Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Жондорда ҳоким ва халқ ўртасидаги ер жанжали давом этмоқда


Озодликка сим қоққан ойтуғдиликларга кўра¸ ҳоким буйруғига мувофиқ норозилар устига трактор солинган.
Озодликка сим қоққан ойтуғдиликларга кўра¸ ҳоким буйруғига мувофиқ норозилар устига трактор солинган.

Бухоро вилояти Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғининг 1500 га яқин аҳли 29 ноябр куни ўз ери тортиб олинишига қаршилик кўрсатишни яна давом эттирди. Қишлоқ аҳолиси 1992 йилда президент фармони асосида ҳар бир оилага берилган 10 сотихлик ернинг ҳоким ва мелиса томонидан зўравонлик билан тортиб олинишига норозилик билдирмоқда.


Аввал хабар берганимиздек, 27 ноябр куни Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғи аҳолисининг тирикчилиги учун асқотган, буғдой ва арпа кўкариб турган томорқа ерларига “Олтой” ер ҳайдовчи тракторлари солинди.

Ойтуғдиликлар норозиликни давом эттирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00


Норозиликка чиққан қишлоқ аҳолисини туман ҳокими, милиция бошлиғи ва милиция ходимлари тарқатиб юборишга ҳаракат қилдилар. Экинини ҳимоя қиламан¸ деб тракторлар остига ўзини ташлаган баъзи аёллар жиддий тан жароҳати олдилар. Ойтуғдилик Холниса Раззоқовани эса трактор босиб кетишига бир баҳя қолди:

Ойтуғдиликлар Озодликка юборган сурат.
- Милициялар келган. Видеоси бор. Овсинимнинг кийимлари йиртилиб кетган. “Олтой” трактори ярадор қилган. Мана ўзи билан гаплашинг.

Озодлик: Нима бўлди¸ Холниса опа?

-Оëғим "Олтой"нинг (комбайн ҳақида гапирмоқда-таҳр.) лопаткаси тагида қолган. Юра олмайман. Устимиздан Олтой ҳайдади. Келиб ҳам кўришларингиз мумкин. Халатларимнинг енглари йиртилиб ëтибди мана. Торта-торт қилиб бизларни устимизга трактор ҳайдади шу кун.

Озодлик: Ким ҳайдади? Милициями?

- Ҳа. Ҳокимнинг ўзи ҳам бор. Оëғим "Олтой"нинг тагида қолган. (йиғлаб) Қириб ташлаган оëқларимни. Шундай устимиздан прямой суриб ҳайдади "Олтой". Агар мени аëллар тортмаса, "Олтой"нинг тагида қолар эдим. Одам дегани бундай қилмайдику, дейди ойтуғдилик Холниса Раззоқова.

Қишлоқ аҳлига кўра, 10 сотихлик бу ерлар 1992 йилда аҳолини ижтимоий ва иқтисодий қўллаб қувватлаш мақсадида ҳокимият қарори билан берилган ва орадан 18 йил ўтиб Жондор туман ҳокими қарори билан аҳолидан зўравонлик билан тортиб олинмоқда:

- Президентга ëзган эдик. Президент жавоб узатмади. Жавоб узатган, лекин бизгача келмади.

Озодлик: Президентга нима ҳақда ëзгандинглар?

-10 сотихлик ер масаласи бўйича. Ўзбекистон мустақил бўлган пайтда 1992 йилда аҳолига 10 сотихдан ер берилган эди. Ана шу масала бўйича ҳокимлар, фермерлар зўравонлик қилиб, одамларни, аëлларни уриб, уларни ерларини мажбурлаб тортиб олаяптида.

Озодлик: Қанча одам 10 сотихдан ер олган?

- Бу бутун қишлоққа берилган. 1992 йилда президент фармони билан берилган эдику. Аҳолига қулоқ солмасдан мажбур тортиб олаяпти, дейди ойтуғдиликлардан бири.

Ойтуғдиликларнинг 27 ноябр куни бошлаган норозилиги 29 ноябр куни ҳам давом этди. Шу куни ер бошига 1500 га яқин одам йиғилди:

- Шанба кунидан бери 1500 одам ухлагани йўқ. Жондор туман ҳокими халқни умуман менсимай, эшитишни ҳам хоҳламаяпти. СНБдан келаяпти, началник милициялар, Жондор туман прокуратураси – ҳаммаси келиб халққа ўта кучли босим ўтказаяпти.

Озодлик: Ҳозир 1500 одам борми?

- Ҳа. 1500 одам қўзғалмай ўтирибди мана шу ерда. Далада, прямо ернинг устида.

Озодлик: Мен шанба куни гаплашганимда, бир қанча ерлар ҳайдалди дейишган эди? Ҳайдашди ҳамми?

- Ҳайдашга қўймади. Шу орада учта аëлнинг оëғи синди. Началник милиция Барноев дегани келиб урди, СНБдан келиб урди, ҳоким келиб итар-итар қилиб, аëлларнинг оëқлари тракторлар остида қолиб синди. Гипс қилинган. Ҳозир энди судга берамиз¸ деб ўтирибмиз раҳбариятни. Лекин бизлар судга берган билан раҳбариятни ҳеч ким текширмаяпти.

Ойтуғдиликларга кўра, аслида бу ерлар 1992 йилда аҳолига бўлиб берилганда, шўрланган, яроқсиз ерлар бўлган ва деҳқонлар 19 йил давомида муттасил ишлов бериб, ҳосилдор ерга айлантирган.

Озодлик суҳбатлашган қишлоқликларнинг айтишича¸ 20 йил хўжалик раиси бўлиб ишлаб, сўнгра фермер бўлган, маҳаллий бойлардан бири Ғафур Қурбонов туман ҳокими билан ўзаро келишган ҳолда бу ерларга эгалик қилмоқчи. Аҳолига эса, сув чиқмас жойлардан ер таклиф қилинган. Бу ҳақда маҳалла оқсоқоли Қўзивой Абдулфайзов шундай дейди:

- Ер бизларга 20 йил бурун қарор чиқариб берилган. Ана ҳозир фермер “Ерим касалланган. Ана бу халқнинг қўлидаги ерни олиб, бошқа жойдан халққа ер бераман” деяпти. Лекин у берадиган ерга сув бормайди. Сув йўқ. Экишга яроқсиз ер бермоқчи.

Озодлик:
Оқсоқол, ҳозир далага қанча одам чиққан?

- 200та одам бор.

Озодлик
: Ҳали 1500та одам дейишдику.

- Кетишди кўплари.

Озодлик: Эрталаб 1500та чиққандими?

- Ҳа.

Озодлик:
Ҳамма бир хил талаб билан чиқаяптими? Ҳоким “Буларнинг ичида уч-тўрттаси бор, улар ерини йўқотишдан қўрқаяпти” деяпти.

- Йўқ, ҳаммаси ўзининг 10 сотихли ери. Ўзиники. “Бизлар бермаймиз” деяпти.

Озодлик: Милициялар турибдими ёки кетдими?

- Милициялар кетди. Ўша куни олтита милиция, ҳоким, началник милиция бор эди.

Озодлик: Холниса опа деган билан гаплашган эдим. Трактор босиб кетай дебди-а?

- Ҳа. Ўша куни булдозерни прямой одамларнинг устига ҳайдаб, бу ҳаëтда бўлмаган, босмачи ҳам қилмаган бу ишни, немислар ҳам қилмаган бу ишни.

Озодлик: Шундай қил деб ким буйруқ берди?

- Ҳоким билан началник милиция, дейди Ойтуғди қишлоғи маҳалла оқсоқоли Қўзивой Абулфайзов.

Жондор тумани ҳокими Раҳим Каримов Озодлик билан бўлган суҳбатда ойтуғдиликлар айтаётган иддаоларни рад этди ва 1500 одамнинг норозиликка чиққани ҳақдаги хабарни асоссиз дея атади:

- 1500? Унча одам чиққани йўқку. Бу ерда унақа гап бўлгани йўқ. Битта мақсад кўзланган. Кўп йилдан бери аҳоли томорқасига бир хил экин экилганлиги сабабли чим босиб шудгор қилинмаган. Уларни пахта, ғалла экиладиган ерларни алмаштириб бериб, ҳам фермернинг, ҳам аҳолининг манфаати кўзланиб қилинадиган иш. Бу ерда норозилик қилган тўрт-бешта одамлар, фақат уларнинг ортиқча томорқаси бор. Масалан¸ 10 сотих бўлиши керак, уларники 20-25 сотих. Бошқа гап бўлгани йўқ бу ерда.

Озодлик: Одамлар “Янги бериладиган ерлар сувсиз ерлар” деяпти.

- Йўқ, ўзлари айтган хоҳлаган ердан берганмиз. У айтаëтган кишилар ортиқча ери бор кишилар. Тўрт-беш киши нима қилаяпти. Сувга энг қулай жойдан суғоришни, мен бўйнимга оламан суғориб беришни ҳам. Уруғлик ғалла экилган майдон бор. Бир йил уруғлик ғалла алмаштирилмайди. Ғалладан кейин у ердан бўлса ҳам берамиз. Улар тинч бўлса, биз тинч. Уларнинг манфаатига зиëн етказиш мақсади йўқ бу ерда.

Озодлик: Буларни кўчириш учун куч ишлатилаяпти экан. Шанба куни сиз яна “трактор билан устига бос” деб буйруқ берган экансиз.

- Бу гаплар энди нима эмас. Мен ўзим ҳам ўша ерда эдим. Ҳеч қанақа куч ҳам ишлатилгани йўқ. 1500та одам ҳам чиққани йўқ. Бу муболаға. Мен ўзим ўша ерда эдим. Унақа гап бўлгани йўқ. Тўрт-беш киши бу ишни қилаяпти. Бошқалардан бунақа гап бўлгани йўқ. Уларнинг манфаатига мутлақо зиëн етмайди. Улар шудгор қилинган ердан олишади. У ердан ғалла ҳам, сабзавот ҳам олиши мумкин.

Озодлик: Карим Наимович, мен ҳозир тахминан 10-12 киши билан гаплашдим. У ерда жуда ҳам шовқин. Одамларнинг кўплиги аëн эди ва бизга суратларни ҳам жўнатадиган бўлишди. Ҳозир улар шу ерда ўтиришибди. Энди бу масала қандай ҳал қилинади?

- Ўша ерда ўтирган бўлса, мен бориб учрашдим. Икки марта учрашдим. Яна учрашиш керак бўлса, учрашаман. Мен улар билан учрашувдан қочмайман. Учрашгандан мен тушунтириб айтдим. Бир ой олдин ҳам айтган эдим. 5-6 кишининг иши бу. Ортиқча томорқаси борлиги учун ортиқча томорқасидан айрилгиси келмаяпти. Ҳамма бир хил бўлиши керак. Ҳаммага белгиланган тартибда бир хил бўлиши керак. Кимда солиқ тўлаëтган сотихи бўлса, ўшанга тегишли сотихини олади, деди Жондор тумани ҳокими Карим Раҳимов Озодлик билан суҳбатда.

Ойтуғдиликларнинг айтишларича, норозилар 30 ноябр куни яна ўз акцияларини давом эттирмоқчи ва оммавий тарзда далага чиқиб ўтирмоқчи. Туман ҳокими Карим Раҳимов эса ҳозирча қарорини ўзгартиргани йўқ.

Озодлик радиоси бу воқеа ривожини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG