Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Женевада ҳибсга олинган ўзбекистонликлар қўйиб юборилди


Швеция жамоатчилик телевидениеси эфирга берган ҳужжатли филмда TeliaSonera Takilant Ltd. орқали Гулнора Каримовага пора бергани иддао қилинган эди.
Швеция жамоатчилик телевидениеси эфирга берган ҳужжатли филмда TeliaSonera Takilant Ltd. орқали Гулнора Каримовага пора бергани иддао қилинган эди.

Швейцария тергов идоралари пул ювишда гумонлаб, ҳисбга олган икки ўзбекистонлик гаров эвазига қамоқдан озод қилинди. Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Швейцария прокуратураси тўрт нафар ўзбекистонликка нисбатан очилган тергов иши давом этаётганини алоҳида қайд этди.



"Ўзбеклар иши" ёпилгани йўқ

“Ўзбекистоннинг икки фуқароси 2012 йил 16 октябр куни Швейцария Бош прокуратураси томнидан гаров эвазига қўйиб юборилди. Бу муқобил чора суд томонидан 2012 йил 15 октябр куни қабул қилинди”, дея маълум қилди Швейцария бош прокуратураси матбуот котиби Жаннет Балмер Озодлик сўровига жавобан.

Балмер хоним тергов сири туфайли барча маълумотни ошкор қила олмаслигини маълум қилди.

Шу йилнинг 29 июл куни Женевада ҳибсга олинган Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлардан олинган гаров миқдори ҳам очиқланганича йўқ.

Швейцария расмийлари “ўзбеклар иши” доирасида мамлакат банкларидаги ўзбекистонликларга қарашли 600 миллион Швейцария франки (тақрибан 640 миллион АҚШ доллари)га тенг ҳисоб рақамларни музлатиб қўйган эди. Швейцария банкларидаги бу ҳисоб рақамлари ҳибс остида қолмоқда, дея маълум қилди Швейцария прокуратураси расмийси Жаннет Балмер.

Ўзбекистондаги ишончли манбанинг Озодликка айтишича, Гулнора Каримовага қарашли экани иддао қилинадиган Coca Cola Uzbekistan топ-менежерлари экани айтиладиган 37 ёшли Алишер Эргашев ва 34 ёшли Шоҳруҳ Собировлар аллақачон Тошкентга етиб келган.

Лекин уларнинг Ўзбекистонда эканига оид маълумотни бошқа манбадан тасдиқлашнинг имкони бўлгани йўқ.

Швейцария прокуратураси гаровга қўйиб юборилган гумонланувчилар мамлакатни тарк этгани тўғрисидаги иддаоларни изоҳламади.

Швеция прокуратурасининг хабари йўқ

Алишер Эргашев Швеция тергов идоралари томонидан ҳам TeliaSonera ва Takilant Ltd. билан боғлиқ иш юзасидан пул ювиш ва молиявий жиноятларда айбланмоқда. 15 октябр куни Швеция суди TeliaSonera ширкатидан пора олганликда гумонланаётган Takilant Ltd. компаниясига қарашли 30 миллион АҚШ долларига тенг банк ҳисоб рақамини музлатиш қарорини маъқуллади.

Швеция Швейцария билан ўзаро боғлиқ жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилаётганига қарамасдан, Швейцария прокуратураси швециялик ҳамкасбларини гумонланувчилар озод қилингани ҳақида хабардор қилмаган.

Швеция Бош прокуратураси терговчиси Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонликлар озод этилганидан бехабар эканини таъкидлади.

- Мен бундан бехабарман. Лекин мен бугун имейлим ва почтамни текширганимча йўқ. Ҳозирча мени бундан хабардор қилишганича йўқ, деди Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер.

Invest Studio ва Invest Service Group ҳужжатларида Глунора Каримова ва Алишер Эргашевнинг имзолари ёнма ён турганини кўриш мумкин.
Invest Studio ва Invest Service Group ҳужжатларида Глунора Каримова ва Алишер Эргашевнинг имзолари ёнма ён турганини кўриш мумкин.
Лекин ўзбекистонликлар икки кун аввал қўйиб юборилган, демак Швейцария прокуратураси бу қарорни Швеция томони билан маслаҳатлашмасдан қабул қилган бўлиб чиқади, шундай эмасми, деган саволни суҳбатдошимиз изоҳлашдан бош тортди.

Душанба куни Швеция суди Ҳибраалтарда рўйхатга олинган Takilant ширкати икки вакили Гаяне Авакян ва Алишер Эргашевнинг “пул ювганликда айбдор” дея тахмин қилиш учун ўзида барча асослар борлигини маълум қилди.

TeliaSonera ва Takilant Ltd. ишини кузатаётган швед журналистининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Швеция прокуратурасидаги манба Алишер Эргашев Тошкентга кетиб қолган бўлса, уни қайтариб олиб келиш деярли имконсиздир, дея таъкидлаган. Лекин, дейди журналист, Швеция прокуратураси, лозим бўлса, уни халқаро қидирувга беришга тайёрлигини айтмоқда.

Бошқа томондан Алишер Эргашев швед терговчилари томонидан муҳим маълумотлар манбаси сифатида кўрилмаган ва унинг “қўлдан қочгани” тергов жараёнига таъсир қилмайди, дейди швециялик журналист.

8 октябр куни швециялик журналистлар Алишер Эргашевнинг Гулнора Каримова билан алоқаси борлигини кўрсатувчи ҳужжатларни қўлга киритди.

Франция ширкатлар реестридан олинган ҳужжатларга кўра, Алишер Эргашев Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Францияда ташкил қилган камида иккита фирмада бош ижрочи директор лавозимини эгаллайди.

Гулнора Каримовага қарашли фирма номига олингани айтилган Парижнинг 1 Avenue du Marechat Manoury манзили бўйича жойлашган уй.
Гулнора Каримовага қарашли фирма номига олингани айтилган Парижнинг 1 Avenue du Marechat Manoury манзили бўйича жойлашган уй.
Бу фирмалар Парижнинг энг бадавлат маҳаллаларида ҳашаматли квартиралар сотиб олиш учун ишлатилган.

Дарвоқе, Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров қамоқдан озод қилинган куни - 16 октябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Парижга сафар қилди.

Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров шу йилнинг 29 июл куни Женевадаги Lombar Odier банкида пул ювишда ишлатилгани боис Швейцария терговчилари назоратида бўлган банк ҳисоб рақамларига даҳл қилган пайтда ҳибсга олинган эди.

Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, Швейцария прокуратураси икки ярим ойдан ортиқ қамоқда сақлаган Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров билан яна икки Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Аҳмедов ва Гаянэ Авакянни пул ювиш ва бошқа молиявий жиноятларда гумонланмоқда.

Швеция ҳукумати TeliaSonera телекоммуникацион ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Ҳибраалтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. фирмаси орқали Ўзбекистон ҳокимияти вакилларига пора берганига оид иддаолар юзасидан очган жиноий ишнинг фигурантлари ҳам Алешер Эргашев ва Гаянэ Авакян экани маълум.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG