Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

Манбалар: Мирзиёев ўз қудасини ДХХ раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади


Мирзиёев ДХХ биносини бориб кўрди
Мирзиёев ДХХ биносини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев ўз қудаси Ботир Турсуновни 2 февраль куни Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил бир нечта манбага кўра, генерал Ботир Турсунов янги вазифага декабрь охирида бўшатилган Жаҳонгир Эгамовнинг ўрнини эгаллаган.

"Коррупция"

Ўз хавфсизлигидан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан 3 февралда гапирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага кўра, 46 яшар Жаҳонгир Эгамовга қарши ДХХнинг бир гуруҳ юқори лавозимли ходимлари қаторида "коррупция иши фигуранти" сифатида жиноят иши очилган.

Айни пайтда, бу манба ҳам, Озодлик суҳбатлашган бошқа манбалар ҳам Жаҳонгир Эгамов устидан қўзғатилган жиноят иши тафсилотларидан хабардор эмасликларини маълум қилди.

Уларнинг қўшимча қилишича, Жаҳонгир Эгамов президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни ДХХ ходимлари иштирокида ўтказган кенгайтирилган йиғилиш пайтида вазифасидан бўшатилган.

Бироқ, маҳаллий нашрлар бу ҳақда ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий хабар тарқатгани йўқ.

Озодликнинг айни масалада юзасидан берган саволларига Ўзбекистон Бош прокуратураси жавоби қисқа бўлди:

"Бу борада расмий маълумот йўқ".

Собиқ адлия маслаҳатчиси, Жаҳонгир Эгамов ДХХда бор-йўғи ўн бир ой муқаддам - 2018 йил февралида иш бошлаган эди.

"Қуда"

72 яшар генерал Ботир Турсунов Ўзбекистон ички ишлар ва хавфсизлик хизматида энг таниқли шахслардан бири ҳисобланади.

Ўз фаолиятини ўтган асрнинг 80- йилларида КГБда бошлаган Ботир Турсунов кейинчалик кўп йиллар давомида ички ишлар тизимида турли вазифаларни ижро этди.

У 1990-йиллар охирида бир муддат Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлади.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент этиб сайлангач, Ботир Турсунов Ўзбекистон Миллий Гвардияси бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланди.

Ботир Турсуновнинг ўғли - Ойбек Турсунов президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёвидир.

XS
SM
MD
LG