Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Ўз ҳақини талаб қилган ойтуғдиликлар маъмурий жавобгарликка тортилди


Ойтуғди қишлоғи аҳолиси маҳаллий ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатганликда айбланмоқда.
Ойтуғди қишлоғи аҳолиси маҳаллий ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатганликда айбланмоқда.

15 декабр куни Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғининг 13 нафар фуқароси ўз ерлари тортиб олинишига қаршилик кўрсатиб, норозилик акцияси ўтказгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, жаримага тортилди.


Жондор туман фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси Қуронов чоршанба куни Ойтуғди қишлоғининг 13 нафар фуқаросини Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик), 195-моддаси (Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш), 198-моддаси (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) бўйича айбдор деб топиб, уларнинг барчасига жаримага солди.

Маъмурий жавобгарликка тортилганлар орасида ўз экинзорларини ҳимоя қилиб, ҳокимият вакиллари билан бўлган жанжалда тан жароҳати олган Холниса Раззоқова ҳам бор.

- Кеча бўлди суд. Мен оëғимнинг гипсини энди очдим 18 кунда. Бора олмаган эдим, милициялар одам юборибди. Мен бормасам бўлмабди. Кейин бордим. Шундан кейин бошланди то қоронғи тушгунча. Менга энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жарима солишди,- дейди Холниса Раззоқова.

У кишининг айтишича, буғдой экилган томорқасини "Олтой" бульдозеридан ҳимоя қилиш учун, трактор олдини тўсишга уринган пайтда милиция ходимининг туртиб юборгани оқибатида оёғидан жароҳат олиб, гипс қилинган эди.

Ойтуғдилик Оятулла Санаевга ҳам суд қарорига кўра, жарима солинди. “Бугун ўз ҳаққини талаб қилган ойтуғдуликларнинг ўзи қонунбузарга чиқарилди”, дейди Оятулла Санаев. Унга кўра, маъмурий жавобгарликка тортилиш билан биргаликда уларнинг экинзорлари бутунлай суриб ташланган ҳам.

- Бульдозер ҳайдовчисини мен гўëки сўкибман, ҳақорат қилибман. Лекин кеча судда бульдозер ҳайдовчиси “ҳақорат қилгани йўқ”, деб айтди. Даъвом йўқ, деди. Мен ундан “Завод бульдозерни одам суришга чиқарганми ëки тупроқ суришгами?”, деб сўраганман холос, иккита гувоҳим ҳам бор. Кеча бизларни судга чақирди. Ўшанда судья “Энди гаплашамиз. Нимага қаршилик кўрсатдингиз ҳоким қарорига?”, деди. Бизларнинг қўлимизда ҳокимнинг қарори бўлмаса, ҳеч қандай ҳужжати йўқ келиб еримизни сурмоқчи бўлди. Масалан, мен ҳам 10 сотих еримга буғдой экканман. Улар бульдозер билан суриб ташлашди. Кеча судьяга ҳам айтсам, судья “Нима учун фуқаролик судига мурожаат қилмадингиз?”, деди. Мен судьяга “Энди билдим фуқаролик суди борлигини”, дедим. Мен ҳозиргача билмас эдим. Фуқаролик судига мурожаат қилганда ҳам бульдозер кириб, суриб бўлар эди, ҳозир ҳам суриб бўлди. Ҳамма ерни суриб ташлади ҳозир. Текислаб бўлди. Биз шундай қараб қолдик. Устига устак жарима олдик. Ҳолвани ҳоким еди, калтакни етим еди бўлаяпти. 20 минг сўм мени штраф қилди. Даъво қилган одам судда “даъвом йўқ”, деяпти. Лекин судя 198-модда дедими шу билан қарор чиқариб, 20 минг сўм штраф қилаяпти. Ерларни суриб дабдала қилиб ташлашди. Бундай ҳисоблаганда ўзимизни ҳам дабдала қилиб ташлашди, дейди Оятулла Санаев.

Таваккал Раззоқов ҳам энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жаримага тортилди. Ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинишини сўраб, президент Каримов номига хат ҳам ёздик, дейди у.

- Биз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизнинг ҳимоя қилинишини сўраб, президентимизга мурожаат қилган эдик. Лекин тескариси бўлиб чиқди. 15 декабр куни қишлоқ аҳолисидан 13 кишини маъмурий жавобгарликка тортди гўëки ушбу кишилар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган одамларни уюштирган сифатида. Аслида ери қўлидан кетган одамлар қонуний тартибда ўз ҳуқуқларини мен қатори талаб қилган эди. Ушбу воқеалардан кейин биз шубҳага тушиб ëтибмиз. Президентимиз гапирадию, амалда бошқача иш. Президентимиз икки хил гапираяпти, дейди Таваккал Раззоқов.

Ойтуғдиликлар билан боғлиқ ҳолатни мониторинг қилган "Эзгулик" жамияти фаоли Бобомурод Раззоқовга кўра, маҳаллий ҳокимлик вакилларининг зўровонлиги натижасида оддий аҳоли азият чекаяпти.

-Қишлоқ халқи ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан. Қишлоқ халқига ерни алмаштириш зарурати мавжудлиги тўғрисида бирор-бир нарса айтилмаган. Тўғриси айтилгану, лекин етказилмаган унчалик даражада. Сабаби қишлоқнинг одамлари унчалик саводли одамлар эмас. Уларга эмин-эркин тушунтириш керак бўлган. Бу нарса тушунтирилмаган. Натижада қишлоқ халқи ва ҳокимият ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Натижада бу ҳолат юзасидан ҳокимиятнинг зўравонлиги юзага келади. Бухоро вилоятидаги барча ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ойтуғди қишлоғига ўз қудратини ташлабди. МХХ бўлсин, Ички ишлар терроризмга қарши кураш бўлимлари бўлсин, прокуратура бўлсин ва ҳоказо. Муҳтарам президентимиз юқори минбардан туриб, “Муштумзўрликка ўрин йўқ. Ҳуқуқий давлат қурамиз. Бундан кейин бизда қонунлар амал қилади” деган гапларни айтадилар. Лекин Ойтуғди қишлоғидан бўлаëтган ҳодисалар шу нарсани кўрсатаяптики, президентимиз гаплари ҳаëт тўғри келмайди, дейди Бобомурод Раззоқов.

Ойтуғдикликлар билан боғлиқ вазият хусусида Жондор туман фуқаравий ишлар судидан, Жондор туман хокимлигидан бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Жондор тумани ҳокими Раҳим Каримов 29 ноябр куни Озодлик билан бўлган суҳбатда ойтуғдиликлар айтаётган иддаоларни рад этиб, аҳоли манфаатига зарар келтириш мақсади йўқлигини айтган эди.

- Кўп йилдан бери аҳоли томорқасига бир хил экин экилганлиги сабабли чим босиб шудгор қилинмаган. Уларни пахта, ғалла экиладиган ерларни алмаштириб бериб, ҳам фермернинг, ҳам аҳолининг манфаати кўзланиб қилинадиган иш. Бу ерда норозилик қилган тўрт-бешта одамлар, фақат уларнинг ортиқча томорқаси бор. Масалан¸ 10 сотих бўлиши керак, уларники 20-25 сотих. Бошқа гап бўлгани йўқ бу ерда. Ўзлари айтган хоҳлаган ердан берганмиз. У айтаëтган кишилар ортиқча ери бор кишилар. Тўрт-беш киши нима қилаяпти. Сувга энг қулай жойдан суғоришни, мен бўйнимга оламан суғориб беришни ҳам. Уруғлик ғалла экилган майдон бор. Бир йил уруғлик ғалла алмаштирилмайди. Ғалладан кейин у ердан бўлса ҳам берамиз. Улар тинч бўлса, биз тинч. Уларнинг манфаатига зиëн етказиш мақсади йўқ бу ерда, деган эди Жондор туман ҳокими Раҳим Каримов.

Ойтуғди қишлоғининг бир гуруҳ аҳолиси 27-29 ноябр кунлари ўз экинзорларининг бузилишига қарши норозилик акцияси ўтказган ва экинзорларидан бульдозерларнинг олиб чиқиб кетилишига эришган эдилар.

Жондор туман ҳоким аҳолининг манфаатига зиëн етказиш мақсади йўқлигини айтганидан икки ҳафта ўтиб, юзга яқин оиланинг экин экилган ерлари бутунлай суриб ташланиб, 13 нафар фуқаро эса маъмурий жавобгарлик деб топилди.
XS
SM
MD
LG