Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:31

Саида Мирзиёева Бўкага бориши ортидан ўқитувчилар уйма-уй юришга мажбурланмоқда


Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель куни Бўкага бориб¸ отасининг 5 ташаббуси бўйича қилинаëтган ишлар бўйича танишганини билдирган эди.
Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель куни Бўкага бориб¸ отасининг 5 ташаббуси бўйича қилинаëтган ишлар бўйича танишганини билдирган эди.

Президент Мирзиëев 19 март куни ўтказган видеоселекторда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ва уларни китоб ўқишга қизиқтиришни топшириши ортидан бутун мамлакат бўйлаб янги кампанияга старт берилди.

Турли давлат идоралари ва ҳокимлик мутасаддилари мактабларга бориб¸ китоб совға қилиш¸ ҳар хил спорт мусобақаларию китобхонлар учрашуви ташкиллаштиришга киришиб кетди.

Озодликка келган хабарга кўра¸ Тошкент вилоятида ўқитувчилар президент ташаббус ижроси учун “тажриба қуëнчаси”га айланган Бўка туманига юборилиб¸ бу ерда уйма-уй юриб ота-оналарни боласини “ўзи йўқ” тўгаракларга ëздиришга тарғиб қилмоқда.

Озодлик боғланган Халқ таълими вазирлиги вакили ҳозирча бундай жараëндан бехабарлиги¸ агар шундай ҳолат бўлган бўлса¸ унинг “нотўғри” эканини билдирди.

Ўқитувчилар яна уйма-уй юришга ҳайдалди

Озодликка Янгийўл шаҳридаги мактаб ўқитувчилари номидан юборилган мурожаатга кўра¸ ўтган ҳафта юзлаб янгийўллик ўқитувчи асосий иши ва дам олиш кунини қўйиб¸ 60 км масофадаги туманга президентнинг ëшлар ва хотин-қизларга оид 5 ташаббусини ташвиқ қилишга юборилган.

Янгийўл шаҳрида сектор раҳбари ҳоким яна ўқитувчиларни якшанба куни Бўка туманига бориб¸ уйма-уй юриб, аҳолини президентнинг 5та ташаббуси бўйича ташвиқот қилишга мажбурлаяпти. Мудир ва директорлар биз ўқитувчиларни ўз ёнимиздан йўл кира қилиб Янгийулдан Бўкага юборди”¸ дейилади 28 апрель куни Озодликка янгийўллик ўқитувчилардан келган мурожаатда.

Озодликка ўзлари ишлайдиган мактаб рақамларини айтган бу ўқитувчилар¸ “ҳеч қаерга чиқмасин¸ ҳеч кимга айтилмасин” деб буюрилган мажбурий меҳнат ҳақида матбуотга гапиргани боис раҳбарият тазйиқига учрашдан чўчиб шахслари сир қолишини сўради.

Уларга кўра¸ 28 апрель – якшанба куни Янгийўл шаҳридаги 11 та мактабнинг ҳар биридан камида 7-8 нафар ўқитувчи Бўкага боришга мажбурланган ва бу воқеа тепасида шахсан шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбари Муниса Султонова турган.

(Озодлик ихтиëрида бу хабарни тасдиқловчи суратлар бор¸ аммо уларни юборган ўқитувчилар шахсини ҳимоялаш мақсадида улар эълон қилинмаëтир.)

Биз аҳолидан фарзандингиз қайси спортга, тўгаракка боради, хотин-қизларингиз нима иш қилади¸ деб сўраб чиқдик. Биз борган қишлоқлардаги одамларнинг яшаш шароити жуда оғир экан. Баъзи ота-оналар боласининг нечанчи синфда ўқишини ҳам билмайди. Болангиз қайси тўгаракка боради¸ десак¸ “тўгарак нима ўзи” деганлар ҳам кўп бўлди”¸ дейди уйма-уй юришга мажбурланган янгийўллик ўқитувчилардан бири.

Нега янгийўллик ўқитувчи бўкалик ўқувчи бўйича маълумот тўпламоқда?

Озодлик суҳбатдошлари¸ ўзларининг нега айнан Бўкага юборилганларини “Бўка ҳозир президент ташаббусини ижро қилиш бўйича Тошкент вилоятида тажриба қуëнчасига айлангани” билан изоҳладилар.

Билишимизча¸ Бўка халқ таълимидагилар бундай сўров қилмаган. Бўкадаги ўқувчининг уйига янгийўллик ўқитувчининг бориб¸ нега спорт қилмаяпсан¸ ëки китоб ўқимаяпсан¸ деб юриши куракда турмайдиган иш. Бундан бўкаликларнинг ўзи ҳам ҳайрон. Ўқувчининг тўгаракка бориш-бормаслигини¸ агар тўгарак бўлса¸ уни юритаëтган ўқитувчи яхши биладику¸ бунга бизнинг нима алоқамиз бор”¸ дейди суҳбатдошлардан яна бири.

Айрим ўқитувчилар¸ Янгийўл ва балки Тошкент вилояти бошқа туманлари ўқитувчиларининг асосий иши ва дам олиш ўрнига Бўкага кампаниябозликка юборилаëтгани бевосита Тошкент вилоят Халқ таълими бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги масъуллари буйруғи билан бўлаëтганини билдирди.

“Қачон тугайди бу таълимга алоқаси йўқ мажлислар, селекторлар ва бошқалар? Ўзи бир кун якшанба дам олиш куни¸ шунга ҳам булар хўжайинлик қилиб¸ мажбурий меҳнатга юбораяпти. Бировларнинг боласи нима қилаëтганини суриштириб юрибмизу¸ уйда ўзимизнинг болаларимиз қаровсиз қолиб кетаяпти. На улар билан шуғулланиш¸ на уларни бирор жойга олиб боришнинг иложи қолмади”¸ дейди ўқитувчилардан яна бири.

Бу иддаоларга аниқлик киритиш мақсадида Озодлик Янгийўл шаҳар ва Бўка туман Халқ таълими бўлимлари раҳбарлари билан бевосита боғланди.

Иккала мутасадди ҳам Озодлик саволини эшитиши билан мобиль телефонини ўчириб қўйди ва қўнғироқларга бошқа жавоб бермади.

Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати Озодликка келган мурожаатлар текширилиб¸ сўнгра маълумот берилишини билдирди.

29 апрель куни вазирликдан ҳам жавоб бўлмади.

“Олдин мактабларда тўгарак борми ўзи¸ деб сўрашсин!”

Озодлик гаплашган янгийўллик ўқитувчилардан бири ¸ президент 5 ташаббусини ижро қилиш бўйича бораëтган бу ишларни яна “салла деса калла олиш” ҳаракати дея баҳолади.

Болангиз қайси тўгаракка боради¸ ëки болангизни тўгаракка қўйинг¸ дейишдан олдин¸ мактабларда тўгарак борми ўзи¸ деган савол билан қизиқиб кўришсин. Масалан¸ 800 болага мўлжалланган мактабларда 2500 бола ўқийди. Тўгарак тугул¸ ҳаво олишга вақт ҳам¸ жой ҳам йўқ. Қишлоқ мактабларида нари борса¸ футбол ўйнашга майдонча бор¸ холос. Уям ëмғир ëғса¸ кўлмакка айланади”¸ дейди бу суҳбатдош.

Бошқа бир ўқитувчи эса¸ президентнинг 5 ташаббуси шу кунларда мажлисбозлик ва буйруқбозликнинг янги мавзуига айлангани ва ўқи ишлайдиган мактабда кутубхонани тўлдириш учун ҳар бир ўқувчига уйидан камида биттадан китоб олиб келиш юклатилганини билдирди.

Болаларни электроникадан узоқлаштириб¸ китоб ўқишга ўргата олсак¸ бу жуда ажойиб иш бўларди. Болалар чиндан ҳам китоб ўқимай қўйган. Лекин гап бу ҳақда бормаяпти. Масаланинг илдизини муҳокама қилиш ўрнига¸ булар ҳисоб бериш учун китоб сонини санаш¸ китоб жавонларини расмга олиш билан овора. Хўп¸ кутубхоналарни бир амаллаб тўлдирдик ҳам дейлик¸ лекин бу ҳали болалар китоб ўқиди¸ дегани эмаску!”¸ дейди Озодлик гаплашган ўқитувчилардан бири.

Мирзиëевнинг тўнғичи отасининг 5 ташаббуси ижросини Бўкада кузатди

Тошкент вилояти бўйича президент 5 ташаббуси ижроси бўйича асосий эътиборнинг шу кунларда айнан Бўка туманига қаратилганини Озодлик суҳбатдошлари бу туманга 20 апрель куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг боргани билан изоҳладилар.

15 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг 1-ўринбосари сифатида иш бошлаган Саида Мирзиëева 20 апрель куни Facebook саҳифасида “президент Ш.М.Мирзиёевнинг 5 та ташаббусини Бўка туманида жорий қилиш бўйича республика ва туман секторлари ишчи гуруҳлари билан биргаликда белгиланган ишларни амалга ошириш жараёнида бевосита иштирок этдим”¸ деб ëзди.

Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижросининг ўзаги сифатида мен мактабларни белгилаган бўлар эдим. Фикримча айнан мактабларни 5 та ташаббус замирида маданият, маърифат, спорт ва компьютер технологиялари ўчоғи сифатида белгилаб олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди”¸ деб ëзди ўз постида президентнинг тўнғич қизи жумладан.

Шавкат Мирзиёев 19 март кунги видеоселекторда тақдим этган 5 ташаббус¸ президент матбуот хизматининг ëзишича, қуйидагилардан иборат:

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.”

XS
SM
MD
LG