Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:52

Журналист Алишер Соипов ўлдирилганига 6 йил тўлди


Таниқли журналист, ўзбек тилида Ўшда чиқадиган "Сиёсат" газетасининг ношири ва бош муҳаррири, "Америка овози" радиоси мухбири Алишер Соиповнинг номаълум шахслар томонидан Ўшда отиб кетилганига 6 йил тўлди.


Бу давр ичида Қирғизистонда яна бир марта ҳокимият алмашди, Ўшда эса миллатларо тўқнашув содир бўлди. Шу каби каттаю кичик воқеаларнинг кўпи кечди олти йил ичида, аммо Алишернинг ҳақиқий қотили ҳамон топилмади.

Албатта, Қирғизистоннинг аввалги расмийлари 2009 йилда бошқа бир қанча жиноятларда айбланиб, қўлга олинган Абдуфарит Расуловни Алишер Соиповнинг ўлимида ҳам айблаган ва уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилганди. Бироқ Алишернинг яқинлари бу қотилликни Расулов томонидан содир этилганига ишонмасликларини айтиб келадилар.

Алишерсиз ўтган олти йил ичида Ўшда нафақат жамиятнинг долзарб мавзуларини кўтарадиган, балки ўзбек тилида ёзадиган журналистлар ҳам камайиб кетди.

Буни ўзбек журналистларини тайёрлаш бўйича Интерньюс халқаро ташкилоти кузатувларига кўра¸ ўзбек миллатига мансуб ўшлик ёшларнинг кўпчилиги кейинги пайтда журналистикани ҳаёт учун хавфли касб, деган қарорга келиб қолган.

Шунга қарамасдан, Ўшда ҳали-ҳамон Алишернинг ишини давом эттираётган фаол журналистлар ҳам бор. Улардан бири марҳум журналистнинг туғишган укаси, ҳозирда “Дайжест” газетасини нашр қилаётган Шоҳруҳбек Соиповдир.

Бизга маълум бўлган нарса шуки, Алишер Соиповнинг яқинлари унинг ишини давом эттириш билан бирга қизи Зулайҳонинг яхши инсон бўлиб тарбияланиши учун жаҳд қилмоқдалар.

Марҳум журналист Алишер Соиповнинг исми касбий фаолиятини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистлар хотираси учун ташкил қилинган Вашингтондаги “Журналистлар музейи” мемориал тахтасида абадийлаштирилган.

Бугун юрак хомуш ва ғамгин,
Ҳақиқатга ўқлар отилди,
Кулфат эса мағрур ва ғолиб,
Виждон бугун пулга сотилди.

Ўчди, ўчди бир нурли чироқ,
Оппоқ руҳга айланди дўстим,
Бунча аччиқ бўлмаса фироқ,
Нега сени қучоқлар ўлим.

Журналист ва шоира Матлуба Азаматова айтаётган чироқнинг Ўшда ўчганига роппа роса 6 йил тўлди.

Алишернинг ўлимидан кейин унинг хотирасига кўплаб шеърлар битилди, фильмлар суратга олинди, унинг хотирасини халқаро миқёсда абадийлаштириш учун баъзи ишлар қилинди.

Ёдгор Обиднинг Алишер Соипов хотирасига битган шеъри эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қанча қурбон керак, сенга адолат,
Орзусан йўлларинг, шунчалар оғир,
Интилдик, изладик кесди разолат,
Қотиллар тиғ санчди, қон бўлди бағир.

Бу қандай кўргилик, бу қандай таҳқир,
Қонига қорилиб, ëтар жасорат,
Нияти қалбидай, соф эди, ахир,
Умиди эзгулик, элга шафоат.

Бугун шундай бўлди, бизларнинг луғат,
Алишер курашдир, Алишер орзу,
Алишер эзгулик, Алишер даъват,
Виждон у виждонга, тутилган кўзгу.

Залолат бўлолмас, ҳамиша устун,
Жоҳил золимларга ҳукми олий бор,
Кун келар, кун келар, келар ўша кун,
То мардлар кўксида, яшаркан виқор.

Кўзимда ëш билан, қилурман хитоб,
Гарчи ëв кўксимиз, олмиш нишонга.
Ҳар томчи қон учун, у бергай жавоб,
Минглаб Алишерлар, чиқар майдонга.
XS
SM
MD
LG