Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

UZ/Коронавирус: 555 бемор. Стикер бериш тўхтатилди. Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиққа кириш-чиқиш ёпилди


Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.
Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

9 апрель 10:00 ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда 3 бемор вафот этди, 555 кишида вирус аниқланди. Беморлар 8 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

- 6 апрелдан мамлакат бўйлаб "ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди, мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш ҳам вақтинча чекланди.

- 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланди. 30 мартдан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланиш чеклови қўйилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 1 миллион 437 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 82 мингдан зиёд, тузалганлар 302 минг атрофида.

Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилди

Коронавирус туфайли вилоятлар ўртасида блокпостлар ўрнатилган.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби янада кучайтирилади.

Тошкент вилояти ҳокимиятининг билдиришича, фавқулодда ҳолатлар ва юк машиналаридан ташқари фуқароларнинг бу шаҳарларга кириш ва чиқишлари чекланади.

“Вазиятдан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ёндош туманларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Тошкент вилоят ҳокимияти ўз билдирувида Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилаётгани сабабларини айтмаган.

Бунга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда 12 та вилоятнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар ҳам карантинга олиниб, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланган эди.

Автомобилларга махсус рухсатнома бериш тўхтатилди

Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

“Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

8 апрель куни ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов: "Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС”, - деб билдирган эди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

8 апрель соат 23.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафарга етган эди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

ПРЕЗИДЕНТ: "Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилди

Бугун Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилганини маълум қилди.

"Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда", деди Шавкат Мирзиёев.

Селекторда маълум қилинишича, Зангиота туманида 10 минг ўринга мўлжалланган махсус шифохона жадал суръатларда қуриляпти. Юқоричирчиқ туманида эса 10 минг кишилик махсус карантин зонаси қурилиб, ўз ишини бошлаган. Бу ерда яна қўшимча 10 минг ўринга мўлжалланган карантин қурилиши бошланиб, 15 майгача топширилади.

Йиғилишда таъкидлаганишича, сўнгги бир ойда хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар одам олиб келинган.

Улар 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинган.

ЯНГИ ТАРТИБ: томорқалар дронлар билан назорат қилинади

Президент бу йилги мураккаб вазиятда мамлакатдаги барча томорқалар қатти назоратга олиниши ва уларда2-3 марта экин экиш, қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.

Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

"Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак", дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Йиғилишда маълум қилинишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилган.

Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизмат кўрсатадиган 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилган. Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилгани айтилди.

МУРОЖААТ: "СЎҒДИЁНА" камер оркестри уйдан қўшиқ-мурожаат йўллади

Ўзбекистон давлат филармониясининг "СЎҒДИЁНА" миллий чолғулар камер оркестри Facebook тармоғидаги саҳифасида "Уйда қолинг!" деган чақириқ билан ижро этилган қўшиқни эълон қилди.

"Ассалому алайкум азизлар! Бугунги кунда инсоният учун катта синов даври кетмоқда. Бутун дунё бўйича минглаб одамлар бедаво дард билан курашиб ажал ёқасида ётибдилар. Ҳукуматимиз томонидан ушбу дарднинг юртимизда тарқалишини олдини олиш учун керакли чоралар кўрилмоқда. Шу воқеалардан таъсирланиб биз сизлар учун янги қўшиқ тайёрладик. Гарчи барчамиз ўз уйларимизда бўлсак-да, биз қалбан бирмиз! Азизлар, уйда қолинг!", деб мурожаат қилди мамлакат халқига санъаткорлар жамоаси.

Н. Отабеков: Тошкент ҳокимлигида вирус аниқлангани ҳақидаги маълумот нотўғри

АОКА ҳууҳуридаги штабда бўлган брифингда Санитария – эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков Тошкент шаҳар ҳокимлигида коронавирусга аниқланган шахслар бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди:

"Тошкент шаҳар ҳокимлигидан касал аниқлангани ҳақидаги маълумот нотўғри. Бундай хабарни интернет тармоғига ким қўйганидан хабарим йўқ. Лекин бу ҳақиқатдан йироқ маълумот. Бу каби маълумотни тарқатувчиларга ҳам ўзига яраша жавобгарлиги борлигини эслатиб ўтмоқчиман", деди Отабеков.

Бунга қадар шаҳар ҳокимлигидаги бир ходимда коронавирус аниқлангани, бунинг ортидан ҳокимият ходимлари, шу жумладан шаҳар ҳокими ҳам оиласи билан карантинга олингани ҳақида тармоқларда хабар пайдо бўлганди.

Бу хабардан бир ҳафта атрофида вақт ўтгач, COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути Koronavirus info Телеграм каналида берилган ва унда шаҳар ҳокимлигида коронавирус аниқланган бир ҳолат борлиги айтилганди.

БРИФИНГ: ИИВ велосипед ва скутерлар асоссиз олиб қўйилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб берди

АОКА штабида Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Ғиёсов фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб қайтарди.

Саволларнинг аксари автомобиллар учун махсус рухсатнома билан боғлиқ муаммолар, велосипед ва скутерларнинг асоссиз олиб қўйилаётгани ҳақида бўлди.

Жумладан: "Кўчага нонга чиққанимда велосипедимни олиб қўйишди. Қонунан тўғрими шу?" деган савол берилди.

ИИВ матбуот котибининг маълум қилишича, ҳукумат автотранспортда ҳаракатланишга чеклов қўйгач, одамлар велосипеддан фойдаланишга ўтган.

"Фуқаролар тушунмасдан, ишончни суииъстемол қилиб, велосипедларда бемақсад кўчаларда юришни бошлади. Ҳатто автотранспорт йўқлигидан фойдаланиб катта кўчаларда пойга ўйнадилар. Одамлар велосипедда сайр қилиб юрди. Шундан сўнг ҳукумат буни ҳам чеклашга мажбур бўлди", деди Ғиёсов.

