Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Ҳиндистондан қайтган хаста бола 1-шаҳар шифохонасидаги беморларни чўчитиб юборди


Наманган вилоятида дезинфекция, 19 март, 2020 (иллюстратив сурат)
Наманган вилоятида дезинфекция, 19 март, 2020 (иллюстратив сурат)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси билан боғлиқ аудиоёзувга изоҳ берди.

Тармоқларда тарқалган бу аудиода коронавирус юқтиргани гумон қилинган беморнинг шифохонага ётқизилишига бошқа беморлар норозилик билдираётгани қайд этилган.

Аудиоёзув

Озодликка 22 март куни Тошкентдаги 1-сонли шаҳар шифохонасида бўлган жанжал овози қайд этилган аудиоёзув келиб тушди.

Аудиода кўплаб беморнинг бир эркак врачга юзланиб, Ҳиндистондан қайтган бир бемор ҳақида гапираётгани тушунилади.

Аудиоёзувда асосан аёллар гапиради. Улар коронавирус юқтиргани гумон қилинган беморни шифохонанинг, афтидан, улар ётган бўлимига жойлаштирмасликни сўрайди.

Шифокор бу беморда ҳозирча вирус аниқланмагани, уни айни шу шифохонага ётқизиш қарори юқоридан берилгани, у бу вазиятда ҳеч нима қилолмаслигини тушунтиришга уринади.

Сўнгра, аудиода шифокор экани тушунилган яна бир эркак кишининг овози пайдо бўлади ва у норози аёлларни тўпалон қилмаслик, акс ҳолда, ҳаммасини шифохонадан чиқариб юборишини айтиб, таҳдид қила бошлайди.

Бундан норозилиги янада ортган аёллар бақир-чақир қила бошлайди. Улар ораларида ёш боласи бўлган ва ҳомиладор аёллар борлигини айтиб, шовқин соладилар.

Аудиоёзув сўнггида бир аёл истерикага тушиб, йиғлай бошлайди ва бу бошқа аёлларни ҳам жўштириб юборгани эшитилади.

Сўнгра, шовқин-сурон тушунарсиз хатти-ҳаракат овозларига қоришиб кетади ва аёллар бир-бирини четга торта бошлагани тушунилади.

Қуйида ушбу аудиоёзувни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00
Бевосита линк

Расмий тасдиқ

22 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев бу ёзувдаги воқеа Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонасида бўлганини тасдиқлади.

Матбуот котиби мазкур воқеа бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

"21 март куни соат 18:15да «Деҳли-Тошкент» йўналиши бўйича Ҳиндистондан учиб келган рейсда 254 нафар йўловчи орасида 9 ёшли бола ҳам бўлган.

Сирдарёлик бу бола Ҳиндистонда бошидан операция ўтказган (кўпчилик одатда бу давлатга турли операциялар ўтказиб келиш учун боради – таҳр.) ва қайтган пайтида тана ҳарорати 39 даража бўлган.

Республикадаги вазият, шифо маскани яқинлиги ҳисобга олиниб, қолаверса «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси карантинга олингани ва энг муҳими – реанимация бўлимида жой борлиги учун бола шу шифохонага олиб борилган.

Қолаверса, ҳар бир бемор, айниқса болалар соғлиги учун шифокорлар жавобгардирлар.

Бу шифохонада сақланаётганлар ва уларнинг ташқарида турган яқинлари орасида «коронавирусга чалинган одам орамизга олиб келинди» деган гап тарқалиб, шифокорларнинг тушунтиришларига қарамай кескин норозиликлар билдирилган.

Кейинчалик бола бошқа ихтисослашган шифохонага жойлаштирилиб, реанимацион чора-тадбирлар амалга оширилди.

Айни пайтда бола ўз кузатувчиси бўлган бобоси билан махсус жойда ва аҳволи ўртача оғирликда, коронавирусга оид лаборатор текширувлар амалга оширилмоқда.

Бемор бу касалликка чалингани айни пайтда тасдиқланмаган.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, шифокорлар сизнинг соғлигингиз ва хавфсизлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар".

22 март ҳолатига кўра

Ўзбекистонда 43 кишида вирус аниқланди.

Булар Париж, Истанбул, Лондон, Дубай ва Швейцариядан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг тиббий кузатув остида бўлган яқинларидир.

ССВга кўра, беморларнинг 42 нафари Тошкент, бири Хоразмда сақланмоқда. Улар орасида оғир аҳволдаги бемор йўқ, уларнинг яқинлари шифохона ва уйида карантинида. Илк беморлар тузалишни бошлаган.

Бошқа янгиликларни жонли блогимизда ўқинг:

XS
SM
MD
LG