди.

8 июль куни Коронавирусга қарши кураш республика штаби вакили Ҳабибулла Оқилов мамлакатдаги тиббиёт муассасалари тўлгани, агар қайд этилган беморларнинг кунлик сони 1000 нафарга етса, тизим ўлишини айтган эди.

Шу вақтгача Ўзбекистонда 7 яримга яқин коронавирус бемори шифохоналардан соғайиб чиқди. Расмий рақамларга кўра, бу беморларнинг 70-80 фоизга яқини касалликни симптомларсиз кечирган.

Бундай беморларнинг ҳар бирига, ССВ берган расмий баёнотга кўра, 32 миллион сўмдан 64 миллион сўмгача маблағ сарфланган.

4 ойга чўзилган бу амалиётдан шу йилнинг 5 июлидан воз кечилди ва шу санадан бошлаб, коронавирус инфекциясига чалинганлар касалликни енгил кечираётган бўлса, уларга уйида даволанишига рухсат берилди.

COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқаролар ўз хоҳишига кўра стационар шароитда ҳам даволаниши мумкин.

58-ўлим: Тошкентда коронавирусга чалинган 53 ёшли аёл вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Олмазор туманида яшовчи 53 ёшли М.К. (аёл) Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанган.

Унга “COVID-19” оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония ҳамроҳ касалликлари билан оғриган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

11 июлда кунлик ўсиш бўйича рекорд янгиланди - 486 та ҳолат қайд этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 11 июль куни мамлакат бўйлаб 486 та ҳолат қайд этилган.

Бунинг 95 нафари эса аҳол орасида аниқланган.

11 июль куни Тошкент шаҳрида 2 нафар, Хоразм вилоятида 1 нафар, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Махсус комиссия карантин кучайтирилгани сабабини изоҳлади

Изоҳда айтилишича, 10 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида карантин чекловлари қайтадан кучайтириш соғлиқни сақлаш тизими бироз ўзини тиклаб олиши учун ўта зарурдир.

Махсус комиссия баёнотига кўра, 10 июлга келиб, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келган, вазирлик тизимидаги муассасалар тўлган.

"Айни вазиятда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун COVID-19 билан зарарланганлар сонини қисқартириш ҳамда касалланиш занжирини ҳеч бўлмаганда бир ойга узиш ва тизимни қайта тиклаш ҳаётий заруриятдир".

"20 кунлик танаффус — соғлиқни сақлаш муассасалари, шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган босимни юмшатиш ва август ойида мамлакат иқтисодиётини тиклашда давом этиш учун зарур", дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, барча тиббиёт ходимлари ва ётоқ ўринлари COVID-19 бемоларига ажратилгани учун, вақтида муолажа ололмай, бошқа касалликлардан ўлиши мумкин бўлган беморларни ҳисоблаш имкони қолмаслиги ҳам қайд этилган.

Яна айтилишича, мамлакатда COVID-19 билан касалланган шифокорлар сони ҳам кўпаймоқда, кўпчилик карантинда бўлгани сабабли ходимлар етишмовчилиги юзага келган.

"Шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган психологик босим энг юқори нуқтага етди", дейилади баёнотда.

Баёнотда, расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этаётгани, ҳақиқий ҳолат бошқа мамлакатлардаги каби бир неча баробар фарқли бўлиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Коронавирусга қарши кураш штаби вакили: Кунига минг нафардан бемор қўшилганда, соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади

Ўзбекистонда ҳали таҳлилга етиб бормаган, симптомсиз юрган касаллар сони 2-3 баравар кўп бўлиши мумкин. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссия қарори юзасидан Тошкентда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Аввал ПЗР таҳлил ўтказишда муаммо йўқ эди. Ҳозир кунига 20-22 мингта таҳлил ўтказилгандаям талаб даражасига етказиб беролмаяпмиз. Аввал 5-6 соатда жавоби чиққан бўлса, ҳозир йиғилиб қолган таҳлил намуналари натижасида жавобларни олишга 2-3 кун, 1 ҳафтагача вақт кетяпти. Бу вақт ичида бемор халқни ичида юриб, касалланиш кўпайишига сабаб бўляпти”, деди Ҳабибулла Оқилов.