Аммо, ҳукумат қарорида, велосипед ва скутерлардан бирламчи озиқ-овқат, шунингдек дорихона ёки шифохонага боришда фойдаланиш мумкинлиги айтилган.

Ғиёсов фуқаролардан шу сабабларни ИИВ ходимларига аниқ тушунтириб бериши кераклиги, агар бу сабабларга ишонтира олмаса, ИИВ мототранспорт ёки автотранспорт воситасини олиб қўйишга ҳақли эканини урғулади.

Шунингдек, карантинга олинган уйларни қўриқлаётган ИИВ ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбийларининг мажбурият ва ваколатлари ҳақида ҳам аниқ маълумотлар берилди.

Тўлиқ мулоқотни қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ТОШКЕНТ: 12 минг оилага 1,7 млрд. сўмлик ортиқ ёрдам улашилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш марказида амалга оширилаётган ишлар доирасида Тошкент шаҳри бўйича 2020 йил 7 апрел куни бўйича ҳисобот эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, марказда Ёшлар иттифоқининг 100 дан зиёд волонтери ишламоқда. Call-марказ”га жами 10 минг 569 та мурожаат келиб тушган.

Тошкент шаҳар бўйича манзилли рўйхат асосида жами 12 минг 204 та онадонга умумий 1 миллиард 708 миллион 650 минг сўмлик бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

7 апрель куни Тошкент шаҳрида карантинга олинган 67 та шифокор хонадонига 16 турдаги озиқ-овқат махсулотлари етказилган.

Хайрия марказининг бўлимлари республика бўйича барча вилоят ва туманларда ҳам очилгани хабар қилинган. У бўлимларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари қанча оилага тарқатилди ва неча пуллик хайрия тарқатилди - ҳисоботда бу ҳақда маълумот берилмади.

Тошкентдаги "Экспомарказ"да иш бошлаган Хайрия маркази, 2 апрель, 2020
Тошкентдаги "Экспомарказ"да иш бошлаган Хайрия маркази, 2 апрель, 2020

БРИФИНГ: 66 мингдан ортиқ тест таҳлили ўтказилди

АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кўтарилган муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 7 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, умумий ҳисобда 61 666 нафар киши коронавирусга тест текширувидан ўтказилган.

7 апрелнинг ўзида 5,8 мингдан ортиқ одам тест қилинган.

БРИФИНГ: ишчилар тўлиқ назорат остида автобусда ташилмоқда

Нурмат Отабековдан баъзи завод ва йирик корхоналарда ишчилар автобусларда ташилаётгани ва карантин даврида уларнинг соғлиги хавф остида қолаётганига изоҳ сўралди.

Отабековнинг айтишича, ҳукумат комиссияси қарори билан алоҳида ташкилотларга ишлаши учун рухсат берилган ва ишчилар ИИБ ходимлари назорати остида ташилмоқда:

"Шунингдек, бугунги кунда карантин даврида ишлашга мажбур бўлган идора ва ташкилотларнинг ишчи-ходимлари махсус автобуслардан фойдаланган ҳолда ташилмоқда. Ушбу автобуслар дезинфекция қилинганлиги одамлар сони белгиланган миқдордан ошиб кетмаслиги ва барчаси ниқоб таққан ҳолда бўлиши назоратга олинган.

Масаланинг муҳим жиҳати — ушбу шахсларнинг барчаси кун давомида назоратда бўлади, уларнинг тана ҳарорати ўлчанади, дока ниқоблардан фойдаланиб фаолият юритишади".

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: 40 яшар бемор ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8 апрелда билдиришича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш., вафот этди.

Расмий хабарда айтилишича, 40 ёшли Ш., 30 март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

“Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган.Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш. Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар ҳам олинган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган”, дейилади хабарда.

Бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони 3 нафарга етди.

АДЛИЯ ВАЗИРИ: туман ва қишлоқларда автомашиналар учун стикер талаб қилинмайди

Махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади.

Ўзбекистоннинг туман ва қишлоқларида автомобилда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди. Агар ички ишлар ходимлари бундай рухсатномани талаб қилса, прокуратурага мурожаат қилиш лозим.

Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов маълум қилди.

Расмий “Чирчиқ шаҳрида яшаймиз. Кеча ўғлим автомашинада нон ва фармацевтика воситалари сотиб олиш учун кўчага чиққанди. Уни ДАН ходими тўхтатиб, карантин қоидаларини бузганликда айблади ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирди. Шу ҳолат қонунан тўғрими?” деган саволга:

"Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС. Бу масалада яшаш жойингиздаги ИИБ ёки прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин", деб жавоб берган.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

ССВ: коронавирусга чалинганлар сони 534 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,8 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 534 нафарни ташкил қилмоқда.

Беморлар сони 7 апрелга нисбатан 14 кишига кўпайган. 7 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 16 кишига ошиб, 520 нафарга етгани маълум қилинганди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 30 нафари соғайди, икки нафари вафот этди.

KUN.UZ: коронавирусга тест қандай топширилади?

Kun.uz нашри мухбири Андижон вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказида бўлиб, тест қандай топширилиши билан қизиқди.

Маълум бўлишича, бир кишидан вирус учун таҳлил намуналарини олиш 2-3 дақиқа вақт кетади, таҳлил натижаси эса 6 соатда маълум бўлади.

"Коронавирусга тест топшириш жараёни қуйидагича амалга оширилар экан: Уч ходимдан бири тест топширувчининг бурун ҳалқумидан суртма олади. Иккинчиси суртмани пробиркага солиб, махсус идишга жойлайди ва учинчи ходим тест топширувчи ҳақидаги шахсий маълумотларни ёзиб олади", деб ҳикоя қилади мухбир.

Вилоят штабидан олинган маълумотга кўра, 7 апрель соат 15:00 ҳолатига Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар сони 61 нафарни ташкил этмоқда. Улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

МУРОЖААТ: диний маросимлар тўхтатилди

Ўзбекистондаги диний конфессиялар етакчилари маросимлар тўхтатилганини айтиб, ўз қавмига айни куни - 7 апрелда мурожаат йўллади.

Жумладан, Тошкент Яҳудийлар диний жамоаси раҳбари Аркадий Исахаров карантин туфайли барча байрам тадбирларини уйда, оила даврасида нишонлаш кераклигини айтди.

Рим-католик черкови раҳбари Ежи Маъсулевич ҳам ўз қавмини диний байрамларни уйда нишонлаш ва карантин талабларига риоя қилишга даъват қилди.

ДИНИЙ ИДОРА: ҳозир закотни аввалдан бериш жоиз

Ўзбекистондаги мусулмонлар Диний идора раиси ўринбосари ҳам 7 аперль куни мамлакатдаги мусулмонларни бу йилги закотни аввалдан беришга даъват қилди.

Идора расмий сайтида берилган мақолада шундай дейилади:

"Жумҳур уламоларнинг фикри шундан иборатки, бир ёки икки йил учун аввалдан закотни адо этиш жоиз. Бугунги кунда шундай фатво беришга эҳтиёж ҳам мавжуд".

"Бу – “COVID-19” пандемияси дунёни қамраб олган ва ёрдамга муҳтож ва камбағалларнинг кўплари зарар кўрган бир пайтда уларнинг эҳтиёжларини қондириш шариатнинг олий мақсадларидан. Фитр садақасига келсак, у Рамазон ойининг биринчи кунидан бошлаб охирги кунигача адо этилиши мумкин".

ССВ: беморлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди

Айни пайтда коронавирус инфекцияси қайд этилган 504 беморнинг 212 нафари эркак, 292 нафари аёллардир.

ССВ берган маълумотга кўра, беморларнинг асосий қисми 30-49 ёшлар оралиғидаги шахслардир.

БОЖХОНА: дарё орқали 751 тонна картошка олиб келинди

“Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 751 тонна картошка маҳсулотлари расмийлаштирилди.

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 751 тонна картошка, 112 тонна гуруч ва 10 тонна саримсоқ пиёз олиб келинган.​

ТОШКЕНТ: "эплаб ниқобсиз" юрган ва А.Темур ҳайкалини сўроққа тутган қиз ҳамда 2 йигит қамалди

Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юрган қиз ва икки йигит акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ниқобсиз Амир Темур ҳайкалидан коронавирус Ўзбекистондан қачон кетади, деб сўрайд видеода.

Йигитлардан бири эса карантин бўлсада, "эплаб кўчада юргани"ни айтиб мақтанади.

Маълум қилинишича, бу уччовлоннинг шахси аниқланган.

Юнусобод туман суди 7 апрел куни К.М., У.Ҳ. ва О.Р.ларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3 та моддаси - 54, 183 ва 34-моддаси билан айбланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

БУХОРО: 250 дан ортиқ велосипед олиб қўйилди

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 2020 йил 6 апрель куни эрталабки соат 08-00дан кечки соат 18-00га қадар вилоят бўйича жами 976 та транспорт воситаси жарима майдончасига жойланган.

Бундан ташқари, 11 та мотоцикл ва 257 та велосипед жарима майдончасига жойлаштирилди.

Республика бўйлаб, 6-7 апрель кунлари рухсатномаси бўлмаган автомобиллар, мотоцикл ва велосипедларни аниқлаш учун назорат кучайтирилган.

Бухородаги каби жарима майдончаларига олиб қўйилаётган машина ва велосипедлар бошқа вилоятларда ҳам бир неча юзни ташкил қилмоқда.

Одатан, транспорт воситаси эгасига жарима солинмоқда, транспорт ва велосипедлар эса жарима майдончасига олинмоқда. Улар карантин тугагач, қайтарилади.

БРИФИНГ: беморлар карантиндагилар орасидан аниқланмоқда

АОКА штабида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Отабековнинг маълум қилишича, кейинги кунда сони кескин ортган янги беморлар карантинда сақланаётган ватандошлар орасида аниқланмоқда:

"Касалланиш сонининг ортиши асосан карантинга олинган беморларда аниқланаётгани билан боғлиқ. Аввал ҳам маълум қилганимиздек, бугунги кунда уй шароитида — 61 715 киши, стационар карантинда — 23 316 киши карантинга олинган.

Уларнинг барчаси коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўлган ёки эпидемик нохуш вазиятли мамлакатлар келтирилган.

Ваҳимага асос йўқ. Мутахассислар ва жалб қилинган соҳа вакиллари ишлашмоқда. Уларнинг ҳар бирларининг вазифалари аниқ ва улар режага кўра ўз ишларини бажаришмоқда".

Қуйида брифингни тўлиқ кўришингиз мумкин:

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: вазирлик стикерсиз машина учун катта жарима борлигини эслатди

Сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб карантин қоидаларини бузиш ҳоллари - ниқобсиз жамоат жойларида юриш, карантин ҳудудидан қочиш ва махсус рухсатномасиз машина миниш, шунингдек, 6 апрелдан бошлаб рухсат берилган мақсадлардан ташқари ҳолларда велосипед миниш бўлмоқда.

Вазирлик бундай ҳолларда фуқароларга 4 ярим миллион сўмдан 6 миллион 700 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 11 ярим миллон сўмгача жарима солинишини эслатди.

БУХОРО: карантиндан чиққанлар махсус поездда вилоятига етказилди

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, карантин муддати тугаган фуқаролар учун махсус поезд ташкиллаштирилган.

Индонезия давлатининг Жакарта шаҳридан 54 нафар юртдошимиз чартер рейс билан 24 март куни Бухоро вилоятига олиб келинган эди.

Уларнинг барчаси Бухоро туманидаги “Жўйзар” санаторийсига жойлаштирилган эди.

25 март куни Россия Федерациясидан “Москва-Бухоро” чартер авиарейси орқали вилоятга олиб келинган 250 нафар фуқаро ҳам карантинга олинган ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида сақланган эди.

Ўтган муддат ичида ана шу фуқаролардан яна 18 нафарида хавфли касаллик аломатлари қайд этилмагани сабаб, жами 72 нафар ватандош уйига жўнатилган.

Улар уй шароитида маълум муддат давомида ҳудудий шифокор ва патронаж ҳамширалар томонидан тиббий кузатувда бўлади.

БРИФИНГ: ҳарбийлар ҳамма соҳаларга жалб қилинган

Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда маълум қилинишича, вазирлик ҳарбий хизматчилари:

- пойтахт ва вилоят марказлари, алоҳида туманлар худудларига кириб-чиқишни назорат қилиш бўйича ташкил этилган блокпостлар, карантинга олинган алоҳида объектларни туну кун назорат қилмоқда;

- аҳоли кўп юрадиган йўллар, жойлар, бозорлар, савдо дўконлари ва ер ости ўтиш жойларини дезинфекция қилмоқда;

- карантин назоратга олинадиган фуқаролар учун махсус жойларни тайёрламоқда.

CCВ: беморлар сони 504 та бўлди

2020 йил 7 апрель соат 15:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 504 нафарни ташкил қилмоқда.

БРИФИНГ: хориждаги 23 нафар фуқарода COVID-19 тасдиқланди

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Хожиметов сешанба куни бўлиб ўтган брифингда Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Корея Республикаси, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистонда жами 23 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилди.

Унинг айтишича, булардан 3 нафари вафот этган.

"Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Австрия (1), Арманистон (1), АҚШ (10), БАА (1), Корея Республикаси (1), Покистон (5), Россия (1), Таиланд (1) ва Қозоғистон (2)да бўлиб турган 23 нафар фуқарода ушбу касаллик аниқланган. Улардан уч нафари вафот этган" деди Хожиметов.

Айтишича, дипломатик ваколатхоналар ушбу фуқаролар ва уларнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ва зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

ТИВ хориждаги барча фуқаролардан коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, жамоавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни сўради.

ҚАШҚАДАРЁ: 1 оиланинг 5 аъзосида вирус аниқланди

ЎзА агентлининг хабар қилишича, Чироқчи туманида яшайдиган 14 ёшли беморнинг яна бир опаси ва укасида ҳам касаллик аниқланган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар қилишича, айни пайтгача Қашқадарёда коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар беморнинг аҳволи ўрта оғир даражада.

Беморларга вилоят юқумли касалликлар шифохонасида тасдиқланган стандарт асосида даво муолажалари олиб борилмоқда.

Илгари хабар қилинганидек, вилоятда дастлаб чироқчилик 14 ёшли ўсмир мазкур инфекцияни пойтахтда яшайдиган қариндошидан юқтириб олгани қайд этилганди, сўнг унинг 36 ёшли отаси ва 16 ёшли опаси ҳам COVID-19 билан зарарлангани маълум бўлган.

Маълумотларга кўра кейинги икки бемор ҳам дастлабки бемор билан мулоқотда бўлган 17 ёшли опаси ва 8 ёшли укаси ҳисобланади. 56 ёшли олтинчи бемор эса Чироқчининг бошқа қишлоғидан, у Тошкентдаги фирмада ишлаган.

АГЕНТЛИК: 135 минг ариза рад этилди

Давлат хизматлари марказларига автомобил учун масхус рузсатнома сўраб, топширилган 135 минг 371 ариза рад этилди.

Агентликка кўра, 6 апрелгача жами 168 521 та арза келиб тушган.

Шундан, 163 444 та кўриб чиқилиб, 28 073 таси қаноатлантирилган (16,7%), 135 371 таси рад этилган (80,3%).

"6 апрель куни соат 20.00 дан 8 апрель соат 6.00 га қадар Тошкентда ўтказилган автотранспорт воситалари учун берилган стикерлардан мақсадли фойдаланиши устидан назорат-рейд тадбирлари натижасида премиум синфдаги ёки чиройли рақамли автотранспорт воситаларига тегишли 52 та стикер бекор қилиниб, автомашиналар жарима майдонига қўйилди... Стикерлар имтиёз эмас, карантин шароитидаги қатъий чорадир!​" деб маълум қилди агентлик.

ИИББ: Тошкент ичида 61 та пост қўйилди

Пойтахтда мажбурий тарзда ўзини яккалаш тартибига риоя қилинишини назорат қилувчи доимий ЙПХ постлари ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, жами 61та постда қўйилган, 42та постда ППХ махсус автобуслари мавжуд, олган постлар ППХ деб номланган кабиналар билан таъминланган.

Бундан ташқари, ҳар бир автотранспорт воситаси Кичик халқа йўли бўйлаб доимий ЙПХ постидан ўтиши учун карантин режимига қатъий риоя қилинишини таъминлаш мақсадида 75 та иккинчи даражали йўллар ёпилган.

ИИББ: Тошкентда патруллар 3 сменада ишлаяпти

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, хусусан профилактика инспекторлари маҳаллалар ва дўконларни текшириш, карантин қоидаларини бузганларни аниқлаш учун Миллий гвардия хизматчилари бирга туну-кун уч сменада патрулламоқда.

6 апрель давомида шаҳар кўчаларида ва бошқа жамоат жойларида карантин тартибига риоя қилмаслик билан боғлиқ 355 та факт қайд этилган - булар тиббий ниқоб тақмаганлардир.

"Шунингдек фуқароларга қоидаларни эпидемиологик ҳолатга қараб белгиланиши, ўз саломатликлари, яқинлар ва дўстларнинг хавфсизлиги учун кўчага чиқишни камайтириш зарурлиги эслатиб ўтилмоқда. Велосипедда ҳаракатланиш учун ҳам асос бўлиши керак: озиқ-овқат ёки дорихона маҳсулотларини харид қилиш жойлари узоқроқда жойлашган ёки ишга бориш ҳолларида", дейилади ИИББ хабарида.

ИМТИЁЗ: кредит таътили берган банклар 22 та бўлди

Жисмоний шахсларга кредит каникулларини тақдим этаётган банклар 22 тага етди.

"Равнақ банк" ҳам жисмоний шахсларга кредит таътили берган банклар қаторига қўшилди.

ЎзА: касалликка чалинганлар барча вилоятларда аниқланган

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековга кўра, бугунга келиб вирусни юқтириб олган беморлар мамлакатнинг барча вилоятларида аниқланган:

"Бирон бир ҳудуд фуқаролари бизда касаллик чиқмади, деган фикр қилиши керак эмас. Касалликка чалинганлар республикамизнинг барча ҳудудларидан аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудга касаллик кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас".

Шунингдек, Отабеков 7 апрель ҳолатига беморлар аҳволи ҳақида ҳам маълумот берди:

"Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клинкасида даволанаётган 92 беморнинг 23 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 66 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафариники эса ўта оғир".

Нурмат Отабеков
Нурмат Отабеков

ССВ: беморлар сони 472 нафар бўлди

2020 йил 7 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 472 нафарни ташкил қилмоқда.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди.

АҚШ: Нью-Йоркда 51 ёшли яна бир ўзбекистонлик вафот этди

“Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги 7 апрель куни тарқатган расмий маълумотда.

Вазирлик Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланаётганини таъкидлаган.

Озодлик 5 апрель куни 3 апрелда Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

ССВ: вирусни юқтирганлар 457 нафар

Шу соатгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 457 нафарни ташкил этмоқда.

ФАРҒОНА: 70та қиммат машина эгаси рухсатнома олишга уринди

ЎзА агентлининг хабар қилишича, Фарғона вилоятида 70 дан ортиқ киши - BMW Х7, Mercedes, Chevrolet Malibu каби обрўли маркадаги автомашина эгалари курьерлик хизматини қиламан, деб махсус рухсатнома учун ариза топишрган.

Улар етарли асосга эга эмаслиги учун қаноатлантирилмаган.

"Давлат хизматлари марказлари куну тун 24 соат ишлади. Шунга қарамасдан, кўриб чиқилмаган кўплаб аризалар тўпланиб қолган эди. Уларни сифатли саралаш ва масъул идоралари билан биргаликда кўриб чиқиб, асослантирилган қарорларни қабул қилиш учун 2020 йил 4 апрель соат 18:00 дан бошлаб аризалар қабулини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлдик", деб маълум қилган агентликка Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева.

Айтилишича, Фарғона шаҳар Давлат хизматлари марказига шу йил 4 апрелгача автомобилда ҳаракатланиш рухсатномасини олиш учун 14 минг 69 та ариза келиб тушган.

ВАЗИР: бир кунда 4700 та тест ўтказилди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари сонининг кескин ўсиши тестлаштиришнинг кенгайтирилгани билан боғлиқ, деб изоҳ берди.

"Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида вазирнинг айтишича, 5 апрелнинг ўзида COVID-19 инфекцияси борлигини аниқлаш бўйича 4700 дан ортиқ тест ўтказилган ва 76 та ҳолат аниқланган.

"2−3 кун ва 4−5 кун ичида вирус аниқланганлар ҳам бор. Халқаро тажрибага асосланиб, шунингдек, инкубация даври 14 кун эканлигини ҳисобга олган ҳолда, вирус 12, 13 ва 14- кунларда аниқланади. Бу 14 кун давомида одамларни карантинга қўйиш тўғрисидаги қарорнинг тўғри эканлигини яна бир бор исботлайди. Бугунги кунга келиб 50676 киши карантиндан чиқарилди, уларга касаллик ташхиси қўйилмаган", - деди вазир.​

ССВ: карантинда бўлган фуқаролар ҳақида маълумот

ССВга кўра, жами 88 минг 695 минг одам стационар ва уй карантин кузатувида.

Яна 62 минг 574 одам "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзига ўтказилган.

НАВОИЙ: кечаси ичиб, маст юрган икки қиз қўлга олинди

Навоий вилоятидан MarkaziyTV ҳозирлаган лавҳада карантин тартибига зид равишда тунда ишлаётган чилимхона фош қилинди.

Лавҳада ИИБ ходимлари сўроқ қилаётган икки қиз ҳам намойиш қилинди.

Қизлар "билмасдан ичиб қўйгани" ва "телефонда сал баланд гапириб қўйгани"ни тан олган. Уларга огоҳлантирув берилган.

ИИВ: велосипед минишни тўхтатмаганлар жазоланмоқда

6 апрель эрталабки соат 6:00 дан турли вилоятларда карантин доирасида жорий қилинган янги чекловлар амал қилиш ҳолати назорат қилинмоқда.

ИИВнинг хабар қилишича, Андижон ва Қарши шаҳарларида мақсадсиз мототранспорт ҳамда велосипедларда белгиланган чекловларни бузиб ҳаракатланаётган фуқароларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Қарши шаҳрида мототранспорт ва велосипедда ҳаракатланиш таъқиқланганлигига қарамасдан, карантин қоидаларини бузган 300 дан ортиқ фуқаролар аниқланди ва уларга белгиланган тартибда чора кўрилган.

Карантин қоидасини бузганлар 11 миллион сўмдан ортиқ суммагача бўлган жаримага тортилиши ёки 10 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин.

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: 6 апрелдан жорий этилган чекловлар ҳақида

Коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалиши олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тушунтирилган қисқа ва лўнда видеоролик эълон қилинди.​

ПРОКУРАТУРА фуқаролардан кундалик юритишни сўради

Бош прокуратура 6 апрелдан бошлаб, фуқаролардан ўзларининг кундаликларини юритишларини сўради.

Ҳар бир фуқаро қачон, ким билан, қаерда ва қай тарзда мулоқот қилганини ёзиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Бу маълумотлар аввало, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига чек қўйиш, пировардида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

МУФТИЙ: Карантинни бузган ўз эли, диёри, ҳатто фарзандлари ва набираларига хиёнат қилган бўлади!

