Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

UZ/Коронавирус: юқтирганлар сони 5103, 14 беморнинг аҳволи оғир. 15 июндан хорижга авиақатнов қисман очилади


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 2020 йил 15 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 5103, тузалганлар 3 минг 943 киши, 19 бемор вафот этди.

- 15 июндан хорижга авиақатнов қисман очилади, сариқ ва яшил ҳудудлараро поезд қатнови тикланади ва хусусий боғчалар очилади.

- Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунёда 7 миллион 804 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 430 мингдан, тузалганлар 3 миллион 721 мингдан ошди.

Коронавирусга чалинганлар сони 5103 нафар, 14 беморнинг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 5103 кишига етганини билдирди. Бу 14 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 23 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 8 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 11 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, қолган 4 нафари эса Тошкент вилоятида Россиядан чегара пост орқали юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланди”, - дейилади вазирлик расмий баёнотида.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат аниқланган 15 мартдан бери то шу кунгача коронавирус инфекциясига чалинган 3943 киши соғайди.19 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 1141 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

15 июндан хорижга авиақатнов қисман очилади

14 июнь куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори эълон қилинди.

Қарорда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган мамлакатлар билан халқаро авиақатновларни қайта йўлга қўйиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар қатнови учун шароит яратиш мақсадида айрим чекловлар бекор қилинди.

Жумладан, 15 июндан қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга чиқиш ва қайтиб кириши учун рухсат берилди:

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;

- инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;

- даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;

- хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;

- Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

- ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқаролар.

Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.

Сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида поезд қатновига рухсат берилди

Махсус комиссиянинг 14 июнь куни эълон қилинган қарори билан сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида поезд қатновига рухсат берилди.

Қатновлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда тикланиши лозим.

Қатнов қуйидаги йўналишларда тикланиши мумкин:

Тошкент - Бухоро - Тошкент;
Тошкент - Термиз - Тошкент;
Тошкент - Хива - Тошкент;
Тошкент - Нукус - Тошкент;
Андижон - Хива - Андижон;
Андижон - Бухоро - Андижон;
Андижон - Термиз - Андижон.


Поездлар қатнов режасини Транспорт вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биргаликда белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда “Афросиёб” поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига ҳам рухсат берилди.

Бундан ташқари, автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига ҳам тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

15 июндан “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда ​хусусий боғчалар очилади

14 июнь кунги қарор билан 2020 йил 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди.

Бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов ҳам бекор қилинди.

Нодавлат боғча тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозим.

Бу бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.

Давлатга қарашли боғчаларга эса жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат берилади.

Эпидемиологик вазият барқарор давлатлардан қайтганлар карантинга олинмайди

Махсус комиссиянинг 14 июнь куни эълон қилинган қарори билан Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроилдан кириб келган шахслар карантинга олинмайдиган бўлди.

Улар сўнгги 14 кун давомида номи тилга олинган мамлакатларда турган бўлиши лозим. Бундай давлатларда келган рейслар, комиссия қарорида яшил рейслар, деб тоифаланган.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган ҳудудлар - Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапурдан (сариқ рейслар) келганлар 14 кун уй карантинида сақланади.

Улар ҳам сўнгги 14 кун давомида номи тилга олинган мамлакатлардан чиқмаган бўлиши лозим.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан (қизил рейслар ёки эвакуация рейслари) кириб келган шахслар 14 кун карантинда сақланади.

Комиссия қарорига кўра, санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда, узлуксиз 14 кундан кам бўлганлар, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистон учун авиабилет сотилмайди.

Қоидани бузган карантин ҳаражатларини тўлайди

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан карантин қоидаларини бузган тадбиркорларга, бунинг оқибатида келиб чиқадиган ҳаражатларни тўлаш мажбурияти юкланди.

Telegram тармоғидаги Koronavirusinfouz каналининг хабар қилишича, комиссия қарори билан карантин талабларини бузган тадбиркорлик субъектлари:

- қурилиш,

- умумий овқатланиш,

- хизмат кўрсатиш объектлари

ва бошқаларга тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланади.

Жумладан, Тошкент шаҳрида бир кунда 195 кишида коронавирус аниқлангани ва уларнинг 183 нафари Мирзо Улуғбек туманидаги қурилишда ишлаётган қурувчилар экани маълум қилинган.

Қашқадарёда эса Enter Engineering компаниясининг 28 нафар чет эллик ходими бирдан коронавирусга чалингани хабар қилинган.

Бундан буён шунақа ҳолатларда - вирус аниқланган шахслар ва улар билан бевосита мулқотда бўлгани учун карантинга олинган одамлар учун кетадиган сарф-ҳаражатни тадбиркорлик субъектларининг ўзлари тўлайдиган бўлди.​

Транспорт вазирлиги: 21 июнгача яна 11 та чартер рейс қўйилади

Келгуси ҳафта ичида хориждаги ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш учун яна 11 та чартер рейс қўйилади.

Транспорт вазирлиги рейслар жадвалини маълум қилди:

15 июнь Тошкент–Москва–Тошкент;

15 июнь Тошкент–Истанбул–Тошкент;

16 июнь Тошкент–Бангкок–Тошкент;

16 июнь Қоҳира–Тошкент–Қоҳира;

17 июнь Тошкент–Москва–Тошкент;

18 июнь Тошкент–Деҳли–Тошкент;

19 июнь Тошкент–Истанбул–Тошкент;

19 июнь Тошкент–Москва–Тошкент;

20 июнь Тошкент–Қозон–Тошкент;

21 июнь Тошкент–Москва–Тошкент;

21 июнь Тошкент–Екатеринбург–Тошкент.

ССВ: Сурхондарёда 9, Бухорода 2 вирусга чалинган бемор аҳоли орасида аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги​нинг хабар қилишича, 2020 йил 14 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4994 (+28) нафарга етган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 10 нафари Тошкент вилоятида (шундан 4 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган), 9 нафари Сурхондарё вилоятида ҳамда 2 нафари Бухоро вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

Шифохоналарда 1 минг 101 нафар бемор қолмоқда. Булардан 12 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Кейинги пайтларда Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида аҳоли орасида вирусга чалиниш ҳоллари тез-тез кузатилмоқда.

Мутахассислар бунга сабаб ўлароқ, карантин қоидаларининг юмшатилиши ортидан аҳоли орасида мулоқотнинг кўпайгани ва ижтимоий масофага амал қилмаслик ҳамда хориждан қайтаётганларнинг, чекловларга қарамай, аҳоли билан мулоқот қилаётганини келтирмоқда.

Хусусан, бир неча вилоятда хориждан қуруқлик орқали қайтган ҳайдовчилар, чегарадаги тураргоҳларни, коронавирусга текширув натижалари чиқмай туриб, тарк этгани кузатилди.


Юнусободдаги деҳқон бозори сотувчиларида коронавирус аниқланган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Юнусобод деҳқон бозори коронавирус тарқалиши ўчоғига айланган.

Бозорнинг 6 нафар сотувчисида касаллик аниқланган.

«Медиа парк» савдо мажмуаси сотувчиларида ҳам вирус чиққан.

Сергели туманида касаллиги тасдиқланган такси ҳайдовчисининг отаси ва укасида коронавирус аниқланган.

Бир кечада 32 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда 13 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар яна 32 нафарга кўпайди ва касалланганларнинг умумий сони 4901 нафарга етди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган. Шундан 22 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган, 10 нафари эса хориждан чегара пост орқали Ўзбекистонга кириб келган.

Сўнгги 12 соатда яна 78 кишида коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 12 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4 819 нафарни ташкил этмоқда. Бу 11 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 78 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 66 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 5 нафари Сирдарё вилоятида (шундан 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган, 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 5 нафари Бухоро вилоятида ҳамда 2 нафари Самарқанд вилояти Ургут туманида аҳоли орасида аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавиурсга чалинган 3637 нафар киши соғайди, 19 бемор вафот этди.

Ҳозирда Ўзбекистон касалхоналарида 1163 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

ССВ: сўнгги 3 кунда аҳоли орасида вирус юқтириб олган 118 киши аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 11 июнь куни маълум қилишича, сўнгги 3 кунда:

- 8 июнь куни 66 нафар, 9 июнь куни 25 нафар, 10 июнь куни 27 нафар вирус юқтириб олган шахслар аҳоли орасида аниқланган.

10 июндаги ҳолатлар ҳудудлар кесимида:

- 11 нафар Тошкент вилоятидан, 7 нафар Тошкент шаҳридан, 3 нафар Сирдарё вилоятидан, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 2 нафардан, 1 нафари эса Қашқадарё вилоятидан беморлар аҳоли орасидан аниқланган.

Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилиб, уй шароитида даволанган фуқарода, Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2 нафар инспекторида, Шайхонтоҳур туманидаги “Медиапарк” савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида яшовчи, Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланадиган фуқаронинг 2 нафар оила аъзосида, Бекобод ва Тошкент туманларида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳамда Тошкент туманидаги “Американ госпитал” хусусий клиникаси кичик тиббиёт ходимида ҳам касаллик тасдиқланган.

Сирдарё вилояти Ички ишлар ходимининг қўшниси ва у билан мулоқотда бўлган 2 нафар тикувчилик цехи ходимларида, Самарқанд вилояти “Мароқанд” ДУКнинг 2 нафар ходими ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди.

11 июнь куни аниқланган 72 нафар беморнинг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган бўлса, қолган 52 нафари аҳоли орасида қайд этилмоқда.

Жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг бир йўла 28 нафар ходимида, Тошкент шаҳри Юнусобод бозорининг яна 2 нафар сотувчисида коронавирус инфекцияси тасдиқланди.

"Вазият шуни кўрсатмоқдаки, қайси тоифадаги ҳудуд бўлишидан қатъий назар, ён-атрофингизда коронавирус юқтириб олиш хавфи эҳтимоли юқори...

Минг афсуски, аҳоли орасида бу каби тавсияларга панжа орасидан қараётган, бефарқ муносабатда бўлаётган фуқаролар ҳам учраб турибди...

Заруратсиз кўчага чиқманг, одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойига боришдан вақтинчалик тийилинг, ижтимоий масофа сақланг, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювинг, кўчага чиққанда ниқоб тақишни асло унутманг, ва умуман, карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этинг", деб огоҳлантиради вазирлик.

Бир корхонанинг 28 ишчисидан бирдан вирус аниқланди

11 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 72 кишига кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, янги ҳолатларнинг 28 нафари Қашқадарёнинг Муборак туманидаги хорижий корхона ишчиларидир. Расмий баёнотда, хорижий корхона номи айтилмади.

Янги касалланиш ҳолатларининг яна 18 нафари Навоий вилоятида, 3 нафари эса Тошкентда ва 3 нафари Наманган вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

ССВга кўра, 11 июнь ҳолатига кўра, 1 минг 144 бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 10 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 72 кишига кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,11 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4695 нафарни ташкил этмоқда. Бу 10 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 72 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 18 нафари Навоий вилоятида, Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида 3 нафардан аҳоли орасида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг 28 нафар ишчисида аниқланди”, дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 3532 нафар бемор соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда. Беморлардан 19 нафари вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 1144 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 10 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

ССВ: Россиядан келтирилган самарқандлик эркак вафот этди

Расмий маълумотга кўра, самарқандлик А. шу йилнинг 27 май куни Санкт-Петербургдан чартер рейс орқали олиб келинган ва Карантин марказида тиббий кузатувга олинган.

Унда жорий йилнинг 1 июнь куни “Covid-19” инфекцияси тасдиқланиб, пойтахтдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Коронавирус инфекциясига чалинган бемор (эркак) узоқ йиллар давомида ўткир лейкоз, сурункали анемия оғир даражаси ва нафас етишмовчилиги каби касалликлар билан даволаниб келган. 1 июнь куни унинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган.

"Бироқ стандартлар бўйича кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган", дейилади расмий хабарда.

Бу бемор Ўзбекистонда коронавирусга чалингач, вафот этган 19 бемордир.

Аҳолиси орасида вирус энг кўп аниқланган Тошкентнинг "қизил" маҳаллари эълон қилинди

Тошкент коронавирусга чалинганлар аниқланган 42 та маҳалласи қизил ҳудудга айланди.

6 июнь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги жами 513 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 42 таси қизил, 132 таси сариқ, 339 таси эса яшил зона сифатида тоифаланган.

Маҳаллий нашрлар ушбу маҳаллалар номини эълон қилди.

6-7 июнь кунлари Тошкентда аҳоли орасида коронавирус юқтиргани аниқланганлар сони 200 нафардан ошди.

Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровдан олинган маълумотга кўра, Тошкентда қайд этилган янги ҳолатлардан 183 таси битта қурилиш ҳудудида ишлаган ишчилардир.

Айни пайтда мулозим, шаҳарнинг турли ҳудудларида "бир дона - икки дона одамда" вирус аниқланиш ҳоллари қайд этилаётганини таъкидлаган.

Камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқлар вазирлик ва идораларга бириктирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни, пандемия шароитида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда коронавирус пандемияси боис, дунёда тушиб бораётган иқтисодий кўрсаткичлар "Хитойда 1 фоиз, Ўзбекистонда эса 1,5 фоиз иқтисодий ўсиши" таъкидланган.

Йиғилишда камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идоралар бириктирилиши маълум қилинган.

"Давлатимиз раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди", деб хабар қилди матбуот хизмати.

Шунингдек, йиғилишда ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилгани пандемия оқибатларини енгишдаги зарур чоралардан бири сифатида қайд этилди.

8 июнь куни президент “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Яна маълум қилинишича, сўнгги 3 ойда Ўзбекистондаги иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилган, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилган.

Йиғилишда президент камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш учун бу йил 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш вазифасини қўйгани хабар қилинди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига эса экспорт кўрсаткичини 2019 йилгидан туширмаслик топширилди.

Тошкентда нега аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар бирдан кўпайди?

Сўнгги икки кун ичида Тошкентда аҳоли орасида коронавирус юқтиргани аниқланганлар сони 200 нафардан ошди.

Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровдан олинган маълумотга кўра, Тошкентда қайд этилган янги ҳолатлардан 183 таси битта қурилиш ҳудудида ишлаган ишчилардир:

“187 таси битта қурилишда ишлайдиган усталар. Ҳозир барча чора-тадбирлар кўрилган. Карантинга олинган. Дайдиб чиқиб кетиб, магазин, бозорларда юргани йўқ улар. Бозорларга чиқиб кетди, деган гап-сўзлар йўқ. Ҳаммаси изоляцияга олинган. Мирзо Улуғбек туманида қурилишда ишлаётган усталардан чиққан. Лекин, аҳоли орасидан ҳам гоҳ-гоҳида бир дона, икки дона кузатилиб турибди. Лекин вирус шаҳар бўйлаб тарқалиб кетди, деган маълумотлар нотўғри”.

Телефон алоқаси ўта ёмон бўлгани боис, матбуот котибидан 200 га яқин қурувчиси коронавирусга чалинган ширкат ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумот олиш имкони бўлмади.

Пойтахт эпидемиологларига кўра, мавжуд 11 туманнинг бир нечтасида аҳоли орасида коронавирусни юқтириб олганлар аниқланган ва бемор билан мулоқотда бўлганларни тўлиқ қамраб олиш тобора қийин кечмоқда.

Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг (СЭОА) Тошкент шаҳридаги хизматларидан бирида ишлайдиган мутахассис аҳоли орасида вирус тарқалиши кўпайганининг бирламчи сабаби сифатида ижтимоий масофага амал қилинмаëтганини тилга олди:

“Одамларимиз карантин юмшади, деб ниқобга беэътибор бўлиб қолди. Ижтимоий масофа сақланмаяпти – бозорлардаги аҳволни кўриб турибсиз, одам кўп. Шунинг учун, вирус тарқалиши кўпайиб қолди. Лекин, биз ҳар битта ҳолатда илк тарқатувчи манбани аниқлаб, ҳамма мулоқотда бўлганларни қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз. Фақат, бу вақт оралиғида карантинга олинганлар ҳам, кузатувга олинганларнинг ўзлари ҳам эҳтиёт чораларига амал қилиб, уйида ўтириши керак – лекин, бунга амал қилмаслик ҳолатлари кўпайди, афсуски”.

Мутахассисга кўра, ҳозир СЭОА бўлинмалари, мулоқотда бўлганлар орасида таҳлил учун намуна олинадиганлар қамровини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда ва бу жараёнга куч ишлатар тузилмалари ҳам жалб қилинган.

Тошкентда аҳоли орасида 8 кишида вирус аниқланди

2020 йил 9 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4448 (+8) нафарни ташкил этмоқда.

ССВнинг маълум қилишича, янги касалланиш ҳолатлари - 8 беморнинг барчаси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган.

Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этаётгани айтилди.

Ҳозирда 1073 нафар бемор шифохоналарда даволанмоқда. ​

Коронавирусга чалинган 9 беморнинг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4448 нафарни ташкил этмоқда. Бу 8 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 8 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 3357 нафар бемор соғайди. 18 бемор эса вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 1073 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

7 июль куни кун давомида Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар бўйича рекорд кўрсатич қайд этилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 7 июнь куни жами 237 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 195 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган.

18-қурбон: Тошкентда коронавирусга чалинган 76 ёшли отахон оламдан ўтди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 76 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, беморнинг 28 май куни коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланиб, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.

31 май куни унинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган. Реанимацион муолажаларга қарамасдан, сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 18 нафарга етган.

Айни пайтда вазирлик марҳумнинг турмуш ўртоғи, фарзанди ва набираларида ҳам COVID-19 инфекцияси тасдиқлангани, уларга врачлар назорати остида даволанаётганини билдирган.

ССВ қайдича, 2020 йил 8 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 4440 нафарга етган, улар орасидан 3357 нафар бемор соғайиб кетган.

АҚШ Ўзбекистонга коронавирус тести учун зарур воситаларни тақдим этди

Қўшма Штатлар Ўзбекистонга COVID-19 га қарши қарши курашда кўрсатаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси орқали ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига коронавирус тести ўтказиш учун зарур воситаларни етказиб берди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати 8 июнь куни маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, бу USAID ҳадя этаётган тест воситаларининг биринчи тўпламидир. У 15000 та тест ўтказишга етарли QIAGEN RNA реагентларини жамлаган 60 та қутидан иборат. 10000 та тест учун мўлжалланган яна 40 та шундай қути бир неча ҳафтадан сўнг Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда.

АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 3,9 миллион доллар ёрдам ажратган. Бу кўмак лабораторияларни кенг кўламли тестлар ўтказишга тайёрлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш, COVID-19 га оид тезкор чораларни такомиллаштириш, касаллик юқтирганлар ҳолатини бошқариш тизимини кучайтириш, вирус тўғрисидаги дезинформацияга қарши курашиш ҳамда жамоаларни ҳамжиҳатликда ишлашга жалб қилиш кабиларни ўз ичига олади.

23 туман, 2 та шаҳар қизил, пойтахт тўлиғича сариқ зонага айланди

ССВнинг хабар қилишича, 8 июнь куни беморларнинг соғайиши ҳамда эпидемик вазият эътиборга олинган ҳолда Ўзбекистондаги туман (шаҳар)ларнинг тоифалари ўзгартирилган.

Эълон қилинган рўйхатда кўринишича, Тошкент шаҳри тўлиғича сариқ зона, деб эълон қилинган.

Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб жами 23 та туман ва иккита шаҳар қизил зонага айланган.

Қуйида тўлиқ рўйхат билан танишишингиз мумкин:

Н. Отабеков: 7 июнь куни аҳоли орасида 217 ҳолат аниқланди

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашди, деб баёнот берди.

Нурматовнинг маълум қилишича, 7 июнь кунининг ўзида аҳоли орасида 217та ҳолат аниқланган:

"Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият ўта мураккаблигича сақланиб турибди. Куни кеча қайд этилган Тошкент шаҳридаги 195 нафар, Тошкент вилоятидаги 10 нафар, Хоразм вилоятидаги 8 нафар ва Сирдарё вилоятидаги 4 нафар бемор аҳоли орасидан қайд этилган.

Бундан кўриниб турибдики, вазият мураккаблашиб бормоқда. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимолимиз борлигини унутмаслигимиз керак. Карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилинг. Дока ниқобда бўлинг, мулоқотларда оралиқ масофани сақланг, уйга қайтганингиздан кейин антисептик воситалардан фойдаланинг", деб огоҳлантирди бош санитар инспектор.

Унинг қайд этишича, аҳоли орасида бу каби тавсияларга бефарқ муносабатда бўлаётганлар кўпайиб кетяпти.

8 июнь куни тонгида яна 21 кишида вирус аниқлани, булардан 8 нафари аҳоли орасида қайд этилган - булар Навоий вилоятида 5, Тошкент вилоятида эса 3 ҳолат.

Нурмат Отабеков
Нурмат Отабеков

ССВ: шифохонадаги 981 беморнинг 7 нафари оғир аҳволда

2020 йил 8 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4352 (+21) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 7 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида,

- 3 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган фуқароларда,

- 5 нафари Навоий вилоятида аҳоли орасида,

- 6 нафари Тошкент вилоятида (шундан 3 нафари хориждан чегара пост орқали юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари, яна 3 нафари эса аҳоли орасида) аниқланган.

Шифохонада 981 нафар бемор қолмоқда, улардан 6 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

100 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан қайтмоқчи

Россияда 100 мингга яқин ўзбекистонлик ватанига қайтиш истагини билдирган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, муҳожирларни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан амалга оширилаётган чартер рейслар биринчи навбатда имконияти чекланганлар, қариялар, оғир касаллиги бор фуқаролар ҳамда ҳомиладор, шунингдек, ёш болали аёллар ва талабаларни олиб келмоқда.

Эркин Ҳамроев 6 июнь ҳолатига мувофиқ, 1245 нафар ўзбекистонлик темир йўллар орқали, 15 минг 390 нафар фуқаро майдан бошлаб ташкил этилган чартер авиарейслар орқали Ўзбекистонга олиб келинганини айтган.

Меҳнат вазири: Коронавирус оқибатида ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус оқибатида ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди. Бу ҳақда 7 июнь куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилишида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди.

Вазирга кўра, коронавирус пандемияси бошланишидан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 минг кишига яқин бўлган.

-Пандемия бошлангач қатор корхоналар фаолияти тўхтатилди ва ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди, - деди Нозим Ҳусанов.

Вазирнинг таъкидлашича, карантин оқибатида чегаралар ёпилгани муносабати билан 550 минг ўзбекистонлик хорижга ишлаш учун чиқиб кета олмай қолган. Айни пайтда хориждан қайтган меҳнат муҳожирларини иш била таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Сергели туманидаги қурилиш ишларига хориждан қайтган 1,5 мингга яқин ўзбекистонлик ишга олинган.

Ярим кунда бемор сони 121 нафарга ортди

2020 йил 7 июнь соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4302 (+121) нафарни ташкил этмоқда.

ССВ берган маълумотга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 13 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 98 нафар Тошкент шаҳрида, 2 нафари Сирдарё вилоятида, 8 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида қайд этилган.