Коронавирусга қарши кураш штаби вакили брифинг чоғида журналистлар саволига жавоб бераркан, ўз хавотирларини ҳам изҳор қилди.

Биз шу кунгача мана шу аҳволда ушлаб турдик, лекин ҳозир эплолмаяпмиз, кучимиз тугади. Ҳолат шунақаки, агар ҳозир тез кунда чоралар кўрмасак, эртага бошқариб бўлмайдиган коллапсга келиб қоламиз, ана унда биз ҳам, халқимиз ҳам жуда тушкунликка тушиб қолади. Шунинг олдини олиш учун айтяпмиз. Агар ҳозир шуни қилиб олмасак, эртага 400 бўлади, индинга 500 бўлади. Кунига мингтадан қўшилганда, соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади”, деди Ҳ. Оқилов.

10 июлдан карантин қоидалари яна кучайтирилади

Республика Махсус комиссияси 10 июлдан 1 августгача карантин қоидаларини яна кучайтирди ва қуйидаги чекловлар яна қайта тикланди:

- автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;

- давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;

- ташкилотларда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланди;

- ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);

- томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирлар, тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;

- 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.

Махсус комиссия қарори билан қуйидаги объектлар фаолияти тўхтатилди:

- парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;

- буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;

- спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;

- ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;

- умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);

- санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.

Халқаро авиақатновлар ва юк ташувлар билан боғлиқ қуйидаги янги тартиблар белгиланди:

- халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади;

- халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари хайдовчилари мажбурий тартибда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.

Лекин мамлакат бўйлаб йирик саноат ва қурилиш ширкатлари ишини давом эттиришига рухсат берилди:

Тошкентда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 64 ёшли М.Х. ,(аёл) COVID-19дан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, аёл 1 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига ётқизилган эди.

3 июль куни эса беморда нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олинган. Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдром, постхолецистэктомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси қўйилган.

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирусдан вафот этганлар сони бу билан 41 кишига етди.

Коронавирусдан энг кўп ўлим ҳолати Тошкент шаҳри ва вилоятида қайд этилган. Шу кунгача бу ерда 25 одам вафот этди.

Вилоятлар кесимида Қашқадарё, Навоий , Фарғона вилоятларида бир нафардан, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида икки нафардан, Самарқанд вилоятида уч нафар, Наманган вилоятида тўрт нафар бемор коронавирусдан вафот этган.

Қашқадарё вилоятида 12 соатда 161 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 8 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 10 838 нафарни ташкил этмоқда. Бу 7 июль соат 23:00даги кўрсаткичдан 168 нафарга кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги 12 соатда янги касалланиш ҳолатларининг 161 нафари Қашқадарё вилоятида аниқланган. Уларнинг 127 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ва 34 нафари аҳоли орасида топилган.

Бундан ташқари Наманган вилоятида ҳам 7 кишига коронавирус юққан.

Айни пайтда 6 811 нафар бемор соғайган, 41 бемор вафот этган. Ҳозирда касалхоналарда 3 986 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 24 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.

ССВ оғир аҳволда ётган яна бир бемор видеосини эълон қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 ва 7 июль кунлари Тошкентдаги шифохоналарда қолаётган оғир аҳволдаги икки коронавирус беморлари видеосини эълон қилди.

Видеога илова қилинган баёнотда вазирлик, аҳоли орасида ушбу вирусга чалиниш ҳоллари ортиб бораётганини таъкидлаб, аҳолини янада эҳтиёткор бўлишга даъват қилган.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари сақланаётган шифохоналар ва беморлар билан алоқада бўлганлар сақланаётган карантин зоналарига кириш, у ерда сақланаётганлар томонидан ичкаридан видео ёки фотоларни ташқарига чиқариш, хусусан, ижтимоий тармоқларга чиқариш тақиқланган.

Қуйида ССВ 6 ва 7 июль кунлари эълон қилган видеоларни кўришингиз мумкин:

ССВ оғир аҳволдаги 300га яқин бемордан иккисини намойиш қилиб, аҳолини огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

Вазирлик 7 июль, соат 17:30 ҳолатига эълон қилган маълумотга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони камида 10 минг 500 нафардан ошган.

Бу беморлардан 300 га яқини ўртача оғир, 20 дан ортиғи оғир аҳволда экани маълум қилинган.

“Карманагаз” ходими: тест топшириш учун сўровимизни қабул қилишмаяпти

Навий вилоятидаги “Карманагаз” ходими, абонентлар билан ишлайдиган мутахассис, 40 яшар Тўхтагул Турдиева ўзи ва ҳамкасблари аҳоли орасида коронавирус тарқалиб бораётган бир пайтда ҳимоясиз ва ўта оғир шароитда ишлаётганини айтди.

Аёлнинг OzodMikrofon рукнига айтишича, шахсан у ҳимоя костюми ва қўлқопсиз, 1 та ниқоб билан кунига 10 дан зиёд мижозни қабул қилмоқда, улар билан суҳбатлашиб, ҳужжатлар билан ишламоқда. Турдиеванинг иддао қилишича, ҳамкасбларининг яқинлари орасида COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар чиққани раҳбарият томонидан маълум қилинган.

Аммо, шундан сўнг ҳам у ишлаб турган ташкилот биноси дезинфекция қилинмаган, бемор билан мулоқотда бўлганлар эса карантинга олинмаган:

- Биз уйимизга вирусни олиб боришдан қўрқиб қолдик. Беморлар билан мулоқотда бўлганлар билан ишладик, аҳоли билан кунига мулоқотда бўляпмиз. Ташкилот биносини дезинфекция қилиб беринглар, бизни тест қилинглар, деб нечта жойга мурожаат қилдик. Ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Қаерга кетаяпти, ковидга қарши кураш учун, деб ажратилган пуллар, билмаймиз. Навоийда аҳвол жуда ёмон, раҳбарлар жуда бепарво.

Қуйида бу аёл билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

“Карманагаз” ходими: ҳимоя костюми ва қўлқопсиз, бир кунда 1 та ниқоб билан аҳолини қабул қилаяпмиз, бизни ким ҳимоя қилади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:22 0:00
Бевосита линк

ССВ: хориждан 15 та замонавий реанимобил келтирилди

Бугун Ўзбекистонга хорижда ишлаб чиқарилган 15 та махсус замонавий реанимобил олиб келинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, ушбу реанимобиллар дефибриллятор, ЭКГ ва сунъий нафас бериш аппаратлари, дори-дармонлар каби барча керакли воситалар билан жиҳозланган, беморни бир манзилдан тиббиёт муассасасига етказиб боргунча унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради.

Хабарда айтилишича, 2017-2018 йилларда "Ўзбекистон тарихида биринчи марта" тез тиббий ёрдам хизмати учун 1500 та янги ихтисослашган автомашина харид қилинган. Жорий йилнинг январида эса пойтахтимизнинг тез тиббий ёрдам хизмати учун хориждан 150 та “Ford” русумидаги энг замонавий реанимобиллар олиб келинган.

ССВ Навоий вилоят ҳокими берган маълумотни тасдиқламади

Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов 7 июль куни вилоят аҳолисига қилган мурожаатида коронавирусга чалинган бир киши вафот этганини билдирди.

“Энг аянчлиси шундаки, куни кеча вилоятимизда олиб борилаётган даволаш-профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, илк бор ўлим ҳолати қайд этилди”, -деди вилоят ҳокими.