Муфтий Усмонхон Алимов “Ўзбекистон24” телеканали орқали мамлакат халқига мурожаат қилди.

У ўз мурожаатида мамлакатдаги имомлар халқни бу оғир кунларда дуо қилаётгани, Қуръон хатм қилинаётганини айтди ва ТВ орқали халқни биргаликда дуо қилишга чорлади.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ССВ: вирус аниқланган бемор бироз аввал Тошкентда бўлган

Қорақалпоғистонда 2 бемор - она ва боланинг коронавирусга чалингани аниқлангунича, улардан бири Тошкентга иш билан бориб келгани аниқланди.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, эркак 14 март куни Тошкентда бўлган.

5 апрелда эса таҳлил натижалари унда ва унинг онасида коронавирус касаллиги борлигини тасдиқлаган.

ССВ: 31 беморда ўпка яллиғланиши бошланган

Беморларнинг 31 нафарида пневмония кузатилмоқда.

Шундан 9 нафарининг аҳволи нисбатан оғир.

2 нафарининг аҳволи эса ўта оғир баҳоланмоқда.

Ўпкани сунъий нафас олдирувчи қурилма (ИВЛ)
Ўпкани сунъий нафас олдирувчи қурилма (ИВЛ)

СТАТИСТИКА: беморларнинг асосий қисми 30-49 ёш орасида

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 390 беморнинг 188 нафари эркак, 202 нафари аёллардир.

Ёш жиҳатдан қаралса, беморларнинг 123 нафари 40-49 ёш, 111 нафари 30-39 ёш оралиғида:

0-9 ёшгача – 10 нафар (2,6%);
10-19 ёшгача – 15 нафар (3,8%);
20-29 ёшгача – 59 нафар (15,1%);
30-39 ёшгача – 111 нафар (28,5%);
40-49 ёшгача – 123 нафар (31,5%);
50-59 ёшгача – 48 нафар (12,3%);
60-69 ёшгача – 17 (4,4%);
70-79 ёшгача – 6 (1,5%);

80 ёшдан юқори бўлган бемор 1 нафар.

ССВ: вирусни юқтирганлар бир суткада 48 кишига кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель соат 10.00даги маълумотига қараганда, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этди.

Бир суткада беморлар сони 48 кишига кўпайган.

Коронавирусдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик 5 апрелда коронавирус юқтиргани тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар эканини билдирган.

ВАЗИР: бир бемор 52 кишига вирус юқтирган

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бўйича «Ўзбекистон 24» каналида маълумот берди.

Вазир бир бемор вирусни неча кишига ва қай тарзда юқтириши мумкинлигини тушунтирди:

1-ҳолат: "15 март куни хориждан келган ҳамюртимиз 15 нафар шахсга касалликни юқтирган. 27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган.

Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан 46 нафар одамга коронавирус тарқаган.

Афсуски бу беморимиз касаллик аломатлари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаган".

2-ҳолат: "Тошкент шаҳридаги беморимиз турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган. У 8 нафар оила аъзоларига касалликни юқтирган. Уларнинг барчасини ҳозир даволаяпмиз".

3-ҳолат: "Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамай 5 кун давомида уйида ётган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда уни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлганмиз".

4-ҳолат: "Тошкент вилоятидан бошқа бир беморимиз эса йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши ва нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бу бемор 52 киши касалликни юқтирган".

5-ҳолат: "Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У сабабли 100 дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган".

6-ҳолат: "Яна бир фуқаромиз хорижда бўлгандан сўнг 7 нафар оила аъзосига юқтирган. У билан мулоқотда бўлган 153 шахсни кузатувда ушлаб турибмиз".

"Умумий ҳисобда 7 мамлакатдан кириб келган 123 киши ва улар билан мулоқотда бўлганлар туфайли беморлар сони 390 нафарга етди.

Энг ёмони — тўрт нафар беморимиз ким билан учрашганини сир сақлаган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлганларда иситма чиққандан кейин биз буни биляпмиз".

7-ҳолат: "Яна бир мисол — Туркиядан келган эр-хотинда шамоллаш белгилари бўлган. Аммо улар хориждан келганини айтмаган ва тиббиёт ходимларини чалғитган. Кейинчалик тест ўтказилиб коронавирус аниқлангандан кейин улар касални яширганларини йиғлаб тан олишди. Натижада бутун оила касалга чалинган".

"Бу жиноят. Била туриб шунча одамга касални юқтириш хиёнатдир!"

"Мамлакатда чеклов чоралари кўриляпти. Ҳозир уйда бўлишимиз шарт. Машинасида, велосипедида, пиёда айланиб келишга чиқаётганларга мурожаатим — ҳаммамиз сабр қилишимиз керак.

Ҳатто оилада ҳам қучоқлашиб кўришманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг", деди вазир Алишер Шодмонов.

БРИФИНГ: 7 бемор ҳануз оғир аҳволда қолмоқда

Коронавирусга чалиниб Тошкентдаги вирусология илмий-текшириш институти ва Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 7 беморнинг аҳволи оғир.

Бу ҳақда 6 апрель Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди:

“Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, бу ерда даволанаётган 80 нафар беморнинг 22 нафарида пневмония аломатлари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти маълумотига кўра эса, бу ерда даволанаётган 67 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти”, деб иқтибос келтирди АОКА матбуот хизмати Нурмат Отабеков сўзларидан.

Шунингдек, бош давлат санитария инспектори касаллик фақат мулоқот йўли билан, ҳаво томчи йўли билан юқиши мумкинли аниқ билинганини таъкидлар экан: “Шундай экан, ҳар биримиз мулоқотдан ўзимизни сақлашимиз, ортиқча кўчага чиқмаслигимиз, ясама заруриятни ўйлаб топмаслигимиз керак”, деб айтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 апрель соат 10.00даги маълумотига қараганда, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этди.

БРИФИНГ: вирусга чалинганларнинг деярли ярми Тошкентда

АОКА матбуот хизмати коронавирус инфекцияси Ўзбекистонда қайси ҳудудда ва қанча одамда аниқлангани юзасидан 6 апрель куни маълумот берди.​

Маълумотда айтилишича, беморларнинг энг кўпи -179 нафари Тошкент шаҳридадир.

Вилоятлар кесимида эса кўрсаткичлар қуйидагича:

Навоий вилояти – 2 та;

Қорақалпоғистон Республикаси – 2 та;

Қашқадарё вилояти – 6 та;

Хоразм вилояти – 18 та;

Бухоро вилояти – 19 та;

Фарғона вилояти – 27 та;

Наманган вилояти – 40 та;

Андижон вилояти – 49 та.

5 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 342 кишида вирус аниқланди.

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ: 6 апрелдан жорий этилган янги чекловлар ҳақида

Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 6 апрелдан эътиборан ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди.

Коронавирус касаллигига қарши курашиш республика Махсус комиссиясининг 4 апрелда қабул қилган қарорига биноан жорий этилган чекловлар ҳолда Адлия вазирлиги қўшимча маълумот эълон қилди:

“Шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно”.

Бундан ташқари, ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Белгиланган тартибга асосан 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқароларга ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.

“Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин”, деб таъкидланади хабарда.

6 апрелдан бошлаб йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.

Бу жойларга келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, улар ичкарига киритилмайди. Айни пайтда тана ҳарорати юқори бўлган фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

Марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.

Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

ССВ: 342 киши бўлди

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 342 нафарни ташкил этмоқда.

Охирги тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган.

Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони эса 30 нафарни ташкил этмоқда.

ҚАШҚАДАРЁ: дунёни вирусдан қутқариш нияти билан туя қурбонликка келтирилди

Телеграм тармоғидаги Qashqadaryo ahli номли гуруҳ 5 апрель куни Қашқадарёнинг Миришкор туманида "коронавирус инфекцияси балосидан бутун инсоният батамом фориғ бўлиши учун" туя қурбон қилингани ҳақида ёзди.

Айтилишича, бу Миришкор тумани ҳокимининг ташаббуси.

"Аллоҳга илтижо этиб, қуръон тиловат қилинди. Кам таминланган, ногиронлиги бор хамда меҳр-мурувватга мухтож 100 та хонадонга туя қурбонлик қилиниб, гўштлар тарқатилди", деб ёзди Телеграм гуруҳи.

ССВ: яна 5 киши соғайди

Коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна 5 нафари буткул соғайди.

Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Шундай қилиб, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган жами 298 нафар бемордан 30 нафари буткул соғайди.

ВАЗИРЛИК: Ўзбекистонда ИВЛ ишлаб чиқарилади

Словакиянинг Chirana компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги расмийси Жамолиддин Бобохоновнинг айтишича, ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади.

Тошкентнинг Бектемир туманида эса ишлаб чиқариш участкаси қурилиши жорий йил сентябрига қадар якунланиши ва завод ишга туширилиши режаланмоқда.

КАРАНТИН: Қибрайдаги санаторийдан чиқишга уринган 7 шахс 15 суткага қамалди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги санаторийда карантинда сақланаётган 7 шахс бу ҳудудни тарк этишга урингани ва уларнинг йўлини тўсган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатгани учун жазоланди.

"Ўзбекистон24" каналида берилган видеолавҳадан маълум бўлишича, бу аёллар Дубайдан қайтгач, карантинга олинган.

Карантин муддати тугамасидан ҳудудни ташлаб чиқишга уринганлардан 4 нафари аёл киши бўлгани айтилди.

Бу аёллардан бири, видеолавҳадан кўринишича, шароитдан шикоят қилади.

Аёл 2 боласи борлиги ва улар "14 кундан буён сийиб қўяётгани"ни айтади.

Хабар қилинишича, ички ишлар ходимлари уларни тўхтатиб қолган.

Тошкент вилоятида ўтган судда ИИВ ходимларига қаршилик қилган ва карантин қоидаларини бузган шахслар 15 суткага қамалгани айтилди.

ИИВ: карантинни бузиш ҳолати 27 ярим мингтага яқинлади

ИИВнинг маълум қилишича, 16 мартдан то 5 апрель эрталабки соат 9га қадар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 16 мартда карантин эълон қилинган.

Қоидабузарликлар:

- Тошкент шаҳрида – 4 641 та ҳолат;

- Фарғона вилоятида – 3 223 та ҳолат;

- Тошкент вилоятида – 2 979 та ҳолат;

- Самарқанд вилоятида – 2 691 та ҳолат;

- Қашқадарё вилоятида – 2 314 та ҳолат;

- Наманган вилоятида – 1 872 та ҳолат;

- Сирдарё вилоятида – 1 650 та ҳолат;

- Андижон вилоятида – 1 570 та ҳолат;

- Жиззах вилоятида – 1 554 та ҳолат;

- Сурхондарё вилоятида – 1 416 та ҳолат;

- Хоразм вилоятида – 1 177 та ҳолат;

- Бухоро вилоятида – 1 162 та ҳолат;

- Қорақалпоғистон Республикасида - 915 та ҳолат;

- Навоий вилоятида – 322 та ҳолатни ташкил этмоқда.

Карантинни бузиш ҳолатлари, одатан - ниқобсиз юриш, карантин ҳудудини тарк этиш ёки бу ҳудуддан қочиш, махсус рухсатномасиз машина ҳайдашдан иборат бўлмоқда.

Карантин қоидасини бузганлик учун 11 ярим миллион сўмгача жарима солиниши ёки 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

БРИФИНГ: иш ҳақисиз таътилга фақат ходим розилиги билан чиқариш мумкин

АОКА штабида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан вазирлик фаолиятига оид кўтарилган савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Жумладан: "Кеча раҳбаримиз телефон қилиб: "Сиз охирги иш ҳафтасида уйда ўтириб ишламоқдасиз, шу сабаб сизга мазкур иш ҳафтаси учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақининг ярми тўланади", - деди. Айтингчи, мен уйда ўтириб ишласам, ойлигимнинг ярми тўланадими?" деган савол тушди.

Бунга жавобан бош инспектор шуларни маълум қилди:

- Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади: меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда ва меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида. Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари иш берувчи ва сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда ТЎЛИҚ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ!

Темир йўл тизимида ишлашини айтган бир мурожаат эгаси кадрлар бўлими бошлиғи у ва ҳамкасбларини 15 кунга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш учун ариза ёзиб беришини талаб қилганини билдириб, бунинг қонуний тартибини сўради.

Жавоб шундай бўлди:

- Ходимни иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилган ФАҚАТ ЎЗ РОЗИЛИГИ БИЛАН чиқарилади! Бу ҳолатда Сиздан иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнат таътилига чиқариш ҳақида ариза ёздириб олиб, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил берилиши МУМКИН ЭМАС! Бу қонунчиликка зид, - деди Гулруҳ Ниёзметова.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ФАРҒОНА: маст ҳолда ниқобсиз юрган шахс 15 суткага қамалди

Фарғона вилоятида карантин қоидаларига риоя қилмасдан тунги вақтда ниқобсиз, маст ҳолда велосипед ҳайдаб юрган фуқаро 15 суткага қамалди.

«Дарё» нашри хабар қилишича, 1 апрель соат тахминан 22:30 ларда Фарғона кўчасида фуқаро Б.Ю. карантин қоидаларига риоя қилмасдан ниқобсиз, велосипед ҳайдаб юрган.

Профилактика инспектори уни тўхтатганида, бақир-чақир қилиб, профилактика инспекторини ҳақорат қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.

2 апрель куни Фарғона шаҳар маъмурий суди бир йўла 4 та модда:

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми,

- 138-моддаси 5-қисми (Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши),

- 183-моддаси (Майда безорилик),

- 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмини қўллаб, бу шахсни 15 суткага қамаган.

БРИФИНГ: 100 мингдан ортиқ одам тиббий кузатувда

5 апрель куни АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Нурмат Отабековга кўра, стационар ва уй шароитида 100 мингдан кўпроқ одам тиббий кузатув остида турибди.

- Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти берган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 85 беморнинг 22 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти.

4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 35 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти. Аҳволи оғир ва ўта оғир, деб баҳоланган беморлар интенсив-терапия муолажаларига ўтказилган, - деди Отабеков.

У ўзбекистонликларни уйда қолишга чақирди:

- Қачонки, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишига йўл қўймасак, эпидемик вазиятни жиловлай оламиз. Акс ҳолда, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин, - деб огоҳлантирди бош санитар инспектор.

САВОЛ: вирус ҳаво ҳарорати 40га етганда ўладими?

Бош санитар инспектор 5 апрель кунги брифингда аҳолидан коронавируснинг тарқалиши, даволаниши ва карантин қоидаларига оид саволларга жавоб берди.

Хусусан: "Ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқ бўлганда коронавирус атмосфера ҳавосида нобуд бўлиши ростми?" деган саволга инспектор шундай жавоб берди:

- Афсуски, йўқ. Сингапур университетининг medRxiv порталидаги маълумотларга кўра, вируснинг сезувчанлик хусусияти аниқ белгиланган, яъни у цельсий шкаласи бўйича 70 даражага тенглаштирилган. Таъкидлаш лозимки, коронавируснинг турли юзаларда яшовчанлиги турлича: масалан, қоғозда 3 соат, кийимда 2 кун, шиша юзасида 4 кун, пластикда 7 кун сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам дезинфекция қилиш ўта муҳим, деди Отабеков.

Қуйида Отабеков билан брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ҲИСОБОТ: Хайрия марказидан видеорепортаж

Хайрияларни мувофиқлаштириш марказидан тайёрланган видеолавҳага кўра, марказда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 90 нафардан зиёд волонтери (кўнгилли ёшлар) ихтиёрий асосда фаолият олиб бормоқда.

Хабар қилинишича, аҳоли мурожаатлари эса “Call-centre” нинг 1197 қисқа рақами орқали соат 9:00 – 17:00 оралиғида қабул қилинмоқда.

Мурожаатлар электрон дастур орқали ҳар бир туман бўйича тузилган ишчи гуруҳларга юборилмоқда.

Америка овози: АҚШда 2 ўзбекистонлик ўлди

Ню Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди. Бири эркак, бири аёл. Ёшлари 50-60 орасида. Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган одамлар. Оилалари ҳам шу ерда.

Марҳум эркак Ню Жерси штатида коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида дафн этилган. Маросимда оз одам қатнашган. Жаноза ўқилган, лекин бошқа урф-анъаналар четлаб ўтилган.

"Бугуннинг аччиқ ҳақиқати шу", деди гувоҳлар.

3 апрел куни Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг еши 60 дан ошган ва бу аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган.

Қарияларга хизмат кўрсатиш тизимида ишлаган марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган.

Марҳуманинг яқинларига кўра, улар майитни диний талабларга мувофиқ дафн этиш учун касалхона билан мулоқот қилмоқда. Бу ишда уларга маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашмоқда.

Ню Йоркда ўн минглаб ўзбекистонлик яшайди. Ҳудудда кенг тарқалган коронавирусдан азият чекаётганлар орасида улар ҳам анчагина. "Америка Овози" уларнинг айримларининг оила аъзолари билан гаплашиб турибди.

ССВ: вирусни юқтирганлар 298 нафар бўлди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 298 нафарни ташкил этмоқда.

Охирги тасдиқланганларнинг ҳам барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган.

4 апрель куни Тошкент вақти билан эрталаб 9.00да Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар 241, бир кун олдин эса 225 нафар эди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG