Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Ўш ИИБ: Қорасувда ушланган ўзбекистонлик суиқасд қилиш ниятида бўлганини тан олган


Қирғизистон республикаси Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Қорасув шаҳрида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонга бирини ўлдириш учун келганини тан олгани, унинг ёнидан ўқ отар қурол топилганини маълум қилди. 24 апрель куни махсус амалиёт чоғида маст ҳолда қўлга олинган ўзбекистонликнинг қорасувлик имом Рашод қори Камолов жонига қасд қилиш ниятида бўлгани ҳақидаги норасмий маълумотларни Ўш ИИБ ҳозирча на тасдиқлади, на инкор қилди.


Ж. Ашурбаев: Бу ишни хавфсизлик қўмитаси суриштирмоқда

Қирғизистон республикаси Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Қорасув шаҳрида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси ҳибс чоғида Қирғизистонга бир шахсни ўлдириш учун келганини тан олгани, аммо бирор шахс номини тилга олмаганини маълум қилди.

Бунга қадар бу ўзбекистонликнинг қорасувлик таниқли имом, 36 яшар Рашод қори Камолов жонига қасд қилиш ниятида бўлгани Озодликка хабар қилинган эди.

Шу кунларда Озодликка келаётган норасмий маълумотларга ойдинлик киритишини сўраган мухбир билан суҳбатда бошқарма матбуот котиби Жениш Ашурбаевнинг айтишича, 24 апрель куни қўлга олинган ёнидан ўқланган тўппонча ҳамда пичоқ топилган.

Қорасув шаҳрида жамоат жойида қўлга олинган бу шахс маст ҳолида бирини ўлдириш ниятида келгани ва шунинг учун ёнида ўқланган қурол билан юрганини тан олгани айтилди.

- 24 апрель куни кечқурун Қорасув шаҳрида ўта маст ҳолда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Қўлга олиш чоғида бу фуқаро орган ходимларига қуролли қаршилик кўрсатди ва натижада, махсус отряд ходимлари унга қарши "самбо" кураш услубида куч қўллаб, уни қўлга олдилар. Қўлга олинган пайтда бу шахснинг ёнидан пичоқ ва ўқ отар қурол топилди, - деди Ўш ИИБ матбуот котиби.

Котибнинг айтишича, қўлга олинаётган пайтда маст бўлган Ўзбекистон фуқароси бақир-чақир қилиб Қирғизистонга келиш сабаби бирини ўлдириш бўлганини айтган:

- Ўта маст ҳолида бу шахс кимнидир ўлдириш учун келгани ва шунинг учун ёнида қуроли бўлганини айтди. Лекин бирорта шахснинг номини тилга олмади. Ҳозир бу шахсга нисбатан суриштирув ишлари бормоқда, ҳали жиноят иши очилгани йўқ, - деди Жениш Ашурбаев.

Озодлик мухбирининг қўлга олинган шахс конкрет қайси жиноятда гумон қилинмоқда ва у ўлдиришга чоғланган шахс айнан Рашод қори Камолов экани ҳақида бирор маълумот борми, мазмунидаги саволига жавобан ИИБ вакили шундай жавоб берди:

- Бу шахс ИИБ ходимларига қуролли қаршилик қилганликда гумон қилиниб қўлга олинган. Унинг Рашодхон Камоловни ўлдириш учун келганига оид ҳеч қандай маълумот йўқ, - деди Ўш вилоят ИИБ матбуот котиби.

Озодликка Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан боғланган манбалар қўлга олинган ўзбекистонлик шахснинг 1976 йилда туғилган Азиз исмли тошкентлик йигит экани ҳақидаги норасмий маълумотларни йўлламоқда.

Қирғизистон ИИБ расмийси ҳибсда қолаётган Ўзбекистон фуқаросининг шахсига оид бирор маълумотни тасдиқламаслиги ва айни пайтда расмий маълумот ҳам берилмаслигини айтди.

- Ҳозир биз бу ишни Ўш вилояти Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказганмиз. Қўмита суриштируви тугаши билан расмий маълумот берилади, - деди ИИБ расмийси.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов ҳам суриштирув ишлари бораётгани, ҳозирча бу борада бирор маълумот берилмаслигини айтди.

Аммо, қорасувлик тингловчилар бу шахсга оид норасмий маълумотлар шаҳарда урчиб кетгани ва қорасувлик намозхонлар бу борада расмий очиқлама кутаётганини айтмоқда.


Р. Камолов: Бу шахс суиқасд учун келганини тан олган

Бу хабарлар ортидан Озодлик мухбири боғланганида қорасувлик имом Рашод қори Камолов Қорасув туман ИИБ томонидан унга расман маълум қилинган баъзи маълумотларни қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик исми ошкор қилинмаётган шахс қўлга олинган куни хорижда сафарда бўлган Рашод қори Қорасувга қайтгач, шаҳар ИИБга чақирилган ва ҳибсдаги шахсга оид суриштирувнинг дастлабки натижалари билан таништирилган.

Камоловнинг айтишича, унинг қўлига берилган ҳужжатларда Ўзбекистон фуқаросининг Қорасувга келишидан мақсад айнан унинг жонига қасд қилиш нияти бўлганини тан олгани қайд этилган.

- Мени чақиришди бордим ва ҳужжатлар билан танишиб чиқдим. Делоларни кўрдим. Ўзим ўқидим, ўзи эътироф қилган, шунақа Рашод қорини ўлдириш учун келганини эътироф қилиб ёзган қоғозни кўрдим. Буюртма бўлгани, қўшни давлатлар томонидан, президентга бўйсунган Терроризимга қарши кураш бўлими ходими эканига иқрор бўлганини ўқидим, - деди Рашод қори Камолов.

Айни пайтда Камолов қўлида қурол билан ушланган ва суиқасд учун ёлланганини тан олган бу шахс қўлга олингани ҳақида Қирғизистон куч ишлатар тизимлари ҳануз расмий баёнот бермаганига эътироз билдирди.

- Бу шахс қўлида қуроли билан ушланган, эътироф қилганига қарамасдан Қирғизистон ИИБ ёки СНБ бирор расмий баёнот бермаётгани сабабини тушунмаяпман. Албатта, бу ишда чигаллик кўп. Эҳтимол, Ўзбекистон ҳам эмас, балки унданам юқорида бўлган қудратли давлат икки қўшни давлат учун муҳим бўлган Ўш минтақасини бир пасда беқарор қилиб қўйиши мумкинлигига ишорат бераётгандир. Хуллас, бир неча тахминларимиз бор, - дейди Фарғона водийсининг Қирғизистон ва Ўзбекистон қисмида танилган марҳум имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг изидан бораётган ўғли Рашод қори Камолов.

Қуйида Рашод қори билан қурилган суҳбат ва бу борада олинган сўнгги маълумотлар жамланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:00 0:00
Бевосита линк


Қорасувлик намозхон: Бу биринчи шубҳали ташриф эмас

Марказий Осиё минтақасидаги уч республика - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни туташтирган Фарғона водийсида танилган Рашод қори Камолов масжидида бунга қадар ҳам турли ният ва ҳаракатда бўлган номаълум шахслар кўп қайд этилган.

Қорасувлик диндор Дилёр Жумабоевнинг айтишича, аксар ҳолларда "Сарахсий" масжидига ибодатга йиғилган ўзбек намозхонларни яширинча видеога олаётган, суратга олаётган ёки мулоқотларни ёзишга уринган номаълум шахслар ушланади.

- Қорасув кичкина шаҳарда, ҳамма бир-бирини танийди. Кейин бизнинг шаҳардаги мусулмонларн бир-бирини қаттиқ ҳимоя қилади. Шунинг учун, издиҳомдаям ҳамиша сергак бизникилар. Сал нотўғри ҳаракат қилган нотаниш бирпасда билиниб қолади. Скрытий камера билан юрганлардан яқиндаям биттасини ушлаволди болалар. Ҳар сафар шунақа ушлаб олиб, записларини ўчириб, чиқарворишадида, қайтиб келмайдиган қилиб, - деди намозхон.


Содиқ қори: Минтақада бирор имом хавфсизлиги таъминланмаган

Қирғизистонлик таниқли уламо, собиқ муфтий, айни пайтда 20 асрда ушбу минтақада довруғ қозонган Камоловлар сулоласининг яна бир вакили Содиқ қори Камолов аслида бу минтақада ҳеч бир имомнинг хавфсизлиги таъминланмагани, мусулмонларга бошчилик қилаётган катта-кичик имомларнинг ҳаммаси ҳам қайсидир даражадаги катта-кичик хатарлар остида фаолият юритаётганини айтади.

Унга кўра, турли диний оқимлар нисбатан фаол кўринган Фарғона водийсидаги имомлар хавфсизлиги мутлақо таъминланмагани боис, ўз ҳаёти ва қавми хавфсизлиги учун масъулиятдан келиб чиқиб, имкон қадар хушёр ва эҳтиёткор ҳаракатда бўлиши керак.

Хусусан, Рашод қори Камоловнинг ҳаётига нисбатан эҳтимолий суиқасднинг олди олингани ҳақидаги иддаоларга тўхталган уламо бу борада анча вазмин муносабатда эканини билдирди.

У билан қурилган суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк



Ўзбек имомлари ва фолларига нисбатан суиқасдлар

Ҳаётига суиқасд уринишининг олди олингани иддао қилинган қорасувлик 36 яшар имом Рашод қори Камоловнинг отаси – Фарғона водийсида танилган имом Муҳаммадрафиқ қори Камолов 2006 йил 6 августда отилган.

2007 йилнинг 24 октябрда бу минтақада ном чиқарган мустақил журналист Алишер Соипов отиб кетилди.

2011 йилнинг 25 сентябрида ўзбек фаолларидан бири сифатида танилган мухолифатнинг ёшгина фаоли Фуад Рустамхўжаев Россияда отиб кетилди.

2012 йил 22 февралда эса Швецияда уйи йўлагида таниқли уламо Обид қори Назаров отиб кетилди.

Ўзбекларнинг диний ва сиёсий фаоллари ҳамда етакчиларига нисбатан содир этилган бу жиноятларнинг бирортаси тўлиқ очилгани, асл жиноятчилар эса жазога тортилганича йўқ.

Хусусан, Рашод қори Камоловга нисбатан таниш ёки нотаниш шахслар ҳамда идоралар вакиллари томонидан кузатув, назорат ва тазйқилар ҳақида аввал ҳам кўп хабар қилинган.

Баъзан очиқ, баъзан яширин ҳолдаги бу кузатувларнинг аксар ҳолларда Қирғизистон ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматлари томонидан амалга оширилиши ҳақида иддаолар бор.

Хусусан, 2011 йилда Рашод қори Камолов Қирғизистон ИИБ томонидан ҳибсга олинган эди, қисқа сўроқ-саволлардан сўнг озод қилинган эди.
XS
SM
MD
LG