Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Қорасувда Рашод қорига суиқасдда гумон қилинган бир шахс ушланди


Қирғизистоннинг Ўзбекистонга туташ Қорасув шаҳрида танилган 36 яшар имом Рашод қори Камоловга суиқасд уринишида гумон қилинган бир шахс қўлга олинди. Ўш вилоят ИИБдан олинган маълумотга кўра, бу шахс айни пайтда ҳибсда сақланмоқда ва суриштирув ишлари бормоқда. Норасмий манбалар бу шахснинг тошкентлик ўзбек экани ҳақида хабар қилмоқда.


Ўш ИИБ: Суиқасдда гумон қилинган шахс қўлга олинди

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида шаҳар ва Ўш вилояти ИИБ махсус отрядлари томонидан 25-26 апрель кунлари ўтказилган рейдда қорасувлик таниқли имом, 36 яшар Рашод қори Камоловга нисбатан суиқасдга ҳозирлик кўраётганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди.

Ўш вилоят ИИБ матбуот котиби Жениш Ашурбаевдан олинган маълумотга кўра, ҳозир суриштирув ишлари бормоқда.

"Ҳозир суриштирув ишлари бораяпти, бошқа маълумот беролмайман. Тез орада бу борадаги дастлабки натижалар матбуотга маълум қилинади", деди матбуот котиби.

Бунга қадар Озодликка Қорасув шаҳрида Рашод қорини суриштираётган ва унга қарши эҳтимолий суиқасдга ҳозирланаётган шубҳали икки шахс фош қилингани ҳақида хабар келган эди.


"Сарахсий" масжиди: Нотанишлар апрель ўртасида пайдо бўлган

Хабарларда айтилишича, апрель ойи ўрталарида бу номаълум шахслар қорасувлик ўзбек диндорлари жамоасида пайдо бўлган ва ўзларини сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияси бўлган чет эллик тадбиркорлар, деб тақдим қилган.

Аммо, тез орада уларнинг имом Рашод қори Камолов шахсияти билан қизиқа бошлагани сезилиб қолган.

Бу икки нотаниш билан бир неча бор юзлашган қорасувлик ўзбеклардан бирининг тахминича, 35-40 ёшлар атрофида шахслардан бири Тошкент шевасида гапирган ўзбек бўлган, яна бири эса рус тилида гапирган ва қўлида Россия паспорти бўлган татар миллатига мансуб йигит бўлган.

"Иккови ҳам девқомат, кўринишидан военный подготовкадан ўтган спортивный йигитларлиги кўриниб турибди. Олдин бошқа масжиддаги битта намозхон йигитдан бизнинг масжиднинг имоми Рашод қорини сўрашган. Кейин у намозхон билан яқинлашиб юришганда, охири унга мақсадини билдиришганда. Хуллас, шунақа заказ бор, агар информацияда ёрдамлашсанг 2 минг доллар, берамиз, деб айтишган. Қуруқ информациянинг ўзига", деди исмини айтмаслигимиз шарти билан Озодликка сўраган қорасувлик диндор йигит.

Россия фуқароси эканини айтган ва қорасувликларга паспортини кўрсатгани айтилган иккинчи шахснинг қаерда экани номаълум қолмоқда.


Рашод қори: Нотаниш шахслар масжидга қатнаганидан хабардормиз

Нотаниш йигитларнинг шубҳали ҳатти-ҳаракатлари қисқа фурсатда "Сарахсий" масжиди қавми эътиборини ҳам ўзига тортган ва бу шубҳалар ўша кездаёқ имом Рашод қори Камоловнинг ўзига ҳам етиб борган.

Унга қарши эҳтимолий суиқасдга ҳозирликда гумон қилинган икки шахснинг қўлга олинганидан хабардорлигини айтган Рашод қори Камолов бу шубҳалар ҳафтадаёқ унга маълум бўлганини айтди.

Унинг айтишича, кафтдеккина Қорасув шаҳрининг диндорлари бир-бирини яхши танигани ва ҳимоя қилгани боис, бу гап тезда шаҳарда тарқалган ҳамда бу овозалар ортидан Қорасув шаҳар ва Ўш вилояти ИИБ ходимлари ҳам суриштирувни бошлаган.

- Бизнинг йигитлар айтиб келишди менга, шунақа иккита ёлланма киллер юрибди орамизда, деб. Лекин, у болалар билан гаплашишгану, ушлаб бошқа қилмаган. Олдин яхшилаб кузатайлик ва кўпроқ далил олайлик, дейишган. Ўш вилояти ИИБ ва Қорасув шаҳар ИИБдан ўтган пайшанба куни менга, масжиддаги болаларга боғланиб, сўрашди. Эшитганимиз, кўрганимизни айтдик. Кейин улар паспорт контрол қилиб, у йигитларни ушлашибди. Ўша жойда бўлганлар ушланаётган пайтда у шахслардан бири орган ходимига қуролли қаршилик қилди, деяптию. Уларнинг ёнидан қурол чиқибди, валлоҳиаълам, мен аниғини билмайман ҳали, - деди айни пайтда хорижда сафарда бўлган Рашод қори Камолов.

У номаълум икки шахснинг мақсади уни ўлдириш бўлганига бироз шубҳа билан қараши, аммо бундай "зиёратдан бохабар қилиниши"да бир жиддий ишорат бор, деб билишини айтади.

- Чунки биласизми, агар мақсад мени ўлдириш бўлса, бунга тайёргарлик ҳам шартмас. Бизнинг масжид шундоқ Шаҳрихонсойнинг устида. 25 метрлик сойнинг у ёғида Ўзбекистон ҳарбийлари автомати билан туради. "Адашиб отиб қўйибмиз" дейдиган имкониятдада улар! Бу агар ҳақиқат бўлса, менимча қандайдир жиддий ҳаракатларга бир ишорат бериш ниятида қилинган иш бўлса керак, валлоҳиаълам, - деди Рашод қори Камолов.


Қорасувлик намозхон: Бу биринчи шубҳали ташриф эмас

Марказий Осиё минтақасидаги уч республика - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонни туташтирган Фарғона водийсида танилган Рашод қори Камолов масжидида бунга қадар ҳам турли ният ва ҳаракатда бўлган номаълум шахслар кўп қайд этилган.

Қорасувлик диндор Дилёр Жумабоевнинг айтишича, аксар ҳолларда "Сарахсий" масжидига ибодатга йиғилган ўзбек намозхонларни яширинча видеога олаётган, суратга олаётган ёки мулоқотларни ёзишга уринган номаълум шахслар ушланади.

- Қорасув кичкина шаҳарда, ҳамма бир-бирини танийди. Кейин бизнинг шаҳардаги мусулмонларн бир-бирини қаттиқ ҳимоя қилади. Шунинг учун, издиҳомдаям ҳамиша сергак бизникилар. Сал нотўғри ҳаракат қилган нотаниш бирпасда билиниб қолади. Скрытий камера билан юрганлардан яқиндаям биттасини ушлаволди болалар. Ҳар сафар шунақа ушлаб олиб, записларини ўчириб, чиқарворишадида, қайтиб келмайдиган қилиб, - деди намозхон.


Рашод қори: Бу жиддий воқеага ишорат бўлиши мумкин

Рашод қори Камолов, унга қадар эса унинг 2006 йил 6 авгусда отиб ўлдирилган отаси - Фарғона водийсида танилган яна бир катта имом Муҳаммадрафиқ қори Камолов имомлик қилган "Сарахсий" масжиди Қорасув шаҳрини икки қисмга – Ўзбекистон ва Қирғизистонга ажратадиган Шаҳрихонсойнинг шундоққина ёқасида жойлашган.

Икки давлат ўртасидаги борди-келдиларни деярли тўхтаб қўйган Ўш воқеаларига қадар бу масжидни Ўзбекистон Қорасувида истиқомат қиладиган, баъзан эса ундан ҳам олисроқдан келадиган мусулмонлар кўп зиёрат қилар эди.

Бундан зиёратларнинг муҳим сабаби эса 36 яшар Рашод қори обрўси бўлса, бунинг илк сабаби унинг отаси Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг мусулмонлар ўртасидаги эътибори эди.

У киши Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг Қирғизистон жанубида ўтказган махсус амалиёти чоғида ўлдирилган эди.

Кейинчалик бу борада бот-бот расмий баёнот берган Қирғизистон расмийларининг асосий изоҳи Муҳаммадрафиқ қори Камоловнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати халқаро террор ташкилотига аъзо, дейилган айблов билан кузатувда бўлган шахслар билан бирга бўлган ва амалиёт чоғида тасодифан отилган, мазмунида бўлган эди.

Аммо, кейинчалик бу воқеа бўйича жиноят иши номаълум муддатга ёпилган.

Шу тариқа ўқ еб вафот этган Рафиқ қорининг ўғли Рашод қори эса отасининг ишини давом эттириб, айни масжидда имомлик қилмоқда. Тез орада у ҳам отаси каби ном қозонди ва ҳозир у ҳам Қорасув ва унга қўшни минтақаларда машҳур ёш ўзбек имомларидан бирига айланди.

Қуйида Рашод қори Камолов билан сўнгги воқеалар ҳақида қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:24 0:00
Бевосита линк


Содиқ қори: МОда ҳеч бир имом хавфсизлиги таъминланган эмас

Қирғизистонлик таниқли уламо, собиқ муфтий, айни пайтда 20 асрда ушбу минтақада довруғ қозонган Камоловлар сулоласининг яна бир вакили Содиқ қори Камолов аслида бу минтақада ҳеч бир имомнинг хавфсизлиги таъминланмагани, мусулмонларга бошчилик қилаётган катта-кичик имомларнинг ҳаммаси ҳам қайсидир даражадаги катта-кичик хатарлар остида фаолият юритаётганини айтади.

Унга кўра, турли диний оқимлар нисбатан фаол кўринган Фарғона водийсидаги имомлар хавфсизлиги мутлақо таъминланмагани боис, ўз ҳаёти ва қавми хавфсизлиги учун масъулиятдан келиб чиқиб, имкон қадар хушёр ва эҳтиёткор ҳаракатда бўлиши керак.

Хусусан, Рашод қори Камоловнинг ҳаётига нисбатан эҳтимолий суиқасднинг олди олингани ҳақидаги иддаоларга тўхталган уламо бу борада анча вазмин муносабатда эканини билдирди.

У билан қурилган суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк


Ўзбек имомлари ва фолларига нисбатан суиқасдлар

Ҳаётига суиқасд уринишининг олди олингани иддао қилинган қорасувлик 36 яшар имом Рашод қори Камоловнинг отаси – Фарғона водийсида танилган имом Муҳаммадрафиқ қори Камолов 2006 йил 6 августда отилган.

2007 йилнинг 24 октябрда бу минтақада ном чиқарган мустақил журналист Алишер Соипов отиб кетилди.

2011 йилнинг 25 сентябрида ўзбек фаолларидан бири сифатида танилган мухолифатнинг ёшгина фаоли Фуад Рустамхўжаев Россияда отиб кетилди.

2012 йил 22 февралда эса Швецияда уйи йўлагида таниқли уламо Обид қори Назаров отиб кетилди.

Ўзбекларнинг диний ва сиёсий фаоллари ҳамда етакчиларига нисбатан содир этилган бу жиноятларнинг бирортаси тўлиқ очилгани, асл жиноятчилар эса жазога тортилганича йўқ.

Хусусан, Рашод қори Камоловга нисбатан таниш ёки нотаниш шахслар ҳамда идоралар вакиллари томонидан кузатув, назорат ва тазйқилар ҳақида аввал ҳам кўп хабар қилинган.

Баъзан очиқ, баъзан яширин ҳолдаги бу кузатувларнинг аксар ҳолларда Қирғизистон ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматлари томонидан амалга оширилиши ҳақида иддаолар бор.

Хусусан, 2011 йилда Рашод қори Камолов Қирғизистон ИИБ томонидан ҳибсга олинган эди, қисқа сўроқ-саволлардан сўнг озод қилинган эди.
XS
SM
MD
LG