Бироқ Турсуновнинг бу баёнотини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча тасдиқламади. Ҳоким бемор қачон ўлганини, унинг ёши ва жинсига оид маълумотларни очиқламади.

Озодликка Навоийдаги норасмий манбаларнинг хабар қилишича, ҳоким тилга олган банк ходими - Навоий вилоятидаги банк бошқарувчиларидан бирининг ўринбосари бўлган Х.Ш., коронавирусдан вафот этган.

ССВ: 3524 нафар бемордан 285 нафари ўрта оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 июлда аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётгани қайд этилган алоҳида баёнотни эълон қилди.

Вазирлик шифохоналарда даволанаётган беморларнинг 300га яқини ўрта оғир, оғир ва ўта оғир аҳволда эканини маълум қилди:

"Даволанаётган беморлар 3524 нафар бўлиб, шундан 285 нафари ўрта оғир, 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. Беморларнинг 172 нафарида пневмония жараёни кечмоқда".

Бу баёнотга вазирлик Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан олинган видеолавҳани илова қилди ва аҳолини янада огоҳ бўлишга чорлади:

35-ўлим: Тошкентда сўнгги бир кунда тўрт бемор вафот этди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М., (эркак киши)коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июлда хабар берди.

Билдирилишича, Л.М., 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган. 1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шу куни ундан “COVID-19” инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги” ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

“Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

5 июль куни Тошкентда уч киши - 45 ёшли эркак, 71 ва 49 ёшли аёлнинг коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган эди.

Коронавирус юққанлар сони 10143 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 6 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 10143 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан сўнгги 12 соатда коронавирус юққанлар сони 123 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 43 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 60 нафари Андижон вилоятида (шундан 58 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида), 20 нафари Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинганлардан 6584 нафари соғайди, 34 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3524 нафар бемор қолмоқда. Улардан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

5 июлда 312 одамда коронавирус аниқланди

“Шу йилнинг 5 июль куни мамлакатимизда 312 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 190 нафари Карантин муассасаларида, 121 нафари аҳоли орасида (шундан 84 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Тошкент вилоятида, 16 нафари Самарқанд вилоятида), 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида аниқланган”, -деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

5 июнда кун давомида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 159 нафар фуқаро соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10020 нафар бемордан 6584 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3402 нафар бемордан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда уй карантинида 42 895 нафар, стационар карантинда эса 25 021 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

34-ўлим: Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 июлда билдиришича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, коронавирусга чалингани аниқланган 49 ёшли Н.У., (аёл киши) 5 июнь куни ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Вазирликнинг билдиришича, у “бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган”.

Жорий йил 3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

“Унга “Икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома I” ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган. Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

Н.У., 5 июль куни Тошкентда коронавирусдан вафот этган учинчи бемор бўлди. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июль куни Тошкентда икки киши - 45 ёшли эркак ҳамда 71 яшар аёлнинг коронавирусдан вафот этганини хабар қилган эди.

Беморлар сони ўн мингдан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 5 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 020 нафарни ташкил этмоқда.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 16 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 27 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 5 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 22 нафари аҳоли орасида), 22 нафари Тошкент вилоятида (шундан 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 16 нафари аҳоли орасида) 19 нафари Самарқанд вилоятида (шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 16 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар, Тошкент тиббиёт академияси клиникасида 66 нафар, 1-сон шаҳар клиник шифохонасида 26 нафар ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 46 нафар бемор соғайди. Бу билан тузалганлар сони жами 6584 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3402 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

33-ўлим: Тошкентда уйида ўзини даволаб юрган коронавирус бемори вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда 45 ёшли эркак коронавирусдан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, пойтахтлик З. да бир неча кун давомида коронавирус аломатлари сезилиб, оғриқ ва ҳолсизлик кузатилганига қарамай уй шароитида даволаниб юрган.

30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

"Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган. Реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", дейилади расимий хабарда.

5 июль куни Тошкентда коронавирусдан 71 яшар аёлнинг вафот этгани ҳам хабар қилинган эди.

ССВ: Тошкентда 71 яшар бемор вафот этди

​Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган 71 яшар бермор ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 71 ёшли М.Г. жорий йил 30 июнь куни коронавирус аниқлангани сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга “Юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги” ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.

Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

"Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", деб хабар қилди вазирлик.

Шу билан коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони Ўзбекистонда 32 нафарга етди.

Зангиотада 2 минг ўринлик шифохона қурилмоқда, бир қисми фойдаланишга топширилди

Зангиотада коронавирус беморларини даволаш учун 2000 ўринли махсус шифохона фойдаланишга топширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 504 млрд сўм бўлиб, 33 гектарда бир қаватли 4 та блокдан иборат кўп тармоқли шифохона қурилмоқда.

Ҳозирда 16,5 гектар майдонда минг ўринга мўлжалланган бир қаватли 18 та блок фойдаланишга топширилаётгани хабар қилинди.

Шифохона шу йилнинг 6 июль куни илк беморларни қабул қилишни бошлайди.

Бунинг арафасида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов журналистларга муассасани намойиш қилди.

Дарвоқе, расмий каналларда намойиш қилинган лавҳаларда кўринишича, пресс-тур давомида ижтимоий масофа сақланмаган.

ССВ: беморлардан 15 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда

5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9829 (+121) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 106 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида,

- 7 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида),

- 7 нафари Тошкент вилоятида (шундан 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида),

- 1 нафари эса Сирдарё вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

3373 нафар бемор шифохоналарда қолмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Тошкентда 30-бемор - 65 ёшли эркак вафот этди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тошкентда коронавирусга чалинган 65 ёшли эркак 3 июль куни вафот этган.

Шундай қилиб, расмий маълумотларда келтирилаётган Ўзбекистондаги касаллик қурбонлари сони 30 нафарга етди.

Вазирлик билдирувида айтилишича, 1 июль куни 65 ёшли эркак ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Унга гипертония касаллиги, атеросклероз, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсулт)нинг иккинчи бор қайталаниши (биринчи ҳолат 2020 йил июнь ойида юз берган), геморрагик инсулт ташхиси қўйилган.

3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Ғузорлик шифокор: коронавирусдан вафот этган бемор жасади 15 соат шифохонамизда қолиб кетди!

Қашқадарёда коронавирус юқтириб олгач, вафот этган 64 яшар беморни қабул қилиб олган Ғузор туман Тиббиёт бирлашмаси Жонлантириш бўлими ходимининг видеомурожаати Озодликка келиб тушди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси Қашқадарё вилоят, Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., коронавирусдан вафот этгани, бунга қадар Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилганини расман маълум қилган.

Озодликка келган видеода COVID-19 инфекциясидан ҳимоя кийимини кийиб олган ва юзига ниқоб таққан ходима 64 ёшли оғир бемор аввалига уларнинг бўлимига олиб келингани ва натижада, бу бўлим карантинга олинганини айтади.

Ходиманинг сўзларидан тушунилишича, бу бўлим COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморларни қабул қилишга мўлжалланмаган, тайёргарлиги бўлмаган.

Юқори тана ҳарорати билан уйидан олинган бемор Юқумли касалликлар шифохонасига эмас, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Сўнгра вафот этган бемор жасади 15 соатдан ортиқ шифохонада қолиб кетган, уни вилоятга жўнатиш учун шифохона ходимлари жуда сарсон бўлишган.

Видеода, шунингдек, ҳозир беморнинг бир қариндоши ҳам оғир аҳволда яна шу шифохонага келтирилгани, туман Юқумли касалликлар шифохонасида эса бу оғир беморга жой етишмаётгани айтилган.

Бундан ташқари, ходима сўзларидан тушунилишича, коронавирус юқтирган бемор келтирилиши ортидан карантинга тушиб қолган шифокорларга етарли дори-дармон, ҳаттоки егулик етказилмаётир.

Ушбу видеода гапирган тиббиёт ходими билан Озодлик боғлана олмади. Шунингдек, Ғузор тумани Тиббиёт бирлашмаси ва Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан ҳам расман изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Nasafnews.uz ахборот порталининг ёзишича, 29 июнь куни марҳумнинг айни бўлимда сақланган акаси ва турмуш ўртоғига ҳам коронавирус юққанининг эҳтимоли юқоридир.

"Ҳозирда улар бўлимдан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Биз мазкур ҳолат бўйича ҳамма нарсани яшираётган ва ҳолат бўйича аниқ ахборот бермай турган Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан аниқ изоҳ кутамиз", деб қўшимча қилди ушбу нашр.

Ғузорлик шифокор видеосини Озодликка йўллаган қашқадарёлик тиббиёт ходимига кўра, улар коронавирус бутун шифохонага тарқалиб кетганидан гумон қилмоқда, аммо шифохонанинг айрим бўлимлари ҳануз очиқ турибди:

"Қашқадарёнинг Ғузор туманида вазият жуда оғир, лекин қизил ҳудудга ҳам киргизишмади. Ҳамма ўзича яшаб юрибди. Туман Тиббиёт бирлашмаси шифохонаси тўлиқ ёпилсин! Бу касаллик бутун шифохона бўйлаб тарқаб бўлди. Қайсидир бўлимлари ёпилди, лекин алоқа бор барибир. Ёпилсин шифохона карантинга!"

Коронавирус беморлари муолажасида антибактериал препаратлар қўлланмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда Оқилов, коронавирусга чалинган беморларга берилаётган дори-дармонлар ва препаратларни маълум қилди:

- Ҳозирги вақтда бир нечта дори-воситалардан фойдаланилмоқда, хусусан, антибактериал препаратлар - Азитромицин, қон суюлтиришга - Гепарин, Клексан, вирусга қарши-Лопинавир/Ритонавир, Авиган ва Гидроксихлорохин каби дорилар кўпроқ ишлатилмоқда. Оксигенотерапия (кислород билан даволаш) хам яхши самара кўрсатяпти. Оғир турларда симптоматик даво ўтказилади, яъни сунъий нафас олиш аппаратига уланади.

Автобусдаги тиқилинч назорати мутасадди органларга юклатилган

Брифингда штаб вакили Ҳ. Оқиловга: "Нима сабабдан таксиларда целофан ўрнатиб 2 кишидан кўп одам ташиш мумкин эмас-у, автобусларда тиқилинч қилиб йўловчи ташилмоқда. Яна автобусларда одамлар бу учун жаримага ҳам тортилмоқда?" деган савол берилди:

- Махсус комиссия қарорларида транспорт воситалари ҳудудлар рангига қараб хизмат кўрсатиши қайд этилган. Бунда автобусларда йўловчилар орасида ижтимоий масофа сақланган ҳолда хизмат кўрсатилиши белгиланган ва бу ҳолатни назорати мутасадди органларга юклатилган, деб жавоб берди Ҳ. Оқилов.

Назорат белгиланганига қарамай, шаҳар ичи ва атрофида қатнаётган автобуслардаги тиқилинчлар кузатилаётгани, ижтимоий масофа сақланмаётганига штаб вакили аниқ изоҳ бермади.

5 июлдан касаллик енгил кечаётган коронавирус беморлари уйда даволанади

Республика махсус комиссиясининг 30 июнь кунги қарори билан бундан буён коронавирус беморлари 3 тоифага ажратиладиган бўлди:

- коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;

- коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;

- коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.

Жорий йил 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади:

- касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида уйида даволанишига рухсат берилади;

- шифохона ва уйида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил беморлар, 10 кун ичида клиник белгилари кузатилмаса, назоратдан чиқарилади;

- коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлар 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳмонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Блогнинг аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

Алоқадор

XS
SM
MD
LG