Яъни Тошкент шаҳрининг ўзида ярим кун ичида яна 98 кишида вирус аниқланган.

Шифохонада қолаётганлар сони 955 нафарга чиқди.

8 июндан сариқ ва яшил ҳудудларда автобуслар қатнови тикланади

8 июндан сариқ ва яшил ҳудудларда шаҳар, туманлар ичида ва шаҳарлар атрофидаги йўналишлар бўйича автобуслар қатнай бошлайди.

​Аммо, дамас, микроавтобус ва метрополитен фаолияти тикланмайди.

Республика Махсус комиссияси қарори билан, жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклашда қуйидаги талабларга қатъий риоя қилиш талаб этилади:

- автокорхона томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва охирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш;

- ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш чораларини кўриш;

- автобус салонига фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчиларни киритиш.

Транспорт вазирлигининг махсус тайинланган ходимлари дезинфекция талаблари бажарилишини назорат қилиб бориши айтилган.

Республика махсус комиссияси йўловчилардан карантин талабларига қатъий амал қилиш ва ижтимоий масофани сақлашни сўрайди.

Комиссия жамоат транспортида карантин талабларини бузиш тегишли маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

ССВ: Тошкентда фуқаролар орасида 87 кишида вирус тасдиқланди

6 июнь кечки соат 17:00дан 7 июнь эрталабки соат 10:00га қадар 87 кишида вирус аниқланди ва янги ҳолатларнинг барча Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакатда 7 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 87 кишига кўпайиб, 4181 нафарга етган.

"Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар орасида қайд этилган", деб хабар қилди ССВ матбуот хизмати.

Аммо, бу хабарда вирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ватандошлар карантинда сақланаётганмиди, агар карантинда бўлса, уй карантими ёки стационар шароитдами - бу тафсилотлар маълум қилинмади.

Шунингдек, 7 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, шу кунда шифохонада қолаётган беморларнинг 11 нафари аҳволи оғир, 3 нафари аҳволи эса ўта оғирдир.

Ўзбекистонда шу кунга қадар вирусга чалинганлардан 17 нафари эса вафот этган.​

Uzbekistan Airways: яна 20 та чартер рейс амалга оширилади

Uzbekistan Airways авиакомпанияси келгуси 2 ҳафта ичида яна 20 та чартер рейс уюштирилишини маълум қилди.

Қатор маҳаллий нашрларнинг ширкат матбуот хизматига таяниб, хабар қилишича, янги рейслар 8 июндан 21 июнгача амалга оширилади.

Рейслар жадвали:

8 июндан 14 июнгача:

8 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

9 июнь. Тошкент—Сеул—Тошкент;

9 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

11 июнь. Тошкент—Новосибирск—Тошкент;

12 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

12 июнь. Тошкент—Истанбул—Тошкент;

13 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

14 июнь. Тошкент—Дубай—Тошкент.

Ширкат матбуот хизмати 8 июндан 21 июнгача Римга ҳам битта рейс қўйилиши кутилаётгани, қўшимча маълумотлар тез орада берилишини билдирди.

15 июндан 21 июнгача:

15 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

15 июнь. Тошкент—Истанбул—Тошкент;

16 июнь. Тошкент—Тель-Авив—Тошкент;

16 июнь. Тошкент—Дубай—Тошкент;

17 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

19 июнь. Тошкент—Истанбул—Тошкент;

19 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент;

19 июнь. Тошкент—Истанбул—Тошкент;

20 июнь. Тошкент—Қозон—Тошкент;

21 июнь. Тошкент—Москва—Тошкент»;

21 июнь. Тошкент—Екатеринбург—Тошкент.

Сўнгги бир ойда 32 та чартер рейс қўйилди ва жами 8 мингга яқин ватандош қайтарилди. Чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ ватандош кириб келди.

ССВга кўра, уларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар 4064 нафарга етди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 4064 нафарга етганини маълум қилди.

Бу 6 июнь эрталаб соат 10.00да эълон қилинган рақамлардан 42тага кўпдир.

Янги касалланиш ҳолатлари Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва Хоразмда аниқланган.

Россиядан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчи​да коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда 6 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар сони 15 кишига кўпайиб, 4022 нафарга етди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Вазирликка кўра, янги касалланиш билан боғлиқ 4 холат Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган.

Коронавирус билан боғлиқ янги холатлар орасида Россиядан кириб келган юк ташувчи ҳайдовчилар ҳам бор.

Вазирликка кўра, Қозоғистон орқали Россиядан Тошкентга кириб келган 3 нафар халқаро юк ташувчида коронавирус аниқланган.

Қолган янги холатлар Навоийга тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда карантин 15 июнда тугамаслиги мумкин

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мамлакатда коронавирусга қарши кўрилаётган карантин чоралари 15 июндан кейин ҳам сақланиб қолинишини маълум қилди.

Агентлик раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов 5 июн куни Тошкентда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда карантин чораларининг буткул тугатилиши минтақа ва дунёдаги вазиятга боғлиқ бўлиб қолишини айтди.

"Карантин тадбирлари 2020 йил 15 июнда тугамайди. Бу аниқ. Дунёда касаллик тарқалиш кўрсаткичлари икки баробарга камайди. Ўлим кўрсаткичлари ҳам икки баробарга камайди. Иккини тўлқин ҳақидаги гаплар ҳам бежиз эмас. Касаллик қачонки бутун дунёда бутунлай тугади, деб эълон қилингандан кейингина чеклов ва тадбирлар бутунлай олиб ташланиши мумкин", деди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбари муовини Қурбонов.

ТИВ Россиядаги ватандошлардан рус-қозоқ чегарасидаги НЎПларда тўпланмасликни сўради

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида юрган ўзбекистонликлардан Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки мазкур икки давлат чегарасидаги бошқа чегара пунктларига боришга уринмасликни, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишни ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишни илтимос қилди.

Вазирликнинг бу илтимосига Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланганига оид маълумотлар сабаб бўлган. Бу маълумотлар, маълум қилинишича, вазирликка Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналаридан келиб тушган.

“Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади ТИВ хабарномасида.

Қайд этилишича, ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисидаги маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборган. Вазирлик Махсус комиссия қарори тўғрисида алоҳида маълумот берилишини билдирган.

Жорий йил 25 майидан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 8 та чартер рейси уюштирилганини эслатиб ўтган ТИВ ҳозирги пайтда Махсус комиссия томонидан Россиянинг турли ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб келиш учун қўшимча чартер рейсларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини, Россиянинг турли ҳудудларидаги шаҳарларга чартер рейслари ташкил қилиш устида ишлар давом этаётганини урғулаган.

Рус-қозоқ чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида йиғилаётган ўзбек муҳожирлари ва уларнинг муаммолари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Республика махсус комиссияси масжидларнинг очилиш санасига ўзгартиш киритди

Ўзбекистонда масжидлар 2020 йил 8 июнидан бошлаб фақат “яшил” ҳудудларда фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси 4 июнь куни тарқатилган изоҳида қайд этилган.

Аввалроқ махсус комиссия “Яшил” ҳудудларда 5 июндан бошлаб масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида маълумот тарқатганди.

Комиссиянинг кейинги изоҳига кўра, 5-8 июнь кунлари диний муассасаларда (масжидлар, черковлар) уларнинг фаолияти қайта йўлга қўйишда хавфсизликни таъминлаш учун бир қатор тайёргарлик чоралари кўрилади. Айтилишича, ушбу чора-тадбирлар диний муассасаларни санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий мослаштиришга қаратилган.

Коронавирусга чалинганлар сони камида 3874 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3874 нафарни ташкил этмоқда. Бу 3 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 31 кишига кўпдир.

Янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Қозоғистондан чегара пости орқали Ўзбекистонга келганидан сўнг карантин марказида сақланаётганлар орасида аниқланган.

Бундан ташқари беморларнинг 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасига хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари Тошкент вилояти турғуни, 1 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган билан мулоқотда бўлган фуқародир.

Тошкент шаҳрида 8 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 3 нафари аҳоли орасида, яна 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 2 нафари хориждан келган ва карантинга олинганлар орасида аниқланган.

Вазирликка кўра, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 3014 нафар фуқаро соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 844 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. 16 бемор ҳалок бўлди.

Барча ҳудудларда айрим карантин талаблари сақлаб қолинди

Республика махсус комссиясининг 4 июнда маълум қилишича, барча ҳудудларда, уларнинг тоифасидан тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолинмоқда:

📌 жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;

📌 таълим ташкилотлари (мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар) фаолиятини йўлга қўймаслик;

📌 кўнгилочар объектлар — тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;

📌 концерт, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;

📌 жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;

📌 деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;

📌 барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;

📌 қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.

🔴 “Қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, “яшил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

15 июндан ошхоналар, болалар боғчалари ва буюм бозорлари ишга тушади

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 июндан бошлаб“яшил” ва “сариқ” ҳудудларда қуйидагиларга рухсат берилмоқда:

Умумий овқатланиш объектлари фаолиятига.

Айни пайтда банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Умумий овқатланиш объектларига 8:00 дан 23:00 га қадар ишлашга рухсат берилади. Столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш шарт.

Бундан ташқари бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш лозим бўлади.

Ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши шарт. Ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозаланади.

Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига. Бунда:

-мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш;

-мактабгача таълим ташкилотлари биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;

-ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;

-тана ҳарорати 37*С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади;

Буюм бозорлари фаолиятига.

Бунда буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади;

Ҳудудлар ўртасидаги автобуслар қатновларига.

Бунда ташувчилар фаолияти қуйидаги талаблардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади:

-транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш;

-автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш;

-ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш.

5 июндан бошлаб масжидлар,меҳмонхона ва санаторийлар иш бошлайди

Республика махсус комиссияси 5 июндан бошлаб қуйидаги фаолият турларига рухсат берди:

“Сариқ” ҳудудларда:

-меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (хостеллар бундан мустасно);

-уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун);

-меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига;

“Яшил” ҳудудларда “сариқ” ҳудудларга қўшимча равишда:

-индивидуал шуғулланиш учун тренажер заллари ва бассейнлар фаолиятига.

Бунда тренажер заллари ва бассейнлар объектларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, ижтимоий масофани таъминлаш имконияти бўлмаган жамоавий спорт турларини ўтказмаслик талаб этилади;

-маданият объектлари (театрлар) фаолиятига, индивидуал ва жамоавий репетициялар ўтказиш шарти билан (30 кишидан кўп бўлмаган), томошабинлар ва ташриф буюрувчиларга рухсат бермаган ҳолда, спектаклларни онлайн режимида ёки телевидение орқали трансляция қилиш йўли билан;

-таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруғ ташкил этиб, вақтини олдиндан келишган ҳолда) фаолиятига.

Бунда ходимлар ва болаларнинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болаларни машғулотлар четлатиш, шунингдек, санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади;

-диний ташкилотлар фаолиятига.

Бунда диний ташкилотлар биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шу жумладан намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда), шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда киритмаслик чораларини кўриш, жамоавий диний маросимлар (жума намози ва бошқалар)ни ўтказмаслик талаб этилади.

Коронавирусга чалинган 72 ёшли оқсоқол оламдан ўтди

Тошкентда коронавирусга чалинган 72 ёшли М. исмли (эркак) бемор оламдан ўтди. Шу тариқа Ўзбекистонда Covid-19 инфекцияси юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмган кишилар сони 16 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, М. 2 июнь куни “Covid-19” аниқланиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. У узоқ йиллардан буён юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта юрак хуружини бошидан ўтказган.

ССВ қайдича, мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан жонлантириш бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этган.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 2020 йил 3 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, 3843 нафарга, соғайганлар сони эса 3014 нафарга етганини маълум қилган.

Қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар ватанига қайтарилди

Тожикистон расмийлари сўнгги бир неча ҳафтадан бери Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “Жибек жўли” божхона маскани яқинида жойлашган автовокзал ҳудудида яшаётган ватандошларини юртига қайтарди.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 2 июнь оқшомида у ердаги 237 нафар тожикистонликнинг барчаси олиб келинганини маълум қилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли март ойи ўрталаридан ўз чегараларини ёпган.

Тожикистон ТИВ Қозоғистон расмийларига мазкур ватандошларнинг чегарадан гуруҳ бўлиб ўтишига шароит яратиб бергани, Ўзбекистон расмийларига эса тожикистонликларни олиб кетишга йўл очиб бергани учун миннатдорчилик билдирди.

Аввал хабар қилинганидек, қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар орасида 17 нафар бола ва 14 нафар аёл бўлган. Улар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига 2,5 ойдан бери уйига етиб олиш учун чегарадан ўтолмаётганларини маълум қилганлар.

Қозоқ-ўзбек чегараси яқинида қолиб кетган тожикистонликлар, 2020 йил 2 июни.
Қозоқ-ўзбек чегараси яқинида қолиб кетган тожикистонликлар, 2020 йил 2 июни.

Истанбул ва Москвадан 670 дан зиёд ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Шу йилнинг 1-2 июнь кунлари Тошкент – Истанбул – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида амалга оширилган парвозлар орқали 677 нафар ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур парвозлар Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш мақсадида тасдиқланган чартер рейслар жадвалига мувофиқ равишда амалга оширилган.

Вазирлик 3 июнь куни Тошкент – Шаржа – Тошкент ҳамда Тошкент – Москва – Тошкент йўналишларида чартер қатновлари амалга оширилиши белгиланганини, 4 июнь куни эса Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент йўналишида чартер рейси бажарилиши кутилаётганини билдирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда”, деб айтган, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётгани, бунга қўшимча яна 100 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётганини билдирганди.

Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони 3760 нафарга етди

Ўзбекистонда,2020 йил 2 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 3760 ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 7 таси Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида, 2 таси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, биттаси эса Карантин марказидаги (Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кириб келган) фуқаролар орасида аниқланган.

Бу орада вазирлик мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 2908 нафар фуқаро соғайиб кетганини, 837 нафар беморнинг муолажалари давом этаётганини билдирган. СВВ қайдича, тиббиёт муассасаларида даволанаётган 837 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Эпидемия бошланганидан бери COVID-19 инфекцияси юқтириб олган беморлардан 15 нафари оламдан ўтган.

Коронавирусга чалинганларнинг кўпи хориждан келганлар орасида аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3662 нафарни ташкил этмоқда. Бу 31 май соат 23:00даги кўрсаткичдан 39 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 24 нафари Карантин марказидаги (Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарлари ҳамда Қозоғистон Республикасидан келган) фуқаролар орасида, 10 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Наманган вилоятида карантинда бўлган фуқаролар орасида, 2 нафари Сирдарё вилоятига, яна 2 нафари эса Россиядан Тошкент вилоятига чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган”, - дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 2837 нафар бемор соғайди, 15 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 810 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 8 нафар бемор оғир, 1 нафар бемор эса ўта оғир аҳволда.

ССВ: 63 яшар бемор шифохонага тушганидан бир кун ўтиб, ​вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 30 май куни вирусни юқтириб олгани аниқланиб, касалхонага ётқизилган 63 яшар аёл ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этган.

1957 йилда туғилган пойтахтлик Х. да шу йилнинг 30 май куни “Covid-19” аниқланиб, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган эди.

Бемор шу йилнинг январь ойида бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан даволанган.

Беморнинг даволаниши давомидаги кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб турилган.

Бироқ невропатолог, кардиолог, вирусолог, пульмонолог, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгач, вафот этган беморлар сони 15 нафарга етди.

Прокуратура: Навоийда 222 млн. сўм пул ўзлаштириб юборилган

Навоий вилоятида COVID-19 инфекциясига қарши кураш учун ажратилган 222 миллион сўм маблағ ўзлаштириб юборилгани аниқланди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, маблағнинг катта қисми растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Нашрнинг хабар қилишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик марказидаги "мансабдор шахслари ва бошқалар" ажратилган 5 миллиард сўм маблағнинг бир қисмини талон-торож қилган.

"Т." ва "И-П." МЧЖ дан кимёвий дезинфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилиб, жами 222,3 миллион сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилган ҳолда давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган", дейилади хабарда.

Ҳозирда номи тилга олинган ташкилотлар раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, тергов бошланган.

Китоб тумани тўлиқ карантинга олинди

Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, вирусни юқтириб олгани гумон қилинган шахс кўпчилик билан мулоқотда бўлгани боис, эҳтиёт чораси сифатида, туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

"Гумонланиш ўз тасдиғини топгунга қадар карантин талаблари кескин кучайтирилиб, кириш-чиқиш йўллари тўсилди. Автотранспорт ва пиёда ҳаракатланиш қатъий назоратга олинди", дейилади хабарда.

Вилоят ахборот хизмати огоҳлантирувларга қарамай, мақсадсиз кўчада юрганлар кўплини қайд этди.

Тошкентда аҳоли орасида бир кунда 9 та COVID-19 ҳолати аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (ССВ) хабар қилишича, 2020 йил 30 май соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3523 нафарга етган ва янги ҳолатларнинг 9 таси Тошкентда аниқланган.

9 ҳолатнинг барчаси аҳоли орасидан аниқланган.

Буни маълум қилган ССВ вирусга чалинганлар Тошкентнинг қайси қисмидан аниқланганига ойдинлик киритмади.

Тошкентда 30 май кечга қадар аниқланган яна бир бемор Карантин марказидаги хориждан келган фуқаролардан биридир.

Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалинган янги шахсларнинг аҳоли орасидан аниқланиш ҳоллари кўпаймоқда.

Расмий баёнотлардан маълум бўлишича, вирус Самарқанд, Навоий, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аҳоли орасидан аниқланмоқда.

ССВ: Тошкентда 3 бемор реанимацияга олинди

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 3 нафар беморда ўткир нафас етишмовчилиги кузатилганлиги учун реанимация бўлимига олинди.

ССВ берган маълумотга кўра, шифохоналарда қолаётган 757 бемордан 9 нафари оғир, 1 нафари ўта оғир аҳволда.​

2020 йил 31 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8 нафарга кўпайиб, 3554 нафарга етди.

Янги аниқланган касалланиш ҳолатларининг 3 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 1 нафари Тошкент шаҳрида карантинда бўлган фуқарода, 4 нафари эса Бухоро вилоятида аниқланди.

Бухорода аниқланган 3 киши Шофиркон туманида коронавирус аниқланган ҳайдовчи билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинганлардир. Яна 1 киши халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси.

Ўзбекистонлик тиббиёт ходими Хитойдан келтирилган ҳимоя кийимларида, май, 2020
Ўзбекистонлик тиббиёт ходими Хитойдан келтирилган ҳимоя кийимларида, май, 2020

Чет элликларга виза муддати 1 сентябргача узайтирилди

Махсус комиссиясининг қарори билан карантин муддати 15 июнга қадар узайтирилди.

Шунингдек, қатор чора-тадбирлар муддати ҳам жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилди:

а) хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари;

б) муайян муддатга визасиз ва электрон виза билан кириш ҳуқуқига эга хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиб, 2020 йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган хорижий автотранспорт воситаларини республикамиз ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш муддати.

Шахсий машинада вилоятлараро қатнашга рухсат берилмади

Махсус комиссиясининг қарори билан 1 сентябргача шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига рухсат берилмайдиган бўлди.

Бунда Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш мустасно қилинди.

Махсус комиссиянинг карантин муддатини узайтириш қарори шу йилнинг 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг эълон қилинди.

Йиғилишда президент Ш. Мирзиёев кейинги кунларда аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилаётгани ҳақида гапирди.

Йиғилишда президент, айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик ҳолатлари кўпаяётгани ҳамда бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимизни йўққа чиқариши мумкин, деб танқид қилди.

"Ўрикзор"даги сотувчининг ўғли ва қизида ҳам вирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, бир неча кун олдин “Ўрикзор” савдо мажмуасининг коронавирусга чалинган сотувчисининг ўғли ва қизида ҳам айни инфекция аниқланган.

Вазирлик сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари қатори Тошкент шаҳридан ҳам аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кун сайин ошиб бораётганини билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 30 майга қадар пойтахтимизда коронавирус инфекцияси аниқланган 11 фуқаронинг барчаси аҳоли орасидан касалликни юқтириб олган.

"Касалланиш кўрсаткичлари шу темпда ўсиб борса эпидемия авж олиш хавфи янада кучаяди. Бу эса аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, ўзи ва яқинлари саломатлигига ўта масъулият билан ёндашишларини талаб этмоқда".

"Зарурат юзасидан кўчага чиқиб, уйга келганингизда ҳам қўлингизни совунлаб, қайта-қайта ювинг. Қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан тийилиш лозим. Энг муҳими, ижтимоий масофани сақланг, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юринг, доимо тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг", деб огоҳлантирди вазирлик.

Ҳар бир ҳайдовчи чегарадаёқ карантинга олиш керак эмасмиди?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 27 май куни 2 нафар Россиядан, 28 май куни 1 нафар Қозоғистон ва яна 1 нафари Сирдарё вилоятиги «Гулистон» чегара пости орқали мамлакатга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус аниқланган.

Бундан олдин Озодлик Россияга помидор олиб бориб қайтган ўзбекистонлик ҳайдовчи 22 май куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси постидаги текширувда коронавирус аниқланганига қарамай, шериги билан Избоскан тумани (Андижон вилояти)даги уйигача етиб боргани ҳақида хабар қилган эди.

Бу эса кириб келиши билан ҳар бир фура ҳайдовчисини карантинга олиш лозиммасмиди, деган саволларни ўртага чиқармоқда.

Ўзбекистонда карантин 15 июнгача узайтирилди

Коронавирусга қарши махсус ҳукумат комиссияси қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.

Шу билан бирга 2020 йил 1 июндан бошлаб риэлторлик, реклама ва маркетинг фаолиятига рухсат берилади.

Сариқ ҳудудларда автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти санитария талабларига қатъий риоя қилган, шу жумладан, тиббий ниқоб, тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳамда автотранспорт воситаларини дезинфекция қилган ҳолда ташкил қилиниши лозимлиги айтилган.

"Яшил" ҳудудларда тўйларга рухсат берилади

Яшил ҳудудларда санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолияти (ҳостеллар бундан мустасно), спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти; оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилади.

Бунда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Қизил ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши айтилган.

Карантинга олинган ҳудуд
Карантинга олинган ҳудуд

Шофирконда бир оиланинг 7 аъзосида коронавирус топилди

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани “қизил” ҳудуд тоифасига киритилди. Шу муносабат билан туманга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 май куни Шофиркон туманидаги битта оиланинг 7 аъзосида коронавирус аниқлангани тўғрисида хабар берганди. Шу муносабат билан туманга кириб-чиқиш 28 майидан бошлаб тўхтатилган ва коронавирусга қарши кураш тезкор штаби тузилган.

Одамларнинг бемақсад кўчада юриши ва тўпланишининг олдини олиш, жамоат жойларида тиббиёт ниқобида юриш, COVID-19 вирусини юқтириб олишдан сақланиш учун назорат кучайтирилган.

Карантинга ёпилган маҳалла (иллюстратив сурат)
Карантинга ёпилган маҳалла (иллюстратив сурат)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG