Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:54

Жондорда президент берган томорқани ҳокимият тортиб олаяпти


Ойтуғдиликлар 2010 йилнинг ноябрь ойида ерларининг олиб қўйилишига қарши ўз норозиликларини шу тарзда ифода этган эди
Ойтуғдиликлар 2010 йилнинг ноябрь ойида ерларининг олиб қўйилишига қарши ўз норозиликларини шу тарзда ифода этган эди
Бухоро вилоятининг Жондор туманида аҳолини ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида президент қарори билан берилган 10 сўтихлик томорқа ерлар ҳокимият томонидан олиб қўйиляпти. Озодликка боғланган жондорликлар бу ерларга эккан буғдой, беда каби кузги экинлари ҳайдаб ташланиш арафасида эканидан арз қилди.


Бухоро вилоятининг Жондор туманида президент қарори билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2010 йилда берилган 10 сўтихлик ерлар яна олиб қўйиляпти.

Ойтуғди қишлоғида яшовчи Атоулло Санаевнинг Озодликка айтишича, улар уч йил мобайнида унумдорлиги тушиб кетган шўр экин майдонларини “ўзига келтириш” учун анча уринган.

Бироқ туман ҳокимлиги унумдорлиги оша бошлаган ерларни яна қайтиб олмоқчи:

- Бу президент томонидан берилган ерлар эди. Уч йил олдин алмаштиришганди. Яна беш йилдан кейин алмаштирамиз, деганди. Энди эса бу йил алмаштирамиз, деяпти. Ҳамма кузги экинларини экиб бўлган. Буғдойлар бир қарич бўлиб қолган, бедалар кўкарган. Энди шуларни ҳайдаб ташлашмоқчи,- деди Атоулло Санаев.

Унинг айтишича, айтилгани каби 5 йил эмас, балки 3 йилдан сўнг ерларни алмаштириш ҳақида ҳеч ким уларни олдиндан огоҳлантирмаган.

- Ҳеч бўлмаса, ёзда айтишганида, ҳеч ким экин экмас эди. Мен фермер Ғафур Қурбоновга айтдим. Мен 300 минг сўм харажат қилиб беда экканман, бунинг харажатини ким тўлайди, дедим. Фермер айтдики, мен билмайман, бу ҳокимнинг буйруғи, деб айтди, - дейди Атоулло Санаев.

Исми сир қолишини сўраган ойтуғдилик деҳқонлардан бирининг айтишича, 200 га яқин одам томорқасига ҳар хил кузги экинларни экиб қўйган, энди бунинг учун кетган харажатни ким қоплашини ҳеч ким билмайди.

- Биз ҳокимият қилаётган ишларга ҳайрон қоляпмиз. Шуни олдиндан айтиб қўйишса бўларди. Одамлар бекорга харажат қилмасди, кўкариб чиққан экинлар увол бўлмасди, - деди ойтуғдилик деҳқон.

Бироқ фермер Ғафур Қурбонов ойтуғдиликлар томорқаси олинишидан огоҳлантирилган, деб даъво қилди.

- Бу менинг ихтиёрим билан бўлаётган иш эмас, бу бутун туман бўйича бўляпти. Одамларни аввалдан огоҳлантирганмиз, - деди фермер.

Жондор тумани ҳокими ёрдамчиси Эркин Худойқулов Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам бу ерлар алмашлаб экиш учун деҳқонлардан олинаётганини тасдиқлади.

Шунингдек, у томорқасига буғдой эккан аҳолига буғдой сепилган пахта майдонларидан ер ажратиб берилиши ҳам ваъда қилди.

- Агар улар харажат қилиб буғдой эккан бўлса, буғдой майдонидан ер берилади. Лекин аслида ўзбошимчалик билан эгалланган, томорқаларга қўшиб олинган ерлар бор. Улар бу ерлардан ноқонуний фойдаланиб келяпти. Бу ёқда фермерни ери қисқариб кетган, пахта, дон деган нарса бор, - деди ҳокимият ҳаракатларини оқлашга уринган ҳоким ёрдамчиси.

Бу томорқа майдонлари жондорликларга Ўзбекистон президентининг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида чиқарган қарори асосида илк бор 1992 йилда 10 сўтихдан тақсимлаб берилган эди.

Бу томорқалар илк бор 2010 йилда ҳокимият қарори билан тортиб олинган ва ўшанда Ўзбекистон бўйлаб йўлга қўйилган алмашлаб экиш тизими бунга сабаб қилиб келтирилган эди.

Яъни, кетма-кет пахта экилиши боис, унумдорлиги пайсайган экин майдонлари аҳоли учун томорқага берилган, аҳоли маҳаллий ўғит билан парваришлаган ерлар эса тортиб олинган эди.

Ойтуғдиликлар ўшандаёқ эътирозини билдирган ва қишлоқда катта норозилик акциялари бўлган эди.

Айримлар томорқасининг ноқонуний олиб қўйилишига қарши булдозерлар остига ўзини отган эди.

Натижада 13 ойтуғдилик "майда безорилик", "милиция ходимларининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик кўрсатиш ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик"да айбланиб, жаримага тортилган эди.
XS
SM
MD
LG