Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

Россиялик қўшиқчининг Тошкент концертига президент куëви ҳомийлик қилди; қизлари эса зиëфат берди (ВИДЕО)


Ўзбекистон президентининг қизлари¸ давлат медиа ва таълим соҳаси мутасаддилари Саида (ўнгда) ва Шаҳноза Мирзиëева.
Ўзбекистон президентининг қизлари¸ давлат медиа ва таълим соҳаси мутасаддилари Саида (ўнгда) ва Шаҳноза Мирзиëева.

1 октябрь куни Тошкентдаги Humo муз саройида россиялик қўшиқчи Полина Гагарина концерт берди. Ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар орасида бу концерт эмас¸ балки концертдан кейинги зиëфат энг кўп мунозара уйғотди.

Видеода экзотик таомлар билан безатилган стол атрофида президент Мирзиёевнинг қизлари ва куёвларини - юқори лавозимли давлат амалдорларини кўриш мумкин.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев оиласининг ижтимоий тармоқларда ëйинланаëтган видео ва суратлари жамоатчиликка марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 2014 йилга қадар кўрилган ҳаëт тарзини эслатмоқда.

Концертни сояда қолдирган зиëфат...

Полина Гагарина 2015 йилги Evrovision танловида 2-ўринни олган россиялик қўшиқчи¸ асосан¸ постсовет ҳудудидаги рус тиллилар орасида танилган.

Гагарина “Обезоружена” (бадиий таржимаси “Таслим бўлдим” – таҳр.) деб номланган дастури билан 25 декабрга қадар Россия шаҳарларида концерт бермоқда. Мустақил Ўзбекистон ҳам ўша шаҳарлар қаторида - Гагаринанинг гастроль жадвалида бошқа бирорта ҳам постсовет мамлакат йўқ.

Полина Гагарина концерт жадвалида Ўзбекистон Россия губерниялари орасидаги ягона мустақил давлатдир.
Полина Гагарина концерт жадвалида Ўзбекистон Россия губерниялари орасидаги ягона мустақил давлатдир.

Гагаринанинг продюсери Андрей Мухачëвнинг 2 октябрь куни Озодликка айтишича¸ Тошкентдаги томошага 10 минг одам йиғилган ва концерт “энг олий даражада ўтган”.

Гагарина ва унинг мухлислари ижтимоий тармоқларда бу концертнинг “қайноқ” эпизодларини эълон қилди.

Аммо ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар орасида 2 октябрь куни кенг тарқаган видео концерт эмас¸ ундан кейинги зиëфат манзарасига оиддир.

Гагаринанинг ўзи олиб тарқатгани тахмин қилинаëтган бу видеода “Обезоружена” қўшиғини жўровоз бўлиб айтаëтган президент Мирзиëевнинг қизлари ва куëвлари кўринади.

Экзотик таомлар билан безатилган стол атрофида ашула айтаëтганлардан бири Саида Мирзиëевадир. У нафақат президентнинг қизи¸ балки Ўзбекистон ҳукуматининг бош имижмейкери¸ унинг медиа сиëсатини белгилаш ваколатини олган Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги раҳбари ўринбосари - давлат мулозими ҳамдир.

Хорга қўшилганлардан яна бири Шаҳноза Мирзиëева. У ҳам шунчаки президент қизи эмас¸ балки Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи¸ боғча ëшидаги ўзбекистонликларга бериладиган таълим сиëсатини белгиловчи давлат амалдоридир.

Мирзиëевнинг куëвлари ҳам давлат сиëсатини белгилаш ваколати берилган қудратли тизим амалдорлари. Расман эълон қилинмаган бўлса-да¸ тўнғич куëв Ойбек Турсунов президент администрацияси раҳбарининг 1-ўринбосари¸ иккинчи куëв Отабек Умаров эса¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосаридир.

Кейинги ойларда ижтимоий тармоқларда ëйинланган видеолардан Ўзбекистон иккинчи президенти Шавкат Мирзиëевнинг куëвлари¸ хусусан¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарларидан бири Отабек Умаровнинг россиялик спортчи ва блогерларни Ўзбекистонда давлат ресурслари ҳисобидан хориж вазирлари мақомида меҳмон қилаëтгани кўрилмоқда.

2 октябрь куни тарқаган видеотасвирдан бу ўтиришнинг “Ҳумо” саройидаги концертдан сўнг VIP хонада уюштирилган afterparty – шоудан кейинги зиëфат экани кўрилади.

Озодлик билан қисқа суҳбатда Полина Гагаринанинг директори Андрей Мухачëв бу видеодан хабари йўқлиги¸ уни кўрмаганини билдирди. Президент қизлари билан зиëфат тафсилотлари сўралганда Гагаринанинг продюсери¸ бу ҳақда гапиришни истамаслигини билдирди.

Концерт спонсорлари

1 октябрь кунги концерт¸ реклама варақа ва роликларига қаралса¸ Madina's star company номли ширкат томонидан уюштирилган¸ унинг бош спонсори эса - “Капиталбанк”.

Полина Гагарина концертининг бош ҳомийси Ойбек Турсуновга қарашли Kapitalbankдир.
Полина Гагарина концертининг бош ҳомийси Ойбек Турсуновга қарашли Kapitalbankдир.

Madina's star ширкати¸ унинг эгалари кимлиги ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ. Озодлик гаплашган Тошкент ҳукуматидаги мулозимлардан бири¸ унинг эгаларини “жорий биринчи оилага яқин давралардан изланг”¸ дейиш билан чекланди.

Капиталбанк тижорат банки акцияларининг энг катта пакети эса¸ президент Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсуновнинг ширкатидир.

Promadik Invest акцияларининг 95 фоизи Ойбек Турсуновникидир.
Promadik Invest акцияларининг 95 фоизи Ойбек Турсуновникидир.

Жорий йил 5 августида "Promadik Invest" МЧЖси Капиталбанк акцияларининг қарийб 37 фоизини олди ва унинг энг йирик акционерига айланди.

Kapitalbank акцияларининг энг катта пакети август ойида расман президентнинг куëви қўлига ўтди.
Kapitalbank акцияларининг энг катта пакети август ойида расман президентнинг куëви қўлига ўтди.

"Promadik Invest" акцияларининг 95 фоиз эгаси эса¸ Ойбек Турсуновдир. Ҳозирча давлат хизматчисининг қайси капитали эвазига қишлоқ хўжалик техникасини сотиш ва ижарага бериш билан шуғулланувчи йирик компания эгасига айланганига оид бирор изоҳ берилмаган.

Худди шунингдек¸ давлат юқори лавозимли амалдорининг мамлакатдаги энг йирик тижорат банки асосий акционерига айлангани давлат ва шахсий манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқараëтганига оид хавотирларга ҳам ҳозирча президент ва унинг оиласи изоҳ берган эмас.

ДЕЖА ВЮ?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев оиласининг ижтимоий тармоқларда ëйинланаëтган видео ва суратлари тармоқ фойдаланувчиларига марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 2014 йилга қадар кўрилган ҳаëт тарзини эслатмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги аксар шарҳларда “Ўзбекистон маликаси” деб таснифланиб¸ маликаларга хос ҳаëт услубини кўз-кўз қилиб келган Гулнора Каримова ўрнининг бўш қолмагани айтилмоқда.

(2014 йили уй қамоғига олинган Каримова¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан коррупция¸ давлат ва бошқалар мулкини ўзлаштириш каби оғир жиноятларда айбланиб¸ ҳозирда қамоқ жазосини ўтамоқда.)

Отаси президент бўлганидан қарийб 20 йилча ўтиб¸ Гулнора Каримова Тошкентда хорижлик киборлар учун махсус фестиваль¸ концерт ва танловлар ўтказишни урфга айлантирган эди.

Киборлар тўпландисининг энг қуюқлари эса¸ миллионлаб ўзбекистонлик болалар ва катталар давлат босими остида бўшаган ғазнани тўлдириш учун пахтага ҳайдалган сентябрь-октябрь ойларида ўтказиларди.

Ўша йиллар отасининг вориси деб кўрилган Гулнора Каримова давлат намояндаси - Ўзбекистон Республикасининг Женевада жойлашган БМТ идораларидаги расмий вакили¸ юқори мақомдаги дипломат эди.

Ўзбекистон Фонд форуми деб номланган ижтимоий ташкилот соябони остида давлат бюджети¸ қолаверса¸ тадбиркорлардан олинган маблағлар ҳисобига Гулнора Каримова Россия ва Ғарбнинг таниқли қўшиқчи ва спортчиларини Тошкентда меҳмон қилиб келди.

Ўзи ҳам Gogoosha/Гугуша тахаллуси билан ашула айтиб келган Каримованинг меҳмонларидан бири россиялик қўшиқчи Максим Фадеев Ўзбекистондаги қуюқ зиëфатлардан сўнг унга атаб “Гугуша” қўшиғини айтган эди.

Каримова британиялик қўшиқчи Стинг¸ истаниялик қўшиқчи Хулио Иглесис¸ британиялик композитор ва дирижëр Эннио Марриконе¸ француз актëри Жерар Депарьде¸ турк сериаллари юлдузи Халит Эргенч¸ португалиялик футбол юлдузи Рональдо¸ аргентиналик юлдуз Мессиларни ўзи ва тор доирадаги даврадошларига аталган тадбирларга олиб келган эди.

Каримова юлдузини порлатиш мақсадида олиб келинган бу юлдузларнинг ҳар бирига миллионлаб долларлик гонорарлар тўланган¸ Каримованинг хос тадбир ва зиëфатлари харажатлари эса¸ асосан¸ тадбиркор ва оддий солиқ тўловчига сочилган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG