Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Мирзиëевнинг қудаси раҳбар бўлган Миллий гвардия ваколатлари янада кучайтирилади


10 май куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Миллий гвардияга оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ янги ваколатлар беришни кўзда тутади.

2017 йили мустақил вазирлик мақоми берилган Миллий гвардия бу қарор кучга кирганидан сўнг давлат ва жамоат тартибини сақлашда Ички ишлар вазирлиги ва ДХХ билан айни ваколатга эга бўлади.

Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси Ботир Турсуновдир.

Ваколат устига ваколат

10 май куни Ўзбекистон республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган расмий сайтда Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб номланган қарори лойиҳаси эълон қилинди.

25 майгача муҳокамага қўйилган бу ҳужжат муаллифи деб Ички ишлар вазирлиги кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли қарорига киритиш таклиф этилган ўзгартиш ва қўшимчалар аввалги ҳужжатдаги “ички ишлар органлари” ва ДХХ (МХХ) деган сўзлар ëнига Миллий гвардия деган сўзни қўшиб чиқишдан иборат.

Ҳукумат қарори лойиҳасида “оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг мажбуриятлари” қилиб:

ички ишлар органлари нарядлари билан биргаликда хизмат олиб бориш ва уларнинг фаолиятини жанговар панасини таъминлаш; оммавий тадбир ўтказиладиган объект ҳудудини ўраб (тўсиб) олишда иштирок этиш;

ички ишлар органлари билан биргаликда заҳира кучларини ташкил этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг бўлинмалари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларга кўмаклашиш” этиб белгиланган.

Жорий қонунчиликда Миллий гвардияга оммавий тадбирлар пайтидаги хавфсизликни таъминлаш жараëнига аралашув ваколати берилмаган.

Миллий гвардия қачон туғилди ва унинг вазифаси нима?

1992 йили Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таркибидаги ҳарбийлашган тузилма сифатида ташкил этилган Миллий гвардия шахсий таркиби яқинларгача 1000 нафардан ошмаган ва у асосан стратегик объектларни қўриқлаш билан шуғулланган.

Миллий гвардия Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин 2017 йили алоҳида вазирлик мақомидаги тузилмага айлантирилди.

Янги ҳарбий тузилма функция ва ваколатлари аниқ белгиланган қонун ҳозирча йўқ. Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармонлари асосида ишлаëтган бу тизим бошқа куч ишлатиш салоҳияти берилган идоралар каби президентга бўйсунади. Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари Мирзиëевнинг катта куëви – Ойбек Турсуновнинг отаси генерал Ботир Турсуновдир.

Миллий гвардия раҳбарлари. Расмий сайтдан олинган сурат.
Миллий гвардия раҳбарлари. Расмий сайтдан олинган сурат.

Ҳукуматга яқин мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ ўринбосар деган аниқламага қарамай¸ президентнинг қудаси ҳозирга келиб нақафат Миллий гвардия¸ балки Ўзбекистон кучишлатар тизимларини назорат қилаëтган асосий шахсга айланган.

Ботир Турсунов 90-йиллар охирида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши кураш бош бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган¸ сўнгра лавозими пасайтирилиб¸ вазирликнинг Тошкент вилояти бошқармасида ишлаган.

2018 йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қилган чиқишида Мирзиëев бу янги тузилма вазифасининг “давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш”дан иборатлигини билдирган эди.

2018 йил июнь ойида қонунчиликка киритилган ўзгартишлар билан Миллий гвардияга “давлат авиацияси фаолияти соҳасидаги бошқарув ва назорат”¸ терроризмга қарши курашишда, ҳуқуқ-тартиботни, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш ва террорчилик ҳаракатларининг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш ваколатлари берилди.

Миллий гвардия ваколатлари кучайиб бораëтган бир пайтда¸ ДХХ ортидан Бош прокуратура ваколатлари қисқартирилмоқда.

2018 йил 16 февраль куни Пешкў туманида Бухоро вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Мирзиëев Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилган ва :

- Битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш, бу умуман давлатга бўлган қип-қизил хиёнатчилик, - деган эди.

Президент қудаси бошқараëтган Миллий гвардия ваколатларининг муттасил кенгайиб бораëтгани бу тизимнинг Каримов МХХси ўрнини эгаллаëтганига оид хавотирларни туғдирмоқда.

2019 йилга келиб ваколатлари ДХХ¸ ИИВдан ошиб бораëтган Миллий гвардия ҳарбийлари сонига оид аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG