Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Жондорда одамлар ер учун жон беришга шай


Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғи аҳолиси 30 ноябр куни ўз экинзорларининг бузилишига қарши бошлаган норозилик акциясини вақтинча тўхтатди. Бунга аҳоли экинзорларидан бульдозерларнинг олиб чиқиб кетилиши сабаб бўлди. Бироқ шу куниëқ Ойтуғди қишлоғига милиция ва прокуратура ходимлари оралади.

27-29 ноябр кунлари Ойтуғди қишлоғи аҳолиси уларга қонуний берилган томорқа ерларининг бузилишига қарши норозилик акцияси ўтказган эдилар.

Ойтуғдиликлар норозиликни давом эттирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00


30 ноябр куни Ойтуғди қишлоғига юборилган милиция ва прокуратура ходимлари биринчи бўлиб, ҳокимият билан бўлган жанжалда тан жароҳати олган Холниса Раззоқовадан тушунтириш хати олди. У буғдой экилган томорқасини "Олтой" бульдозеридан ҳимоя қилиш учун, трактор олдини тўсишга уринган эди. Холниса Раззоқовага кўра, милиция ходимининг туртиб юбориши оқибатида унинг бир оёғи бульдозер курагининг тагида қолиб кетай деди. Айни пайтда, Холниса Раззоқованинг бир оёғига гипс қўйилган:

Жароҳатланган аëл куни бугун қўлтиқтаëққа қолган.
- Оëғимни гипс қилдириб келдик. Ëтибман уйда. Оëғим синган. Тиззадан пасти синган.

"Олтой"нинг олдида лопаткаси бор. Милициялар итарган пайти ўша ерга тушдим мен. Ўша лопатканинг олдига тушдим. Ҳайдаб келаяптику тракторни. Яхшиям аëллар мени тортиб олди. Бўлмаса мен ўзим ҳам тракторнинг тагида қолиб кетар эдим.

Озодлик: “Тракторни одамларнинг устига ҳайда” дедими?

- Районнинг ҳокими келиб “тракторни ҳайда” деб буйруқ берди. Кейин ҳайдади. Ернинг ичига кирмасин, еримизни олмасин дедикда. Ерларимизга буғдой экилганку. Буғдой кўм-кўк майсадай бўлиб турибди. Мелисалар бошқа аëлларни ҳам кўтариб отди шундай, дейди Холниса Раззоқова.

Ойтуғдиликларга кўра, шу куни қишлоққа оралаган милиция ва прокуратура ходимлари жуда кўпчиликдан бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида тушунтириш хати олдилар. Бўлиб ўтган воқеа ҳақида Озодлик билан суҳбатлашган маҳалла оқсоқоли Қўзивой Абулфайзовнинг ҳам милиция саволларига жавоб беришига тўғри келди:

- Бўлган воқеани сўраб қоғоз-қалам қилди. Терговчи, прокурор, милиция. Йўқ, дўқ-пўписа қилгани йўқ. Мен бўлган воқеани айтиб бериб, қоғозга қўл қўйдим.

Озодлик: Ернинг бошида одамлар борми йўқми?

- Ҳозир ҳеч ким йўқ.

Озодлик: Ҳоким билан бирор келишув бўлдими йўқми?

- Билмайман. Ҳали ҳеч гап йўқ.

Озодлик: Одамлар нима деяпти?

- Ерни бермаймиз¸ дейди. Агар бузишга яна трактор келса, шарт телефон қиламиз, дейди маҳалла оқсоқоли Қўзивой Абулфайзов.

Бухоронинг Жондор туманида фермерлик қилаётган инсон ҳуқуқи фаоли Бобомурод Раззоқов 30 ноябр куни Ойтуғди қишлоғига бориб, воқеани яқиндан ўрганди. Унинг айтишича, одамларнинг ҳосилдор ерларини фермернинг чарчаб қолган ерига алмаштириш аҳолининг норозилигига асосий сабаб бўлган:

- Менинг бир нарса дейишим қийинроқ. Вазирлар Маҳкамасининг ëзма ëки оғзаки қарори мавжудми ëки президентнинг оғзаки ëки ëзма фармони мавжудми, ерларни алмаштириш жараëни бошланди. Бу бир томондан яхши нарса. Ерларни алмаштириш, алмашлаб экиш яхши нарса. Шу муносабат билан аҳолидан ерларни алмаштириш талаб қилинди, лекин мана шу ҳолат маълум бир тайëргарликларсиз содир этилганлиги учун аҳоли бирдан қўзғалиб қолди. Аҳолига берилаëтган ер ҳам шўрланган эмас. Фермер хўжалиги фойдаланиб турган ер. Лекин ерлар жуда узоқ йиллар давомида алмашлаб экилмаганлиги туфайли чарчаган. Мана шу чарчаган ерни аҳолига бериб, алмашлаб экишга киритиб, аҳолининг 20 йилдан бери экиб юрган ерини пахта ëки бошқа хил экинлар экиш учун фермерга олиб бериш тараддуди кўрилаяпти.

Бундан ташқари, дейди гапида давом этар экан Бобомурод Раззоқов, аҳоли бу ерга аллақачон кузги экинларини экиб қўйган, буғдойлар тўрт энлик бўлиб ўсиб қолган. Агар ҳокимият истаса бу муаммонинг ечими бор, дейди Бобомурод Раззоқов:

- Аҳоли қаршилик қилаяпти. “Ғалла қачон экамизу қачон бўлади? Ўт экиш вақти ўтди. Демак¸ ғалла экишнинг ҳам вақти ўтди. Бу йил ҳисобидан ўтиб бўлди экиш даври. Келаси йил бола-чақамизга нимани едирамиз” деган хавотирга тушиб қолган. Ҳозир аҳоли меҳнатга куйиб қолиш арафасида турибди. Мана шундай ҳолатда аҳолининг қаршилигини енгиш қийин бўлади, лекин муаммонинг ечими бор. Менимча, ҳокимиятдагилар ўйлаб кўрса керак. Бунинг ечими унча мураккаб эмас. Аҳоли билан зиддиятга бориб “сен кимсан, мен кимман” деган йўл тутиш аҳоли учун ҳам, ҳокимият учун ҳам яхши эмас. Мана шу муаммони икки томон келишган ҳолда аҳоли куйиб қолмаслиги учун имконият қилиб берса, ажойиб иш бўлган бўларди, дейди Бобомурод Раззоқов.

Ойтуғдиликларга кўра, айни пайтда аҳоли томорқаларидан бульдозерлар чиқиб кетган ва аллақандай ташвишли сукунат ҳукм сурмоқда. Туман ҳокими бу муаммога нуқта қўядиган қарорини айтганича йўқ.

Жондор тумани ҳокими Карим Раҳимов билан 30 ноябр куни боғланишнинг иложи бўлмади.

Озодлик радиоси бу воқеа ривожини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG